ТАНГАЛАРДА МУҚАДДАС МАТНЛАР: ШАКЛЛАНИШИ ВА ТРАНСФОРМАЦИЯСИ
Ислом таълимоти ёйилиши натижасида юзага келган маънавий янгиланиш жамият ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Аввалига бу ўзгаришлар Шарқ сиёсий харитасида, кейинчалик, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида намоён бўлади. Жумладан, пул муносабатларида ҳам ўзгаришлар бошланади. Дастлабки йилларда ҳалифалик ҳудудида Византиянинг тилла ва мис, Сосонийларнинг кумуш, маҳаллий ҳукмдорларнинг мис тангаларининг асл нусхалари, кейинроқ мазкур тангаларнинг нусхалари – ўхшатмалар муомилада бўлган.
Янги фатҳ этилган ерларда молия ва солиқ тизимидаги эски анъаналар, Ғарбда Византия ва лотин пул бирликлари, Шарқда Сосонийлар ва Турк ҳоқонлги пул бирликлари сақлаб қолинган. Бироқ, давлатчилик мустаҳкамланиши билан ички бозорни пул билан таъминлаш масаласи кескинлашиб борди. Қадимги тангалар аста-секин муомиладан чиқиб кета бошлади. Бунинг устига исломий давлатда христианлик ва зардуштийлик рамзлари туширилган тангаларнинг бўлиши, жамиятдаги мафкуравий ҳолатга салбий таъсир кўрсатар эди. Визинтия тангаларида христианликнинг асосий ақидаларидан бўлган муқаддас учлик (троица) қадрияти тасвирланган эди. Унга кўра, худо моҳиятан ягонадир, лекин у уч қиёфада намоён бўлади: ота-худо, ўғил-худо (Исо Масиҳ), муқаддас руҳ худо. Худди шунингдек, сосоний тангаларда зардўштийлик рамзлари туширилган эди.
Аста-секинлик билан Ислом рамзлари қўлланилган араб – византия, араб – сосоний ва бошқа чатишмалар пайдо бўлган. Улар Пайғамбаримиз вафотларидан ўттиз йил ўтганидан сўнг Умавийлар сулоласи томонидан зарб қилина бошлаган. Халифалар Усмон ибн Aффон ва Муовийа ибн Aбу Суфён ҳам ўз ҳукмронлиги даврида Византия ва Сосонийлар тасвирларини ўзгартирмаган ҳолда ўхшатма тангалар зарб қилганлар. Византия ҳукмдорларининг тасвири ва хоч белгиси ҳали ҳам мавжуд эди. Кейинроқ императорлар тасвири бўлмаган тангалар муомалага чиқарилди, бироқ, уларнинг баъзиларида икки – юнон ва араб тилларида ёзувлар пайдо бўлди. Умар ибн Хаттоб (13 – 23/634 – 644) давридан бошлаб фақат кумуш дирҳамлар зарб этилар эди. Ҳижрий 18–йилдан сосоний тангаларида бўлган тасвирлар туширилган, исломий қадриятлар таййиб (яхши), жоиз (жорий), вафаʾли-ллах (Аллоҳ олдида), вафа (тўлиқ), бисмилло (Аллоҳ номи билан) ёзувлар, охир-оқибатда шаҳодат калималари билан тўлдирилган нусхалари битилган тангалар зарб қилина бошланган. Халифаликнинг турли ҳудудларида шу каби чатишма тангалар зарб этилган. Халифалик шарқида Сосонийларнинг кумуш тангаси тарқалган ҳудудларда Хусрав II ва Йиздигирд III тангаларига исломий қисқа ёзувлар муҳрланган. Масалан, ҳижрий 15–йилда лашкарбоши Холид ибн Валид тангалар зарб қила бошлаган, унинг олд томонида хоч ва тож тасвирланган, тескари томонида эса лотин ҳарфларида “Холид”(Khālid) номи ёзилган.
Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом Қураший Асадий (73/692–93 йилда вафот этган) 64/683–84 йилда халифа Йазид I ибн Муовийа ва унинг ўғли Муовийа II нинг вафотидан кейин ўзини халифа деб эълон қилади. Халифалик шарқида Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг ҳудудлардаги ноиблари, жумладан, Хуросон ноиби Абдуллоҳ ибн Хозим номлари қайд этилган тангалар зарб этган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг номи дастлаб 62/681–682 йилда зарб этилган тангада қайд этилган. 64/684 йилда зарб этилган тангаларда унинг номига амир ал-мўминин унвони паҳлавий тилида қўшилади.
66/685 йилда Ибн Зубайрнинг Бишопурдаги ноиби Абдумалик ибн Абдуллоҳ томонидан зарб этилган тангада биринчи марта "Муҳаммад Расулаллоҳ" (Муҳаммад Aллоҳнинг элчиси) ёзуви пайдо бўлди. Муҳаммад пайғамбар исмининг Қуръон қўлёзмаларидан ташқари ҳар қандай исломий матнда биринчи марта пайдо бўлиши эди. Шундан кейин бу иборани ишлатиш кенг расм бўлди, тангаларида эса стандарт бўлиб қолди.
Хуросон ва Сейистон волийси Абу Ҳарб Салм ибн Зийод ибн Абу Суфйон (73/692-93 йилда вафот этган) 65/684-85 йилда Марв шаҳрида зарб этган тангасида илк бор такбир (Аллоҳу акбар) келтирилган. Мазкур тангадаги ёзувлар араб, паҳлавий ва бақтр тилларида бўлган. Биринчи бўлиб Марказий Осиёда зарб этилган такбир, кейинчалик бутун Ислом дунёсида оммавийлашиб кетади.
Абдуллоҳ ибн Хозим 67/686–87 ёки 68/687–88 йилда Балхда Сосонийларнинг тангаларига ўхшаш тангалар ҳам зарб этган. Улардаги паҳлавий ёзувлар араб ҳарфлари билан ёзилган бисмиллоҳ ар–раҳмон ар–раҳим – “Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳ номидан” калимаси билан алмаштирилган [6, 88]. Убайдуллоҳ ибн Зийод (67/686–87 йилда вафот этган) Балхда биринчи бўлиб Сосонийларнинг тангаларига паҳлавий ва араб ёзувлари зарб этилган “арабий–сосоний” чатишма тангаларини чиқара бошлади. Улардаги паҳлавий ёзувларда “‘Убайдуллоҳ ибн Зийод”, араб ёзувларида эса “бисмиллоҳ ар–раҳмон ар–раҳим” калимаси битилган [5, 54].
Ҳижрий 33/653-654 йилдан Басрада зарб этилаётган тангаларда паҳлавий тилида ҳижрий йил ҳисоби кўрсатила бошланади (Album/Goodwin, Sylloge, 8-9). Ҳижрий 66/685 йилда Форс вилоятида Абдумалик ибн Абдуллоҳ ибн Амир томонидан зарб этилган танганинг олд қисмида “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” – “Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир” калимаси биринчи марта келтирилган. Ҳижрий 70/689–90 йилда Куфа яқинидаги Акула шаҳрида зарб этилган тангада биринчи марта “Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир” калимаси билан “бисмиллоҳу ла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу” – “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман” калимаси араб тилида берилган(Ilisch, “Muhammad-Drachms). 72/691 йилда Ибн Зубайрнинг Сейстондаги ноиби Абдулазиз ибн Абдуллоҳ паҳлавий тилда тўлиқ шаҳодатни тангада зарб этди.
Бундан ташқари, ўша даврда халифалик ҳокимиятига қарши курашган яна бир куч – хорижийлар ҳам танга чиқарган. Уларнинг тангаларида матн “ла хукму илла лиллах” (Аллоҳдан бошқа ҳукм йўқ) ёзуви билан ажралиб туради.
Албатта, шуни алоҳида қайд этишимиз керакки, юқорида келтирилган маълумотлар ҳозирги билимларимиздан келиб чиқади. Илмий изланишлар давомида янги тангалар илмий муомилага киритилиши натижасида улар ўзгариши мумкин.
Шундай қилиб, аста-секинлик билан исломий қадриятлар тангаларда ўзининг аксини топа бошлади. Лекин, Халифалик ҳудудида ягона пул тизимининг йўқлиги ички бозорнинг шаклланишига, умуман иқтисодий ривожланишга, охир-оқибат Исломнинг ёйилиши ва мустаҳкамланишига тўсқинлик қилар эди.
ХАЛИФА АБДУМАЛИК ИСЛОҲАТИ
Умавийлар сулоласига мансуб бешинчи халифа Абу-л-Валид Абдумалик ибн Марвон ибн ал-Ҳакам ал-Умавий ал-Қураший (26 – 86/646 – 705) даврида 683 йилда халифа Йазид I вафотидан кейин вужудга келган беқарор сиёсий вазият ижобий томонга ўзгарди, халифалик бирлиги тикланди. Абдумалик томонидан ижтимоий-иқтисодий хаётни исломлаштириш, давлат ишларини тартибга солиш борасида ислоҳатлар ўтказилган. Жумладан, форс ва юнон тилларида иш юритиб келган девонлар араб тилига ўтказилди. Айниқса, Абдулмалик даврида амалга оширилган пул ислоҳати катта аҳамият касб этди.
Милодий 689-йилда император Юстиниан II қўшинлари халифалик қўшинларини мағлубиятга учратгач, Aбдумалик олтин тангаларда солиқ тўлашга қасамёд қилди. Ғолиблар тангаларда тасвир бўлишини талаб қилишди. Византияликлар араблардан ўзларининг олтин тангаларига ўхшатмаларни кутишган. Халифа ваъдасига вафо қилиб, олтин тангалар жўнатган, лекин уларда эски тасвирлар билан бирга исломий рамзлар босилган эди. Бу ҳол византияликларни ғазабга келтиради. Янги тангани олишдан бош тортиб, византияликлар ўзларининг янги, христианлик ақидалари янада кенгроқ тарғиб қилинган олтин танга чиқарадилар. Император Юстиниан II мусулмонларнинг тангадан унинг сурати ва хочни олиб ташлашганини билгач, уларга қарши уруш бошлади. Аммо урушда мағлуб бўлди. Мазкур воқеалар тарихда “тангалар жанги” номини олган. Шундан кейин халифа Абдумалик соф исломий тангалар зарб этиш учун ҳаракатни бошлади. Бу борада турли тажрибалар амалга оширилди. Дастлаб тангаларда инсон сиймолари ўзгартирилди. Aбд ал-Малик давригича тангаларда акс этган инсон сиймолари Сосоний ва Византия императорларига тегишли бўлган эди. Тахминан милодий 691-92 йилларда Aбдулмалик олтин танга чиқарди, ундаги уч инсон араб либосларини кийган ва тўлиқ шаҳодат матни билан ўралган эди.
Тахминан ўша даврда Aбдулмаликнинг укаси Басра ҳокими бўлган Бишр ибн Марвон олтин тангаларга мос кумуш тангалар чиқаради. Олтин ва кумуш тангалардаги уч сиймо кимни ифодалаши ҳозиргача илмий тортишувлар мавзуси сифатида қолмоқда. Айрим фикрларга кўра марказий сиймо халифанинг ўзи бўлиши мумкин деган тахмин бор. Қизиғи шундаки, кумуш тангаларда бу сиймонинг қўллари қулоқларига кўтарилган бўлиб, бу халифа намоз ўқиётгани тасвирланган бўлиши мумкин. Aтрофдаги кимсалар эсп ноибларни ёки халифанинг ўғилларини ифодалаши мумкин. Кейин 693 йилда Абдумалик визинтияликларга жавоб сифатида янги динор зарб қилди. Унда халифанинг тўлиқ тик турган ҳолда қўлларида улкан қилични ушлаган тасвири туширилган эди. Бундан ташқари бошқа вариантлар ҳам амалиётга жорий қилинган. Охир-оқибат ҳижрий 76 (милодий 695–696) йилдан тангаларда тасвирлар йўқотилди, фақат Ислом арконларига жавоб берадиган араб тилидаги матнлар, уларда танга зарб этилган вақти ва жойи қайд этиладига бўлди [5, б. 234].
Тангаларда биринчи навбатда калимаи тоййиба битилар эди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир”. Шунингдек, калимаи шаҳодат “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман”. Танга айланасидаги ёзув одатда Қуръони Карим сураларидан иборат эди. Масалан, Тавба сураси 33 оят тангаларда энг кўп келтирилган: “У Ўз динини бошқа динлар узра ҳоким қилиш учун элчисини мана шу қўлланма (Қуръон) ва (ундаги) ҳақ дин билан юборди. Мушриклар ёқтирмаса (ёқтирмасин)” . Шунингдек, одатда танганинг орт қисмида Ихлос сурасининг қисқартирилган матни келтирилган: (Эй Муҳаммад), айтинг: «У – Аллоҳ бирдир (яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий Зотдир). Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир».
Ислом тангаларида келтирилган матнлар биринчи навбатда тавҳид ғоясини илгари суриб, бошқа динлардан фарқини, жумладан, христианликдаги муқаддас учлик ақидасини (худо уч қиёфада намоён бўлади: ота-худо, ўғил-худо, муқаддас руҳ-худо) рад этишини кўрсатган.
Муқаддас учлик, троица — 1) христианликнинг асосий ақидаларидан бири. Унга кўра, худо моҳиятан ягонадир, лекин у 3 қиёфада намоён бўлади: ота-худо, ўғил-худо (Исо Масиҳ), муқаддас руҳхудо. Муқаддас учлик ақидаси 1- (325 йил) ва 2- (381 йил) Жаҳон соборида расмийлаштирилди. Кўп секталар рatsiоналистик мавқедан туриб уни инкор етдилар; 2) христианликнинг асосий байрамларидан бири. Пасхадан кейин 50куни нишонланади. Бу байрам шу куни апостолларга "муқаддас руҳ" тушиши шарафига белгиланган.
Танганинг олд томонидаги айланма ёзувда танганинг зарб қилинган жойи ва вақти кўрсатилган. Масалан, «Ушбу дирҳам Аллоҳнинг номи билан Самарқандда бир юз саксон бешинчи йили зарб қилинган». Танганинг орқа томонида кейинчалик ҳукмронлик қилган халифанинг номи ёзила бошланган[6, б.12]. Худди шу тарзда, баъзан айрим ўзгаришлар билан кумуш тангалар ҳам чиқарила бошланган. Масалан, Марвда чиқарилган кумуш танганинг олд қисмида паҳлавий тилида шаҳарнинг номи келтирилган.
Олтин тангалар динор, кумуш тангалар дирҳам, мис тангалар – фалс номини олган. Динор лотинча динариус ўнтадан битта маъносини билдирган. дирҳам юнонча – “кумуш танга” сўзидан олинган. Сосонийлар империясида муомалада бўлган кумуш пул бирлиги ҳам драҳма деб аталган. Форс тилидаги манбаларда бу сўз кўпроқ қисқартирилган дирам шаклида учрайди. Ундан ташқари дирҳам 16 қирот ёки 3, 186 г га тенг бўлган оғирлик ўлчови сифатида ҳам ишлатилган. Бу ўлчов мисқолнинг 7/10 қисмини ташкил этган. 10 дирҳам 7 мисқолни ва 140 қиротни ташкил этган[3, б.75-131]. Бундай тизимга ўтиш зарурати закотни ҳисоблашни осонлаштириш учун қабул қилинган. Ислоҳат натижасида дирҳам учун янги стандарт жорий этилди. Мисқол 4,25 г. атрофида белгиланди. Бундан фарқли равишда, халифаликнинг ғарбий қисмида мисқол аввал 4,5 г. атрофида, кейин 4,25 г. миқёсида бўлган. Янги дирҳамлар 0,7 мисқол оғирликда эди [1, б. 312].
Ислоҳат натижасида барча ноисломий тангалар муомаладан чиқарилди. Умавийлар ҳукмронлигидаги барча мамлакатларда ягона бўлиб қолган пул бирлиги барча мусулмонларни бирлаштирди. Дастлабки даврларда динор ва дирҳамларни фақат халифаликгина зарб қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Умавийларнинг олтин ва кумуш тангалари халифалар ёки ҳукмдорларнинг исми шарифлари кўрсатилмаган ҳолда аноним тарзда чиқарилган. Мис тангани эса ҳудудий амирлар танга четига ўз номларини ёздириб зарб қилишлари мумкин эди. Олтин тангаларни ташқи савдо учун зарб қилганлар. Халифаликнинг савдосида кумуш тангалар – дирҳамлар пул муомаласининг асосини ташкил этган. Улар халифалик ва унинг халқаро савдосини етарли даражада таъминлаганлар.
Марказий Осиёда VII асрнинг охиридан Марв шаҳрида соф исломий тангалар зарб этила бошланди. Мовароуннаҳрда зарб қилинган дастлабки исломий танга Термизда топилаётган, лекин нашр этилмаган, фақатгина бисмилло ёзувли майда мис тангалар ёки Чағанионда зарб этилган фалслар бўлиши мумкин. [4: б. 137]. А.Х. Атаходжаев ва Б.Д. Кочневларнинг фикрича Абу Муслим тмонидан Сўғдда зарб этилган фалслар ҳам Мовароуннаҳрдаги илк исломий тангалар бўлиши мумкин [2, б. 145].
Шундай қилиб, Абдулмалик ибн Марвон даврида (684-705) зарб қилинган янги танга «Ислом олтин динори» ёки «Умавий динори» деб аталиб, оғирлиги 4,25 грам, диаметри 20, эни 19, қалинлиги 1 мм, 95 % соф олтиндан иборат бўлган. Халифа Абдумалик ислоҳатигача зарб қилинган тангалар трансформatsiяси араб халифалигида рўй берган янги қадриятларни акс эттиришга, умуман янги давлатнинг ва янги мафкуранинг ўзлигини излаш жараёйнларини ёритиб беради. Ислоҳат натижасида юзага келган пулнинг андозалари янги давлатчиликнинг ўзини ва унинг мафкурасини ифодалайдиган, қадриятларини қамраб олган тимсолга айланди. Агар аввалги тангалар биринчи навбатда қиймат белгиси сифатида хизмат қилган бўлса, эндиликда халифалик тангалари муқаддас арконларни тимсоли бўлиб қолди.
ЖАЛОЛИДДИН МИРЗАЕВ,
Термиз давлат университети
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1.Абу–л–‘Аббос Аҳмад ибн Йаҳйо ал–Балозурий. Футуҳ ал–булдон. Хуросоннинг фатҳ этилиши / Сўз боши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. Тошкент: ТошДШИ, 2017.
2.Атаходжаев А.Х., Кочнев Б.Д. Нумизматические находки на городище Афрасиаб — новейшие материалы к истории денежного обращения в Центральном Мавераннахре (древность, раннее средневековье, средневековый период) // Ўзбекистон моддий маданияти тарихи [ИМКУ], вып. 34. — Самарканд, 2004, с. 137–150.
3.Давидович Е.А. Материалы по метрологии средневековой Средней Азии // В кн.: В. Хинц. Мусульманские меры и веса с переводом в метрическую систему. – Москва: [Наука] 1970, с. 75–131.
4. Пугаченкова Г.А., Ртвеладзе Э.В. Северная Бактрия–Тохаристан : Очерки истории и культуры : Древность и средневековье / Г. А. Пугаченкова, Э. В. Ртвеладзе; АН УзССР, Ин–т истории. – Ташкент : Фан, 1990. – 218[1] с.
5. Bates M. L. History, Geography, and Numismatics in the First Century of Islamic Coinage. // Revue suisse de numismatique 65, 1986, pp. 231–262.
6. Walker J. Catalogue of the Muhammadan Coins in the British Museum. Volume 1. Catalogue of the Arab–Sassanian Coins (Umaiyad Governors in the East, Arab–Ephthalites, ‘Abassid governors in Tabaristan and Bukhara). British Museum. London, 1941. 496 p.
Izoh qoldirish