08.07.2024

ҲОЗИРГИ ЗАМОН ФАНИДА ИНСОН ҚАДРИ ОМИЛИНИНГ УМУМКОНЦЕПТУАЛ НАЗАРИЯСИ МУАММОЛАРИ

Инсон – бу ёруғ дунёнинг азизу мукаррам хилқати, ҳаёт гултожи, жонзотлар ичида сарвари. Инсон ҳаётга бир марта келади, яшайди, камолга етади, меҳнат-машаққатлар билан бахт-саодатини яратади, одамларнинг ҳам, ўз умрини ҳам яшнатади, яхшими-ёмонми, хотира-ёдгорликлар қолдириб, охири дорилфанодан дорилбақога мангу рихлат қилади. 

Инсон пайдо бўлибдики, дунёни, ўзини билишга, атроф-муҳитнинг сир-асрорини очиб боришга ҳаракат қилади. Лекин доимо инсон учун энг мураккаб муаммо, бу – унинг ўзини, ўз моҳиятини англаш бўлган. Тўғри, ҳар бир муайян тарихий даврда инсон муаммосига ёндашиш кўлами турлича бўлган бўлиши мумкин, лекин унинг долзарблиги ҳеч қачон ўзгармаган. 

XXI асрга келиб, инсон шундай мураккаб вазиятда қолган бир шароитда у ўзи яшаётган заминнинг, кечираётган тинч ва барқарор ҳаётининг моҳиятини яна бир маротаба англаб олиши кераклиги, объектив зарурат сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса, инсон муаммосини кенг кўламда ва чуқур таҳлил қилиш борасида, фан ва фалсафа олдига бир қатор вазифаларни қўймоқда. Бугунги кунда инсон муаммосини ўрганиш борасида эмпирик ва назарий даражаларга эга бўлган, фалсафий-социологик ва махсус илмий билимлар тизими шаклланган. Ижтимоий фанлар инсонни жамиятнинг ажралмас таркибий қисми, ижтимоий хислатларнинг универсал соҳиби, асосий ишлаб чиқарувчи куч, тарихий жараён субъекти, шахс, тарбия предмети сифатида ўрганади[1]. Ҳозирги кунда фан инсон объектини тадқиқ этишда кўпгина ютуқларни қўлга киритди, тўпланган турли хил эмпирик билимларни муайян фан доирасида умумлаштириш ва тизимлаштиришга эришди. Лекин бу умумлаштиришлар бир фан доирасидан чиқа олмаяпти. Натижада инсон ва инсон қадри ҳақидаги билимлар узуқ-юлуқ лавҳалар сифатида намоён бўлиб, улар орасида бир-бирини инкор этувчи нуқтаи назарлар ҳам кузатилмоқда[2].

Жумладан, Ўзбекистон олимлари инсон омилини ҳар томонлама комплекс ўрганиш, инсоннинг сиёсий фаоллиги, унинг маданият тизимида тутган ўрни каби масалалар борасида кўпгина малака, рисола ва монографиялар чоп этишган ҳамда илмий диссертatsiяларни ёқлашган.

Бу барча тадқиқотларни инсон ҳақидаги бир бутун билимлар тизимини яратишга қаратилган ҳаракатлар сифатида кўрсатиш мумкин. Бу борада ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ рус файласуф олими Б.Г.Ананьев каби бир гуруҳ бошқа тадқиқотчиларнинг ўзида барча фанлардаги мавжуд илғор ютуқларни бирлаштирувчи, алоҳида фан сифатида шаклланиши мумкин бўлган, инсоншунослик назариясини яратиш зарурлиги ва ҳозирги фан тараққиёти, яқин келажакда, албатта, шу мақсадга эришиши муқаррар эканлиги ҳақидаги фикрни илгари сурганликлари ҳам аҳамиятга моликдир.

Бундан ташқари, инсон объектига комплекс ёндашиш методологияси бўйича тадқиқот олиб борган олимлардан бири Е.М.Махаровнинг фикрича, инсоншунослик назарияси бир бутун тизим бўлиб, уни, шартли равишда, икки қисмга бўлиш мумкин. Ушбу назариянинг биринчи қисми инсон объектини ўрганиш тушунча ва категориялари, назариянинг функцияси ва шаклланиш тарихи каби масалаларни ўз ичига олса, иккинчи қисми инсон ҳақидаги билимлар таснифига доир эмпирик, махсус илмий, социологик ва фалсафий қарашларни қамраб олади[3].

Инсон объектини ўрганишда яхлит бир бутун тизимни шакллантириш борасидаги фикрларни умумлаштириб, қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:

Биринчидан, инсоннинг умумконцептуал назариясини яратишда махсус илмий тадқиқотлар, шунингдек, фалсафий умумлашмалар ҳам муайян аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг ҳеч бирини камситиб ёки мутлақлаштириб бўлмайди[4];

Иккинчидан, табиий-илмий фанлар ютуқларига асосланган фалсафа инсоннинг энг умумий, универсал назарий қиёфасини яратиши мумкин лекин, у ҳам инсон ҳақида, ҳар томонлама тўлиқ маълумот бера олмайди;

Учинчидан, инсон алоҳида олинган бирорта фан доирасида эмас, балки табиий, ижтимоий ва фалсафий билимлар тизимида, ҳар томонлама ва яхлит бир бутунлик сифатида ўрганилиши керак.

 

Шодиев Жаҳонгир Жўрақулович,

Бухоро муҳандислик-технология институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси, фалсафа фанлари доктори (PhD)

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ҳамидов Б. Инсоннома: Ҳаёт, Ҳайрат, Ҳикмат // Эсселар, 2014. – Б. 8.

2. Ализаде А. Инсани камил. Исламский энциклопедический словарь. – М: 2007.

3. Ананьев Б.Г. О проблемах современного человека. – М: 1977. С. – 6-7

4. Махаров Е.М. Методология комплексного исследования человека. – М: 1991. - С. 47-48.

5. Фролов И. Т. О. Человеке и гуманизме. – М: 1989. – С. 25-26.

6. S Jahongir. Philosophical views of umar life. ACADEMICIA: An International Multidisciplinary Research Journal, – P 360-364.

7. Леонтьев А.Н. Деятельность. Сознание. Личность. М, 1977. С. 162.

8. Шодиев Ж.Ж. Умар Хайёмнинг ижтимоий - ахлоқий қарашлари // Фалсафа ва ҳуқуқ. – Тошкент, 2020. – № 3. – Б. 107-110.


 

[1] Махаров Е.М. Методология комплексного исследования человека. – М: 1991. – C. 47-48.

[2] Фролов И.Т.О. Человеке и гуманизме. – М: 1989. – С. 25-26

[3] Леонтьев А.Н. Деятельность. Сознание. Личность. М: 1977. – С. 162

[4] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи [Электрон ресурс] // https://www.gazeta.uz/uz/2017/07/01/nutq (Мурожаат санаси: 25.08.2020)

Izoh qoldirish