УМАР ТЕРМИЗИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ ИСЛОМ ТАМАДДУНИДАГИ АҲАМИЯТИ
Бугунги кунга келиб мамлакатимизда улуғ алломаларимизнинг тинчлик ва бағрикенглик ғояларини ўзида мужассам этган бой маънавий меросини ўрганиш ва уни халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Зеро, юртимиздан етишиб чиққан мутафиккирлар, хусусан термизий алломалар ўз асарларида ислом динининг тинчлик ва биродарлик ғояларини акс эттиришга интилганлар. Мана шундай мутафаккирлардан бири XV асрда яшаган муфассир ва сўфий Умар Термизий ҳисобланади.
Бугунги кунда қадар ушбу аллома хусусида ислом классик манбаларида жуда кам маълумот сақланиб қолган. Хусусан, Умар Термизийнинг оиласи ва туғилган манзили ҳамда қабри хақида бизгача маълумот етиб келмаган. У кишининг ёзган “Тафсири суратул ихлос” ва “Китаб ун-нийя” (“Ният китоби”) асарлари бизгача етиб келган. Умар Ризо Каҳоланинг (1323-1408/1905-1987) маълумот беришича, сўфий ва воиз Умар Термизийнинг “Тафсири суратул ихлос” ва “Китаб ун-нийя” (“Ният китоби”) асарлари Қоҳирадаги “ал-Хидайвия” кутубхонасида 2/173, 17945 рақамлари остида сақланмоқда[1].
Аллома қаламига мансуб “Тафсири суратул ихлос” китоби хижрий 857 йил, милодий – 1453 йилларда ёзилган бўлиб, ушбу китобда амалдаги ихлоснинг аҳамияти чуқур тушунтириб берилган:
Аллоҳ таоло Баййина сурасининг 5 оятида шундай мархамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу, тўғри (миллат)нинг динидир”. Ва яна Зумар сурасининг 3 оятида шундай мархамат қилади: “Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир”. Шунингдек, Каҳф сурасининг 110 оятида Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани ширк келтирмасин”.
Ушбу ояти карималар холис ва мухлис бўлиб, фақат Аллоҳнинг розилигини истаб амал қиладиган кишилар учун нозил бўлган, шу боис Аллоҳ таоло Ўзининг мадҳ этилишини ва Унга сано айтилишини яхши кўради[2].
Дарҳақиқат, Аллоҳ учун бўлган ихлос ҳар бир амалнинг асосидир. Ихлоссиз қилинган амалда ажр йўқлиги ва ихлос бўлмаган намозда савоб ҳам бўлмаслиги ва ихлос бўлмаган садақада ҳам савоб йўқлигини Умар Термизий ҳадислардан намуна келтириб баён қилиб беради. Умар Термизийнинг мазкур китобларини ўқир эканмиз, бевосита Имом Ғаззолийнинг ихлос ва ният билан боғлиқ китобларини ўқиётгандек бўламиз. Умар Термизий ҳам ўз асарларини ёзишдаги услубини тўғридан тўғри Имом Ғаззолийдан олганлиги билиниб туради. Умар Термизий томонидан келтирилган хадис ва ривоятлар Имом Ғаззолийнинг “Ният ва Ихлос китоби”да ҳам ҳудди шу кўринишда келтирилади. Имом Ғаззолийнинг яна бир услуби шуки, у панд-насиҳат беришни ўқувчининг диққатини кучлироқ тортиш мақсадида “Билгинки” деган ибора билан бошлайди. Умар Термизий ҳам ҳудди шундай услубдан фойдаланди. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, Умар Термизий Имом Ғаззолийнинг асарларидан фоидаланган. Умар Термизий “Ният китоби”нинг кириш қисмида ҳамду санодан сўнг, “Мен ният китобини бешта бобга бўлдим”, – дейди[3].
Биринчи боб: Ниятнинг фазилатлари. Унда кишининг нияти нақадар холис бўлиши лозимлиги ҳақида ҳадислар ва ривоятлар асосида панд-насиҳатлар беради. Ниятнинг фазилати бобида Қуръони каримнинг бир қанча сураларидан мисол келтиради.
