09.07.2024

ЁШЛАР АХЛОҚИЙ ТАРБИЯСИ ИНҚИРОЗИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА АЛИШЕР НАВОИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ ЎРНИ

Маълумки, ёш авлод тарбияси масаласи ҳамма замонларда ҳам долзарб бўлиб келган. Аммо XXI асрда бу масала ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Барчага аён, ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодга, оилавий ва миллий-маънавий қадриятларга путур етказмоқда. Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани – айни ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор этолмайди”[1], – дея таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев.

Дарҳақиқат, Ватанга фидойилик, халқнинг фаровонлиги ва бахту иқболи, ёруғ келажаги учун ҳар қандай синов ва машаққатларга тайёр туриш, шу улуғ мақсадларга эришишни олий саодат, ўз ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсонларни[2] тарбиялаш устувор вазифалардандир. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Зеро, “ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчлиги ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир” [3]

Инсоният бугунги кунда ниҳоятда мураккаб бир даврда яшамоқда. Дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ахборотлар оқими, ғоялар ва маданиятлар хуружи ҳушёрликни талаб қилмоқда, ҳаётга янгича нигоҳ билан қарашга ундамоқда. Глобаллашув шароитида ёшлар тафаккури, мафкураси ва дунёқарашида пайдо бўлаётган кўплаб бўшлиқларни ўткинчи ғоя ва ахборотлар тўлдирмаслиги учун уларга оила, таълим муассасалари, жамият тўғри ижтимоий тарбия бериш кераклигини тақозо этмоқда. Оилада фарзанд онгига ҳалоллик, одиллик, инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибатлилик, яхшилик, мурувват, саховат каби эзгу фазилатлар сингдириб борилиши ҳамда ёмонлик, ёвузлик, ўғирлик, текинхўрлик, порахўрлик, шафқатсизлик каби иллатларнинг инсон ҳаётидаги катта ижтимоий таназзул манбаи эканини тушунтириб берувчи соғлом тарбия муҳити шаклланиши зарурлигини кўрсатмоқда.

Глобаллашув жараёнида борлиққа қарашнинг янги системаси шаклланаётган бир шароитда очиқ системаларнинг хулқ-атворига доир синергетик қонуниятлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қонуниятлар очиқ системаларда энтропия (беқарорлик)ни белгилаб берадиган мезонлардан шаклланган. Уларни аниқ бир шароитларда бажарилиши тизимда ўз-ўзини ташкиллаштиришни, тартиблашишни ва улар бажарилмаганда эса, тартибсизлик ҳолатларини содир этади[4]

XXI аср ютуғи ҳисобланган ахборот технологиялари тараққиёти аста-секин мамлакатлар, халқлар ўртасидаги чегаралардан ошиб ўтиб “глобаллашув”, “оммавий маданият” каби тушунчаларни ҳаётга сингдирмоқда. Жаҳоннинг турли бурчакларида одамлар, хусусан, ёшлар бир хил фильмлар кўрмоқда, бир хил мусиқа тингламоқда, хуллас, диди, таъби деярли бир хил бўлган истеъмолчига айланмоқда. Бир қарашда бунинг ҳеч ёмон жиҳати йўқдек. Бироқ айрим савияси талабга жавоб бермайдиган моддий ҳамда маънавий қадриятлар тарғиботи, шунингдек, миллий, ижтимоий маданий қадриятларнинг барҳам топиб, глобаллашув жараёнининг узвий қисмига айланиб бораётганлиги ташвишлидир. 

Ҳозирда дунёда яшашни фақат истеъмол қилишдан иборат деб билиш тенденцияси инсоният ҳаётининг жуда кўп муҳим қирраларини, хусусан, маданияти, қадриятлари, ҳаётий қарашлари, диди ва фаросати, қизиқиши ва интилишларини ҳам ўзгартирмоқда. Инсоннинг ақлий, ахлоқий ва маънавий камолотини бу хилда инкор этилиши унинг шахс сифатида таназзулига йўл очмоқда. Чунки жоҳил, нодон, қолоқ ва оми одамларни алдаш ҳам, бошқариш осон кечади.

Очиқ тизим саналган шахснинг ташқи муҳит билан доимий ва фаол алоқаси натижасида ўз-ўзини ташкиллаштириш жараёнлари кечади. Синергетика қонуниятлари асосида қандай қилиб инсонларнинг шахсий ҳаракат ва уринишлари натижасида ижтимоий муносабатларда хаосдан яратувчиликка ўтиш мумкинлиги, уларда янги ташкиллашиш рўй бериши, тартибсизлик мураккаб тизимларга қандай таъсир этишини кўрсатиб бериш мумкин. 

Синергетик таълимотга кўра, хаос яратувчи омил, эволюция жараёнининг конструктив механизми бўлиб, ундан тараққиётнинг янги йўналиши пайдо бўлади. Бунда ҳар қандай ўзаро таъсир ўз-ўзини ташкиллашнинг сабаби бўлиб хизмат қилади. Системанинг аттрактор (ўзига тортувчи, жалб қилувчи – Б.Т.) деб аталувчи алоҳида компонентлари бошқаларга нисбатан ўта фаол муносабатда бўлиб, системани ичдан тебратиб, уни бифуркatsiя (критик) нуқтасигача олиб келади. Аммо бу босқичда система узоқ тура олмайди ва у албатта ўзгаради. Системада аттрактор чақирган микрофлуктуatsiялар макрофлуктуatsiяларга айланади ва система сифатнинг янги ҳолатига ўтади[5]. Яъни бифуркatsiя даврида битта барқарор система – аттрактор қатъий равишда танланади ва унинг ривожланиш йўналиши янги траекторияга кўтарилади. 

Шу нуқтаи назардан қараганда, улуғ мутафаккирлар маънавий мероси, хусусан, Алишер Навоий шахси ва асарлари аттрактор сифатида кишини ўз-ўзини ташкиллаштиришга, такомилликка йўналтирувчи куч бўлиб хизмат қилади. Буни мутафаккир “Маҳбуб ул-қулуб” асарини ёзишдан кўзланган асосий мақсад баёнида - бошқаларни ҳаёт тажрибаларидан, жамият аъзолари феъл-атворига хос турли мураккаб жиҳатлардан огоҳ қилишда намоён этади. 

Навоий ўз асарларида шунчаки одамийликни тарғиб қилиш билан чекланмайди, балки ўзининг бутун ҳаёти, фаолияти ва ижодининг мазмун-моҳиятини халққа, инсониятга хизмат қилишдан иборат деб билади:

Одамий эрсанг демагил одами, 

Оники йўқ халқ ғамидин ғами[6].

Алишер Навоий маърифатпарвар шоир сифатида ижодиётида маърифат тарғиби, жаҳолатга барҳам берувчи куч сифатида илмни улуғлаш йўналиши доимо етакчилик қилган. Навоий бадиий қаҳрамонларини  ёшликдан илмга чанқоқ, ҳунарга иштиёқманд кишилар сифатида тавсифлайди, жумладан, Фарҳод тўғрисида шундай ёзади: 

Жаҳонда қолмади ул етмаган илм, 

Билиб таҳқиқини касб этмаган илм[7].

Алишер Навоий инсонийликнинг, ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритар экан, умрнинг муваққатлиги, умр йўлини зийраклик билан босиб ўтмоқ лозимлигини, унинг хайрли самараси ҳақида қайғурмоқ кераклигини баён этади. Мутафаккир “Камол эт касбким” дея даъват қилганида комил инсон учун зарур бўлган кўп сифатларни ўзлаштириш лозимлигини назарда тутади: 

Камол эт касбким, олам уйидин

Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ. 

Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ 

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ[8]

Мутафаккир инсонни маънавий покланишга, комилликка чорлаб, комилликнинг бир касб-ҳунар эгаллаб, уни камолига етказмоқ, илм йўлида машаққат чекиб, маърифат ҳосил қилмоқ, табиатини тоза сақлаб, хулқини гўзал қилмоқ эканини маълум қилади. 

Илми дин касб қилки, суд эрмас, 

Чарх мушкилларини ҳал қилмоқ. 

Лекин ул илм доғи нафъ этмас, 

Билибон, бўлмаса амал қилмоқ [9]. 

Илм олишдан кўзланган асосий мақсад мавжуд мушкулликлар ва муаммоларни бартараф этишда ундан фойдаланиш, ҳаётда илмига амал қилишдан иборатлиги таъкидланади. 

Навоийнинг риёкорлик, иккиюзламачилик иллати тавсифида баён этган қуйидаги сатрларининг тарбиявий аҳамияти каттадир:

“Илоҳи! Намозеки, эл бўлмағунча қилмағаймен – худнамолиғдур,

Ва ул намоз учун xирқаю ридо-худ оройлиғдур[10].

“Эй Тангрим! Намоз ўқисам, бошқалар кўриши учун ўқийман, ҳеч кўрмайдиган бўлса ўқимайман – бу “Қаранг, мен қанақа тақводорман”, деб бунинг иккиюзламачилик, риё эканини, шу мақсадда тақводор кўриниш учун ўраладиган саллаю ридо ҳам, дарвешдай художўй кўриниш учун кийиладиган кулоҳу хирқа ҳам – енгилтак аёлларнинг ўзига оро беришидай бир иш”[11], – дейди. Бу аччиқ киноя бугунги жамият учун ҳам аҳамиятлидир. Ушбу жумлаларда Навоийнинг сидқ, самимиятга даъвати ўз ифодасини топганки[12], буни мутафаккир ижодида синергетиканинг “келажакнинг бугунга таъсири” қонуниятини акс этиши, дейиш мумкин. Чунки тизимга ташқи таъсир ўтказилганда унинг ичида тузилмавий ва функционал ўзгаришлар содир этилади. Инсонга танлаш имконияти берилганда, у табиатан мавжуд қарорлардан энг кам куч талаб қиладиганини танлайди. Тараққиётнинг мавжуд альтернативаларидан қай бири танланишини омма онгидаги устувор ижтимоий қадриятлар белгилаб беради[13].

Оила жамиятнинг кичик бўлаги, ватан ичра мўъжаз ватан эканини яхши англаган мутафаккир оилани асраб-авайлашга, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга доир насиҳатларини баён қилади. Жумладан, “Уйланган кишининг баъзи қийинчиликлари осонлик билан битади. Аммо қийинчиликлар осонлик билан битаверса, уларнинг ташвиши ҳам чиқаверади. Бундай ҳолда, ташвишларни бартараф этишда сабр қилса ва ҳар хил воқеаларга парво қилмаса, турмуш тинч-осойишта кечади. Лекин хотин шармсиз бўлса, кўнгил ранжийди. Хотин ёмон, қабиҳ ишлар қилувчи бўлса, ундан руҳ азоб чекади, тили аччиқ бўлса, кишилар кўнглини яралайди. Ёмон ишларни қилса, оиласига юз қаролик келтиради”[14], – деб ушбу салбий иллатлардан сақланиш воситасида хаосдан тартиб ўрнатишнинг, оилавий муносабатларни йўлга қўйишнинг осон йўлларини кўрсатиб беради.

Ҳар қандай мураккаб реалликнинг ўз тузилмаси, ривожланиш қонуниятлари ва системаси мавжуд бўлиб, синергетик методология тартибсизликдаги тартибни, мураккабликдаги оддийликни кўриш имконини беради. Буни Навоий ҳикматлари мисолида айтадиган бўлсак:

Жаҳл аҳли бирла, кимгаки улфат бўлғай,

Ул улфати ичра юз минг офат бўлғай[15].

Бу ерда мутафаккир инсонларни жоҳил кишилар билан дўст ва улфат бўлишдан огоҳ этиб, улардан юз минг офат етиши мумкинлигини ва бунга чора улардан узоқроқ юриш эканини айтиб, тартибсизликда тартиб ўрнатишнинг содда йўлларини кўрсатиб беради. Яъни қайта алоқа тамойилига мувофиқ, ижтимоий актордаги ғазаб, жаҳл, зўравонликнинг унга жавобан янада кучлироқ тажоввузни келтириб чиқаришига[16] ишора қилинмоқда. Бу жойда системанинг максимал даражада барқарорлиги тартиб ва эркинликнинг ўзаро синтези асосида рўй бериши намоён бўлмоқда. Табиат ва жамиятда комилликка, такомилликка интилиш кузатилади, чунки айнан баркамол структуралар нисбатан барқарор ҳисобланади. 

