04.10.2024

АБУЛҲАСАНОТ АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

Ислом тарихига эътибор берадиган бўлсак, Ҳиндистон диёридан ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган алломалар, муҳаддис ва муфассирлар етишиб чиққан. Бу каби мутафаккирлар қаторига “Файзул Борий” асарининг муаллифи Муҳаммад Анваршоҳ, ”Фатҳул муҳим” асарининг муаллифи Шабир Аҳмад ал-Усмоний, Абу Довуд “Сунан”ининг шарҳи “Базл ал-мажҳуд” асарининг муаллифи Халил Аҳмад Саҳорнафавий, Имом Термизий “Сунан”ининг шарҳи “Маъориф ас-сунан” асарининг муаллифи Муҳаммадюсуф Баннурий, шайх Муҳаммадбадр олим ал-Миртаҳий, шайх Ҳусайн Аҳмад ал-Муҳожир ал-Маданий, шайх Муҳаммадашраф ат-Таҳований ва бошқаларни мисол келтириш мумкин. Ҳинд диёрида яшаб ижод қилган забардаст алломалардан бири Абулҳасанот Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий бўлиб, унинг тўлиқ исми Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай ибн Абдулҳалим ибн Аминуллоҳ ибн Муҳаммадакбар ибн Абурраҳм ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн шайх шаҳид Қутбиддин Ансорий Саҳолавий Лакнавий Ҳиндий ҳисобланади[1].

Алломанинг насаби Расулуллоҳнинг саҳобалари Абу Айюб ал-Ансорийга бориб тақалади. Абулҳасанот 1264/1848 йил 26 зулқаъда ойида Ҳиндистонннинг Бондо шаҳрида таваллуд топди. У беш яшарлигида Қуръон ёдлашга киришди, ўн ёшида уни тўлиқ ёдлади. Аллома ўзи ҳақида: “Менга норасидалик вақтимда ёдлаш қуввати берилди, шу сабабли барча ҳодисаларни беш ёшимда Фотиҳа сурасини ёдлаганим каби аниқ ёддан биламан”, – деган[2].

У биринчи бўлиб форс тилини, китобат санъати ва ҳусни хатни отасидан ўрганди. Кейин шаръий илмларни эгаллашга киришди. Наҳв, сарф, маъоний, баён, мантиқ, ҳикмат, тибб, фиқҳ, усул, илми калом, ҳадис, тафсир китоблари ва бошқа илмларни ўқиди. Аллома бу илмларнинг аксариятини отасидан ўрганди. У ёшлигидаёқ дарс бериш ва асар ёзишга қизиқди. Шу орқали унга илм эгаллашга имконият ҳосил бўлди ҳамда китобларни бевосита устозлар кўмагисиз тушуниш малакаси пайдо бўлди. Абулҳасанот Лакнавийнинг энг яхши кўрган илмлари ҳадиси шариф ва фиқҳул ҳадис эди, шу билан бирга унда ақлий илмларни ўрганишга ҳам кучли иштиёқ бор эди. Алломанинг илк устози отаси Муҳаммад Абдулҳалим Лакнавий ҳисобланади. Отаси вафот этгач, ақлий илмларни тоғаси шайх  устоз Муҳаммад Неъматуллоҳдан ўрганди. Ҳисоб илмини эса Мавлавий Муҳаммад Ходим Ҳусайн Азимободийдан ўрганди.

Аллома Ҳинд ва Ҳижоз шаҳарларига сафарга чиққач, уларнинг энг машҳур олимларидан илм ўрганиб, улардан ижозани қўлга киритди. Уларнинг энг машҳурлари сифатида Маккаи Мукаррама Шофиъий муфтийси Шайх Саййид Аҳмад ибн Зайн Диҳлон, Маккаи Мукаррама Ҳанбалийлар муфтийси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд Ҳанбалий, Шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғарб Шофиъий, Шайх Абдулғани ибн Абу Саъид ал-Умарий ал-Ҳанафий ад-Деҳлавий ал-Маданий кабиларни қайд этиш мумкин. Абулҳасанот Лакнавий ўз устозларнинг нисбатлари ҳамда улар томонидан унга берилган ижозаларини “Инбоу ал-хиллон би анбои уламои Ҳиндистон” номли алоҳида бир рисола қилган[3].

Шайх Лакнавий таълим бериш, китоб ёзиш ҳамда дин йўлидаги муборак ҳаётдан сўнг 1304/1887 йил рабиъул аввал ойидан бир кеча қолганда бу дунёни тарк этди. У кишининг умри қирққа етмай туриб Лакнауда қариндошлари ётган қабристонга дафн этилди. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қилганлар: 

يَحمِلُ هذَاالْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلْفٍ عُدُولُهُ ينْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ وانْتِحَالَ الْمُبطِلِينَ وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ

Бу илмни кейингилардан ўртачаси кўтариб оладида, уни ғулув кетувчиларнинг ўзгартиришидан (ҳаддан ошувчиларнинг ҳаддан ошишидан), қосирлик қилувчилар қусуридан, жоҳилларнинг нотўғри тавил қилишидан қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гаплари шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳайга мувофиқ келади, чунки у қилган ижоди билан исломий илмлар ривожига катта хизмат қилди [3].

