ИМОМ ТЕРМИЗИЙ “ИЛАЛ АЛ-КАБИР” АСАРИНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ
Аннотatsiя: Ушбу мақолада машҳур муҳаддис Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси ва “Илал ал-кабир” асарининг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилади.
Annotation: This article talks about the life, scientific legacy of the famous muhaddith imam Tirmizi and the contribution of the work "Ilal al-Kabir" to the science of hadith.
Аннотatsiя: В данной статье рассказывается о жизни, научном наследии знаменитого мухаддис-имама Тирмизи и вкладе труда «Иляль аль-Кабир» в науку о хадисах.
Таянч сўзлар: Муҳаддис, ҳадис, “Илал ал-кабир”, асар, Имом Термизий, Имом Бухорий.
Key words: Muhaddith, Hadith, "Ilal al-Kabir", work, Imam Tirmizi, Imam Bukhari.
Ключевые слова: Мухаддис, Хадис, «Иляль аль-Кабир», труд, Имам Тирмизи, Имам Бухари.
Ҳадисшунослик илми VIII асрнинг иккинчи ярмидан XI аср ўрталаригача асосий ва зарурий машғулотлардан бири даражасига айланган. Бу даврда Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган тўрт юздан ортиқ муаллифлар ана шу илм (ҳадисшунослик) билан шуғулланганлар[1].
IX аср ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади. Бу даврда Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Доримий, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абд ибн Ҳумайд Кеший каби олимлар ҳадис илмида фаолият юритган. Бу муҳаддислар бошлаб берган ишларини Имом Термизий ҳам чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди.
Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Сулламий[2] Зарийр Буғий Термизий[3] бўлиб, 209/824 йилда Термиздан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган[4].
Ўз билимини ошириш борасида 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб қатор хорижий мамлакат ва шаҳарларга сафар қила бошлади. Илмий сафари давомида кўплаб кишилардан ҳадислар эшитади. Макка ва Мадина, Ироқ, Марв, Нишопур, Балх, Термиз, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда кўплаб машҳур муҳаддис ва уламолардан таълим олади. Илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади.
Имом Термизий ўндан ортиқ асарлар ёзган. Жумладан, “Сунан ат-Термизий” (“Термизий суннатлари”), “Аш-шамоил ан-набавиййа” (“Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари”), “Китоб ат-тарих” (“Тарих китоби”), “Илал ал-кабир” (“Катта иллал”), “Илал ал-сағир” (“Кичкина иллал”), “Китоб аз-зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ал-асмо вал-куна” (“Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб”), “Ал-илал фил-ҳадийс” (“Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Асмо ас-саҳоба” (“Пайғамбар саҳобаларининг исмлари”)[5] шулар жумласидандир.
Имом Термизий ҳадис илмига оид шоҳ асари бўлган “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарида минглаб ҳадислар жамлайди. Бу асар ҳадис илмида энг катта аҳамиятга эга. Асар “Ал-жомеъ ас-саҳийҳ” номи билан бирга “Ас-сунан” (“Суннатлар”) ва “Сунан ат-Термизий” номи билан ҳам аталади.
Имом Термизийнинг “Сунан” и жомеъ туркумидаги ҳадис тўпламларида мавжуд барча масалаларни қамраб олганлиги боис “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” номи билан ҳам танилган. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоблари ўз ичига ақида доир ҳадисларни, тафсирлар, диний қонун-қоидалар, ижтимоий ва шахсий ахлоқ мезонларини ҳам қамраб олган. Уларнинг ишончлилик даражаси бошка тўпламлардан кўра анча юқори ҳисобланади.
Имом Термизий ҳадис илмига оид “Сунан” билан бирга “Ал-Илал ас-сағийр”, “Ал-илал ал-кабир (“Ал-муфрад”)” ва “Аш-шамоил ан-набавиййа” номли асарларни ҳам ёзган. “Ал-илал ас-сағийр” асарини “Ал-жомеъ” асарининг охирги қисмида хотима сифатида киритган. “Ал-илал ал-кабир” эса алоҳида мустақил асар бўлиб, унда биринчи асарига киритилмаган кўплаб иллатли ҳадислар келтирилган.
Имом Термизийнинг ҳадис илмига оид иккита, бири кичик “Илал ал-сағир”, иккинчиси катта “Илал ал-кабир” номли китоби ҳам бор.
“Илал ал-сағир” китоби “Жомеъ ас-саҳиҳ” нинг охирида мустақил бир бўлиб сифатида киритилган. Унда “Жомеъ ас-саҳиҳ” да амал қилган тартиб, усули, манбаларини, асарда келган ровийлар ва атамаларни тушунтириб берган. Асарда Бухорий, Абу Зуръа Розий, Ибн Сирийн, Айюб Саҳтиёний, Суфён Саврий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Али ибн Мадиний ва Яҳё ибн Саид Қаттонийларнинг қарашларидан фойдаланган ҳолда жарҳ ва таъдилнинг зарурлиги, исноднинг аҳамияти, ҳадисларни маъно билан ривоят қилиш учун зарур бўлган шартлар, ҳадисларнинг ғариб деб ҳисобланиши сабаблари, ровийлар ҳақида, мурсал ҳадисининг қиймати каби мавзулар билан шуғулланган. “Илал ал-сағир” га Ибн Ражаб Ҳанбалий шарҳ ёзган.
Имом Термизийнинг “Илал ал-кабир” асари эса “Илал ал-сағир” асарига нисбатан жуда кенг ёзилган бўлиб, у ўз ичига 717 та ҳадисни қамраб олади. Шунингдек, бу китоб “Илал ал-муфрад” деб ҳам номланади. Термизий бу китобни Самарқандда ҳиж. 270, мил. 884 йилнинг Қурбон ҳайитида ёзиб тугатган. Муаллиф бу китобини “Сунан” асаридан кейин ёзган.
“Илал ал-кабир” асари билан “Илал ал-сағир” асарининг ўртасида бир нечта фарқ бор. “Илал ал-кабир” асарида иллатли ҳадислар кўп келтирилган бўлса, “Илал ал-сағир” асарида эса, бир нечта намуна учун илатли ҳадислар келган. “Илал ал-кабир” асарининг асли (оригинали) номаълум. Ҳозирги кундаги “Илал ал-кабир” асарининг бугунги нусхаси бизга Абу Толиб Қозий (ваф. 1211 й.) орқали етиб келган. “Илал ал-кабир” асарини Абу Толиб Қозий бобларига қараб янгидан тартибга келтирган.
Асарнинг асл нусхаси фақат Туркиянинг Топкапи Саройи музейининг кутубхонасида Аҳмад III № 530-рақами остида сақланади. Бу нусха асосида турли китоблар нашр этилди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Термизийнинг илал илми борасида асосан учта устози бўлган. Булар – Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 870 й.), Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий (ваф. 869 й.) ва Абу Зуръа Розий (ваф. 878 й.). Термизий бу устозларининг ичида энг кўп Имом Бухорийдан илал илми борасида кўпроқ илм ўрганган. Термизийнинг ўзи бу маълумотларни “Илал ас-сағир” асарида келтириб ўтган.
Термизий асарида саккизта жойда Абу Зуръанинг номини тилга олиб, ундан ўрганганлигини зикр қилган. Шунингдек, Абу Зуръадан олган саккизта маълумотнинг (фикрининг) ҳаммасини, бир вақтнинг ўзида Имом Бухорийдан ҳам келтирган. Саккизтанинг бештасида Абу Зуръа ва Имом Бухорий бир хил фикрда бўлса, қолган учтасида эса турли фикрда бўлганлар.
Имом Доримийдан ҳам олтита жойда исмини зикр қилиб келтирган. Олтитанинг ҳаммасини ҳам бир вақтнинг ўзида Имом Бухорийдан ҳам келтирган. Булардан учтасида Имом Доримий ва Имом Бухорий бир хил фикрда бўлса, қолган учтасида эса турли фикрда бўлганлар.
Термизийнинг “Илал ал-кабир” да иллатларини изоҳлаган ҳадисларнинг деярли барчасини Имом Бухорийда ўрганган маълумотлар билан ёзгани яққол кўриниб турибди. Бироқ бундан ташқари асарда Термизийнинг илал илми тўғрисида ўзига хос бўлган изоҳ ва талқинлари ҳам ўрин олган.
Иккала олим ўртасида 863-868 (250-255) йиллар ораларида Нишопурда кўпдан-кўп самарали илмий мунозаралар, самимий дўстона учрашувлар бўлган[6].
Ёши қирқдан ошган ва турли мамлакатлар олимларидан таълим олган Термизий ҳам Имом Бухорий машҳур бўлган пайтда етук олим даражасида танилган бўлган. Шу сабабли ҳам Имом Бухорий билан тарли масалаларда илмий баҳслар олиб борар эди.
Имом Термизий хотирасининг кучлилиги билан ўз даврининг олимларидан ажралиб турган. Имом Термизий зеҳнининг ўткирлиги ҳамда қувваи-ҳофизаси кучлилиги устози Имом Бухорий сингари кучли бўлган. Ҳифзда (ёдлашда) у ҳақида масаллар келтирадилар”[7].
