14.10.2021

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ РИВОЖИДА ТЕРМИЗИЙ АЛЛОМАЛАРИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Буюк алломалар юрти деб эътироф этилган Ўзбекистондан кўплаб илм-маърифат тамаддунига катта ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққан. Уларнинг бой илмий меросини ўрганиш, улар устида тадқиқотлар олиб бориш борасида юртимизда муҳим ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, ҳаётга кенг тадбиқ этиш, ислом динининг асл моҳиятини ҳамда ҳадис илми тарихи ва унинг эзгу ғояларини тарғиб этиш мақсадида Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги ПҚ-2774-сонли “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Марказнинг фаолият тури халқаро миқёсда бўлиб, фаолиятининг асосий мақсади ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат бўлиб, бу борада салмоқли илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Абу Исо Термизий ва Термизий алломаларнинг маънавий меросини ўрганиш ва улар устида кенг тадқиқотлар олиб бориш хусусида Президентимиз Ш.Мирзиёев: “Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва Термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ўта муҳим ишдирдеб таъкидлаганлар. Тарихда Термиз шаҳри ва термизий алломаларнинг муносиб ўрни бор. Термиз шаҳридан етишиб чиққан улуғ муфассир, муҳаддис, мутакаллим, мутасаввуф ва фақиҳларнинг буюк хизматлари натижаси ўлароқ, бу шаҳар ҳақида тарихий манбаларда юксак эътирофлар битилган. Тўққизинчи асрда яшаб ўтган муаррих Абул Аббос Яъқубий “Термиз – шаҳарларнинг оналаридан бўлган шонли шаҳардир”,- деб таъкидлаганлиги ёки “Термиз – мадинату-р-рижол” (Термиз – мардлар (олимлар) шаҳридир), - деб эътироф этилиши бу заминдан қанча-қанча улуғ алломалар етишиб чиққанлигига далолат қилувчи ҳақли эътироф. Бугунги даврнинг етук ҳанафий олимларидан, Покистонлик муҳаддис Шайх Тақий Усмоний ўзининг суҳбатида: “Саҳиҳи Бухорий” ва “Жомий Термизий” асарларини ўқимай олим бўлиш мумкин эмас. Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан бир қанча ислом намояндалари бор. Бу диёр уламоларининг сўзлари ҳаммага ҳужжат бўлиб келган ва ҳанузгача уларнинг асарлари энг мўътабар манбалар қаторидан жой олган. Буларнинг барчаси сизлар учун фахрдир. Буларнинг меросини ўрганиш ва ўргатиш, бутун дунёга тарқатишга сиз ҳақлисиз ва сизлар масъулсизлар”, - деб юртимизга қилган ташрифлари чоғида таъкидлаган эдилар.

Термиз ва термизий алломаларнинг тарихи ҳамда маънавий меросини ўрганиш ва кенг тадқиқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Термиздан тарихда улуғ мутафаккир алломалар етишиб чиққан ва уларнинг буюк хизматлари боис, Термиз шаҳрида ислом динининг барча йўналишларида илмий мактаблар фаолият олиб борган. Жумладан, ҳадис, фиқҳ, тафсир, тасаввуф илмлари кенг ривожланган.

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Термизий Буғий Зарир (824-892) тимсолида ҳадис илми ривож топган. Бу мактабнинг муносиб вакиллари сифатида Абулҳасан Аҳмад ибн Ҳасан ибн Жунайдиб Термизий(вафоти 864 йилдан олдин), Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий (вафоти 231/845 ёки 239/853 йилда), Абу Зарр Муҳаммад ибн Иброҳим Термизий (IX-X аср) ва бошқа кўплаб муҳаддислар воҳадан етишиб чиққан. Шунингдек, шошлик буюк муҳаддис Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Шурайҳ ибн Маъқил Шоший Бинкатий (ваф. 946) ҳам асли термизлик муҳаддислардан бўлганлигини тарихчилар Самъоний ва Ёқут Ҳамавийлар таъкидлашган. Бу муҳаддис Имом Термизийнинг асосий шогирдларидан бири бўлиб, у зотдан “Ал-Жомеъ ал-кабир” ва “Аш-Шамоил” каби асарларни ривоят қилган.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ибн Ҳорун Ҳаким Термизий (тахм. 820-932) мисолида исломий ҳикмат ва тасаввуф мактаби назарияси воҳада ривожланган. Бу мактабнинг муносиб вакиллари сифатида эътироф этилган кейинги алломалар хизмати бу мактабни янада ривож топишида асос бўлиб хизмат қилган. Улардан: Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Фазл Ҳаким Варроқ Термизий Балхий (ваф.932 ёки 907 йил), Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ваф. 342/953), Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Холид Термизий (IX-X аср, Абулмузаффар Ҳаббол ибн Аҳмад Термизий (X-XI аср) ва бошқаларни келтириб ўтиш мумкин.

Воҳада яна бир йўналиш калом илми Сўфи Оллоёр (тахм. 1644-1724) нинг маънавий мероси асосида ривожланган.

Нақшбандия тариқатининг етук намояндалари Хожа Алоуддин Аттор (ваф. 1400), Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий (тахм. 1450-1530), Дарвеш Муҳаммад Имканагий Вахшуворий (тахм. 1475-1563), Шайх Абдулҳай Чағониёний (XVII аср) каби тариқат силсиласи вакилларининг яшаб фаолият олиб боришлари ҳам бу воҳада нақшбандийлик тариқатини кенг ривожланганлигидан ёрқин далолатдир.

Термиз шаҳрида ҳанафийлик фиқҳининг ривож топиб кенг ривожланиши Холид ибн Зиёд Термизийнинг маънавий мероси асосида бўлган. Бу аллома Термизнинг VIII аср бошидаги илк қозиси ҳисобланиб, Абу Ҳанифанинг дўсти ва сабоқдоши даражасидаги шахс бўлганлиги манбаларда келтириб ўтилган. Унинг ўғли Абулазиз ибн Холид Термизий эса Абу Ҳанифанинг бевосита шогирди бўлиб, Термиз, Чағониён ва Вашгирдгача бўлган ҳудудлар қозиси бўлган. Ҳанафийлик фиқҳининг воҳада кенг ёйилиши ва тараққий этишида Абдулазиз ибн Холид Термизий (VIII-IX аср), Исроил ибн Зиёд Термизий (VIII-IXаср), Суфён ибн Омир Термизий (VIII аср), Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий (IX аср), Абулфазл Муҳаммад ибн Амр ибн Миҳрон Хатиб Термизий (X аср) каби фақиҳларнинг ҳам катта хизматлари бўлган.

Термиздан етишиб чиққан уламолар ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш бўйича Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида “Ҳадисшунослик” ва “Манбашунослик” каби илмий бўлимлар ташкил этилган. Бугунги кунгача Марказ илмий ходимлари томонидан Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг шоҳ асари бўлган “Сунани Термизий”ни ўзбек тилидаги таржимаси тўлдирилган ва қайта нашри шунингдек, “Буюк Термизийлар”, “Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Термизий алломалардан олтин ўгитлар”, “Муҳаддис ва фақиҳ аллома”, “Икки улуғ донишманд”, “Китобул илал”, “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари”, “Буюк юрт алломалари”, “Имом Абу Исо Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари”, “Мотуридия таълимоти ва Абу Муъин Насафий илмий мероси”, Ҳаким Термизийнинг Қуръон тафсирига бағишланган “Китаб фийҳи тафсиру суроти-л-Фатиҳа ва аятин мин суроти-л-Бақара” қўлёзма тафсирини таҳқиқи ҳамда Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” асари каби 30 та китоб ва рисолалар нашр этилди. Айни вақтда, Марказ илмий ходимлари томонидан Имом Термизийнинг “Сунан” асарини ўн жилдлик ҳанафийлик йўналишидаги шарҳи ўзбек тилига изоҳли академик таржима қилинмоқда. Шунингдек, Сурхондарё вилоятига мос тарзда буюк аллома аждодларимиз илмий меросига бағишланган кичик ҳажмдаги, халқчил ва ёшларнинг психологик жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Хожа Алоуддин Аттор”, “Абу Бакр Варроқ Термизий”, “Бурҳониддин Термизий”, “Сўфи Оллоҳёр”, “Хожа Самандар Термизий”, “Розиюддин Чоғоний”, “Адиб Собир Термизий” ва “Абу Жаъфар Термизий” каби 10 дона рисола нашр этилди. Республикамиз ва хорижда сақланаётган қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатда сақланаётган 1400 дан зиёд қўлёмалар тавсифини ўз ичига олган “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари каталоги” нашр этилди.

Марказ томонидан таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотларида “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида тарғибот учрашувлари ва маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёев Марказга ташрифлари чоғида: “Бу Марказ ёшларнинг билимини оширишда маърифат марказига айланиши керак”, - деб таъкидлаган эдилар. Мазкур таклиф асосида ўтган вақтда Марказнинг мажлислар залидан мақсадли фойдаланиш бўйича ёшлар, талабалар билан 200 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг барча туманлари кесимида таълим муассасалари ўқувчилари билан илмий учрашув ва маърифий суҳбатлар ташкил этилди. Зеро, маърифатни инсон учун манфаати ҳақида Ҳаким Термизий “Маърифат инсоннинг асосий бойлигидир”, - деб айтганлар.

Дарҳақиқат, Марказ томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва маънавий-маърифий тадбирлар негизида Ислом дини ривожига улкан хисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз азал-азалдан улуғ алломалар ва азиз авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга кўмаклашишдан иборат бўлган олий мақсадимиз бор.

 

✍️   Шукурилло Умаров,

ҳадисшунослик ихтисослиги

  бўйича фалсафа доктори.

Имом Термизий халқаро илмий-

тадқиқот маркази директори

Izoh qoldirish