АБУ ЖАЪФАР ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ
Бугунги кунга келиб олиб борилаётган кенг кўламли тадқиқотлар натижасида Термиз заминида 200 дан зиёд “Термизий” тахаллуси билан ижод қилган мутафаккирлар етишиб чиққани аниқланган. Дунё фондларида Термизий алломаларнинг 1400 дан зиёд қўлёзмаси аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти қадимий ва ноёб асарлар ҳисобланади. Ушбу қўлёзмалар турли даврларда ёзилган бўлиб, бизгача етиб келган. Бу қўлёзмалар ичида Абу Жаъфар Термизий (200-295/816-908) ҳадис ривояти асосида ёзилган, тафсирга оид асар ҳам бор. Абу Жаъфар Термизий фиқҳий илмларга қизиқиши баробарида ҳадис ва тафсир илмларига ҳам қизиқиши катта бўлган. У Бағдодда “Фақиҳ ул-қузот” (Қозилар фақиҳи) лавозимида бўлиб, кейинчалик Мисрга бориб фиқҳ илмини давом эттиргани манбаларда таъкидланган. Шунга қарамасдан у шаръий билимларнинг барчасини бирлаштиришга ҳаракат қилганини кўрамиз. Маълумки, ислом динининг бош манбаи – Қуръони карим айнан ҳадиси шарифлар воситасида шарҳланади. Қолган барча илмлар жумладан, тафсир илми, ақида, фиқҳ каби илмлар ҳадислар орқали бизгача етиб келган. Бу ҳақиқатни яхши англаб етган Абу Жаъфар Термизий ҳам бошқа илмлар қаторида ҳадис илмига ҳам кенг эътибор қаратган[1].
Абу Жаъфар Термизийнинг ҳадис илми ривожидаги ўрни катта бўлиб, манбаларда унинг турли мавзулардаги 400 дан зиёд ҳадис ривоят қилганлиги келтирилган. Хусусан, Абулқосим Табароний (260-360/821-918) ўзининг “Муъжам ул-кабир”, “Муъжам ул-авсат” ва “Муъжам ус-сағир” тўпламларида Абу Жаъфар Термизийнинг йигирмадан зиёд ҳадисини жамлаган. Табаронийнинг “Ал-Муъжам” асари Ислом оламида энг мўътабар тўпламлардан бири бўлиб, мўъжам (жамланган ҳарфлар), яъни алифбо ҳарфлари тартибида ровийларнинг исмига кўра улар ривоят қилган ҳадисларни жамлаган. Ушбу тўпламда ( ميم ( “мим” ҳарфи билан бошланадиган ровийлар бобида Муҳаммад исмли муҳаддислар қаторида Муҳаммад ибн Аҳмад Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган ҳадислар ўрин олган. Унда асосан фиқҳий масалаларга оид бўлган масжид, рамазон рўзасининг қазоси, фиқҳнинг фазилати, қунут дуоси, ҳаждаги тавоф, арафотда икки намозни жамлаб ўқиш, талбия айтиш, совуқ кунда намоз ўқиш тартиби ва шунга ўхшаш мавзулар ўрин олган. Шунингдек, Абулҳасан Али ибн Умар ад-Дорақутний (306-385/885-964) ўзининг “Сунани Дорақутний”[2] асарида ҳам Абу Жаъфар Термизийдан мерос борасида ҳадис ривоятини келтирган. Абу Жаъфар Термизий билан замондош бўлган аллома Абу Авона Яъқуб ибн Исҳоқ ал-Исфаройиний (230-316/842-928) узининг “Ал- Муснад ус-саҳиҳ ил-мухарражи ъала саҳиҳ ил-Муслим” асарида Абу Жаъфар Термизийдан Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган эҳром кийишда хушбўйлик суриш ҳақидаги ҳадисни ривоят қилган.
Умуман олганда Абу Жаъфар Термизийнинг ҳадис ривояти манбаларда салмоқли ўрин эгаллайди. Ҳозирда Абу Жаъфар Термизий ривоят қилиб, жамлаган тафсирга оид ҳадис ривоятлари қўлёзмасининг ягона нусхаси Суриянинг Дамашқ шаҳрида “Зоҳирия” кутубхонасида № 95 рақам остида сақланади. Ушбу қадимий қўлёзма китоб 1988 йилда араб тилида чоп этилган бўлиб, уни тадқиқотчи олим Ҳикмат Башир Ёсин нашрга тайёрлаган. Асарнинг хусусияти ҳақида доктор қуйидагиларни ёзади: “Қуръони каримни ўрганишда “тафсири бил-маъсур” китобларининг ўрни каттадир. Илк ҳижрий асрларда, кутубхоналарда “тафсири бил-маъсур” китоблари сақланар эди. Аммо бизнинг замонимизда фиқҳ, ҳадис, тарих китобларига қиёс қилганда, бу турдаги китоблар нодир ва ноёб бўлиб қолди. Абу Жаъфар Термизийнинг ривояти асосидаги ушбу асар, “тафсири бил-маъсур” (нақлий тафсир) китобларининг бизгача сақланиб қолганларидан биридир. Гарчи у ҳажм жиҳатидан кичик бўлса-да, тафсир илмида ривоят қилиш услубининг аслий ва қадимий тури эканлиги билан аҳамиятлидир. Чунки ушбу тафсирнинг ҳар бир қисми асрлар давомида муфассир имомлар томонидан ривоят қилиниб келган “тафсири бил-маъсур” биносининг асоси, дастлабки қўйилган ғиштлари ҳисобланади”.
