21.01.2025

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ “АЛ-ФОИҚ ФИ ҒАРИБИ-Л-ҲАДИС” – “ҒАРИБ ҲАДИСЛАР ҲАҚИДА АЖОЙИБ АСАР” АСАРИ

Мовароуннаҳр алломалари ислом илмларининг турли соҳалари бўйича баракали ижод қилганлар ва дунё олимлари эътироф этган нодир манбаларни яратганлар. Бу асарлар ҳадис, тафсир, ақида, фиқҳ, тасаввуф, сийрат каби ислом илмларининг шаклланиши, такомили ва тараққиётига катта туртки берди.

Исломшуносликда асосий манбалардан бири сифатида ҳадислар эътироф этилган. Ҳадис илми ва унинг таркибий қисмлари билан боғлиқ йўналишларда кўплаб олимлар томонидан муҳим асарлар яратилган. Ҳадисшуносликнинг мана шундай муҳим ва кам ўрганилган соҳалардан бири “ғарибу-л-ҳадис” деб номланади. “Ғариб” атамаси “ёлғиз” деган маънони англатади. Ҳадис илми истилоҳида эса ёлғиз ровий томонидан ривоят қилинган ҳадисларга нисбатан қўлланилади. Бунда ҳадисни ёлғиз битта ровий ривоят қилиши санаднинг қайси табақасида кузатилишидан қатъи назар, ғариб ҳадис ҳисобланади. Ғариб ҳадислар икки мутлақ ғариб ва нисбий ғариб турга бўлинади.

Пайғамбар (с.а.в.) дан фақат бир дона саҳобий ривоят қилган ҳадис “мутлақ ғариб” ҳисобланади. Санадининг давомида ровий битта бўлиб қолган ҳадис “нисбий ғариб” ҳисобланади. Бунда ҳадисни санадининг бошланишида кўпчилик ровийлар ривоят қилган, бироқ ўртаси ёки охирига келиб уларнинг сони биттага тушиб қолган бўлади.

Муҳаддис олимлар ғариб ҳадисларни санади ёки матни жиҳатидан ҳам икки турга ажратадилар. Биринчи турига санади ҳам, матни ҳам ғариб ҳадислар киритилади, бундай ҳадисларнинг матнини фақат битта ровий ривоят қилган бўлади. Иккинчи турига фақат санади ғариб, матни эса ғариб бўлмаган ҳадислар киритилиб, бундай ҳадисларнинг матнини бир жамоа саҳобийлар ривоят қилган бўлади.

Муҳаддислар олимлар томонидан ғариб ҳадисларга бағишлаб бир қатор китоблар ёзилган. Имом Дорақутнийнинг “Ғароиб Молик” ва “Афрод”, Абу Довуд Сижистонийнинг “Ас-Сунан ал-лати тафаррада бикулли суннатин минҳа аҳлу балда” номли асарлари шулар жумласига киради.

“Ғарибу-л-ҳадис” илмига олим Абу Убайда Муаммар ибн Мусна Таймий асос солган ва бу йўналишни Маҳмуд Замахшарийга қадар ўндан ортиқ муҳаддислар шакллантирган. Улар сирасига Муҳаммад ибн Мустанир (ваф. 206/821 й.), Абу Зайд Ансорий, Саид ибн Авс ибн Собит ( ваф. 215/830 й.), Абу Убайд Қосим ибн Салом ( ваф. 224/838 й.), Ибн Аъробий, Муҳаммад ибн Зиёд (ваф. 231/845 й.), Амр ибн Абу Амр Шайбоний (ваф. 231/845 й. ), Абу Марвон Абдулмалик ибн Ҳабиб Моликий Илбирий (ваф. 238/852 й.), Абул Аббос Муҳаммад ибн Язид Мубаррад (ваф. 285/898 й.), Муҳаммад ибн Абдуссалом ( ваф. 286/899 й.), Абул Аббос Аҳмад ибн Яҳё Саълаб ( ваф. 291/903 й), Қосим ибн Собит ибн Ҳазм Сарқустий ( ваф. 302/914 й.), Абу Муҳаммад Қосим ибн Муҳаммад Анбарий ( ваф. 304/916 й.), Абу Мусо Ҳомид Сулаймон ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ( ваф. 305/917 й.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Қосим Анбарий ( ваф. 328/939 й.), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Жаъфар ( ваф. 347/958 й.), Абу Сулаймон Хаттобий Ҳамд ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Хаттоб Бустий Шофеий ( ваф. 388/998 й.), Абул Қосим Исмоил ибн Ҳасан ибн Ғозий Байҳақий ( ваф. 402/1011 й.), Абул Фатҳ Салим ибн Айюб Розий Шофеий ( ваф. 447/1055 й.), Шайх Амид Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ( ваф. 519/1125 й.), Абул Ҳасан Абдулғофир ибн Исмоил ибн Абдулғофир Форисий ( ваф. 529/1134 й.) каби олимлар киради. Юқоридаги олимлар Маҳмуд Замахшарийга “ғарибу-л-ҳадис” илмидан устозлик қилган ва асарлари олимнинг “Фойиқ фи ғариби-л-ҳадис” асарининг манбалари саналади. Замахшарийнинг аксарият муҳаддис устозлари қаламига мансуб асарлари ҳозирга қадар етиб келмаган. Улардан Муҳаммад ибн Мустанирнинг “Ғарибу-л-осор”, Абул Қосим Исмоил ибн Ҳасан ибн Ғозий Байҳақийнинг “Симту-с-сурайё фи маоний ғариби-л-ҳадис”, Абул Фатҳ Салим ибн Айюб Розий Шофеийнинг “Тақрибу-л-ғарибайн”, Абул Ҳасан Абдулғофир ибн Исмоил ибн Абдулғофир Форисийнинг “Мажмаъу-л-ғароиб фи ғариби-л-ҳадис” номли асарлари топилган.

Араб тилшунослиги, адабиётшунослигининг таниқли алломаси Маҳмуд Замахшарий ҳам ўз даври олимлари каби араб тили, ислом манбалари, жумладан, Қуръони карим, ҳадиси шарифларни мукаммал билган ва улардан ўз илмий ижодида тўлақонли фойдаланган. Олимнинг “Кашшоф ан ҳақоиқи-т-танзил ва уюни-л-ақовил фи вужуҳи-т-таъвил”, “Рисала фи калимати-ш-шаҳада”, “Муфассал фи санъати-л-иъроб” асарлари таҳлили Қуръони карим асосий манба сифатида истифода этилганлигини кўрсатади. Замахшарий ҳадиси шарифларга ҳам бағишланган ноёб асарлар ёзган. Бунга унинг “Фойиқ фи ғариби-л-ҳадис”, “Рабиъу-л- аброр ва нусу-л-ахёр” асарлари ёрқин далил бўла олади.

“Фойиқ фи ғариби-л-ҳадис” Маҳмуд Замахшарийнинг ҳадисшуносликка бағишланган йирик муҳим асари ҳисобланади. Араб тарихчиси Ибн Асирнинг ёзишича, олим ушбу асарини 516/1122 йилда ёзган. Муаллиф ўзининг бошқа асарлари каби унинг тузилишида араб алифбоси услубини биринчи ва иккинчи ҳарфларнинг жойлашиш тартибига риоя қилган ҳолда тузган. Жумладан, асар биринчи ҳарфи ҳамзали бўлган сўзлар билан бошланади. Сўнгра сўзнинг иккинчи ўзак ҳарфи алифбо тартибида ўзгариб борган мисоллар берилади. Асардаги сўз мақоласининг бошида ҳадислардан танланган сўз кўрсатилади. Сўзнинг шакли тушунтирилади ва маъноси изоҳланади. Муаллиф сўзнинг маъносини очишда ҳадис матни, араб шоирларининг асарлари, масаллардан кенг фойдаланади[1].

Танланган сўз иштирок этган ҳадис олиниб, унга бошқа ҳадислардан, Қуръон ва баъзи ўринларда араб адабиёти намуналаридан мисол келтирилган, ҳадисдаги тушунилиши қийин бўлган барча жиҳатлар кенг ёритилган, сўз мавзуга тегишли изоҳлар билан мустаҳкамланган. Китоб тўрт жилддан иборат бўлиб, ўз асрида ғариб ҳадислар ҳақидаги энг катта китоблардан саналади[2].

Асарда Қуръондан 251 та оят, 1853 та қавлий ҳадис, 784 та феълий ҳадис, 597 нафар саҳобий ва тобеъийларнинг ривоятларини, 289 та қабила ва қавмларнинг номи, 308 та жой номлари, 66 та масал қўлланилган.

 Китобга Маҳмуд Замахшарий ўзининг араб тили ва луғати борасидаги жуда ҳам кенг илми ила юксак даражадаги бадиий ибора ва сўзларни киритганлиги сабабли ўзининг соҳасида энг мўътабар ва нафис китоблардан бирига айланган[3]. Муаллиф ҳадис матнларидан 2486 та сўз танлаб олган ва уларга тушунтириш берган.

Машҳур тарихчи Ибн Ҳажар Асқалоний “ Замахшарийнинг “ал-Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис” китоби ғоятда ихчам бўлгани билан мазмунан кенг қамровлиги ва нақллари тўғрилиги билан ажралиб турадиган асардир”, деб ёзади. Асарнинг Германия, Туркия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Англия давлатлари фондларида сақланаётган қўлёзмалари мавжуд. Бу асар 1324/1906 йилда Ҳайдарободда икки жилдда нашр қилинган. Мисрда Али Бажовий ва Муҳаммад Абу-л-Фазл Иброҳимлар асар матни устида тадқиқот олиб борган ва 1945-1948 йилларда Қоҳирадаги Исо Бобий Ҳалабий матбаасида чоп этган.

“Ал-Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис” асарининг Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида ўн саккиз қўлёзма нусхаси мавжуд. Маҳмуд Пошша фондида №398/3 рақами остида сақланаётган нусха “Масъала мина-л- Фоиқи-з-Замахшарий” номи билан аталган. Асарнинг Шаҳид Али Пошша фондида №2653 рақами билан сақланаётган қўлёзмага “Қитъа мин Фоиқи-л-луғат” номи берилган. Сурияда Ҳалабдаги Аҳмадия кутубхонасида асарнинг №868 рақамли қўлёзмаси сақланади. Ибн Ҳажар Асқалоний[4]. “Ал-Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис” асари китоби тарқоқ маълумотларни мухтасар услубда нақлнинг саҳиҳлиги ила бир ўринда жамлаганлиги учун энг нафис китоблардан бири ҳисобланади”, деган фикрни келтиради. Иброҳим Дасуқий асар ҳақида “Бу асарга ўхшаган китоб қадимда ҳам ҳозирда ҳам учрамайди” [5], - деб ёзади.

 Маҳмуд Замахшарий юксак илмий салоҳияти у томонидан ёзилган ва ҳозирга қадар аниқланган 86 та асарларида тўлиқ намоён бўлган. Олим қаламига мансуб 48 та асарнинг дунё фондларидаги қўлёзмалари аниқланган ва олимлар томонидан илмий истифодага киритилмоқда. Қолган 38 та асарларнинг қўлёзмалари ҳозирга қадар топилмаган. Олим илмий меросида муҳим ўрин эгаллаган “ал-Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис” асарини ўрганиш исломшунослар олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади.

ЗОҲИДЖОН ИСЛОМОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори,

филология фанлари доктори, профессор

 

[1] Қаранг: Маҳмуд Замахшарий. Фоиқ фи ғариби-л-ҳадис. 2004. 

[2] Куҳҳола, Луғат ал-арабийя ва улумуҳа 26 б.

[3] Абдуллоҳ Жабурий Ғориб ал-ҳадис 80 б.

[4] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Лисону-л-мизон: Ҳайдаробод. ал-Дикан, 1331.-С.4-6.

[5] Ёқут Ҳамавий. Иршаду-л-ариб ила маърифати-л-адиб – Муъжаму-л-удабо. Миср. Маргилюс, 1930-1933. ж.19. -С.134.; Ибн Халликон. Вафаёту-л-аъён. Миср.ас-Саъода, 1367/1947. ж.5. -С.168.; Камолуддин ал-Анборий. Нузҳату-л-алиббо фи табақоти-л-удабо. Таҳқиқ Иброҳим Сомирроий. 1970. -С.391.;  Тош Кубро Зода. Мифтаҳу-с-саъода ва мисбаҳу-с-сиёда. Ҳайдаробод. ад-Дикан. 1329. -С.194.

Izoh qoldirish