Ҳофиз, машҳур Имом Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган буюк олимлардан биридир[8].
Имом Бухорий ҳам шогирди Абу Исо Термизийга юқори баҳо бериб, “Сен мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим”[9], - деб таъкидлаган. Имом Бухорийнинг шогирди Имом Термизийга бундай юксак баҳо бериши Имом Термизийнинг қанчалик даражада илмга эга эганлигни кўрсатади. Имом Бухорийнинг ўз шогирди Имом Термизийни бундай эътироф қилиши ундаги буюкликнинг қирраларидан бири эди.
Имом Термизий устозидан фақатгина ҳадис илмидан сабоқ олмаган, балки фиқҳни ҳам ўзлаштирган эди. Бу ҳақда Шамсиддин Заҳабий (1274–1348 йй.) “Тазкират ал-ҳуффоз” асарида: “Ҳадисда Бухорийдан фиқҳ ўрганган”, - деган.
Имом Термизий устози ва сафдоши Имом Бухорийни бутун умри давомида ҳурматлаб унга самимий садоқатда бўлган.
Ҳофиз Умар ибн Аллак шундай ёзади: “(Имом) Бухорий вафот этар экан ўзидан кейин Хуросонда илм, хотира, тақво ва зоҳидлик борасида Абу Исога ўхшаган бирор кишини қолдирмади. У (яъни Абу Исо Имом Бухорийнинг вафотидан) шу даражада қаттиқ йиғладики, ҳатто унинг кўзлари кўр бўлиб қолиб, бир неча йиллар кўр ҳолида яшади”[10].
Имом Термизий “Илал ал-кабир” асарида устозларидан ўрганган маълумотларни савол-жавоб услубида келтирган. Бу усул ўз даврининг машҳур ва кенг қўлланиладиган услуби эди. Дарҳақиқат, Аббос ибн Муҳаммад Дурий устози Яҳё ибн Маъиннинг ҳадисларнинг иллатларига оид саволларга берган жавобларини жамлаган ҳолда “ат-Тарих” асарини, Абдуллоҳнинг ҳам отаси Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўраб ёки ундан тинглаш орқали тўплаган маълумотларни бир жойга тўплаш орқали “Китабу илал” асарини, Ибн Абу Ҳотимнинг ҳам отаси Абу Ҳотим билан Абу Зуръадан сўраб олган маълумотларни бирлаштириб “илалул ҳадис” асарини ёзган.
Ҳозирги кундаги “Илал ал-кабир” асарининг нусхасидаги иллатли ҳадислар фиқҳий бобларга жамланган ҳолда тартибланган. Бундай шаклда тартиб тадқиқотчига ҳадисларни топиш ва улардан фойдаланиши осонроқ бўлади. Термизийнинг даврида илал жанрида таълиф этилган асарлар, одатда мавзуларга кўра таснифланмаганлигини кўриш мумкин.
Имом Термизий “илалул ҳадис” илмининг муҳим намояндаларидан биридир. Олим илал илми борасида, асосан, Имом Бухорийнинг, Имом Бухорий эса Яҳё ибн Маъин, Али ибн Маданий ва Аҳмад ибн Ҳанбал каби илал илмининг етук олимларнинг шогирдидир. Улар эса Яҳё ибн Саъид Қаттонийнинг, Яҳё эса илал илмининг илк вакили бўлган Шуъба ибн Ҳажжожнинг шогирдидир. Шундай экан, Имом Термизий илал илмини силсила билан келган уломалардан олганлигини аниқ айтишимиз мумкин.
Имом Термизий илал илмига бири “Жомеъ” да илова бўлиб келган “илал ас-сағир”, иккинчиси эса “илал ал-кабир” асари каби иккита муҳим асарлари билан ҳисса қўшган.
“Илал ас-сағир” да, асосан, усул, рижал ва жарҳ таъдил мавзуларига тўхталса, “илал ал-кабир”да эса ҳадисларнинг иллатларига доир қимматли маълумотлар берган.
Фиқҳ бобларига кўра таснифи Абу Бакр Қозий томонидан қилинган нусхаси Имом Термизийга тегишли бўлиб, вақт ўтиши билан олимлар бу асардан иқтибос келтирдилар ва унга мурожаат қилганлар. Иқтибослар бизда мавжуд бўлган “илал ал-кабир” нусхасидаги маълумотлар билан айнан бир хил.
Имом Термизий, ўз даврининг услубига мувофиқ ҳадисларнинг иллатлари ҳақида устозларидан сўраган саволларига олган жавобларини йиғиб, китоб ҳолига келтирган. Термизий бу асарда ҳадисларнинг иллатларига оид маълумотларни берибгина қолмасдан, ровийларнинг кимлиги, жарҳ таъдил ҳолатлари, ҳадисларнинг саҳиҳлиги ҳақида ҳам маълумотлар берган.
