ҲУРМАТИ ВОЛИДАЙН - ФАРЗ АЙН
Ота-онасини ҳурмат қилмаган фарзанд ўз фарзандларидан ҳурмат талаб қилиши нолойиқдир, дейдилар. Сиз бу фикрга қўшиласизми? Унда «қайтар дунё» деган иборага қандай қарайсиз? Имом Муслим ривоят қилган бу ҳадиси шарифдан қандай маъно уқамиз:
«Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасиз».
Эндиги ривоятни кўп эшитган бўлсангиз ҳам такрорлайлик: Бир одам узоқ умр кўриб ўғлининг жонига тегибди. Ўғил отадан қутилиш мақсадида уни тоғу тошга ташлаб келиш мақсадида қопга солибди-ю, орқалаб йўлга тушибди. Чарчаб бир дарахт остида тўхтаганда қопдаги отаси кулаверибди. Ўғил бундан ажабланиб, кулиш сабабини сўраганида ота дебди:
«Мен ҳам отамни қопга солиб тоғу тошга ташлаб келиш мақсадида орқалаган эдим. Тасодифни қарагинки, худди шу ерга келганимда мен ҳам дам олиш учун тўхтаган эдим...»
Яна бир ривоят: ўғил кўзлари хиралашиб қолган, овқат еяётганида қўллари қалтирайдиган қари отасининг иззат ва ҳурматини бажо келтирмас эди. Бир куни чол бечоранинг қўллари қалтираб, ош сузиб берилган чинни косани тушириб, синдириб қўйди. Буни кўрган келини нордон гап айтиб унинг кўнглини вайрон қилди. Ўғил эса отасини ҳовли этагидаги зах хонага кўчирди. Келин энди қайнотасига эски ёғоч косада таом берадиган бўлди. Бундан кўнгли озор топган қария вафот этиб кетган кампирини эслаб, зор-зор йиғларди. Унинг ёлғиз юпанчи ва суянчиғи беш ёшли набираси эди. Бола бобосининг ёнига келиб ўтирарди, маъсумона сўзлари, ёқимли қилиқлари билан бобосининг кўнглини овлаб, унинг ғам ва аламларини бир оз бўлса-да, енгиллатарди.
Бир куни бола қўлига пичоқ олиб бир ёғочни йўниб ўтирганида отаси: «Ўғлим, нима қиляпсан?» -деб сўради. Бола юмушидан бош кўтармаган ҳолда жавоб берди:
-Дадажон, ойим эски ёғоч косада бувамга овқат берадилар. Мен ҳам ёғоч коса ясаяпман, катта бўлганимда ойим билан сизга шу косада овқат бераман.
Гўдакнинг бу ибратли гапи отага таъсир қилди. У дарҳол зах хонада ётган отаси ҳузурига кирди, тиз чўкди, кўз ёши тўкиб, узр сўради...
Бу барчага мактаб бўлгувчи воқеа баёни. Баённинг хотимасини бу каби ижобий тарзда якунламай, «гўдакнинг гаплари отасига таъсир этмади, чол ўша зах хонада хорлик билан ўлим топди», десак ҳам бўлади. Чунки қалби тош фарзандлар ҳам бор ва уларни бир гап билан инсофга келишларига ишониш қийин. Начора, инсофга келмасалар ўзлари эккан бемеҳрлик дарахтининг аччиқ мевасини ўзлари ейдилар. Бу жазо узоқ куттирмайди. Бугун атрофларида эмаклаб юрган ширин фарзандларининг ёғоч косада таом тутиш онлари ғоят тез келганини ўзлари ҳам билмай қоладилар.
…Ҳофиз Абу Бакр Баззор Будайда оталаридан ривоят қиладилар: Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. Пайғамбаримиздан (с.а.в.) «Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» - деб сўрабди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар».
Мазкурнинг яна бир гўзал давоми ҳам мавжуд: Абу Бурда ибн Аби Мусо Ашъарийнинг айтишларича, Абдуллоҳ Ибн Умар бир яманлик одамнинг ўз онасини опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам бир байтни оҳанг билан ўқиркан:
Онаи зорим учун бўйнимни эгкан теваман (туяман),
Тевага минган онам ҳорсаларда, мен чарчамам.
У шуни ўқиб туриб, Абдуллоҳга қаради-да: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Мана шу хизматим билан мен онамнинг хизматини қила олдимми?» - деб сўради. «Йўқ, бу хизматинг сени туғиш вақтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас», - дедилар».
Яна шарафли ҳадисларга мурожаат этайлик:
Бир йигит Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилиб дедики:
-Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар.
Сарвари коинот (с.а.в.) отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келган қари, бечораҳол, уст- бошлари хароб одамдан: «Ўғлингнинг гаплари тўғрими?» - деб сўрадилар.
-Ҳа, тўғри, - деди чол. - Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай - ўғлимга едирдим, ўзим киймай - ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаманда пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми?
Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар- да, дедилар: «Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим моликману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!»
Яна шу мавзуда бир ҳадис:
Бир қиз онасидан шикоят қилди:
-Онамнинг ақллари ўзларида эмас. Уйимга келиб тўполон қиладилар, тинчлик бермайдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) онани чақиртирдилар. Ғоят қари, бечораҳол она дедики: «Ё Расулаллоҳ(с.а.в.)! Сабр қилайин десам, қизим хабар олмайди. Ҳатто болаларини юбормайди. Ёлғиз ўзим пашшаларга ем бўлиб ётаман. На ўлиб қутуламан, на роҳат кўраман. Қизимнинг бепарволиги шунчалик.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:
-Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат сени қорнида тарбия этган ким? Ўлим жари ёқасига келиб сени туққан ким? Сени икки йил эмизган ким? Сени балоғатга етказиб узатган ким? Шу онанг! Агар шу онангни рози қилмасанг, жаннат сенга ҳаром! Тавба қилсанг - қилдинг, йўқса ярим мулкингни олиб бераман.
Қиз тавба қилди...
Дерсизки, Исломнинг дастлабки йилларида динни яхши англамаганлар орасида шундай бераҳмлар бўлгандир. Эҳтимол шундайдир. Аммо «Қариялар уйи» деб номланмиш жойларда ўз ўлимларини кутиб ётган бечораларнинг болалари-чи? Бундан ўттиз - қирқ йил аввал бундай уйларда ўзбекларни кўрсак ажабланардик. Энди ажабланмайдиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, биз ажабланиш нима экан, фарёд уришимиз керак! Отаси ёки онасини шундай жойга юборган аблаҳнинг ёқасидан олишимиз керак. Ўша аблаҳ қайси биримизнинг яқин қариндошимиз, ён қўшнимиз, ёки маҳалладошимиз, ёки бирга ишлайдиган ҳамкасбимиз-ку? Нега индамаймиз?
Эй кўнгил! Сен жамиятдаги ана шундай фожиага шоҳидсан. Нечун жимсан? Нечун бундайлар билан муроса қиласан? Нечун уларнинг дастурхони атрофида ўтириб, таомидан ейсан? Сен қариялар уйидаги бечораларнинг кўзларидаги ёшларни кўрмабмидинг? «Ота- онанинг йиғлаши боладан норози бўлганларидан далолат беради ва бу эса катта гуноҳлардандир», деган ҳадиси шарифни била туриб, нечун уларни огоҳ этмайсан? Ота-онага оқ бўлишнинг гуноҳларнинг энг катталаридан бири эканлиги ҳақидаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак сўзларини нега етказмайсан у нодонларнинг онгига?
Оқ бўлиш - ота-онага озор бериш, ранжитиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Ота ёки онанинг ноқобил фарзандига қараб «сени оқ қилдим», деб эълон қилиши шарт эмас экан. Диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлиши, дейдилар. «Оқ бўлиш»нинг луғавий маъноси - ажралишдир. Яъни фарзанд ота-онасидан тириклайин ажраляпти, демак. «Қариялар уйи»да отаси ёки онасига жой ҳозирлаётганлар унутмасинларким, улар айни чоқда дўзахдан ўзларига ўтли жой тайёрлаяптилар. Зотан, дўзахнинг «ҳасрат қудуғи» деб номланган энг ёмон жойи ота-онасини хорлаганлар учун эканлиги мўътабар китобларда алоҳида зикр этилган.
Муборак умра сафари чоғида кўнгилларни хира қилувчи воқеа юз берди: фарғоналик бир одам онасини қутлуғ зиёратга олиб борибди. Албатта бу таҳсинга лойиқ иш. Кўпчилик ота-онасини шундай улуғ зиёратларга олиб бормоқликни ният қилади. Айримлар эса бу каби зиёрат ота-оналарига насиб этмай вафот этиб кетганларидан армонда юрадилар. Фарғоналик йигитнинг онасига бўлган қўпол, қўрс муомаласи барчани ранжитди. Она бечора умрида биринчи марта қишлоғидан четга бориши бўлса керак, самолётга ёки автобусга қандай чиқиш, ўтиришни билмай тараддудланади, баъзан шошиб қолади, баъзан нимагадир улгурмайди. Ўғил эса унга ёрдам бериш ўрнига дўқ уради: «мени шарманда қиляпсиз!»- дейди. Билмайдики, унинг шармандалиги онасининг ҳаракатида эмас, балки ўзининг феълида, муомаласида. Кўпчилик «онангни бу ерга олиб келиб хунук муомала қилганингдан кўра, ўз уйингда ширин муомала билан кўнглини олсанг савоблироқ бўлармиди! Онани кўпчилик ҳузурида беҳурмат қилишинг - Каъбани вайрон қилиш гуноҳи билан баробар эмасми?» - деб тўғри танбеҳ бердилар. Эҳтимол ўғилнинг асосий нияти онасини зиёратга олиб келиш бўлмагандир. Бундай дейилишга сабаб: уларнинг бу масканда қариндошлари кўп экан. Йигит улар берган совға- саломлар билан овора бўлиб қолди. Балки онани олиб келишни ўша қариндошлар талаб қилишгандир. Шу талаб бўлмаса йигит онани олиб келишни хаёлига ҳам келтирмас... Яна Худо билади...
…«Жаннат оналар оёғи остидадир», мазмунли ҳадиси шарифни эшитмаган одам йўқдир. Аммо унинг маъносини ҳамма ҳам билавермаса керак. Онасини ёлғиз ташлаб, мушриклар билан урушга отланган йигитни Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтариб, шундай деганлар. Яъни, жаннатга тушиш учун жиҳодда жон бериб, шаҳидлик мартабасига етиш шарт эмас. Онангнинг хизматини қилиб, розилигини олсанг бас, шу топган савобинг сенга жаннат йўлини очади, дейилмоқчи. Онасини бир эмас, юз марта Ҳажга олиб бориб, бошқа пайт кўнглини ранжитувчилар шу ҳикматлар мағзини чақиб кўрсалар ёмон бўлмас.
Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» китобидан
Izoh qoldirish