26.07.2024

АБУ БАКР БАРҚОНИЙНИНГ “СУАЛОТ” АСАРИ ЖАРҲ ВА ТАЪДИЛ СОҲАСИДА МУҲИМ МАНБА

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси мубораклари динда Қуръони каримдан кейинги манба ҳисобланади. Ҳадислар Қуръон оятларини тафсир қилади, шарҳлайди, умумий ҳукмларни хослайди. Шундай муҳим манбани унинг саҳиҳлигига, аниқлигига таъсир қилувчи омиллардан ҳимоя қилиш умматнинг вазифасидир.

Ҳадис илмида ҳадиснинг таркибий қисми ҳисобланган ровийлар занжири, яъни «иснод»ни танқидий ўрганишга катта эътибор берилади. Зеро, исноддаги ровийларнинг ишончлилик даражасига қараб, унинг саҳиҳ ёки заифлиги, қабул қилиш мумкинлиги ёки рад этилиши лозимлиги аниқланади. Ровийларнинг айб-нуқсонлари, адолати ва ишончлилиги каби салбий ҳамда ижобий сифатларини ўрганадиган илм «жарҳ ва таъдил илми» деб аталади.

«Жарҳ» сўзи луғатда «яралаш», «таъна қилиш» каби маъноларни англатади. Истилоҳда «жарҳ» деб, ровий ёки гувоҳга унинг гапи эътиборга олинмаслиги ёки унга амал қилинмаслигига сабаб бўлувчи салбий шахсий иллатларнинг нисбат берилишига айтилади. 

«Таъдил» сўзи арабча «аддала» сўзининг масдари бўлиб, луғатда «адолатли деб топиш» маъносини беради. У ёлғоннинг зиддидир. Истилоҳий маънода ровий ёки гувоҳга унинг гапи эътиборга олиниши ёки унга амал қилинишига сабаб бўлувчи шахсий ижобий сифатларнинг боғланишига (тиркалишига) айтилади. Шунингдек, ровийнинг адолат ёки забт (ривоятини айнан айтаётганига ишончи) каби сифатлар билан сифатланишига ҳам айтилади. «Жарҳ ва таъдил» илми «илм ар-рувот» (ровийлар илми) ёки «илм ар-рижол» (кишилар илми) билан маънодош бўлиб, кўп ўринларда муҳаддислар ушбу ибораларнинг бирини бошқасининг ўрнида ишлатишганини кўриш мумкин. Жарҳ ва таъдил илмида аксар ҳолда ровийнинг айб-нуқсонлари каби иллатлари қидирилгани учун унинг шаръий жиҳатдан рухсат этилгани ёки тақиқлангани тўғрисида турли хил фикрлар пайдо бўлган. Зеро, умумий қоидага кўра, бировнинг айбини ошкор қилиш ҳаром амаллардан ҳисобланади [5]. 

Ҳадис илмининг жарҳ ва таъдил соҳасида “Суалот” китоблари бошқа манбаларда биз топа олмайдиган кўплаб маълумотларни ўз ичига олади, ровийлар ҳақида маълумот олиш учун муҳим манба ҳисобланади. Суалот – араб тилида “саволлар” маъносини билдириб, савол берувчи ўз шайхи ёки ҳадис илми имомларига берган саволларининг жавобларини тўплайдиган китоблардир. Ушбу китобларнинг кўпчилиги бизгача етиб келган ва нашр қилинган. Масалан, Ибн Мадиний, Ибн Маъин, Дорақутний, Ҳоким ва бошқаларнинг асарлари.

Суалот китобларини ажратиб турадиган нарса, ҳадис толибининг бирор маълумотни устозидан ёки шайхларидан сўраб олиш ва тасдиқлашдаги ўзаро алоқасида, сўнгра айтилган нарсалар ҳақида устози билан суҳбатлашишда юзага чиқади. Машҳур Суалот китоблари сифатида: Суалот Абу Довуд ли Имом Аҳмад ибн Ҳанбал; Суалот Абу Тоҳир Салафий; Суалот Усмон ибн Абу Шайба ли Али ибн Мадиний; Суалот Барзаъий ли Абу Зуръа Розий; Суалот Сулламий ли Дорақутний; Суалот Барқоний; Суалот Ҳамза Саҳмий ли Дорақутний; Суалот Найсобурий ли Дорақутний фил жарҳ ват таъдил; Суалот Усмон ибн Толут Басрий ли Яҳё ибн Маъин; Суалот Абу Бакр Асрам; Суалот Абу Убайд Ажуррий ли Имом Абу Довуд ва бундан бошқа айнан шу туркумга кирувчи асарларни кўрсатишимиз мумкин.

Суалот асарлари орасида Хоразм диёридан етишиб чиққан Имом Абу Бакр Барқоний Хоразмийнинг "Суалот" асари жарҳ ва таъдил илмида муҳим маълумот манбаидир.

Муаллиф Абу Бакр Барқонийнинг тўлиқ исми Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ғолиб Хоразмий Барқоний Шофеъий бўлиб, кўпроқ Абу Бакр Барқоний исми билан машҳурдир. У имом, аллома, фақиҳ, ҳофиз рутбаларига эришган, ўз давридаги фақиҳ ва муҳаддислар устози саналади. 

Манбаларда аллома 336/948 йил туғилгани ёзиб қолдирилган. Унинг “Барқоний” тахаллуси ҳозирги Хоразм вилоятидаги Кас (Кат) (ҳозирги Беруний шаҳридан 2,5 км шимолроқда [6.68]) қишлоқларидан бирининг (Барқон) номига нисбатдир [4.337].

Китоб таърифи

Китоб Абу Бакр Барқонийнинг Имом Абу Ҳасан Али ибн Умар Дорақутнийга берган саволларини ўз ичига олади. Саволлар жарҳ ва таъдил, ҳадис иллатлари, ровийларнинг тарихи ва исмлари ва бошқа ҳадис илмига оид нарсалар ҳақида берилган. Сўнг Имом Дорақутний саволларга диққатлик билан, огоҳлик ва омонат билан жавоб берган. Шунингдек, китобда Имом Барқонийдан бошқа аҳли илмларнинг ҳам саволлари келтирилган. Бу китоб моҳияти кенглиги учун Барқонийнинг услубларидан ҳисобланади. Бу ҳолатда, “Дорақутнийдан сўралди”, “Дорақутнийга айтилдики” каби шаклларда келтириб ўтилган ва бундай ҳолатлар китобда кам учрайди.

Китобда Имом Дорақутнийдан сўралмаса-да, у кишининг ўзи айтиб ўтган маълумотлар мавжуд. Барқоний уларни тўплаб, алоҳида келтириб ўтган. Шунингдек, китоб бир қанча Имом Дорақутнийдан ҳам бошқа жарҳ ва таъдил, ҳадис илмининг катта имомларининг сўзларини ҳам ўз ичига олади.

Китоб жами бўлиб олти юз саксон иккита ровий ҳақидаги савол-жавобларни қамраган. Муаллиф Абу Бакр Барқоний ўқувчи ва маълумот ахтарувчига осон бўлиши учун, уларни алифбо тартибида тузиб чиққан. Китоб охирида “куня”ларни алоҳида боб шаклида келтириб ўтган. Масалан, китоб аввали биринчи ҳарф - “алиф” билан бошланувчи исмлар билан бошланган: إسماعيل [Исмоил] ундан сўнг أيوب [Айюб] кейин  أحمد [Аҳмад], إبراهيم  [Иброҳим] ва ҳоказо тарзда “алиф” билан бошланувчи исмлар келтирилган. Лекин битта ҳарфдан бошланувчи исмларда мукаммал тартибга риоя қилинмаган. Бунда, “алиф” билан бошланувчи исмда иккинчи ҳарф “ба”, кейинги ҳарф ундан кейингиси бўлишига эътибор берилмаган. Бунинг ҳайратланарли тарафи йўқ. Чунки қадимги мусаннифларнинг алифбо тартибидаги одати шундай бўлган – ҳарфларнинг умумий кетма-кетлигига риоя қилинган, бир сўз ичидаги кетма-кетлик инобатга олинмаган.

Китобда ровий аёллар исмлари ҳам келтирилган. Улар алоҳида боб қилиб келтирилмаган, балки кетма-кетликда келган ўрнида, эркак ровийлар исмлари қаторида айтиб ўтилаверган.

Китобнинг аҳамияти

Абу Бакр Барқонийнинг бу асари ҳадис илми билан шуғулланувчилар учун муҳим аҳамиятга эга:

а)        Имом Дорақутнийдан аҳли илмлардан, муҳаддислардан жуда кўпчилик ровийлар ҳолати, ҳадис иллатлари ҳақида сўрашган. Масалан, Саҳмий, Ҳоким, Сулламий, Абдулғаний Аздий, Абу Зар Ҳиравий, Абу Наъим Исфаҳоний, Халлол ва Азҳарий кабиларни келтириб ўтишимиз мумкин. Имом Барқонийнинг “Суалот”и юқоридаги алломаларнинг “Суалот” силсилалари орасида муҳим бир ҳалқа ҳисобланади. Чунки унда жарҳ ва таъдил соҳаларига кўпроқ эътибор берилган, ҳадисларда учрайдиган иллатларни билиш, ровийлар тарихи ва бошқалар ўрин олган.

б)        Имом Дорақутнийнинг ҳадис кишилари ҳақида айтган гапларини ўзида тўлиқ жамлаганлиги ва ровийлар ҳақида у киши ва бошқа илм аҳли айтган фикрлар ўхшаш ва фарқли бўлганда тутган йўлларининг турличалиги.

c)        Имом Дорақутнийга замондош бўлган кейинги авлод ровийлари ёки уларнинг устозлари ҳақида ҳукм қилиш.

д)        Имом Дорақутнийдан бошқалар у ҳақида айтмаган ровийлар ҳам бор. Бу ҳам “Суалот” китобларининг аҳамиятини оширади. Имом Дорақутнийнинг ровийлар ҳақидаги сўзларини тўлиқ нақл қилиш унинг сўзларини тасдиқлашда муҳимдир.

э)        Китоб Имом Дорақутнийдан ровийлар ҳақида ворид бўлган матнлар орасида асл-дастлабкиларидан ҳисобланади.

Китоб ровийлар илми борасида мусанниф уламолар орасида катта аҳамиятга эга. Кўплаб ўринларда уламолар ундан иқтибос олишган. Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод”, Ибн Асокирнинг “Тарихи Дамашқ”, Ҳофиз Миззийнинг “Таҳзибул камол”, Имом Заҳабийнинг “Тазкира”, “Сияру аълаамин нубало”, “Муғний”, “Мезон”, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Исоба”, “Таҳзибут таҳзиб”, “Лисон” каби асарларининг муҳим маълумот манбаларидан бири.

Китобнинг қўлёзма нусхалари

1.        Султон Аҳмад III нусхаси. У китобнинг энг тўлиқ нусхаси. У Истанбулдаги Султон Аҳмад III саройида 21/624 рақамда сақланади. Китоб ўн олти варақдан – ўттиз битта саҳифадан иборат. Баъзи жойларида ҳарфлар нуқталари йўқ бўлсада, ёзуви аниқ, ўқишга қулай нусха. 

2.        Миср кутубхонасидаги биринчи нусха. У Миср кутубхонасида сақланмоқда. Ҳижрий саккизинчи асрда ёзилган. Саккиз саҳифадан иборат. Ҳар саҳифада йигирма етти қатор бор, фақат биринчи саҳифада йигирма уч қатор мавжуд.

3.        Миср кутубхонасидаги асл нусхадан кўчирилган нусха. У Маҳмуд Абдулатиф томонидан шу кутубхонада ҳижрий 1351 йилда кўчирилган. Ўн етти саҳифадан иборат [2. 27,28].

