«СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ»НИНГ ШАРҲЛАРИ (1-қисм)
Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Жомеъ ас-Сунан» асарига Аллоҳ таоло мақбуллик бағишлаган бўлиб, у кейинги давр олимлари, аҳли илмлари томонидан қайта-қайта ўрганилган, тадқиқ ва таҳлил қилинган. Ҳозиргача бу муқаддас анъана давом этиб келаётгани қувонарлидир. Асрлар давомида «Жомеъ ас-Сунан» қўлёзмалари дунёнинг турли томонларига тарқаб кетган. Машҳур ва моҳир хаттотлар уни қайта-қайта китобат қилганлар. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср ал-Мўътаман ас-Сожий (445 ‒ 507/1053 ‒ 1113) раҳимаҳуллоҳ муҳаддис бобомизнинг мазкур тўпламини олти марта тўлиқ кўчириб чиққанлиги нақл қилинган.
Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Жомеъ ас-Сунан» асари матни илк бор Мисрнинг Булоқ шаҳрида 1292/1875 йили нашр қилинган бўлиб, унинг ҳошиясида «ал-Азҳар»нинг уламоларидан Аҳмад ар-Рифоъий ал-Моликий раҳимаҳуллоҳнинг изоҳлари ўрин олган эди. Шундан сўнг Деҳлида бир неча бор нашр қилинган.
«Жомеъ ас-Сунан»га қанчадан-қанча тажридлар, мустахражлар, ҳошиялар, мухтасарлар тузилган. Жумладан, Ибн ал-Қайсароний (448 ‒ 507/1057 ‒ 1114) раҳимаҳуллоҳ «Сунан ат-Термизий»нинг «атроф»ларига бағишланган 10 жилдлик манба яратган. «Атроф» ҳадис китобларининг бир тури бўлиб, бугунги кундаги кўрсаткичлар туркумига киритиш мумкинлигини олдин қайд қилиб ўтган эдик.
«Жомеъ ас-Сунан»га битилган шарҳларнинг саноғини аниқлаш имконсиз. Мазкур шарҳлар ўрганилар экан, уларни нашр этилган; қўлёзма шаклида мавжуд, лекин чоп этилмаган ҳамда бугунги кунгача сақланиб қолмаган каби учта туркумга тасниф қилиб ўрганиш мумкин. Олимларнинг асарларни шарҳлашда қўллаган услуб ва шартлари уларнинг оммалашуви ва эътироф этилишида муҳим омил ҳисобланади. «Сунан ат-Термизий»га нафақат аҳли суннат ва жамоат олимлари, балки ундан ташқари бўлган тоифа вакиллари томонидан ҳам шарҳ ва таълиқлар битилганини айтиб ўтиш ўринли. Лекин асарга битилган шарҳ ва таълиқларнинг кўпчилиги аҳли суннат ва жамоатнинг энг катта ва салмоқли мазҳаби – ҳанафийлик олимлари ҳиссасига тўғри келади. Шарҳларнинг аксарияти борасида бу ерда маълумот беришни лозим топдик:
1) «Шарҳ Жомеъ ат-Термизий». Унинг муаллифи «ал-Ҳоким ал-Кабир» лақаби билан танилган Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Найсобурий ал-Каробисий (285 ‒ 378/898 ‒ 988) раҳимаҳуллоҳдир. Ушбу шарҳ бизнинг кунимизгача етиб келмаган бўлиб, «Жомеъ ас-Сунан»га битилган илк шарҳлардан бири ҳисобланади. Ал-Ҳоким ал-Кабир ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳ бир муддат қадим Шош – Тошкентда қозикалон бўлиб фаолият олиб борганлар.
2) «Оризат ал-аҳвазий би-шарҳ «Саҳиҳ ат-Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи моликий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва муҳаддиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн ал-Арабий ал-Муъофирий ал-Ишбилий (468 ‒ 546/1076 ‒ 1151) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у зот «Ибн ал-Арабий ал-Моликий» номи билан танилганлар. Шарҳ анча батафсил бўлиб, асосан, унда муаллиф Абу Исо ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳга оид фикрларини шарҳлашга ва уларни тўлдиришга эътибор берганлар. Шунингдек, шарҳда ҳар бир ҳадис тўрт жиҳатдан таҳлил қилинган. Ҳадис исноди таҳлил қилинган; ҳадис матни наҳвий жиҳатдан кўриб чиқилган; ҳадисдан олинадиган фиқҳий ҳукмлар таҳқиқ этилган; ақидавий жиҳатига эътибор қаратилган. Шунинг учун кейинги даврнинг барча муҳаддис шориҳлари ушбу асарга мурожаат этганлар.
Шунингдек, «Оризат ал-аҳвазий»да «ал-Илал ас-сағир» асари ҳам шарҳланган.
Китоб 1299/1882 йили ва 1350 ‒ 1352/1931 ‒ 1933 йилларда Конипур ва Қоҳира шаҳарларида 13 жилдда ҳамда 1997 йили Байрут шаҳрида жойлашган машҳур «Дор ал-кутуб ал-илмия» нашриётида 14 жилдда чоп қилинган.
3) «Ан-Нафҳ аш-шазий фий шарҳ «Жомеъ ат-Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи Ҳофиз Абу-л-Фатҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Яъмурий (671 ‒ 734/1273 ‒ 1334) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у зот «Ибн Саййид ан-Носс ал-Андалусий» номи билан машҳур. Бу шарҳ кенг тарқалган бўлса-да, муаллиф уни охирига етказа олмаган (Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б.320.).
Яъни Ибн Саййид ан-Носс раҳимаҳуллоҳ «Жомеъ ат-Термизий»ни бошидан 316 та ҳадисни шарҳлашга улгурган. Тадқиқотчилар мазкур шарҳ агар охирига етказилганида, «Жомеъ ас-Сунан»нинг энг мукаммал ва энг муфассал шарҳларидан бири бўлар эди деганлар.
4) «Такмила «ан-Нафҳ аш-шазий». Ушбу шарҳ юқорида айтилган Ибн Саййид ан-Носс раҳимаҳуллоҳнинг «ан-Нафҳ аш-шазий» номли шарҳининг тўлдирувчиси ҳисобланади. Асар Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Ҳусайн ал-Ироқий ал-Курдий (725 ‒ 806/1325 ‒ 1404) раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб. Зайниддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ мазкур шарҳни ҳақиқий шориҳнинг услубида давом эттириб охирига етказишга ҳаракат қилиб кўрган. Лекин у зот ҳам уддасидан чиқа олмаган, вафоти туфайли бу шарҳ ҳам охирига етмаган.
5) «Шарҳ завоид ат-Термизий ъала ас-Саҳиҳайн». Ушбу шарҳ муаллифи Сирожуддин Абу Ҳафс Умар ибн Али ибн Аҳмад ал-Ансорий ал-Андалусий (723 ‒ 804/1323 ‒ 1402) раҳимаҳуллоҳ «Ибн ал-Мулаққин» куняси билан танилганлар. Китобда Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келтирилмаган ҳадислар шарҳ қилинган. Шунингдек, «Сунани Абу Довуд»да келмаган ҳадислар шарҳига катта эътибор қаратилган.
6) «Шарҳ ал-Ҳофиз Ибн Ҳажар». Бу шарҳ таниқли муҳаддис, ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га битган «Фатҳ ал-Борий» номли мукаммал ва муфассал шарҳи билан шуҳрат қозонган олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг қаламига мансуб. У зот «Фатҳ ал-Борий» асарида мазкур шарҳини эслатиб ўтганлар (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б.563.).
Лекин ҳозиргача ушбу машҳур шарҳнинг қўлёзмаси топилиб, нашр қилинган эмас. У алломанинг «ал-Лубоб фий шарҳ қавл ат-Термизий «ва фи-л-боб» номли асари ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ томонидан ҳар бир мавзуда кимлар ҳадис ривоят қилганига ишора қилиб кетилган. «Ал-Лубоб» ушбу ишора қилинган ҳадислар тахрижи ва шарҳига бағишланган.
7) «Шарҳ ал-Булқиний». Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Руслон ибн Насир ал-Мисрий ал-Киноний ал-Асқалоний ал-Булқиний (724 ‒ 805/1324 ‒ 1403) раҳимаҳуллоҳ асари бўлиб, у зот Мисрда қози ва муфтий бўлганлар. Шарҳ «ал-Арф аш-шазий ъала «Жомеъ ат-Термизий» деб аталган. Бироқ у охирига етказилмай қолган. Муаллиф шофеъий мазҳаби уламоларидан бўлиб, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг устози ҳисобланади.
8) «Шарҳ Ибн Ражаб». Бу асар ҳанбалий мазҳаби олими Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (736 ‒ 795/1336 ‒ 1393) раҳимаҳуллоҳникидир. «Табақоти ҳанобила» ҳамда «ал-Қавоид ал-фиқҳия» асарлари билан ҳам шуҳрат қозонган. «Кашф аз-зунун» асарида айтилишича, ушбу шарҳ йигирма жилд бўлган ва фитна пайтида ёниб кетган (Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б.559.).
Мазкур шарҳнинг бир қисми ва «Сунан ат-Термизий»нинг иловаси бўлмиш «ал-Илал ас-сағир»га битилган шарҳ сақланиб қолган.
9) «Қут ал-муғтазий». Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу асари «Сунан ат-Термизий»га ёзилган шарҳларнинг энг ихчамларидан ҳисобланади. Унинг Ҳиндистон ва араб диёрларида бир қанча нашрлари мавжуд. Мағриб уламоларидан Али ибн Сулаймон ад-Димноний (1234 ‒ 1306/1819 ‒ 1888) раҳимаҳуллоҳ «Қут ал-муғтазий»га ҳошия ёзиб, кенг изоҳлаб чиққанлар.
10) «Шарҳ Жомеъ ат-Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи «Муҳйий ас-сунна» ва «ал-Фарро» лақаблари билан танилган Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий (436 ‒ 510/1044 ‒ 1117) раҳимаҳуллоҳдир. У зот «Мишкот ал-масобеҳ»нинг асли бўлмиш «Масобеҳ ас-сунна» асари билан шуҳрат қозонган. Шунингдек, тафсирга оид «Маолим ат-танзил» номли тафсири машҳур. Олимнинг «Сунан ат-Термизий»га битган шарҳи айтилган бўлса-да, ҳалигача топилиб нашр қилинмаган.
(Давоми бор...)
Ҳамидулла Аминов- Тарих фанлари номзоди;
Ҳикматуллоҳ Абиев-Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими.
Izoh qoldirish