10.11.2021

"СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ»НИНГ ШАРҲЛАРИ" (2-қисм)

11) «Шарҳ Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Фаттаний». Маждуддин Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Али ал-Ҳанафий ал-Фаттаний ал-Гужаротий (913 ‒ 986/1508 ‒ 1579) раҳимаҳуллоҳнинг шарҳи. У зот ҳиндистонлик таниқли муҳаддислардан биридир. У зот ўзининг мавзуъ ҳадисларга бағишланган «Тазкират ал-Мавзуъот» асари билан шуҳрат қозонган. У зот «Сиҳоҳи ситта»нинг ғариб, нодир ва ноёб сўзлари шарҳига бағишланган «Мажмаъ биҳор ал-анвор фий ғароиб ат-танзил ва латоиф ал-ахбор» номли китобида Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Жомеъ ас-Сунан» асарига алоҳида шарҳ битганини қайд қилиб қолдирганлар. Бироқ бу шарҳ ҳозиргача топилган эмас.

12) «Шарҳ ас-Синдий». Абу Таййиб Раҳматуллоҳ ас-Синдий (ваф. 993/1585) раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган шарҳ. У зот «Лубоб ал-маносик» асари билан шуҳрат қозонган. «Жомеъ ас-Сунан»га битган шарҳи Мисрда нашр қилинган.

13) «Шарҳ Сирож Аҳмад». Мазкур шарҳ 1230 ҳижрий, 1815 милодий йилда вафот этган Шайх Сирож Аҳмад ас-Сарҳиндий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб бўлиб, Конипурда 1295/1878 йили нашр этилган. У форс тилида битилган шарҳ ҳисобланади.

14) «Туҳфат ал-аҳвазий». Абдурраҳмон Муборакфурий раҳимаҳуллоҳнинг асари. У бугунги сохта салафийлар орасида жуда машҳур китоблардан бири ҳисобланади. Унинг муқаддимасида ҳадис илмига оид муҳим маълумотлар келтирилган. Бироқ муаллиф бемазҳабликка мойил бўлиб, мазкур асарида ҳанафийларга инсоф чегарасидан ташқари чиқиб таъна ва раддиялар бериб кетган. Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ ҳам «Найл ал-атвор»да ушбу асардан унумли фойдаланган. Агар ҳанафийларга қарши мутаассибона фикрлари бўлмаганда эди, мазкур шарҳ жуда фойдали асарлардан бўлиб қоларди.

15) «Ал-Кавкаб ад-дуррий». Рашид Аҳмад Гангуҳий раҳимаҳуллоҳ томонидан шогирдларига имло қилдириб тузилган шарҳ ҳисобланади. У зот Девбанд «Дор ал-улум» уламоларидан бўлиб, 1246 ‒ 1322 ҳижрий, 1831 ‒ 1905 милодий йилларда яшаганлар. Мазкур шарҳга шогирдлар томонидан бир қатор ҳошиялар ҳам ёзилган. Мазкур шарҳда «Сунан ат-Термизий»ни ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ тушунишда зарур маълумотлар келтирилган.

16) «Ал-Вард аш-шазий». «Шайх ал-Ҳинд» унвонига эга, 1268 ‒ 1339 ҳижрий, 1852 ‒ 1921 милодий йилларда яшаб ўтган Мавлоно Маҳмуд ал-Ҳасан раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган шарҳ. Лекин у ҳам Аллома ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ асари каби мухтасардир.

17) «Шарҳ Сунан ат-Термизий». Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ал-Қодирий ал-Ҳусайний раҳимаҳуллоҳ Мағриб уламоларидан бўлиб, 1350 ҳижрий, 1931 милодий йили вафот этган. У зот «Оби Замзам» тўғрисида ҳам алоҳида рисола битган.

18) «Ал-Арф аш-шазий тақрир «Жомеъ ат-Термизий». Ушбу шарҳ муаллифи Муҳаммад Анваршоҳ ибн Муаззамшоҳ ал-Ҳанафий ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у зот 1292 ‒ 1352 ҳижрий, 1875 ‒ 1933 милодий йилларда яшаганлар. Бу ҳанафий мазҳабидаги муҳим шарҳлардан ҳисобланади. Муаллиф «Сунан ат-Термизий»ни шарҳлашда ўзига хос йўл тутиб, ҳанафий ва шофеъий мазҳабларининг муайян масала доирасидаги далил ва фикрларини қиёсий ўрганган ҳамда ҳанафий мазҳабининг далил ва фикрлари устунроқлигини кўрсатган. Шориҳ ҳадис санади, матннинг лексик таҳлили ва ундан чиқариладиган фиқҳий ҳукмини қисқача таҳлил қилиб чиққан.

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ «Сунан ат-Термизий» асари охирида келтирилган «ал-Илал ас-сағир» асарига ҳам «Шифо ал-ғилал фий шарҳ Китоб ал-илал» номли шарҳ битганлар.

Китоб 1244/1828 йили Ҳиндистонда, 2004 йили Байрут шаҳрида «Дор эҳё ат-турос ал-арабий» нашриётида беш жилдда чоп этилган.

19) «Маориф ас-сунан». Ушбу шарҳ муаллифи Муҳаммад Юсуф ибн Муҳаммад Закариё ал-Ҳусайний ал-Ҳанафий ал-Баннурий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, 1326 ‒ 1397 ҳижрий, 1907 ‒ 1977 милодий йилларда яшаганлар. Олим уни ўзининг устози Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳнинг дарс жараёнида баён этган фикрларига асосланиб ёзганлар. Ушбу китоб ҳам ҳанафий мазҳабидаги муҳим шарҳлардан бири ҳисобланади. Муаллиф «Сунан ат-Термизий»даги ҳадис санадига тўхталмасдан, матннинг наҳвий таҳлили ва ундан чиқариладиган фиқҳий ҳукмда аҳли суннат ва жамоатдаги тўртта фиқҳий мазҳаб имомлари фикрларини қиёсий таҳлил этганлар. Шунингдек, муайян ҳадис бошқа ҳадис тўпламларида ҳам ривоят қилинган бўлса, улар санаб ўтилган. Қолаверса, Абу Исо ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг муайян ҳадис борасида қўллаган ҳадис атамаларига ҳам изоҳлар берилган. Бироқ асар «Ҳаж китоби»гача бўлиб, шунинг ўзи 6 жилдда нашр қилинган.

20) «Ал-Миск аз-закий» ва «Тақрири Термизий». Мазкур икки асар муаллифи 1280 ‒ 1362 ҳижрий, 1863 ‒ 1943 милодий йилларда яшаган Ашраф Али ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у зот Покистоннинг таниқли ҳанафий олимларидан биридир. «Ҳаким ал-умма» («Уммат донишманди») деган фахрий унвонга эга бўлганлар. Ўзларидан 1500 га яқин асар мерос қолдирганлар.

21) «Шарҳ Сунан ат-Термизий». Мағриб уламоларидан бири, Работнинг қўлёзмалар жамғармаси асосчиси, таниқли манбашунос олим Абдулҳай ал-Каттоний (1305 ‒ 1382/1888 ‒ 1962) раҳимаҳуллоҳ томонидан «Жомеъ ас-Сунан»га мазкур номда шарҳ битилган.

22) «Дарси Термизий» ва «Тақрири Термизий». Ушбу шарҳ муаллифи замонамиз фақиҳ ва муҳаддисларидан бири Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бўлиб, у урду тилида ёзилган. Унинг биринчи жилди муқаддимасида ҳадис илми, унинг тарихи, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва муҳаддислар ҳақида ўта муҳим маълумотлар келтирилган. Шунингдек, шориҳ Абу Исо ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва илмий меросига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Шарҳнинг муҳим хусусиятларидан бири ҳанафий мазҳаби доирасида таҳлил қилинганидир. Унда ҳанафийлик мазҳаби далиллари муфассал берилган, ҳанафийликка етказилган таъналар ва эътирозларга мукаммал жавоблар айтилган. Асарнинг аввалги 3 жилди «Дарси Термизий» деб аталган бўлиб, ибодат мавзуларидаги ҳадислар шарҳ қилинган. Кейинги 2 жилди «Тақрири Термизий» номи билан муомала масалалари, ижтимоий муаммоларга бағишланган ҳадислар изоҳланган.

Мазкур «Дарси Термизий» урду тилида, балки араб тилида ҳам битилган барча шарҳлардан ўзининг кенглиги, ҳанафий мазҳабининг далилларини ўзида тўплагани, бошқа мазҳабларнинг фикрлари ва уларнинг далилларига қониқарли жавоблар берилгани билан устун ҳисобланади. Мазкур шарҳ ҳанафий мазҳабининг ҳадис бўйича далилларини ўрганишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Муҳаммад Тақий ал-Усмонийнинг 50 дан ортиқ асарлари мавжуд бўлиб, улардан аксариятининг мавзуси замонавий фиқҳий масалаларга, жумладан, банк ва бошқа иқтисодий масалаларга йўналтирилган. Шунинг учун олим бутун дунёда исломий иқтисод бўйича энг етук мутахассислардан бири сифатида танилган.

