30.09.2024

МУНЖИК ТЕРМИЗИЙ ДЕВОНИНИНГ МАНБАШУНОСЛИК ТАДҚИҚИ

Ислом дини ўз тарихи давомида инсониятни ҳар доим илм эгаллашга, эзгулик ва бағрикенгликка тарғиб қилиб келган. Мусулмон алломалари ҳам ўзларининг ибратли ҳаёт йўллари, бебаҳо ҳикматларга бой бўлган асарлари орқали инсониятнинг маънавий камолотига хизмат қилганлар. Мана шундай алломалардан бири Абулҳасан Мунжик ибн Муҳаммад Термизийдир. Мунжик Термизий X асрда тарихан Чағониён деб аталган ҳудудда ижод қилган бўлиб, Шарқ шеъриятидаги муҳим шахсиятлардан бири сифатида тилга олинади. У кам сонли девон тартиб берган шоирлардан бири сифатида ўз даври ва кейинги асрлардаги олимлар, тазкирачилар ва тарихчиларнинг асарларида юксак маҳорат соҳиби сифатида тилга олинади. 

Афсуски, тарихда юз берган кўплаб ҳодисалар, урушлар натижасида Мунжик Термизий девони бизга тўлиқ шаклда етиб келмаган. Аммо девоннинг баъзи парчалари тилшунос шоир ва хаттот Асади Тусий томонидан ёзилган “Луғати фурс” номли луғатда сақланиб қолган. Тарихий манбаларга асосланадиган бўлсак, девон XIII асрга қадар яхлит ҳолда мавжуд бўлиб, мўғуллар истилоси даврида бошқа сон-саноқсиз ноёб манбалар қатори йўқолиб кетган. Мунжик девони бизгача бир қанча шоирларнинг тазкираларида тарқоқ ҳолатда етиб келган. Ушбу тарқоқ ҳолатдаги шеърларни излаб топиш, тўплаш ва уларга тузатиш киритиш тадқиқотчи-адабиётшунослар олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан замонавий форс адабиётшуносларидан бири Эҳсон Шаворибий томонидан унинг турли тазкиралардаги тарқоқ шеърлари жамланиб, бир девон шаклига келтирилган[1]

Эҳсон Шаворибий Мунжикнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ва шеърлари ҳақидаги тарқоқ маълумотларни тўплашдан ташқари, уларга маълум бир қўшимчалар қўшиб, тартибга солган[2]

Шунингдек, форс тадқиқотчиларидан Муҳаммад Дабир Сиёқий, Муҳаммад Мудаббирий, Али Ашраф Содиқий, француз олими Жильбер Лазар кабилар Мунжий Термизий шеърлари борасида изланишлар олиб борганлар. Мунжик Термизий девони XI-XII асрларда ўша даврдаги илм аҳли орасида жуда машҳур бўлганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди. Мунжик Термизий шеъриятининг шуҳрати ўз даврида Хуросон, Эрон ва Озарбайжонгача етиб бориб, XI асрнинг машҳур форс шоири Қатрон Табризийнинг диққатини ўзига жалб қилди. Жумладан, XI аср шоири Носир Хусрав ўзининг “Сафарнома” асарида келтиришича, Табризга сафари чоғида маҳаллий шоирлардан бири Қатрон Табризий ундан Мунжик Термизий ва Дақиқий девонларидаги баъзи бир шевага хос бўлган ва қадимий сўзларнинг маъноларини тушунтириб беришини сўраган. Хусусан, Носир Хисрав “Сафарнома”да шундай маълумотларни келтиради: 

“Мен Озарбайжонга етиб келганимда, Табризда “Қатрон” исмли бир шоирнинг шеър ўқиб турганлигини кўрдим. У шеърни яхши айтарди, аммо форс тилини яхши билмасди. У менинг олдимга Мунжик ва Дақиқийнинг девонларини олиб келиб, у учун тушунарсиз бўлган жумлаларнинг маъноларини тушунтириб беришимни сўради. Мен унга ушбу сўзларнинг таърифини айтдим. У эса ёзиб олди ва менга ўз шеърларидан ўқиб берди”. Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Мунжик шеърияти ўз даври илмий муҳитида анча машҳур бўлган. Шубҳасиз, Носир Хусрав томонидан эътироф этилган Мунжик девонининг XI асрдаги шуҳрати ҳам ана шу ўзига хос ифода услуби ва риторик услубининг янгилиги билан боғлиқ.

Замонавий форс тадқиқотчиларидан бири Сафо Забеҳуллоҳ Мунжик Термизий шеъриятига шундай таъриф беради: “Мунжик Термизий ширинсухан, гўзал сўзловчи, балоғат илмида беназир, гўзал хаёлот соҳиби бўлган шоир эди”[3]. Муҳаммад Авфий эса унинг шеърияти “ғаройиб шеърлар, нозик иборалар, соф маънолар”дан ташкил топганлигини эътироф этади.

Мунжик Термизий девонида кўплаб қимматли хусусиятлар мавжуд. Хусусан, ушбу девон бир қанча қадимги форс сўзларининг бугунги кунга қадар етиб келиши учун восита вазифасини бажарган. Чунки унинг девонидан бизгача етиб келган саноқли мисралар бизга кўплаб қадимий сўзларни берган. Адабиётшуносларнинг фикрича, агар бу мисралар бўлмаганида, ҳеч бир луғатда ушбу сўзларни топишнинг имкони бўлмасди. XI асрда Асади Тусий томонидан ёзилган ва энг қадимий луғатлардан бири сифатида эътироф этиладиган “Луғати фурс” номли луғатда кўплаб форс тилидаги сўзларни изоҳлаш учун Мунжик Термизий шеърларидан намуналар келтирилган. Ҳатто Алиакбар Деҳхудонинг “Луғатнома”сида ҳам кўпгина қадимий сўзлар учун фақат Мунжик Термизий шеъриятидан парчалар келтирилган[4].

Мунжик Тезмизий девонида ҳажвиялар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. У кейинги даврдаги шоир ва ёзувчилар орасида ҳажв руҳидаги сатирик шеърлари билан шуҳрат қозонган. Мунжик бу жанрда, айниқса муболаға ва киноя риторик воситаларида ажойиб янгиликлар киритган. Мунжик сатираларининг ҳозиргача сақланиб қолган қисмлари у нафақат амалдорларни танқид қилганлигини, балки оддий замондошларига ҳам атаб ҳажвиялар ёзганлигини кўрсатади. Девонидан қолган саноқли мисраларда ҳам унинг замона иллатларини масхара қиладиган сатирик шеърлар яратишдаги қудратини яққол кўриш мумкин.  XIX аср форс тарихчиси ва адабиётшуноси Ризоқулихон Ҳидоят ўзининг “Мажмаул фусаҳо” номли асарида Мунжикнинг ҳажвий шеърларига қуйидагича таъриф беради: “У доно, балоғат илмида тенгсиз, ўткир ҳажвиялари билан машҳур шоир бўлиб, унинг ҳазил ва киноя ўқларидан ҳеч ким омон қолмаган. Сен иллат аҳлининг кўксини ҳажв ўқи билан тешдинг, замон аҳлининг қўлини ҳазил арқони билан боғладинг”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мунжик Термизий Шарқ шеъриятининг маҳоратли вакилларидан бири сифатида ўз ижоди орқали инсониятни комилликка, амалдор ва ҳукмдорларни инсоф ва адолатга, халлқа яхшилик қилишга ундаган. Унинг маънавий меросини тадқиқ этиш маънан баркамол инсонни тарбиялашда дастуруламал бўлиб хизмат қилади. 

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро

 илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Алиакбар Деҳхудо. Луғатнома. Ж. 16. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1998. Ж. 5. – 1569 бет.
  2. Эҳсон Шаворибий Муқаддам. Ашъоре навёфта аз Мунжик Термизиӣ. Мерос журнали. Иккинчи нашр, 2011,  №46, 10-12 бетлар.
  3. Мирзо Кенжабек. Буюк термизийлар. – Тошкент: “Ӯзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. – 528 бет.
  4. Мунжик Термизий. Девон. Ашъори пароканда. Эҳсон Шаворибий Муқаддам тадқиқи. – Теҳрон: Қўлёзмалар мероси маркази, 2012. – 110 бет.
  5. Сафо, Забеҳуллоҳ. Таърихи адабиёт дар Эрон. Ж.1. –Теҳрон: Амири Кабир, 1950. – 742 бет.

 


 

[1]Мирзо Кенжабек. Буюк термизийлар. – Тошкент: “Ӯзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. – Б. 419.

[2]Мунжик Термизий. Девон. Ашъори пароканда. Эҳсон Шаворибий Муқаддам тадқиқи. – Теҳрон: Қўлёзмалар мероси маркази, 2012. – 110 бет.

[3] Сафо, Забеҳуллоҳ. Таърихи адабиёт дар Эрон. Ж.1. –Теҳрон: Амири Кабир, 1950. – Б. 456.

[4]Алиакбар Деҳхудо. Луғатнома. Ж. 16. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1998. Ж. 5. – 1569 бет.

Izoh qoldirish