Жавраб нима?
Ҳадис китобларининг деярли ҳаммасида маҳсига масҳ тортиш жоиз бўлгани каби жаврабга ҳам масҳ тортиш жоизлиги ҳақида ҳадислар ворид бўлган. Кейинги пайтларда аҳли илмлар орасида, айниқса ижтимоий тармоқларда ихтилоф ва баҳсу мунозарага сабаб бўлаётган жавраб – пайпоққа масҳ тортиш масаласи табъимизни бироз хира қилади. Зеро, ихтилоф қилиш мужтаҳид алломаларга хос бўлиб, қолганлар бу ишни қилса ҳеч қандай наф бўлмайди. Аксинча, биз уларнинг ихтилофи асосида энг саҳиҳ фатвони излаб топиб унга амал қилишимиз лозим бўлади. Келинг, шу масалада бироз фикр- мулоҳаза юритайлик.
Жавраб ўзи нима? Жаврабга масҳ тортиш ҳадисларда баён қилинган бўлса, унда ихтилоф нимада? Ихтилоф жавраб ўзи нималигида. Агар жавраб ҳақидаги ҳадисларга назар ташласак, унда “Мишкотул масобиҳ” да саҳоба Муғира ибн Шуъба ва Абу Мусо Ал Ашъарий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадислар бор:
.وَعَن الْمُغيرَة بن شُعْبَة قَالَ: تَوَضَّأَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنَّعْلَيْنِ
رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ
Муғира ибн Шуъбадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олдилар ва жавраб ва оёқ кийимларига масҳ торттилар. (Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти)
Демак, бу ҳадислардан кўриниб турибдики жаврабга масҳ тортиш жоиз экан, унда нега муҳаддис, мужтаҳид алломаларимиз бу ҳақда ихтилоф қилишган. Ихтилофнинг сабаби шундаки, саҳобалар Муғира ибн Шуъба ва Абу Мусо ал Ашъарий розияллоҳу анҳумолар жаврабнинг қандай матоҳдан тикилганини айтишмаган. Ҳадис матнида “Жаврабга масҳ торттилар” дейилган. Табиийки, муҳаддислар ва уларга бу ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг бирортаси ҳам ўзидан сўз қўшиб шарҳламаган. Зеро, бундай қилиш ман қилинган амаллардандир.
Ҳадисларга шарҳ битган алломаларимиз китобларда фақиҳларнинг бу масалага бўлган раъйларини келтиришган.
Қози Шавконий: “Хуфф – бу маҳсидир теридан тикилади тўпиқдан ошириб кийилади. Журмуқ – Бу ҳам оёқ кийим бўлиб, “хуфф”нинг устидан кийилади. Жавраб эса “журмуқ”дан ҳам каттароқ” деган.
Ҳанафий алломалардан Бадриддин Айний эса: “Жавраб – Бу Шом аҳли совуқ кунларда киядиган оёқ кийимдир, у жун ипдан тўқилган бўлиб, тўпиққача кийилади” деганлар.
Нажмиддин Зоҳидий, ҳанафий имом шамс ул аимма Ҳалвонийдан зикр қилишича жавраб беш турли бўлади:
1. Эчки жунидан;
2. Жундан эгирилган ипдан;
3. Ҳайвон сочи(ёли)дан;
4. Юпқа теридан;
5. Пахтадан тўқилган матодан.
Ушбу турдаги жаврабларни тафсилоти билан зикр қилгандан кейин, "бешинчисига масҳ тортиш жоиз эмас",- дейди.
Ушбу маълумотлардан келиб чиқадики, жавраб маҳсига ўхшаш оёқ кийимдир, лекин ундан каттароқ. Баъзи уламоларнинг айтишича жавраб маҳси каби болдиргача ёпиб туриш керак. Бошқалар эса маҳси устидан кийилади, тўпиқдан ўтса бўлди, дейишади.
Имом Тайбий ва имом Шавконийлар жавраб теридан бўлади, дейишган. Аммо, Абу Бакр Ибн ал-Арабий ва Бадриддин Айнийлар жаврабни жундан тўқилишини таъкидлаганлар.
Луғат аҳли эса жаврабнинг ташқи кўриниши ҳақида ихтилоф қилишиб, ҳар бир минтақада ўзига хос ҳолда тўқилади, дейишган. Қайсидир жойда теридан бошқа жойларда эса бошқа матоҳдан ўзига хос кўринишда тикилади, деб баён қилишган. (Авнул маъбуд бишарҳи сунани Абу Довуд)
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳозирги биз кийиб юрадиган пайпоқларга масҳ тортиб бўлмас экан. Тўрт мазҳаб имомлари ҳам енгил матодан тикилган жаврабларга масҳ тортилса таҳорат мукаммал бўлмайди деб фатво берганлар. Зеро, қадимги жавраб жундан тўқилган бўлса ҳам, ости-устига тери қопланган ва маҳси каби чидамли ва сув ўтказмайдиган бўлган. Баъзи кишиларнинг ноўрин фатвосига ишониб таҳорат ва намозимизни барбод қилиб қўймайлик. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳорат намознинг, намоз эса жаннатнинг калитидир”, деб марҳамат қилганлар.
✍️Умарали Улжаев,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази АРМ бўлим бошлиғи.
Izoh qoldirish