 23) «Дуруси Термизий». Ҳиндистоннинг Саҳоранпур шаҳридаги «Мазоҳир ал-улум» номли машҳур мадрасанинг бош мударрисларидан бири Мавлоно Раисуддин ал-Мазоҳирий раҳимаҳуллоҳ томонидан 4 жилдлик «Дуруси Термизий» деб аталган мазкур шарҳ талабаларга маъруза жараёнида тўплаб борилган. Ҳар бир ҳадиснинг урдуча таржимаси, ҳадиснинг батафсил шарҳи, кейин уни далил қилганларнинг фикрлари, унга қарши бўлган томоннинг фикрлари, охирида ҳадис санадида келтирилган ровийларнинг таржимаи ҳоллари зикр қилинган. Шарҳнинг аҳамиятли томони ‒ ҳозирги кундаги ваҳҳобий, салафий сингари тоифаларга раддиялар, ҳанафий олимларнинг уларга қарши айтган фикр ва далиллари бирма-бир келтириб борилган.

24) «Ташриҳоти Термизий». Давримиз олимларидан Камолиддин Мустаршид раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган 7 жилдлик «Ташриҳоти Термизий» савол-жавоб тарзида тузилган бўлиб, тўрт мазҳаб фиқҳига далил бўлган ҳадислар, уларга ҳанафийларнинг жавоблари қандай бўлиши кабилар бирма-бир ёритилган. У ўзидан олдинги «Сунан ат-Термизий»га битилган ўн битта шарҳдан фойдаланиб ёзилган.

25) «Туҳфат ал-алмаъий». Ҳиндистоннинг таниқли ҳадисшуносларидан бири, Девбанд «Дор ал-улум» мадрасасининг шайх ал-ҳадис мударриси Муҳаммад Саид Боланпурий раҳимаҳуллоҳ томонидан «Туҳфат ал-алмаъий» номли 8 жилд қилиб нашр қилинган шарҳ. Ўзига хос жиҳати шуки, унда Имом ат-Термизийнинг яна иккита асари ‒ «Шамоил ан-набавия» ҳамда «Китоб ал-Илал» асарлари ҳам шарҳ қилинган. Бундан ташқари, олимнинг «Раҳматуллоҳи-л-восиъа» номли 5 жилдлик асари ҳам шуҳрат қозонган.

Бугунги кунда Покистон ва Ҳиндистон мадрасалари, ислом университетларида буюк ватандошимиз Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг учта асари ‒ «Сунан ат-Термизий», «Шамоил ан-набавия» ҳамда «Китоб ал-Илал» муттасил ўқитиб келинади. Шунинг натижасида мазкур асарларга нисбатан қизиқиш жуда кучли. Уларнинг ҳар бирига бир неча муҳим шарҳлар битилган. Айтиш даркорки, бу шарҳлар ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига мувофиқ битилгани билан ажралиб туради ва улар ана шу жиҳатидан араб юртларида битилган шарҳлардан кўра афзалликларга эга. «Сиҳоҳи ситта» – олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламлари орасида «Сунани Термизий»да ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ келувчи ҳадислар кўп учрайди. Мазкур асарни ҳанафий мазҳаби, мотуридий таълимотига уйғун ҳолда шарҳлаш ишлари эса Ҳинд-Синд диёрларида ҳозирги кунимизгача тўхтамай давом этиб келмоқда. Ушбу шарҳларни тадқиқ ва таҳлил этиш буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини илмий ўрганишда аҳамиятли экани шубҳасиздир. Шунинг учун биз ҳам қўлингиздаги мазкур шарҳда уларнинг асарларидан унумли фойдаландик.

Дунёнинг кўплаб олимлари «Сунан ат-Термизий»дан олиб мустақил равишда қисқартма ва сайланмалар битганлар. Жумладан, улардан учтаси ҳақида манбаларда маълумот келтирилган:

1) «Мухтасар Жомеъ ат-Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи Нажмуддин Сулаймон ибн Абдулқавий ибн Абдулкарим ал-Бағдодий ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, 657 ‒ 716 ҳижрий, 1259 ‒ 1316 милодий йилларда яшаганлар. У зот «Ибн ас-Сарсарий» куняси билан танилганлар.

2) «Мухтасар Жомеъ ат-Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи 729 ҳижрий, 1329 милодий йилда вафот этган Нажмуддин Муҳаммад ибн Ақил ал-Болисий аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳдир.

3) «Ал-Мунтақот». Унда «Сунан ат-Термизий»дан юзта узун ҳадис танлаб олинган. Мазкур асар муаллифи «Салоҳиддин ал-Алоий» номи билан шуҳрат қозонган, 694 ‒ 761 ҳижрий, 1295 ‒ 1359 милодий йилларда яшаган Абу Саъид Халил ибн Кекалди ад-Димишқий раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади.

 

✍️  Ҳамидулла Аминов- Тарих фанлари номзоди,

Ҳикматуллоҳ Абиев- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази  Манбашунослик бўлими илмий ходими 


 

Izoh qoldirish