Олимнинг “ал-Фавоид ал-баҳия” китоби бугунги кунда ҳам машҳурдир. [2]. Мазкур асар аслида бошқа бир китобнинг мухтасар шакли ҳисобланади. У китоб 990/1582 йил вафот этган Мавло Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг “Китобу аълом ал-ахёр мин фуқаҳои мазҳаб ан-Нуъмон ал-Мухтор” асари бўлиб, муаллиф уни қисқартирган ҳамда унга қўшимча келтирар экан, “Қола ал-жомиъ”, – дея илова қилган. Муаллиф унга муҳим шарҳларни ёзиб, “ат-Таълиқот ас-санийя”, деб атади. У “Фавоид ал-баҳия”дан сўнг бошқа бир рисола ёзиб, уни “Тараб ал-амосил битарожим ал-афозил”, деб номлади[4].

 “Ал-фавоид ал-баҳийя” китобининг муқадимасида муаллиф шундай фикрларни келтиради: 

“Ҳамду санодан сўнг, Роббининг мағфиратидан умид қилувчи Абулҳасанот, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий (унинг ошкор ва махфий гуноҳларини Аллоҳ кечирсин) марҳамат қилади: “Албатта, ибрат олувчи учун тарих илмида ибрат, ўтганлар ҳаётини кўз олдига келтириш ҳамда бу дунёдаги барча нарса қазо ва қадар ҳукмига мағлуб эканига нидо бор. У тақдир қилинган вақтдан на бир зум олдинга кета олмайди, на кейинга қола олмайди. Бу муддат ақллилар хабар топа олмайдиган, илмсизлар фойдалана олмайдиган бир муддатдир. Танқидчи кўра олишидан афзал, ғофилнинг кўзи ўтишидан олийдир. Унинг турли йўллари, ҳар хил кўчалари бор. Уларнинг энг каттаси киборлар таржимаи ҳолини ўрганиш, яхшилар хабарларидан воқиф бўлишдир. Уларнинг одоблари билан зийнатланиш, ахлоқлари билан хулқланиш учун фазилатлари, сифатлари, тетикликлари ва буюкликларидан хабардор бўлиш манфаатлидир. Ўша азизларнинг туғилган асрлари ҳамда вафот этган замонларини билиш ҳам фойдадан холи эмас. Уларнинг асарлари, ҳикоялари, файзлари ҳамда асарларидан хабар топиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Буларни билиш орқали уларнинг йўлини тутиш, сийратларига эргашиш шавқи ортиб боради. Мен гўдакликдан ўспиринлик сари улғаяр эканман, буюк олимлар ҳақида ўқиб-ўрганишга шавқим ортиб борди. Қанчадан-қанча тарих китоблар, йил ва вақтлар ҳодисалари ёзилган саҳифаларни мутолаа қилдим. Натижада уларни бир тўпламга жамлаш учун етарли насиба ва кўп миқдордаги бойликка эга бўлдим. Энди мен уларни ягона тўпламга жамлашни хоҳладим. Менинг бу ишга қарор қилишимга бизнинг замонда ва ундан олдин ўтган уламоларнинг бу ишни арзимас нарса сифатида ортга ташлаб қўйганлари сабаб бўлди” [4]. 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, уч юз эллик саҳифадан ортиқ ҳажмга эга бўлган “ал-Фавоид ал-баҳия” китобида беш юзтадан кўп Ҳанафий фақиҳлар тарихи ёзилган бўлиб, ўқувчиларга уламолар ҳаёти, ижоди билан яқиндан танишиб чиқиш имконини беради. Чунки уламолар тарихи бизга маънавий озиқа бўлиб, илм майдонига кириб боришимизга хизмат қилади. 

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

  1. Аҳмад ибн Яҳё ал-Балозурий. Ансоб ал-ашроф. 13 Ж. – Байрут: Дор ал-фикр, 1996.
  2. Хайриддин Зириклий. Ал-Аълом. 8 Ж. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-малолийн, 1986. 
  3. Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. – Байрут: 1981.


 

[1] Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж.2. – Байрут: 1981. – Б. 80.

[2]Аҳмад ибн Яҳё ал-Балозурий. Ансоб ал-ашроф. 13 Ж. – Байрут: Дор ал-фикр, 1996. – Б. 312.

[3]Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун. Ж.2. – Байрут: 1981. – Б. 81. 

[4]Хайриддин Зириклий. Ал-Аълом. 8 Ж. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-малолийн, 1986. – Б. 314.

Izoh qoldirish