Сайид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий илмий меросида тавбанинг мақоми
Буюк мутафаккир олим ва ориф зот – Сайид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий илмий меросидаги барча қарашлар Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан сероб бўлган. “Маориф” асаридаги матнларнинг маъно-мазмуни қалб поклиги, мушоҳада поклиги ва луқма поклигига қаратилган бўлиб, инсонларни гўзал ахлоққа чорлайди. Мутафаккир илмий меросида бошқа мавзулар қатори “тавба” мавзуси ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
“Тавба” сўзи луғатда “қайтиш” ва “бурилиш” маъноларини билдиради. Гуноҳдан бурилиб қайтган, уни бутунлай ташлаган бандага нисбатан “тавба қилди” дейилади. Уламолар истилоҳида гуноҳдан айнан унинг гуноҳ бўлгани учун, зарарли нарса деган ўй билан эмас, балки унга яна қайтмасликка азму қарор қилган ҳолда узилиб чиқишга «тавба» дейилади. Гоҳида истиғфор ҳам тавба каби маънони англатади.
Кўплаб ориф зотлар ва сўфийлар тавба истилоҳи ҳақида тўхталиб ўтган. Жунайд Бағдодий айтадилар:
“Тавбанинг уч маъноси бор: биринчиси – надомат, иккинчиси – Аллоҳ қайтарган нарсага қайтишни тарк этишга азму қарор қилиш, учинчиси – зулм қилишдан воз кечиш”. У киши яна айтадилар: “Тавба – Аллоҳдан бир йўла юз ўгирганинг каби У Зотга бир йўла юзланишингдир”. Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустирий айтадилар: “Тавба – “Энди қилмайман”ни тарк қилишдир”.
Бинобарин Сайид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ўз асарида тавба ҳақида қуйидагиларни ёзади:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир киши бир гуноҳ иш қилиб, орқасидан дарҳол: “Эй Роббим! Гуноҳимни мағфират қил”, деса, шунда У табарока ва таоло: “Бандам гуноҳ қилиб гуноҳини мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди. Дарҳақиқат, сени мағфират қилдим”, - деди”.[1] Қуръони каримда айтилишига кўра: “...Бу эса, эсловчиларга эслатмадир”[2], яъни пок кишиларнинг тавбаси шундайдир. Токи гуноҳкорлар тавба қилишсин деб, пок кишиларнинг тавбаси қабул бўлиши ўзи бир эслатмадир. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:
У зот: “Ким жони ҳалқумига келгунча тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади”.[3]
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Одам боласининг ҳолига вой! У гуноҳ қилади ва кечирилиши учун менга тавба қилади ва Мен ҳам кечираман. Кейин у яна гуноҳ қилади ва кечирилиши учун менга тавба қилади ва Мен ҳам уни кечираман. Шунда у гуноҳ қилишдан тўхтамайди, лекин у Менинг раҳматимдан ҳам умидини узмайди. Эй Фаришталарим! Гувоҳ бўлинглар, Мен уни мағфират қилдим”.[4]
Ҳазрати Оишадан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда, Пайғамбар алайҳиссалом: “Гуноҳ уч қисмдир, баъзи гуноҳлар борки, Аллоҳ ўша гуноҳларни кечиради. Баъзи гуноҳлар ҳам борки, кечирилмас. Кейин баъзи гуноҳлар борки, ҳеч бир нарсани тарк этмас. Аллоҳнинг кечирадиган гуноҳларидан бири – банданинг ўз нафсига қилган зулмдир. Зероки, бу Аллоҳ ва банда ўртасида содир бўлган. Аллоҳ таоло кечирмайдиган гуноҳ эса, Аллоҳга ширк келтирмоқдир. Дарҳақиқат, Қуръони каримда шундай дейилади: “...Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қиладир ва унинг турар жойи дўзах бўладир... ”[5] Бандалар тарк этиши мушкул гуноҳлардан бири бандаларнинг бир-бирига қарши исён қилишлари саналади ва бу “ҳаққул-абд”, - дейилади.[6]
“Он кас, ки илм жўяд аз дил бар ў гирйи,
В-он кас, ки ақл жўяд аз он бад-у биханд.
Ту жавҳариву ҳар ду жаҳон мар туро араз,
Жавҳар, ки аз араз талабанд ҳаст нописанд”[7].
Мазмуни: Қалбдан сидқу ихлос билан илм изловчи кишига йиғла. Жондан юзаки ақл изловчи кишига эса кулгин. Сен бир жавҳарсан, икки олам эса сенга бир мато кабидир. Араздан (зоҳирдан) жавҳар излаган кишининг иши яхши бўлмас.
“Нашавад жон ба ҳарфи Қуръон беҳ,
Нашавад буз ба буж-бужи фарбеҳ”.[8]
Мазмуни: Қалб Қуръоннинг ҳарфлари (юзаки ўқиш) билан яхши томонга ўзгармайди. Чунки буж-бужи дейиш билан эчки семирмайди”.
Бу сўзларга эътибор қаратадиган бўлсак, барчаси инсон камолотига қаратилган. Инсон фитрати хато қилишга мойил бўлганлиги учун ҳар куну тун тавба қилиши лозим. Шу сабабли тавба инсонни Аллоҳ таолога мақбул банда бўлишига сабабчи бўлади.
Хулоса, “Маориф” асарида мутафаккир тавбани жамият ҳаётида муҳим омил эканлигини баён этиб, тавба билан қалблар ором олиши, одамлар ҳаёти фаровон бўлиши ва энг муҳими Аллоҳ таоло ҳузурида банда мақом топиши каби неъматларга мушарраф бўлишини таъкидлаб ўтади.
✍️ Каромиддин Жамаҳматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбашунослик бўлими бошлиғи
[1]Бу ҳадиси шариф учун қаранг: Бухорий. Тавҳид. 8/178; Муснад, 2/296, 405, 492.
[2]Қуръони карим. – Ҳуд сураси, 114 оят.
[3]Бу ҳадиси шариф учун қаранг: Жамиус сағир, 2/167; Канзул уммал, 4/19199, 10443; Муснади Аҳмад, 5/362; Кунузул ҳақаиқ. – Б. 100.
[4]Бу ҳадиси Қудсийниннинг ўхшаш ривояти учун қаранг: Доримий. Риқоқ. 2/322.
[5]Қуръони карим. – Моида сураси, 72 оят.
[6]Бу ҳадиси шариф учун қаранг: Жоми ус-сағир, 2/17; Канзул уммал, 4/10311; Муснади Аҳмад, 6/240; Ҳоким. Мустадрак.
[7]Бу шеър айнан Мавлона Жалолиддин Румийнинг “Фиҳи ма фиҳ” номли асарида ҳам зикр қилинган. – Теҳрон. – Б. 280.
[8]Бу байт Ҳаким Саноийнинг “Ҳадиқа” номли асаридан келтирилган. – Б. 177.
Izoh qoldirish