Китобнинг замонавий нашрлари

Китоб, қўлёзма нусхалари асосида ўрганилиб, бир неча бор нашр қилинган:

1)        Покистоннинг Лоҳур шаҳрида, 1984-йил “Кутубхонаи Жамилий” нашриётида “Суалоту Барқоний ли Дорақутний ривояти Каржий анҳу” номи билан нашр қилинган. Муҳаққиқ (қўлёзма китобни ўрганиб, замонавий ҳолатда нашр қилдирувчи киши) – доктор Абдураҳим Аҳмад Қашқарий. Аҳмад III нусхаси асосида биринчи ва иккинчи жузълари таҳқиқ қилинган. Китобнинг охири ўрганилмаган.

2)        Қоҳирада 1989 йилда нашр қилинган. Китоб номи “Суалоту Абу Бакр Барқоний ли Дорақутний фи ал-жарҳ ва ат-таъдил”. Муҳаққиқ Маждий Фатҳий Саййид Иброҳим. Миср кутубхонасидаги нусха асосида китобнинг фақат учинчи жузи нашр қилинган. 

3)        Қоҳирада 2007 йилда “Ал-фаруқ ал-ҳадиса” нашриётида “Суалоту Абу Бакр Барқоний ли Имом Абу Ҳасан Дорақутний” номи ила нашр қилинган. Муҳаққиқ ­– Абу Амр Муҳаммад ибн Али Азҳарий. Муаллиф китоб муқаддимасида: “Аввало олдимга асл нусха ва ундан кўчирилган нусхаларнинг электрон шаклини жамлаб олдим. Султон Аҳмад III нусхасини таҳқиқ учун асосий манба сифатида, Миср кутубхонасидаги нусхаларни ҳам фойдаланиш учун ва таққослаш учун ҳозирлаб олдим. Олдинги иккита нашр қилинган китобларни солиштирдим. Уларда ҳарфларнинг тушиб қолганини, ўзгарганини кўрдим. Имом Дорақутнийнинг бир ривоят, ровий борасида айтган сўзларини бошқа китобдагилари билан солиштирдим”, – дейди [2.33].

Нашр қилинган уч китоб орасида сўнггиси китобнинг энг тўлиқ шакли бўлиб, уни энг тўғриси ҳам дейишимиз мумкин. Қолаверса, китоб сўнгида Абу Бакр Барқонийнинг устози Имом Дорақутнийдан ривоят қилган, лекин ушбу китобига киритмаган бошқа ривоятлари ҳам келтирилган.

Умуман олганда, Мовароуннаҳр диёри илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган олимлар ватани ҳисобланади. Хусусан, ҳадис илмида жуда кўплаб етук муҳаддислар етишиб чиққан. Улар кўплаб китоблар таълиф қилишган, асарлар қолдиришган. Шундай муҳаддислардан бири Абу Бакр Барқонийнинг “Суалот” асари бунга мисол бўлади. Аждодларимиз илмий меросини ўрганишда биз учун катта фойда бор.

 

Б.М.Мирзаев,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абу Бакр Барқоний. Суалоту Абу Бакр Барқоний ли Дорақутний фи ал-жарҳ ва ат-таъдил. Маждий Фатҳий Саййид Иброҳим таҳқиқи. – Қоҳира: Мактаба ал-Қуръон, 1989.
  2. Абу Бакр Барқоний. Суалоту Абу Бакр Барқоний ли Имом Абу Ҳасан Дорақутний. Абу Амр Муҳаммад ибн Али Азҳарий таҳқиқи. – Қоҳира: Ал-фаруқ ал-ҳадиса.
  3. Абу Бакр Барқоний. Суалоту Барқоний ли Дорақутний ривояту Каржий анҳу. Абдураҳим Аҳмад Қашқарий таҳқиқи. Кутубхонаи Жамилий. – Покистон, Лаҳор. 1984.
  4. Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ал-Ансоб. Дарул кутубил илмийя. – Байрут: 1998.
  5. Нўмонжон Тўраев. Жарҳ ва таъдил илмининг пайдо бўлиши ва дастлабки икки асрдаги ривожи. International Islamic Academy оf Uzbekistan. – Tashkent. Thе Light of Islam, 2-сон 2019.
  6. Ўзбекистoн миллий энциклопедияси. –Тошкент: Давлат илмий нашриёти, 2003.

Izoh qoldirish