01.12.2021

ҲАҚИҚИЙ ҲИЖРАТ НИМА?

Эзгулик дини бўлган Ислом дини кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка, бағрикенгликка, миллатлараро тотувликка тарғиб қилади.

Араб тили луғатида "Ҳижрат" сўзи,  “бирор нарсани тарк этиш, «бир нарсадан қалбан ва жисмонан узилиш»,  «бир жойни ташлаб бошқа жойга кўчиб ўтиш» каби маъноларда ишлатилади.

Ислом тарихига назар солсак Пайғамбаримиз саллaллоҳу алайҳи васаллам дастлаб Маккада қийинчилик билан бўлсада ислом даъват қилдилар. Натижада, баъзиларнинг қалблари ислом нури билан мунаввар бўлиб таскин топди. Аммо,  кейинчалик вазият янада оғирлашгач Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳижрат қилишни буюрди. Дастлаб саҳобалар ва кейинчалик Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам Мадина шаҳрига ҳижрат қилдилар яъни кўчиб ўтдилар.

Ҳижрат қилувчилар эса муҳожир бўлиб, Қуръони каримда улар ҳақиқий мўминлар, Аллоҳ ҳузурида уларнинг даражалари буюклиги ҳақида бир қанча оятлар билан мадҳ этилди. Жумладан, Анфол сурасининг 74-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَالَّذٖينَ اٰمَنُوا مِنْ بَعْدُ وَهَاجَرُوا وَجَاهَدُوا مَعَكُمْ فَاُو۬لٰٓئِكَ مِنْكُمْؕ

«Кейинроқ имон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга (ёв билан) курашганлар, айнан ўшалар (ҳам) сизлардандирлар».

Қуръони каримда бу каби оятлар яъни Аллоҳ ва унинг расулининг йўлида ҳижрат қилиш  ҳақидаги кўплаб оятларни учратиш мумкин. Хўш Қуръони карим ва суннати набавийядаги ҳақиқий ҳижрат шуми? Аллоҳ йўли ва Расулининг йўлидан мурод аслида нима эди? Бугунги баъзи «тўдалар» даъво қилаётган,  мусулмонларни  ватангадо, олисларда хору зор қилаётганлар томонидан илгари сураётганлар ўз манфаатлари йўлида талқин қилаётган ҳижрат бу бутунлай нотўғри талқиндир. Зеро, кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда ҳақиқий ҳижрат нима эканлиги кўрамиз. Масалан Аллоҳ таоло Мудассир сурасининг 5-оятида шундай марҳамат қилади.

وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْۙ

«Нопокликлардан узоқ туринг»

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина ҳадисларида «ҳақиқий ҳижрат» ҳаром, гуноҳ ва ёмон амалларни  тарк этиш, «ҳақиқий муҳожир» эса булардан ўзини тийиб, Аллоҳга итоат қилувчи ва қуллик қиладиган киши эканлигини таъкидлаганлар.

«Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилувчидир» (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Ёки бошқа бир ҳадисда Расулимиз алайҳиссалом: “Асл мужоҳид Аллоҳга тоат қилишда ўз нафси билан жиҳод қилган кишидир, Ҳақиқий муҳожир эса хато ва гуноҳларини тарк этган кишидир” (Ибн Ҳиббон ривояти), дея марҳамат қиладилар.

Шунингдек, яна бошқа бир ривоятда:

“Бир киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ё Расулуллоҳ! Қайси ҳижрат фазилатлироқдир» дея сўради: Расулуллоҳ эса «Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилишингдир» дея жавоб бердилар” (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Дарҳақиқат,  ҳар доим гўзал динимиз инсонни покликка, тўғриликка, ҳақ йўлга тарғиб қилиб келган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ҳижрат, яширин ва ошкора барча фаҳш ишларни тарк этиш, намоз ўқиш ва закот беришдир. Шу ишларни қилсанг, турган жойингда вафот этсанг ҳам, сен муҳожирсан”.

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, юқоридаги Анфол ва Муддассир сураларида қайд этилганидек, ёмонликларни ташлаб, бутун вужудингиз билан Аллоҳга ибодат қилиш, тақво қилиш, Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳижрат қилиш демакдир. 

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз айтадилар “Фитна ва бузғунчиликлар пайтидаги ибодат мен учун ҳижратдир” (Имом Муслим ривояти).

Умуман олганда ушбу ҳижрат борасидаги оят ҳамда ҳадислардан маълум бўладики, Аллоҳ ман қилган гуноҳларни тарк этиб, Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш ниятида «Аллоҳ йўлида» ҳижрат қилган «муҳожир» мўмин бўла олади.

Афсуски, ҳозирги кунда ислом динининг муқаддас тушунчалари бўлмиш «ҳижрат»ни ўз манфаатлари йўлида фойдаланувчилар гўёки, ““ҳижрат” қилиб кетганлар қилган ҳижратларидан қайтишлари гуноҳ бўларкан”, “ҳижратларини тарк этмоқ дуруст эмас экан” шунга ўхшаш фитнали асоссиз гаплар авж олиб бораётганлиги ҳам жуда аянчлидир. Бунда ўзимиз ва ўзгаларни ҳам огоҳ этиб бу фитналарга алданмасликка чақириб қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

 

✍️ Музаффархон Жониев,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи, (PhD).


 

Izoh qoldirish