АДОЛАТ МЕЗОНИ
Адолат тушунчаси Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ва бошқа луғавий манбаларда адолатли бўлиш, ўртача йўл тутиш, меъёрни сақлаш, инсоф қилиш деган маъноларни англатади.
Уламоларнинг фикрича, адолат икки хил бўлади. Булардан бири инсон ва Яратган орасидаги адолат бўлса, иккинчиси эса инсоннинг бошқа инсонлар билан бўлган адолатидир. Инсоннинг яратган билан адолати шуки, инсон ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилади ва унга бошқани шерик қилмайди. Инсоннинг бошқа инсонлар билан адолати шундайки, инсон бошқа инсонларни эшитади, уларга зулм қилмайди, уларнинг манфаатларини юзага чиқаришда ёрдам беради.
Аллоҳ таоло инсонларни барча ишларида адолатли бўлишга чақирган:
لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ
Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан (нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб, ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. (Ҳадид сураси 25).
Адолатнинг ёрқин намунаси Қуръони каримда пайғамбарлар Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом ўрталарида бўлиб ўтган воқеада кўринади.
وَدَاوُودَ وَسُلَيْمَانَ إِذْ يَحْكُمَانِ فِي الْحَرْثِ إِذْ نَفَشَتْ فِيهِ غَنَمُ الْقَوْمِ وَكُنَّا لِحُكْمِهِمْ شَاهِدِينَ
Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда у (экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. (Нисо, 78).
Ўз даврининг Пайғамбари ва подшоҳи бўлган Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан. Ўшанда экинзорга қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб бўлиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймон алайҳиссаломни кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссалом олдиларига кирдилар ва: “Эй Аллоҳнинг Набийси, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди”, –дедилар. Довуд алайҳиссалом: “Қандай бўлиши керак эди”, – дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: “Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келгандан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», – дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», – дедилар.
Ушбу қуръоний ҳикояда адолат қандай бўлиши кераклиги деҳқон ва чўпон мисолидаги воқеада ўз аксини топган. Бу гўзал ҳикояда ҳақиқатда Аллоҳ таоло пайғамбарларига очиқ, равшан китобни ҳамда одамлар орасида адолат қилишлари учун бир мезонни туширганини кўрамиз. Ушбу мезон орқали бандалар ўртасида содир бўладиган ноҳақликларни одилона бартараф қилиш мумкин. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларнинг барча қилган яхши-ёмон амалларини қиёмат куни адолат мезонида ўлчайди. Баъзи фикри тор инсонлар гуноҳ ишларида бардавом бўлиб, одамлар ҳаққига нисбатан адолатсизлик қилишади. Умримиз охирида тавба қилиб жаннатга кирамиз, деб гумон қилишади. Аллоҳ таоло адолатли зот, У бандаларнинг бандаларда қолган ҳаққи масаласида ўзи ўрнатган мезон билан ҳукм қилади.
Улжаев Умарали Қурбонович – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish