АМУДАРЁ БЎЙИДА ЖОЙЛАШГАН КЎҲНА ТЕРМИЗ
Тарихнинг гувоҳлик беришига қараганда., Термиз ҳудуди милоддан аввалги VII асрда Сўғд салтанатига бўйсунган. Ривоятларга кўра, Термизни Бақтриянинг биринчи подшоси Зороастр бунёд этган. Милоддан олдингн VI асрда бу ерларни босиб олган форслар Термизни жуда кўҳна шаҳар дейишган. Шундан эътиборан, милоддан аввалги IV асргача аҳамонийлар давлатига ва сўнг эфталилар давлатига мансуб бўлган. Александр Македонский Бағдодни ишғол қилиб, Термизни забт этишга шошилди.
Искандар империяси инқирозидан сўнг унинг харобалари устида Грек-Бақтрия подшолиги вужудга келди. Милоддан олдинги 306 йили Термиз Салавкийлар давлатига қўшиб олинди. IV–I асрларда Грек-Бақтрия давлати таркибида бўлади.
Милоддан олдинги III–II асрларда Термиз юксала боради. Ерлар ўзлаштирилади. Боғлар барпо этилади. Грек-Бақтрия подшоси Деметрий даврида (миллоддан олдинги 200 йиллар) мудофаа учун қулай 10 гектарлик табиий тепалик хом ғишт деворлар билан айлантириб олинди, деворнинг қалинлиги унинг асосида 11 метрга етарди. Атрофида миноралар кўтарилди.
Грек-Бақтрия шаҳри вақти келиб, ушбу қалъадан ташқарида ҳам ривожланди. Давлат ичкарисида ғарб дидига мос сиёсат олиб борилди.
Милоддан олдинги II аср бошларида Грек-Бақтрия давлати Саклар томонидан тор-мор келтирилди. Грек-Бақтрия давлати харобаларида қудратли, иқтисодий жиҳатдан жуда мустаҳкам Кушонлар ёки Тухорлар империяси вужудга келади. Термиз милоддан олдинги II аср ўрталаридан то милоднинг учинчи асригача Кушонлар (Тухорлар) империяси ичида булади. Кушонлар ҳукмронлиги — қулдорчилик жамияти даврида шаҳар яна ривожланади, гуллаб-яшнади. Бадиий маданияти ўсади, архитектура, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва ўймакорлик санъати, тошга нақш ўйиш, мусиқа санъати ривож топади. Будда монастири қурилади. Буларнинг ҳаммасида эллинизм билан кушон анъаналари қўшилиб, бир-бирини бойитади.
Металл ишлаб чиқариш ривож топади. Бу ерда, яъни Термизда Кўҳитанг тоғидан, асосан Хаттак гуруҳи қишлоқларидаги конлардан келтирилган темир қайта ишланар эди. Қайта ишланган темир Ҳиндистонга олиб борилар эди. Бир тарихий манба (Махабхарата)да Ҳиндистонга темир олиб келган Тухорлар ҳақида сўз юритилади ва Ҳиндистондан бу товарлар денгиз орқали узоққа — Рим империяси мамлакатларига олиб кетилиши битилган. Темирни қайта ишлашдан ташқари, бу ердаги кулолчилик, устахоналарида лакланган ва ҳap хил ранга бўялган юқори сифатли нозик кулолчилик буюмлари ишлаб чиқилган.
Ёзма манбаларга кўра, Термиз Хитойдан Ҳиндистон ва ундан кейин Европага олиб кетиладиган транзит савдони амалга оширган. Кушонлар билан бирга Амударёнинг ўнг соҳилига эрадан олдинги I асрда буддизм дини кириб келади ва давлат динига айланади. Бу дин шунча мустаҳкам бўлдики, Кушон империясининг инқирозидан кейин ҳам VII асргача — араблар истилосигача яшаб қолди.
Толитоғара тепалиги орқали Чағанруддан қуллар кучи билан канал чиқариб, шаҳар боғлари суғорилар эди. Шу даврларда Қоратепа зиёратгоҳи, мўъжизали ховонча ва будда ҳайкали бор Фаёзтепа қурилади. Термиз теварак-атроф мамлакатлар учун буддизм марказига айланади. V–VI асрда ички танглик ва ташқи вазиятнинг кескинлашуви оқибатида қулдорчилик жамияти инқирозга учрайди. Кўчманчи хионит ва эфталит қабилалари тазйиқида Кушон империяси қулайди ва IV–VI асрлар мобайнида улар билан Эрон сосонийлари курашиб келади. Бутун мамлакат, шу жумладан, Термиз ҳам шу даврда вайроналикка юз тутади. Термиздан 20 километр (ҳозирги Совет Афғон дўстлик кўприги ўрни) юқорида бўлган қадимий Амударё гузаргоҳи — Айритомнинг фаолияти тўхтайди.
IV аср охиридан Термиз сосонийлар давлати таркибида бўлади, IV аср ва V аср бошларида бу қадимий шаҳар тўлиқ инқирозга учрайди.
Балъамийнинг битишича, V асрнинг биринчи ярмида сосоний шоҳи Каваде даврида Термиз гуллаб-яшнаган шаҳар бўлган. V асрда у сосонийлардан хионит кучманчи қабилалар қўлига ўтади. Шаҳар қурилиши давом этади. Ярим қад кўтариб турган. Зурмула, Ангор туманидаги Болаликтепа ҳам шу даврда қурилади.
VII асрда сиёсат ва иқтисодий танглик бирмунча сусаяди. Шу даврларда Термиз махсус ва мустақил ҳукмдорлар- Термизшоҳлар томонидан бошқарилади ва юртнинг бош шаҳри — пойтахти бўлиб қолади. Шаҳарда катта қурилиш ишлари олиб борилади. Маҳаллий ҳукмдорлар ўз тангаларини зарб этишни йўлга қўйишади.
Шаҳарнинг яқин-теварак атрофидаги жойлари Амударё бўйларидан бошлаб девор билан ўраб олинади: Хитой cайёҳи Сюан Цзан VII аср (625–645 йиллар)да Термизни «Турклар таркибидаги мустақил Та-ми 10 будда монастири бўлган ниҳоятда катта ва бой шаҳардир», деб ёзганди. Шу даврда Термиз 70 гектарли шаҳар эди. Бу ерда тўқимачилик, кулолчилик ривожланган эди. Сопол буюмларни сирлаш, уларнинг шакли ва нақшининг турли-туманлиги, юқори сифатли бўлиши билан ажралиб турарди.
Араблар биринчи бор 667 йили Чағониёнга ҳужум қилишган. 10 йилдан сўнг Хуросон ҳокими Саййид ибн Усмон Термизни қўлга киритган. 689 йили араб Абдуллоҳ бин Хозин Аусо бин Абдуллоҳ Термизни босиб олади, Термиз шоҳларини қувиб юборади ва Термизни Мовароуннаҳрнинг бош шаҳри деб эълон қилади. 705 йили Хуросон ҳокими Қутайба бинни Муслим Сурхон воҳасига бостириб киради ва ўзининг бой маданий мероси, анъаналари бўлган халқни янги дин ҳамда маданиятга тобе қилади. Шу даврда атроф ҳудудларда ҳам араблар истилоси тамомланади.
Урушлар натижасида аҳоли турмуш даражаси бир мунча пасаяди. 775–776 йилларда Муқанна лашкарбошилари — Сарихама ва Гарича Термизни ишғол этишади.
821-йили Термизни Тухорлар забт этишади. Ундан сўнг Термиз сомонийлар томонидан бошқарилади ва унинг бошлиғи номини олиб, Шаҳри Сомон деб, кейинроқ яна Термиз деб аталадиган бўлади. Сомонийлар даврида шаҳарда муҳташам сарой қад кўтаради. Зиндон (ер ости қамоқхона) қурилади. Шаҳристонда ва работда бозорлар қурилади. 892–906 йилларда Термиз хутталонлик Абу Довуд ибн Аҳмад сулоласи қўлига ўтади.
IX–XII асрларда Термизнинг гуллаб-яшнаган даври булади. У йирик феодал шаҳар, маъмурий, савдо, ҳунармандчилик марказига айланади. Шаҳар, шаҳристон, фургон ривожланди, дарё порти қурилди. Қирққиз мақбараси ҳам шудаврда қад кўтарди. Шаҳарда темирчилар маҳалласи 5 гектар ерни ишғол этарди. Темирчи ҳунармандлар қишлоқ хўжалиги ва турмушнинг бошқа зарурияти учун оддий қурол ва ашёлар тайёрлар эдилар.
Қуролсозлар, мисгарлар, шишадамгарлар иши ва айниқса, кулолчилик кенг ривожланади. Шаҳарда шар шаклидаги шиша симобдон ишлаб чиқариш кенг йўлга қуйилган. Бундай идишларда симобдан ташқари бошқа суюқ жисмларни, жумладан, халқ тиббиётида қўлланадиган хушбўй бирикмалар — муаттар (молекуласи таркибида бир ёки бир неча бензол ядроси бўлган органик бирикмадан иборат) дори-дармонларни сақлаш учун ишлатилган. Бу эса, ўз навбатида, Эски Термизда тиббиёт ва бошқа аниқ фанларнинг ривожидан далолат беради. Уларнинг шунчалик кўп ишлаб чиқарилиши маҳаллий аҳолининг эҳтиёжини қондиришдан ташқари, четга олиб кетилар эди.
Сопол идишларни сирлаш, шаклининг турли-туманлиги ва сифати ошди, айниқса, қорамтир, ёрқин қўрғошинли сирлаш ишлари камолга етади. Дори-дармон тайёрлаш, сақлаш, касалларни даволаш, бир сўз билан айтганда, халқ тиббиёти ривож топади. Араб география олими Истахрийнинг ёзишича, шаҳар қўрғон қалъасида ҳукмроннинг саройи, бозор, жомеъ масжиди, қамоқхона бўлган ва қалъа девор билан айлантирилган, шаҳар атрофида работ бўлган. Работда Сайил масжиди бўлган. Қалъанинг жануб томонида битта, шаҳристоннинг эса, учта дарвозаси бўлган.
ХI асрда шаҳар жадаллик билан ривожланади. У суғориш тармоғи-канал томонга қараб ўсади. Шаҳар ўсиши билан аҳвол ҳам яхшиланади. Бинолар ташқи қиёфаси ўзгаради. Шаҳарнинг янги қисми ривожига — йирик иншоотлар, бозор, ҳунармандлар маҳалласи қурилишига аҳамият берилади.
ХI асрда қўрғон деворлари пишиқ ғишт билан қопланади. 1073–1074 йилларда Маликшоҳ топшириғи билан шаҳар деворлари ёни мустаҳкамланади. Қўрғон атрофида 9 та дарвоза қурилади.
Х аср араб битикчиси, Мақдисийнинг ёзишича, Термизда совун ва муаттар (хушбуй тош)ни кўплаб ишлаб чиқариш ва уни четга сотиш кенг йўлга қўйилган. Термиз ҳунармандлари Шарқ бозорларида балиқ елими, кир ювиш ишқори қўлда, тўқилган матолари билан шуҳрат топганлар. Хатто, византиялик савдогарлар Термиздан келиб, пахта олиб кетишган. Ўз навбатида, Термиз бозорида бошқа шаҳарлардан келтирилган маҳсулотлар билан хам савдо қилинган.
XI–XII асрларда жамоа ва хусусий қурилишлар авжга чиқади. Ғиштга бўлган талаб ўсади, уни ишлаб чиқариш кенгаяди. Ғишт ишлаб чиқарадиган майдон бир неча гектарни эгаллайди. Бу ерда 20 дан ортиқ ғишт пиширадиган ҳукмдорлар бўлган.
Будда таълимоти тушкунлигидаи сўнг ҳам Термиз олимлар шаҳри бўлиб қолади. Ислом дини ривожланган йилларда у Боғдод билан беллашади. Масжидларнинг довруғи машриқдан мағрибгача тарқалади. Муллалар, шайхлар табаррук ҳисобланар ва шон-шуҳрат оғушида эди, хатто улардан бири бутун Мовароуннаҳр халифалиги тахтига ҳам чиққан эди.
IX–XII асрларда Термиз Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Қорахонийлар қўлига ўтади. Шу даврда шаҳарда шохлар саройи қурилади ва уни Термизшоҳ унвонли ҳукмдор идора қила бошлайди. Шаҳар янада обод бўлади. Дарё порти қайта тикланади. Савдо ва ҳунармандчилик ривожланади.
Собир Термизийнинг замондоши Анварий бу ерга кема орқали келиб, унинг гўзаллигини буюк муҳаббат билан тасвирлайди.
ХII асрнинг иккинчи ярмида Термиз турк-қарлуқларга, шу асрнинг 60-йиллари ўртасида Самарқанд ҳокимига, сўнгра афғонларга тобе бўлади.
1206 йили Термизни Хоразм шоҳи Муҳаммад афғон ғурийларидан жангсиз тортиб олади. Шу даврда Хоразмда мис, нуқра дирҳамлар зарб этилган бўлса, Термизда олтин динор ҳам зарб этиларди.
Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг сиёсий режаларига кўрсатилган ёрдам эвазига Термиз саййидларидан Ало ал-Мулк Термизий мусулмонларнинг янги халифаси деб эълон қилинди. Ўрта асрларда (IX–XII аср бошларида) феодал ер эгалигининг ривожланганлиги, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг тараққий этганлиги, илм-фаннинг ривожи Сомонийлар (X аср), Ғазнавийлар (XI аср), Қорахонийлар (XI–XII аср), Салжуқийлар (Xl–XII аср), Хоразм шоҳлар (XII асрнинг бошлари) ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади.
1220-йил кузида Чингизхон шаҳарни қамал қилади. Мўғуллар шаҳарни икки томонидан манжаниқ (қадимий тош отиш қуроли катапулта) билан тошбўрон қиладилар. 10 кунлик тошбўрондан сўнг шаҳар ишғол қилинади. Истеҳком ва қўрғон вайрон қилинади. Чингизхон қўшинлари шу йили Термизда қишлайди, Шаҳар ва унинг атрофи талон-тарож қилинади.
Тарихчи олим Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида битилишича, Термиз аҳолиси мўғулларга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Шунинг учун мазкур шаҳар «Мадинат-ур рижол» («Мардлар шаҳри») деб аталган.
Ахмедов Сардор Сайриддин ўғли, Термиз давлат университети доктoранти
Izoh qoldirish