Ижтимоий ҳаётдаги салбий ҳолатларни бартараф этиш уларни юзага келтираётган сабабларни, шарт-шароитларини, омилларини аниқлашни тақозо этади. Жумладан, ичкилик иллатининг ижтимоий салбий оқибатларини тараққиётга, барқарорликка, тинчлик-осойишталикка зидлиги барчага маълум. Бироқ шундай бўлсада, ичкилик оқибатида жамиятда кўпгина нохуш ҳодисалар ва жиноятлар содир бўлмоқда.

Навоийнинг: “Май ёмонликлар онаси бўлиб, кўп ичувчи ичкиликка мағлубдир, шунинг учун ёмонлиги ҳар қанча маълум бўлса ҳам, ичувчига у ёқимли туюлаверади. Одамийликни йўқотиш учун ичилган қадаҳ тўла заҳар мисолидир”[17]– деб, ёзганлари бугунги кун учун ҳам жуда аҳамиятлидир. 

“Бир неча қултум майни танангга киритиб, бир неча (қимматбаҳо имондан иборат) томчини чиқазиб ташлама. Ўша қултум ташвиши билан роҳатингдан айрилиб, у қатранинг хуружидан бало дарёсига ботмагин. Ўша қатранинг гирдоби ранжу аламдир, у сабаб нақди ҳаётингдан ажраласан. Нафсу ҳаво қурбони бўласан. У қултум бузилишнинг манбаидирки, уни танангга яқинлаштирма. Уни ичмоқ жигар қонини ичмоқ. Май ичиш орқали заҳар ютма. Жонинг нақдини (бойлигини – Б.Т.) сочиш билан наслинг уруғини қуритма”[18], деб мутафаккир ушбу хавфли иллатнинг салбий оқибатларини содда ва равон тилда, таъсирли тарзда тушунтириб беради. 

Кишилар ўртасида юзага келадиган турли зиддият ва келишмовчиликларнинг муайян қисми ноўрин ёки қўпол ҳазил оқибатида келиб чиқишини “Ҳазилннинг таги зил” мазмунидаги халқ мақоли тасдиқлайди. Буни яхши англаган Навоий: “Кўп ҳазил қилишдан ҳурматсизлик ортади ва ҳазилнинг охири жанжал билан тугайди. Кўп ҳазил номус ва ҳаё пардасини чок этади, адаб ва ҳурматлиларни бебурд ва беобрў қилади. Қўлингдан келганча таъзим ва адаб биносини йиқитма. Ҳаё ва ҳурмат пардасидан ташқари чиқма”[19], деб қатъий таъкидлайди. 

Алишер Навоий “Одамзоднинг яхшиси тақводор ва пок бўлгай. Тили пок ва кўнгли покни мусулмон деса бўлади. Мусулмон шундай кишики, бошқалар унинг тили ва қўлидан яхшилик кўргайлар, омонда бўлгайлар ва кўзи-ю кўнглидан хотиржамдирлар”[20], деб ёзар экан, инсониятни ҳалолликка, покликка, яхшиликка чақириш орқали ўзини хаосдан тартиб ясовчи аттрактор сифатида намоён этади[21].