Дарҳақиқат, ровийнинг ҳадис ривоятлари муҳаддис ва ҳадисшунос олимлар наздида мақбул бўлиши учун унинг ўзида тақво ва омонатдорлик фазилатлари юксак даражада бўлиши керак. Ровийлар илмини ўзлаштирган ва табақот илмини жамлаган ҳадисшунос олимлар томонидан ҳар бир ровий ва муҳадис даражалари, уларнинг ҳадис ривоятида тутган ўрни тегишли манбаларда батафсил ёритилган. Жумладан, Абу Жаъфар Термизийнинг ровийлик даражаси, унинг тақводорлиги ва омонатдорлиги борасида кўплаб манбаларда ижобий фикрлар айтилган. Жумладан, Абулфидо Исмоил ибн Умар ад-Димашқий “Табақот уш-шофиъийн”[3] асарида Абу Жаъфар Термизий ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Абу Жаъфар Термизий, зоҳид, тақводор имом эди. Бағдодда яшаган. Ироқда Ибн Сурайждан аввал шофиъийлар шайхи эди. Имом Шофиъийнинг издошларидан бўлиб, Рабиъ ва бошқаларга фиқҳдан таълим берган. У Шофиъий мазҳабининг юзи эди. У Иброҳим ибн Мунзир, Исҳоқ ибн Иброҳим, Яҳё ибн Букайр, Юсуф ибн Адий ва шу табақадагилардан ҳадис ривоят қилган. Ундан Аҳмад ибн Комил, Аҳмад ибн Юсуф ибн Халлод, Абдулбоқий ибн Нофиъ ва Абулқосим Табарий ҳадис ривоят қилишган. Дорақутний айтади: “У сиқа ишончли, тақводор ровий”. Яна у ҳақида Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Сарий аз-Зужжож: “Унга ҳар ой тўрт дирҳам келарди, ҳеч кимдан нарса сўрамасди”, дейди. Муҳаммад ибн Мусо ибн Ҳаммод: “Мега хабар беришларича у бир неча ун кун ичида дон улушининг бешдан бирини олар эди. Ўзи дейди: “Шундан бошқа нарсага эга эмасдим ҳар куни бир дона шолғом сотиб олиб ер эдим”. У ҳақида шогирди Аҳмад ибн Комил Бағдодий: “Ироқда шофиъийлардан ундан кўра буюкроқ ва тақводорроқ ва нарсаларга эҳтиёжи камроқ кишини кўрмаганман” дейди”[4].
Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқадиган хулоса шундан иборатки, Абу Жаъфар Термизий ҳадис илми ривожида, ҳадисларнинг тўғри талқин қилинишида ўз фаолияти орқали муҳим рол ўйнаган. Бу каби алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш исломнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилишда, турли адашган оқимлар таъсиридан ёш авлодни сақлашда ҳар томонлама дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Абу Жаъфар Термизий каби алломаларнинг ноёб асарларини тадқиқ қилиш орқали бой ўтмишиимзнинг инсониятга номаълум бўлган жиҳатларини очиб берган бўламиз.
Улжаев Умарали Қурбонович
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Тел: + +998 99 966 78 12
E-mail: umarali.uljayev@mail.ru
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
- Абулҳасан Али ибн Умар ад-Дорақутний. Сунан ад-Дорақутний. – Байрут: Муассасаҳ ар-рисалаҳ, 2004.
- Абулҳасан Али ибн Умар ад-Дорақутний. Ал-муъталиф вал-мухталиф. – Байрут: Дор ул-ғарб ал-исломий, 1986.
- Абулфидо Исмоил ибн Умар ибн Касир ад-Димашқий. Табақот уш-шофиъийн. – Байрут: Мактабат ус-сиқофа уд-диния, 1993.
- Абу Бакр ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Асадий ад-Димашқий. Табақот уш-Шофиъия. – Байрут: 1982.
- Заҳабий. Тарих ул-Ислом. – Байрут: Дор ал-кутуб, 1973.
- Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. – Байрут: Дору ғарбул-Исломий, 2001.
[1]Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. – Байрут: Дору ғарбул-Исломий, 2001. – Б. 18.
[2] Абулҳасан Али ибн Умар ад-Дорақутний. Ал-муъталиф вал-мухталиф. – Байрут: Дор ул-ғарб ал-исломий, 1986. – Б. 129.
[3] Абу Бакр ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Асадий ад-Димашқий. Табақот уш-Шофиъия. – Байрут: 1982. – Б. 317.
[4] Юсуф ибн Абдураҳмон ал-Миззий. Таҳзиб ул-камол фи асмо ир-рижол. – Байрут: Муҳаққиқаҳ ар-рисалаҳ, 1980. – Б. 104.
Izoh qoldirish