30.08.2024

ҚАДРИЯТЛАРИ ҚАДРЛАНГАН ЮРТ

Инсон ҳаётида ҳуррият унинг энг муҳим бирламчи эҳтиёжларидан биридир. Ушбу эҳтиёж унинг инсон сифатида яшаши ва фаолият юритишининг асосий мезонидир. Ушбу ҳуррият бўлгандагина у ўзининг эзгу хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариши, ўзи унда яшашни истайдиган ҳаётий қадриятларини асраб-авайлаши мумкин.

Инсон бу тарздаги ижтимоий ҳурриятга давлат кафолатисиз эришиши душвор, давлат эса ўз навбатида мустақил бўлмасдан туриб ўз халқига у истаган ҳаётни тақдим этиши ҳам мумкин бўлмайди. Шу маънода юртимиз Ўзбекистоннинг мустақиллиги ўзбек халқига унинг қадриятларига мос, ўзлигига хос ҳаёт тарзини тақдим этиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Бу эса бизга доимо ҳуррият тушунчасининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини эслатиб туради.

Агар икки дарё оралиғи бўлган юртимизнинг инсоният тарихидаги ва бугунидаги энг юксак интеллектуал марказлардан бири эканлигини инобатга олсак, бу мустақилликнинг қадри янада ошади. Чунки бу шундай юртнинг ўз йўлини давом эттиришига имкон бериши билан бирга, халқимиз генофондида мавжуд ноёб хусусиятларни ривожлантиришнинг ҳам улкан кафолатидир. 

Тарихдан олимлар юрти сифатида танилган Мовароуннаҳр диёри ўз дунёқараши ва ғоясига, демакки, ўз йўли ва ўз ўрнига эга юртдир. Шундан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш лозимки, мустақилликнинг муҳим бир асоси қадриятларга асосланган миллий ғояга, у эса барча соҳаларда фундаментал илм-фанни ривожлантиришга боғлиқ бўлади. Зеро, бу билан миллатнинг ҳам ғоявий-маънавий, ҳам моддий аҳволи яхшиланиб, комилликка интилиши мумкин бўлади. 

Охирги йилларда юртимизда очилган Имом Термизий, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси ва бошқа шу каби амалий ишлар аждодларимиз меросини фундаментал тадқиқ этишни янги босқичга кўтарганини воқелик кўрсатиб турибди. Бу эса глобал маънавий таҳдидлар кучайган ва ёт ғояларнинг тарқалиши мисли кўрилмаган даражага етган бугунги даврда ўзлигимизни сақлаб қолиш йўлида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Ўзликни сақлаб қолиш эса халқ сифатида мавжуд бўлиш ва яшаб қолишнинг асосий мезонидир. Шу тарзда мустақилликнинг аҳамияти биз учун энг муҳим масала сифатида доимий долзарблик касб этади.

2024 йил 15 августда эълон қилинган  “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳам эзгу қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида зарурлиги билан бирга, бу борадаги фундаментал тадқиқотларни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихимизга муҳрланади. Бунга ушбу муҳим санани муносиб нишонлаш доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар билан танишиш жараёнида амин бўлиш мумкин. 

Қарор доирасида Имом Термизий асарларининг академик изоҳли нашрлари, илмий-оммабоп ҳужжатли фильм ва туркум кўрсатувлар тайёрлаш, “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш, Имом Термизий ва Термизий алломаларнинг нодир қўлёзмалари ва нашр нусхаларининг китоб кўргазмасини ташкил этиш, аллома ижодига тегишли қўлёзмаларни олиб келиш ва сақлашга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, Республика бўйича “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ва соҳага тегишли илмий мақолалар танлови ва “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” мавзусидаги танловларнинг ўтказилиши, бу соҳада тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчи олимларга зарур шарт-шароитлар яратиб бериш каби кўплаб чора-тадбирлар замирида аждодларимизнинг табаррук меросини қадрлаш ва бугунги кун талаблари асосида уларни янада ривожлантириб, янги босқичга кўтаришга ундаш ётади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мустақиллигимизнинг янги санасига қадам қўяр эканмиз, унинг ҳар бир куни биз учун азизлигини ёдда тутамиз. Шу билан бирга унинг ҳар бир янги кунида улкан ишларни амалга оширишга масъуллигимизга амин бўламиз. Қадриятлари қадрланадиган юртда яшаш эса ҳақиқий мустақиллик нишонаси эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

 

Izoh qoldirish