Хулоса сифатида айтиш керакки, буюк мутафаккир асарларида баён этилган эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар тараннуми ҳозирги зиддиятли ва мураккаб даврда ёшларни ўзликни англаш асосида маънан юксалишга, ривожланишга, комилликка йўналтириб, жамият барқарорлиги ва равнақини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Турсунов Бахтиёр Темурович,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Avloniy, Abdulla. Turkiy guliston yoxud axloq [Электрон ресурс] // http://ferlibrary.uz/f/abdulla_avloniy_turkiy_guliston_yoxud_axloq.pdf (Мурожаат санаси: 11.06.2020)
  2. Аъзам А. Муножотнома (Алишер Навоийнинг “Муножот” асарига шарҳ.) – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. – Б. 108.
  3. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. – Тошкент: Ўзбекистон, 2015. – Б. 35. 
  4. Навоий А. Бадоеъ ул-васат. МАТ. 20 томлик. 5-том. – Тошкент: Фан, 1990. – Б. 510.
  5. Навоий А. Ғаройиб ус-сиғар. МАТ. 20 томлик. 3-том. – Тошкент: Фан, 1988. – Б. 529.
  6. Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар)... – Б. 55.
  7. Навоий А. Муножот. МАТ. 20 томлик. 16-том. –Тошкент: Фан, 2000. – Б. 291.
  8. Навоий А. Фарҳод ва Ширин. МАТ. 20 томлик. 8-том. – Тошкент: Фан, 1991. – Б. 74.
  9. Навоий А. Ҳайрат ул-аброр. МАТ. 20 томлик. 7-том. – Тошкент: Фан, 1991. 
  10. Навоий А. Ҳикматлар. Тўпловчи ва сўзбоши муаллифи Муталлибов С.  Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1968. – Б. 15.
  11. Терещенко А.Г. К вопросу о методологии изучения социальной адаптatsiи личности в кризисном обществе // Сибирский психологический журнал. – Иркутск, 2005. – №5. С. 27. 
  12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи [Электрон ресурс] // https://www.gazeta.uz/uz/2017/07/01/nutq (Мурожаат санаси: 25.08.2020)
  13. Шаповалов В.И., Казаков Н.В. Законы синергетики и глобальные тенденции // Общественные науки и современность. – М, 2002. – № 3. 


 

[1] Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Тошкент: Ўзбекистон, 2015. –Б 35. 

[2] Avloniy, Abdulla. Turkiy guliston yoxud axloq [Электрон ресурс] // http://ferlibrary.uz/f/abdulla_avloniy_turkiy_guliston_yoxud_axloq.pdf (Мурожаат санаси: 11.06.2020)

[3] Шаповалов В.И., Казаков Н.В. Законы синергетики и глобальные тенденции // Общественные науки и современность. – М, 2002. – №3. – С. 141.

[4] Терещенко А.Г. К вопросу о методологии изучения социальной адаптации личности в кризисном обществе // Сибирский психологический журнал. – Иркутск, 2005. – №5. – С. 27.

[5] Навоий А. Ҳайрат ул-аброр. МАТ. 20 томлик. 7-том. – Тошкент: Фан, 1991. – Б. 256. 

[6] Навоий А. Фарҳод ва Ширин. МАТ. 20 томлик. 8-том. – Тошкент: Фан, 1991. – Б. 74.

[7] Навоий А. Ғаройиб ус-сиғар. МАТ. 20 томлик. 3-том. – Тошкент: Фан, 1988. – Б. 529.

[8] Навоий А. Бадоеъ ул-васат. МАТ. 20 томлик. 5-том. – Тошкент: Фан, 1990. – Б. 510.

[9] Навоий А. Муножот. МАТ. 20 томлик. 16-том. –Тошкент: Фан, 2000. – Б. 291.

[10] Аъзам А. Муножотнома (Алишер Навоийнинг “Муножот” асарига шарҳ.) –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2018. – Б. 108.

[11] Ўша манба. – Б. 108-109.

[12] Терещенко А.Г. К вопросу о методологии изучения социальной адаптации личности в кризисном обществе // Сибирский психологический журнал. – Иркутск, 2005. – №5. – С. 30.

[13] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар)... – Б. 55.

[14] Навоий А. Ҳикматлар. Тўпловчи ва сўзбоши муаллифи Муталлибов С. – Тошкент:  Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1968. – Б. 15.

[15] Морен Э. Метод. Природа Природы. Перевод с французского Е.Н.Князевой. – М: Прогресс-Традиция, 2005. – 464. – С. 17. 

[16] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар)... – Б. 143-144.

[17] Ўша манба. – Б. 171.

[18] Ўша манба. – Б. 151.

[19] Ўша манба. – Б. 170.

[20] Буданов В.Г. Методология синергетики в постклассической науке и в образовании. – М: Издательство ЛКИ, 2008. – С. 59-60.

[21] Ўзбекистон миллий энциклопедаяси. 5-жилд. –Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003. – Б. 609.

Izoh qoldirish