УМАР ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАЁТИГА НАЗАР
Биз агар Умар Термизийнинг ҳаётини ва қолдирган меросини ўрганадаган бўлсак, у киши сўфий ва воиз бўлганлиги маълум бўлади. Умар Термизий яшаган ўрта асрларда Моварауннаҳрда тариқат анча ривожланган давр эди. Бу эса Умар Термизийнинг тариқат аҳлидан бўлишига сабаблардан бири эди. Умар Термизийнинг “Ният китоби” асарида келдирилган ҳадисларни таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, бунга гувоҳ бўламиз. Умар Термизий ҳам бошқа сўфийлар каби ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлигига эътибор бермайди. Келтираётган ҳадисларда амалдаги ниятнинг ўринларини ифодалаб беради. У кишининг “Ният китоби”да келтирган баъзи ҳадисларни таҳлил қилиб кўрамиз.
وقال صلى الله عليه وسلم: " إنما الأعمال بالنيات ولكل امرئ ما نوى فمن كان هجرته إلى الله ورسوله فهجرته إلى الله ورسوله ومن كانت هجرته إلى دنيا يصيبها أو امرأة ينكحها فهجرته إلى ما هاجر إليه "
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади», – дедилар».
Мазкур ҳадис саҳиҳ ҳадис бўлиб, уни кўп муҳаддис олимлар ўзларининг асарларида келтиради. Жумладан: Имом ал-Бухорий ушбу ҳадисни “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг еттита ўрнида келтирган. Имом ал-Муслим эса “Жиҳод” китобида ривоят қилган. Имом Абу Довуд “Талоқ” китобида ривоят қилган. Имом Термизий “Жиҳод” китобида ва Имом Насоий “Имон” ва Ибн Можжа “зуҳд” китобларида ривоят қилишган.
وقال صلى الله عليه وسلم: " أكثر شهداء أمتي أصحاب الفرش ورب قتيل بين الصفين الله أعلم بنيته
Ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим шаҳидларининг кўпроғи фуруш аҳилларидир, қанча-қанча шаҳидлар борки уруш сафларида жон берган, уларнинг ниятларини Аллоҳ билгувчидир.” (Фуруш аҳли тўшакларида Аллоҳ йўлида шаҳидликни орзу қилиб вафот топган кишилар)
Мазкур ҳадисни Имом Аҳмад “Муснад”ида заиф иснод билан тахриж қилди. Ибн Ҳиббон “Сиққат” асарида зикр қилди. Ҳофиз “ал-Фатҳ” асарида 10/194 рақами билан ривоят қилган. Ҳайсамий эса “ал-Мажмаъ” асарида 5/202 рақам остида ривоят қилган.
وقال صلى الله عليه وسلم: " إن العبد ليعمل أعمالاً حسنة فتصعد الملائكة في صحف مختمة فتلقى بين يدي الله تعالى فيقول: ألقوا هذه الصحيفة فإنه لم يرد فيها وجهي ثم ينادي الملائكة: اكتبوا له كذا وكذا اكتبوا له كذا وكذا فيقولون: يا ربنا إنه لم يعمل شيئاً من ذلك فيقول الله تعالى: إنه نواه ".
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, бир банда бир яхши амал қилади, сўнг уни фаришталар муҳрланган саҳифада Аллоҳ ҳузурига олиб чиқади. Шунда Аллоҳ таоло: « Уни улоқтиринглар, чунки у амалини холис менинг розилигим учун қилмаган», – дейди. Сўнг фаришталарга нидо қилинади. Ёзинглар!! Унга шундай.. шундай!! Ва яна ёзинглар шундай!! шундай!! деб (бир қанча гуноҳ амалларни айтар экан). Шунда фаришталар: Эй, Роббимиз албатта, у инсон бу айтилган нарсаларнинг бирортасини қилмаганку? Шунда Аллоҳ таоло айтадики: « У шу ишларни қалбида ният қилганди» .
Ушбу хадисни муҳаддислар ҳасан иснодли ҳадислар жумласига қўшган.
Мазкур асарда келтирилган ҳадисларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, Умар Термизий тасаввуфий ахлоқ мужассамлашган улуғ бир зот сиймосида кўз ўнгимизда гавдаланади.
Чориев Мухиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish