ШУКР-НЕЪМАТЛАРНИ ЗИЁДА ҚИЛУВЧИ ФАЗИЛАТДИР
Бугунги кунда юртимизда халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқароларнинг яхши ҳаёт кечиришлари учун муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ватандошларимизнинг ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.
Мана шундай обод юртда яшаётганлигимиз учун Аллоҳ таолога ҳамд келтирмоқ неъматларнинг зиёда бўлишига, ҳам руҳан, ҳам жисмонан баркамоллашувга олиб келувчи эзгу фазилатлардандир.
Шукр сўзи истилоҳда “миннатдорчилик билдирмоқ, мақтамоқ” деган маъноларни билдиради. Муқаддас динимизда шукроналик энг олий фазилатлардан, инсонийликнинг юксак кўринишларидан бири сифатида улуғланади. Жумладан, Қуръони каримдаги "Бақара" сурасининг 172 оятида: “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар ва агар Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилувчи бўлсангизлар, У зотга шукр қилингиз!”, дейилган. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган ризққа қаноат қилса, унга шукроналик келтирса, албатта унинг насибаси янада зиёда бўлади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек: “Кимга тўрт нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Булар: солиҳа аёл, зикр айтувчи тил, балоларга сабр қилувчи бадан ва шукр қилувчи қалб”.
VIII аср ислом илм-фанининг истеъдодли олими, адаб илмининг билимдони ҳисобланган Абдуллоҳ ибн Муқаффа ўзининг “Адаб ул-важиз” рисоласида шукр фазилатига, унинг инсонга келтирадиган улкан фойдаларига тўхталар экан, шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг берган неъмат ва инъомларига шукр қилмасанг, Яратганнинг марҳаматига сазовор бўла олмайсан. Шундай экан, ҳар доим Аллоҳ таолонинг ҳадсиз марҳаматидан сенга насиб қилган ризққа шукр қил. Шунинг учун Яратган сенга ато этган неъматлари, туҳфаларига ҳамиша шукр ва ҳамдлар келтиришда ижтиҳодли бўл”.
Мазкур ҳикматлардан хулоса қилишимиз мумкинки, Яратганга шукр қилишни кўпайтириш, оғир ва синовли дамларда ҳам Унинг марҳаматидан умид узмаслик оқилларга хос бўлган фазилатлардан бўлиб, фаровон ҳаёт, руҳий мукаммаллик сари интилишга хизмат қилади.
✍️ Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими
Izoh qoldirish