Иккинчи боб: Ниятнинг ҳақиқати. Унда киши ниятини қандай қилиши лозимлиги ўргатилади. Ниятнинг ҳақиқати бобини “Билгилки, ният, хоҳиш ва қасд бир маънода бўлсада, уларнинг ўз ўринлари бор, улар қалб сифатларидандир”, – деб бошлайди. Ушбу тушанчаларнинг ҳар бирининг ўрнини кўрсатиб беради. Бу бобда ҳам Умар Термизий турли хадис ва ривоятлар келтиради.
Учинчи боб: Ниятнинг амалдан яхшилиги баёни ҳақида. Бу бобда муаллиф кишининг нияти унинг амалидан яхши эканлиги ҳақида хадислар асосида панду насиҳатлар беради. Жумладан, шундай дейди: “Билгилки, албатта ният сирдир, амал эса зоҳирдир. Кишининг ниятини фақат ёлғиз Аллоҳ билади”. Умар Термизий Ҳаж сурасининг 37 оятидаги: “Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етади” оятидаги тақво калимасини қалб сифатидир, яъни ниятидир деб келтиради.
Тўртинчи боб: Ниятга тааллуқли бўлган амалларнинг бўлиниши. Ният ҳар бир нарсада ўз таъсирига эга эканлиги маълум бўлгач, айтиш керакки, унинг ҳаром нарсаларда таъсири йўқ. Ниятнинг гўзаллиги, қасднинг олийлиги ҳаромни ҳалолга айлантириб қўймайди ва ҳаромнинг ҳаром бўлишига асос бўлган ифлосликни ундан кетказмайди. Кимки судхўрлик ила ёки ўғрилик ила, умуман ҳар қандай таъқиқланган йўл ила пул топиб, шу пулга масжид қуришни ёки етимлар уйи қуришни ёки мадраса қуришни ёки ушбу ҳаром мол ила фақир ва ҳожатмандларга садақа қилишни ният қилса, бу яхши ниятининг ҳеч қандай ўрни бўлмайди. Ўша кишидан ҳаром иш қилганлиги ҳам ўчирилмайди. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади: “Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсани қабул қилади”[4].
Умар Термизий “Ният китоби”ни ҳам Имом Ғаззолийнинг “Ният китоби”га мос равишда ёзган. Унинг ниятни беш қисмга бўлиб ўргатиши ҳам Ғаззолийнинг ниятни беш қисмга бўлиб ўргатиши билан ўхшашдир.
“Ният китоби”да муалиф ниятнинг хусусиятлари, гўзал ниятнинг Аллоҳ таоло наздидаги ўрни, ниятнинг таркибий тузилиши масаласига алоҳида урғу беради. Жумладан, муаллиф шундай дейди: “Билгилки, амаллар жуда кўп қисмларга бўлинади: иш, харакат, сўзлаш, жим туриш, жалб қилиш, маън қилиш, фикр ва зикр кабилар. Булар ҳам уч қисмга бўлинади: Гуноҳ, савоб ва мубоҳ. Баъзи савоб ишлар борки, гуноҳга айланади ва баъзи мубоҳ ишлар борки, савобга айланади. Бу ниятиниг чиройлилиги учун ёки хунуклиги билан боғлиқдир”.
Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазаларга хулоса сифатида айтиш мумкинки, Умар Термизий диний ва дунёвий илмлар ривожига ҳисса қўшган беназир олим бўлиб, ўз асарларида ихлос, унинг даражалари, ниятнинг мақоми борасида Қуръони карим ва ҳадислар воситасида ўхшаши йўқ мисоллар келтирилган. Унинг асарларини ўрганиш, уларда келтирилган ихлос, ният, уларнинг инсон маънавий камолотидаги аҳамияти каби масалалар бугунги кунда исломшуносликка оид тадқиқотларнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро
илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Умар Ризо Каҳҳола. Маъжам ал-муcанниф ал-кутуб ал-арабия. – Байрут. 1406/1986.
- Умар Термизий. Китаб ун-нийя. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
- Умар Термизий. Тафсири суратул ихлос. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
[1] Умар Ризо Каҳҳола. Маъжам ал-муcанниф ал-кутуб ал-арабия. I Ж. – Байрут. 1406/1986. – 320 б.
[2] Умар Термизий. Тафсири суратул ихлос. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
[3] Умар Термизий. Китаб ун-нийя. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
[4] Умар Термизий. Китаб ун-нийя. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
Izoh qoldirish