“Илал ал-кабир”, қимматли маълумотларга эга бўлганлиги ва соҳанинг биринчилардан бўлганлиги туфайли ўзидан кейинги авлодларга таъсир ўтказган ва бугунги кунгача етиб келган муҳим асардир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имом Термизий илал илмига бири “илал ас-сағир”, иккинчиси эса “илал ал-кабир” асарлари билан катта ҳисса қўшган. Ҳозирги кунда ҳам дунё турли институт ва университетларида Имом Термизийнинг асарлари дарслик сифатида фойдаланиб келинади.
Бугунги кунда ҳам Имом Термизийнинг ҳаёти ва унинг илмий бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.
ОЛИМ ЖЎРАЕВ,
Имом Термизий халқаро
илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар
- Абу Саъид Абдулкарим Самъоний. Ансоб. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1.
- Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжам ал-Булдон. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1.
- Ибн Хажар Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. – Байрут: Дор ал-фикр, 1984. – Ж. 9.
- Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Термизий. Таҳқиқ ва таълиқ: Аҳмад Муҳаммад Шокир (1-2 жуз), Муҳаммад Фуад Абдул Боқи (3 жилд), Иброҳим Атво Авда (4-5 жуз). – Миср: Мустафо ал-баби ал-ҳалби, 1975. Ж.1. Ж.2.
- Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-мувазанату байна жамиъиҳи ва байна ас-саҳиҳайн. – Миср: Матбуату лажна ат-таълиф ат-таржима ва ан-нашр, 1980.
- Совет Шарқи мусулмонлари, 1990 йил, 3-сон.
- Уватов У. Икки буюк донишманд (Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий). – Т.: Шарқ, 2005.
- Хайруддин ибн Маҳмуд Зириклий Димашқий. Ал-аълом. Дор ал-илм. 2002. – Ж. 2.
- Халидов А. Б. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. Москва, 1985.
- Шамсуддин Заҳабий. Мийзон ал-эътидал фи нақд ар-рижал. 2009. Ж. 3.
- Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. Ж. 13. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 1993.
- Шамсуддин Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 1998. – Ж. 2.
- Шамсуддин Заҳабий. Тарихул ислам ва вафийат ал-мушаҳиир ва ал-аълом. – Байрут. Дор ал-китаб ал-арабийя. 1987. – Ж. 20.
- Юсуф ибн Закий Абдурраҳмон Абулҳажжож Миззий. Таҳзиб ал-камол. – Байрут: Муасаса ар-рисала, 1980. Ж. 26.
[1] Халидов А. Б. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. – Москва, 1985. – С. 143.
[2] Шамсуддин Заҳабий. Тарих ал-ислам ва вафийат ал-мушаҳиир ва ал-аълом. – Байрут. Дор ал-китаб ал-арабийя. 1987. – Ж. 20. – Б. 459.
[3] Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Муъжам ал-Булдон. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1. – Б. 510; Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-мувазанату байна жамиъиҳи ва байна ас-саҳиҳайн. – Миср: Матбуату лажна ат-таълиф ат-таржима ва ан-нашр, 1980. – Б. 23.
[4] Абу Саъид Абдулкарим Самъоний. Ансоб. – Байрут. Дор ал-фикр, 2009. – Ж. 1. – Б. 415.
[5] Ибн Хажар Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. Ж. 9. – Б. 389.
[6] Ибн Халликон, Вафаёт ал-аъйон. 3-жилд, 278. Байрут: Дорус содр, 1971. – Б. 407.
[7] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. Дорул фикр, 1984. Ж. 9. – Б. 389; Шамсуддин Заҳабий. Сияру аълаамин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 13. – Б. 273.
[8] Ибн Халликон, Вафаёт ал-аъйон. 4-жилд, 278. Байрут: Дорус содр, 1971. – Б. 278.
[9] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб. Дорул фикр, 1984. Ж. 9. – Б. 245; Юсуф ибн Абдураҳмон Миззий. Таҳзибул камол фи асмаир рижал. Байрут: Муассатур рисала, 1980. Ж. 26. – Б. 252.
[10] Шамсуддин Заҳабий. Сияру аълаамин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 13. – Б. 154; Шамсуддин Заҳабий. Сияру аълаамин нубала. – Байрут, Муассасатур рисала, 1993. Ж. 13. – Б. 273; Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий вал мувозанату байна жамиъиҳи ва байнас саҳиҳайн. 1980. – Б. 11.
Izoh qoldirish