БОЛАЛАР - АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ РАЙҲОНИ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Унга назар қилмагунимча кафанига киритмай туринглар”, – дедилар ва келиб унга эгилиб йиғладилар”.
Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий деди: Бола Аллоҳ таолонинг райҳонидир. Мўмин уни ҳидлаб лаззатланади.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набираларидан бирини эркалаб туриб: “Албатта, сизлар жоҳиллик қиласизлар, қўрқоқлик қиласизлар ва бахиллик қиласизлар. Албатта, сизлар Аллоҳ таолонинг райҳонисизлар”, – дедилар.
Худди у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирларида Аллоҳ таолонинг райҳонидан йўл озуқаси ғамлаб олишни ирода қилганга ўхшайдилар. Шунинг учун ҳам “боланинг ҳиди жаннатнинг ҳидидир” дейилган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламда қачон Аллоҳ таолонинг шавқи қўзғалса, муштоқларнинг ишини қилардилар. Шунинг учун ҳам осмондан ёмғир ёғса, кийимларини ечар, бошларини очар ва уни жасадлари билан кутиб олар эдилар ҳамда: “Албатта, унинг Роббига йўлиқиш вақти яқиндир”, – дер эдилар. Ҳажар ул-асвадни қучоқлаб ўпар ва: “Шу ерда ибратлар касб қилинур”, – дер эдилар.
У зот Жаброил алайҳиссаломнинг келиши кечикишидан безовта бўлардилар. Жаброил алайҳиссалом эса: “Эй Муҳаммад, биз фақатгина Роббимизнинг амри билангина тушамиз”, – деди. У зотнинг Иброҳимни қучоқлашлари ундан маънавий озуқа олишдир, йиғлашлари унинг Аллоҳ ҳадяси бўлгани учундир. У зотдан бўлган ҳадянинг ичи яхшиликка ва лутфга тўлдирилган бўлади. У ҳадянинг сирти синов бўлади.
У Зот таоло айтади: “У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур”. (Шуаро, 49)
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламэса бир ҳадисларида: “Фарзандларингиз Аллоҳ таолонинг ҳадясидир”, – деганлар.
(“Наводир ул-усул ан маърифати аҳодис ир-расул” китобидан).
Улжаев Умарали – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish