ИСЛОМДА АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ
Ислом динида табиатни асраб-авайлашга жуда катта эътибор берилган. Табиатни асраб-авайлаш мўмин кишининг бурчи эканлиги бир қанча ўринларда таъкидланади. Жумаладан: Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 205 оятида шундай мархамат қилади: «...ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қиладир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас». Ушбу оятдан инсон табиатни асраб-авайлаши нечоғлик муҳим эканлиги кўриниб турибди. Ҳатто табиатни ҳалок қиладиган кишиларни “бузғунчи” деб номламоқда. Табиатни ҳалок қилишдан Аллоҳ таоло ушбу оят билан қатъий қайтармоқда. Албатта, табиатни ва одамлар фойдаланиб турган жойларни покиза сақлаш ҳақида ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳар қандай иймонли ва эътиқодли киши албатта ушбу ҳадисга амал қилади. Нафақат амал қилибгина қолмай, балки шу ишни қилаётган кишига ҳам қаттиқ танбеҳ беради. Ушбу ҳадисдан қуйидаги ибратлар келиб чиқади:
- Сув ўзанларига ахлат ташламаслик.
- Йўлларга ахлат ташламаслик.
- Соя-салқин жойларга ахлат ташламаслик.
- Шундай жойларга ахлат ташлаган киши лаънатга қолиши.
Ушбу ҳадисда санаб ўтилган жойлар инсон фойдаланадиган табиатнинг муҳим қисмларидир. Шу сабабдан бу жойларни асраб-авайлаб, покиза тутишимиз муҳимдир.
Шу ўринда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Иймон» китобларидан иқтибос келтириб ўтишни лозим топдик:
«Ислом дини инсон камолотида табиатни муҳофаза қилиш тарбиясини асосий ўринлардан бирига қўяди. Ислом дини нуқтаи назарида табиатни муҳофаза қилиш тарбияси жамиятдаги катта ёшдаги кишиларнинг вазифасидир. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари лозим. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда динимизда жорий қилинган қоидаларни бузмаган ҳолда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт. Уламоларнинг ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу йўлда кетаётганида бир товуқни нишонга олиб, унга ўқ отиб ўйнаётган ёш болаларни кўриб қолади. Ибн Умарни кўриб қолган ёш болалар қочишга ҳаракат қилишади. Аммо Ибн Умар уларни тўхтатиб, «Бу ўйинни ким бошлади? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга бундай азоб берган кишиларни лаънатлаган эдилар», – деб танбеҳ берган эканлар. Кўпгина шарҳловчилар ҳам Ибн Умарнинг бу каби ҳодисаларга нисбатан ниҳоятда қаттиқ турганини тасдиқлайдилар. Ислом динининг бу каби бебаҳо таълимотларини ҳар бир мусулмон яхши билмоғи, уларга содиқ бўлиб, умр бўйи амал қилмоғи, уларни ҳаётга татбиқ этиб, бошқаларга ўрнак бўлмоғи даркор».
Ахлатни дуч келган жойларга ташлаб кетмаслигимиз лозим. Махсус ахлат учун қўйилган идишларга тўкишимиз зарурдир. Яна айрим кишилар борки, яшнаб турган дарахт шохларини синдиришади, кесишади, баргларини ёқадилар, кўчалар юзига, далалар четига, ариқлар ичига ҳар хил ахлатларни ташлайдилар. Оқибатда атроф-муҳит зарарланади, тупроқнинг экологик ҳолати бузилади. Бу албатта, жуда хунук ҳолат. Биринчидан, бу ишни қилган одам учун одобсизлик бўлса, иккинчидан, атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлик, қолаверса, маданиятсизлик белгисидир. Энг ёмони, бир кишининг айби билан шу атрофда ахлатлар йиғила бошлайди. Ўша ахлат ташланган жойда бир-икки кун ичида ахлатлар уюми пайдо бўлади. Бир лоқайд кишининг айби билан тўпланган ахлат уюмига бошқа бир лоқайд одам ўт қўйиб юборади. Натижада атрофни зарарли ис гази, қоп-қора тутун қоплайди. Шу ердан ўтаётган одамларнинг нафас олиши оғирлашади. Соғлиқ учун жуда катта зарар ҳисобланган ис гази шамол таъсирида анча узоқларга тарқалади. Баъзи лоқайдсиз кишилар сабаб атрофимизни ўраб турган яшил табиат ҳам зарар кўради.
Динимиз яшаб турган жойимизни озода, ичимлик сувимизни беғубор тутишга, ўзимизни эса покиза юришимизга буюради. Поклик инсон зеҳнини ва иродасини мустаҳкамлайди. Оламдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Имкон қадар бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳаллаларимизни янада кўкаламзор қилишимиз бизларга ҳам фарз, ҳам қарздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: «Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёхуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла-куйларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар тановул қилса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.
Аллоҳ таоло бизга тоза ва мусаффо ҳавони, бебаҳо иқлимни, олтинга тенг тўртта фаслни ва бошқа кўп нарсаларни инъом қилган. Бунинг шукронаси сифатида табиатимизни асрашимиз ва уни турли хил чиқиндилардан тоза сақлашимиз ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир!
Мухиддин Чориев – Имом Термизий
халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish