18.12.2021

АБУ ИСО АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ “ЖОМЕЪ АС-СУНАН” АСАРИНИНГ ЎЗБЕКЧА ШАРҲИ ХУСУСИДА

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий (209-279/824-892) қадим Термиздан етишиб-чиққан бутун дунёга машҳур муҳаддислардан биридир. У зотнинг “Сунан ат-Термизий” номи билан танилган “Жомеъ ас-Сунан” асари бутун дунёга машҳур. Мазкур асар дунёнинг бир қатор тилларига тўла таржима қилинган. Бутун дунё олимлари уни тинмай тадқиқ қилиб келмоқдалар, у бўйича диссертациялар ёзмоқдалар.

Мазкур “Сунан ат-Термизий” асарининг сайланма шаклидаги таржималари, шунингдек, унинг 1-жилдининг изоҳли таржимаси ўзбек тилида ҳам эълон қилинган. Бироқ, буюк аллома ва муҳаддис бобокалонимизнинг мазкур шоҳ асари тўлиқ равишда ўзбек тилига таржима қилинган эмас. Гарчи Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан Абу Исо Термизий илмий меросини ўрганиш бўйича бир қатор қарор ва кўрсатмалар ҳамда тавсиялар берган бўлишларига қарамасдан, ҳар хил илмий лойиҳалар амалга оширилганига, илмий марказлар тузиш каби амалий ишлар қилинганига қарамасдан, халқимиз ҳалигача бу асар мазмунидан тўла хабардор эмас. Буюк аллома ва муҳаддиснинг мазкур тўплами тўлиқ равишда ўзбек тилига изоҳли шарҳлари билан таржима қилинган эмас эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги ПҚ-2774-сонли “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилиниб, Имом Термизий ва термизий алломалар меросини ўрганиш бўйича бир қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди. Бугунги кунга қадар мазкур Марказ томонидан бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Президентимиз томонларидан Абу Исо Термизий илмий меросини ўрганиш бўйича алоҳида кўрсатмалар ҳамда тавсиялар берилиши натижасида ҳар хил илмий лойиҳалар амалга оширилгани, илмий марказ тузиш каби амалий ишлар қилингани оқибатида халқимиз бу асар мазмунидан тўла хабардорлик бахтига мушарраф бўлиш арафасида турибди ─ Имом Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” номли тўпламининг ўн жилдлик илмий-изоҳли таржима ва шарҳининг дастлабки жилдлари тайёр бўлди.

Бу улуғ хизматни амалга оширишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари тарих фанлари номзоди, доцент Масъудхон Исмоилов, катта илмий ходим, тарих фанлари номзоди Ҳамидуллоҳ Аминов, илмий ходимлар Ҳикматуллоҳ Абиев ва Ботиржон Абдуллаевлар ўзларининг илмий салоҳиятлари ва таржимачиликдаги тажрибаларини ишга солдилар. Режалаштирилган мазкур кўп жилдлик илмий тадқиқотни кўздан кечириб, фикр-мулоҳаза билдиришлари учун таҳрир ҳайъати шакллантирилди.

Абу Исо Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” асарини ушбу шарҳи ота-боболаримиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ шарҳланган ўзбек тилидаги дастлабки илмий ишдир. Ундаги ҳар бир ҳадис изоҳланар экан, ҳадисшунослик ва ҳадис илмидаги илмий мезонлар ва қонун-қоидаларга тўла амал қилинди. Ҳар бир ҳадис ҳанафийлик мазҳабига кўра кўриб чиқилди ва ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ таҳлил қилинди. Мазкур шарҳда ҳанафийларнинг оят ва ҳадислардан иборат далилларининг катта захираси ўрин олганлигини алоҳида қайд қилиш ўринлидир.

Абу Исо Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” асари шарҳи кўп жилдли қилиб тайёрланиши мақсад қилинган. Қарийб 300 бетлик муқаддимада ҳадис илми, унинг тарихи, ҳадиснинг шариатда тутган ўрни, ҳужжат қилиниши, уни ҳужжат деб билмайдиган тоифаларга раддия, ҳадис китобларининг турлари, ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадис илмида тутган ўрни, Абу Исо Термизийнинг ҳаёти ва ижоди, у зотнинг “Жомеъ ас-Сунан” номли тўпламига битилган шарҳлар ҳақида батафсил илмий маълумотлар келтирилганлиги мазкур китобнинг илмий аҳамиятини оширган. Мазкур маълумотлар ҳадис илми тадқиқотчилари учун зарур қўлланма бўлиб қолиши шубҳасиз.

Китобдаги ҳар бир маълумотнинг қаердан олингани, қайси манбалардан истифода қилингани батафсил кўрсатиб ўтилганганлиги бу шарҳнинг илмийлик даражасини яна-да зиёда қилган.

Гарчи асардаги ҳадислар таржимаси, унда қўлланган атама ва истилоҳларнинг кўплиги ўқувчига бир мунча оғирлик қилса-да, бироқ, асар илмий доирадаги мутахассислар, толиби илмлар, ҳадисшуносликка қизиқувчи, шу хилдаги асарларни ўқиб юрган ўқувчиларга битмас-туганмас маънавий бойлик бўлиб қолишини умид қиламиз.

“Жомеъ ас-Сунан” асари батафсил шарҳ қилинар экан, унда икки юзга яқин манбадан, жумладан, Ҳиндистон ва Покистон диёри уламоларининг китобларидан фойдаланилганини қайд этиш ўринли. Термизлик буюк муҳаддис бобокалонимизнинг мазкур тўпламига кўпроқ шу юрт уламолари шарҳ битганлигига “Жомеъ ас-Сунан” асари шарҳларига бағишланган бўлимда ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шу билан бирга, ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидасига мувофиқ кўплаб шарҳлар мазкур диёр уламолари томонидан битилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз бўлади.

Ушбу шарҳда ҳадис матнлари тўлиқ таржима қилиниб, сўнг шарҳ ва изоҳлашга киришилди. Таржималарда ҳадисларнинг ровийлар силсиласи – санадлар тўлиқ берилди. Бу диний адабиётлар таржимашунослигида илк тажриба бўлгани боис ўқувчиларга ғализ туюлиши ҳам мумкин. Бироқ, санадлардаги “ҳаддасана” (“бизга ҳадис айтди”), “ахбарана” (“бизга хабар берди”), “..ъан” (“...дан ривоят қилинади”) каби сўзларнинг ҳадис илмида фарқи борлиги сабабли таржималарда ҳам шу хилда берилишига ҳаракат қилинди. Санаддаги ровийларни ўқувчиларга таништириб боришга катта аҳамият қаратилди. Чунки, ҳадиснинг ишончлилик даражаси, асосан, санаддаги ровийларнинг ҳолига боғлиқлиги ҳадис илмидан маълум.

Ҳадис матнлари шарҳ қилинар экан, ҳар бир сўз ва жумлаларга изоҳ бериб борилди. Ўқувчиларга айрим арабча матнларни ҳам таништириш мақсадида уларнинг кириллча ўқилиши ҳам берилган ўринлар мавжуд.

Таржима ва шарҳ жараёнида ҳадис илмидаги истилоҳ ва атамалар жуда кўп ишлатилди. Бу услубнинг илм толиблари ва мутахассисларга истилоҳ ва атамаларни қўллаш ва тушунишда фойдаси катта.

Марказий Осиё халқларининг минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ – аҳли суннат ва жамоат таълимотига уйғун ҳолда таржима ва шарҳ қилинишига катта эътибор берилди. Шу билан бирга, бошқа мазҳабларнинг далиллари ва уларга жавоблар, ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига таъна қилувчи ва шубҳага қўювчиларга ҳам раддиялар ўз ўрнида бериб борилди.

Хуллас, буюк муҳаддис Абу Исо Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” – “Сунан ат-Термизий” асарининг кўп жилдлик шарҳи ўзбекча диний адабиётлар нашри жараёнидаги илк тажриба бўлишига қарамасдан, толиби илмлар ва мутахассислар учун фойдали ва манфаатли бўлишига ишонамиз.

Мазкур манбанинг илмий-изоҳли таржима ва шарҳининг нашр этилиши бугунги кундаги ўта долзарбдир. Чунки, Абу Исо Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” асари ушбу ўзбекча шарҳида ота-боболаримиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ қилиб тайёрланишига катта эътибор қаратилган. Ундаги ҳар бир ҳадис изоҳланар экан, ҳадисшунослик ва ҳадис илмидаги илмий мезонлар ва қонун-қоидаларга тўла амал қилинган. Ҳар бир ҳадис ҳанафийлик мазҳабига кўра кўриб чиқилган, ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ таҳлил қилинган.

Имом Термизий ўзларининг “Жомеъ ас-Сунан” асари ҳақида: “Жомеъ ас-Сунан”ни ёзиб тугатгач, Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига кўрсатганимда, улар уни мамнунлик ила бир овоздан маъқул топдилар. Кимнинг хонадонида бу китоб, яъни “Жомеъ ас-Сунан” бўлса, гўёки унинг уйида Набий алайҳиссалом сўзлаётгандек бўлади”, деганлар. Бизнинг мақсадимиз ҳам ҳар бир юртдошимизнинг хонадонида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлаб, унга диндан насиҳат этиб туришларига муваффақ бўлишдир.

Нашр этилаётган мазкур ўзбекча шарҳдан намуна сифатида битта бобнинг ҳадислари шарҳини ушбу мақолада келтирамиз. Бу боб пайпоққа масҳ тортиш масаласи борасида бўлиб, айрим мазҳабни инкор қилувчилар ҳадисларни нотўғри тушуниб, пайпоққа масҳ тортиб кетаверадилар. Демак, мазкур масаланинг тўғри ечими ҳам ушбу шарҳимиздан ўрин олган бўлиб, уни сиз азиз ўқувчилар билан баҳам кўрамиз.

* * * * *

Етмиш тўртинчи боб.

Икки жаврабга ва наъл қоқилган оёқ кийимига масҳ тортиш ҳақида келган ҳадислар боби

  باب ما جاء في المسح على الجوربين والنعلين

[ 99 ] حدثنا هناد ومحمود بن غيلان قالا حدثنا وكيع عن سفيان عن أبي قيس عن هزيل بن شرحبيل عن المغيرة بن شعبة قال توضأ النبي صلى الله عليه وسلم ومسح على الجوربين والنعلين

قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح وهو قول غير واحد من أهل العلم وبه يقول سفيان الثوري وابن المبارك والشافعي وأحمد وإسحاق قالوا يمسح على الجوربين وإن لم تكن نعلين إذا كانا ثخينين

قال وفي الباب عن أبي موسى

قال أبو عيسى سمعت صالح بن محمد الترمذي قال سمعت أبا مقاتل السمرقندي يقول دخلت على أبي حنيفة في مرضه الذي مات فيه فدعا بماء فتوضأ وعليه جوربان فمسح عليهما ثم قال فعلت اليوم شيئا لم أكن أفعله مسحت على الجوربين وهما غير منعلين

(99) Бизга Ҳаннод ва Маҳмуд ибн Ғайлон ҳадис айтди. Иккаласи бизга Вакеъ ҳадис айтди деганлар. У Суфёндан, у Абу Қайсдан, у Ҳузайл ибн Шураҳбилдан, у эса Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан (ривоят қилиб, ҳадис айтган).

У: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олдилар ҳамда икки жаврабга ва наъл қоқилган оёқ кийимига масҳ тортдилар», – деган.

Абу Исо (Термизий) дейди: “Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадисдир. У аҳли илмлардан бир қанчасининг гапидир. Суфён Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқ раҳимаҳумуллоҳ шунга фатво берганлар. Улар наълли бўлмаса ҳам, агар қалин бўлса, икки жаврабга масҳ тортилади деганлар”.

(Абу Исо раҳматуллоҳи алайҳ): бу бобда Абу Мусо розияллоҳу анҳудан (ривоят) мавжуд деган.

Абу Исо (Термизий раҳматуллоҳи алайҳ): “Мен Солиҳ ибн Муҳаммад Термизийдан эшитдим”, – дейди. У Абу Муқотил Самарқандийдан эшитдим деган. У: “Мен Абу Ҳанифанинг вафот вақтидаги касаллигида олдиларига кирдим. Шунда у зот сув сўраб олиб, таҳорат қилдилар. Унда икки жавраб бор эди, бас, унга масҳ тортдилар. Сўнг: “Бугун ҳеч қилмаган нарсамни бажардим – икки жаврабга масҳ тортдим”, – дедилар. Иккови наълсиз эди”, – деган.  

Шарҳ. “Жавраб” деб пахта ёки жундан қилинган маҳси шаклидаги оёқ кийимга айтилади. Агар унинг уст тарафига тери қопланадиган бўлса, “мужалладайн” дейилади. Агар фақат ост тарафига тери қопланадиган бўлса, “мунаъъалайн” ёки “наълайн” дейилади. Агар маҳси тўлиқ теридан бўлса, “хуффайн” дейилади.

Агар жавраб мунаъъалайн ёки жавраб мужалладайн бўлса, шунингдек, хуффайн бўлса, бу ҳар учаласига ҳам, Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) наздларида, масҳ тортиш жоиздир. Агар жавраблар мужаллад ҳам, мунаъъал ҳам бўлмаса, яъни юпқа бўлса, яъни ҳозирги оддий пайпоқлардек бўлса, унга масҳ тортиш ба-иттифоқ ножоиздир. Агар жавраб мужаллад ҳам, мунаъъал ҳам бўлмасдан, балки “саҳинайн” бўлса, яъни қаттиқ жундан тўқилган бўлса, унга масҳ тортиш борасида ихтилоф бор. “Шарҳ ал-Виқоя”да: “Саҳинайн” – оёқда боғланмаса ҳам, ўзи турадиган қалин оёқ кийими”, – деб таъриф берилган [1, б. 23].

Қуйидаги учта шартни ўзида мужассам қилса, “саҳинайн” – қаттиқ жундан тайёрланган маҳсига масҳ тортиш жоизлигига ҳукм қилинади. Биринчидан, шаффоф – юпқа бўлмасин. Устига сув текизганда ичига ўтиб кетмасин. Иккинчидан, боғлаб қўйилмаган, ўзини ўзи ушлаб турадиган бўлсин. Учинчидан, унда юриш мумкин бўлсин, юрганда бўшаб ёки тешилиб кетмасин.

Мазкур шартлар топилган оёқ кийимига масҳ тортиш борасида ихтилоф бор. Жумҳур, яъни уч мазҳаб аҳли ва ҳанафийлардан соҳибайн – Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ва Муҳаммад Шайбоний раҳимаҳуллоҳ наздларида, шу шартларни ўзида жамлаган пайпоққа масҳ тортиш жоиздир. Имом Аъзам раҳимаҳулоҳнинг қавлларига кўра ножоиздир, унга масҳ тортиб бўлмайди. Бироқ Имом Аъзам раҳимаҳулоҳ ҳам умрларининг охирида буни жоиз деган эканлар. Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя” асарида: “Фатво шунгадир”, – дейилган [2, б. 61].

“Жомеъ ат-Термизий”нинг турли нусхалари мавжуд. Аллома Обид Синдий раҳимаҳуллоҳнинг нусхаларида қуйидаги нақл келтирилган:

“Мен Абу Ҳанифанинг вафот этган вақтидаги касаллигида олдиларига кирдим. Шунда у зот сув сўраб олиб, таҳорат қилдилар. Унда икки жавраб бор эди, унга масҳ тортдилар. Сўнг: “Бугун ҳеч қилмаган нарсамни бажардим – икки жаврабга масҳ тортдим”, – дедилар. Иккови наълсиз эди”.

 “Мажмаъ ал-анҳур”да Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ўз қавлларидан ружуъ қилиб, шогирдлари ва жумҳур уламоларнинг фиқҳий қарашларига қайтганлари ул зотнинг вафотларидан тўққиз ёки уч кун олдин содир бўлганлиги айтилган [3, Ж. 1, б. 111].

Аслини олганда, икки жаврабга масҳ тортиш ҳақида зикр қилинган ҳадисларнинг ҳаммаси заифдир. Бундан ташқари, хабари воҳид тарзида ривоят қилинган. Хабари воҳид билан эса Китобуллоҳга зиёда қилиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг китобида оёқни ювиш буюрилган (Моида, 6). Унга амал қилиш даркор. Айниқса, ҳозирги замонавий пайпоқ билан ўша пайтдаги қалин жаврабни фарқлаш зарур!

Ҳозирги кунда ҳадис илми ва усул илмларидан бехабар баъзи кишилар мусулмонларни мазҳабсизликка чақириб, Абу Ҳанифанинг гапига эмас, ҳадисга амал қиламиз деб оламга фитна уруғини сепмоқдалар. Афсуски, замондош ёш намозхонларимиз орасида ҳам улардан таъсирланганлари бор. Улар гўё мазкур бобда келган ҳадисга “суяниб” замонавий юпқа пайпоққа ҳам масҳ тортиб юришибди. Уларга юқорида келтирилган далилларимизни яхшилаб ўқиб чиқишларини тавсия этамиз.

Икки маҳсига масҳ тортиш ҳадиси эса мутавотирдир. Хуффайн ҳадислари мутавотир бўлгани эътиборидан Китобуллоҳга зиёда қилса бўлади, яъни оёқни ювмасдан маҳсига масҳ тортса бўлади.

Ҳадиснинг иккинчи қисми “наълайн”га масҳ тортиш хусусидадир. Такрор айтишимиз мумкинки, наълайн, одатда, жаврабайннинг устига кийилади. Жаврабайнга масҳ тортилган пайтда қўл наълайнга ҳам тегади. Бу ерда Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг мақсадлари наълайнга масҳ тортиш бўлмаган. Аммо ровий буни наълайнга масҳ тортиш деб таъбир берган, эҳтимол.

Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) юқорида биз кўриб чиққан ҳадисни ҳасан-саҳиҳ деганлар. Бироқ тадқиқотчилар мазкур ҳадиснинг иснодини таҳқиқ қилиш борасида Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ “тасомуҳ” – бағрикенгликка йўл қўйганлар дейдилар. Чунки бошқа муҳаддислар ушбу ҳадиснинг заифлигига иттифоқ қилишган. Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг маҳсига масҳ тортиш ҳақидаги ҳадислари олтмишдан ортиқ ровийлар томонидан ривоят қилинган. Шунинг учун Имом Байҳақий унинг заифлигини таъкидлар экан, муҳаддислардан Суфён Саврий, Имом Муслим ибн Ҳажжож, Абу Довуд, Яҳё ибн Маъин, Али ибн Мадиний, Абдураҳмон ибн Маҳдий, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ ва бошқа имомлар бу ҳадисни заиф деганларини нақл қилганлар [4, Ж. 1, б. 1260-1263].

Демак, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг бу ҳадисни “ҳасан-саҳиҳ” деб баҳолашларида, айтганимиздек, англашилмовчилик борга ўхшайди. Бу ҳадиснинг заифлиги иснодида келган икки нафар ровий сабабидандир. Улар Абу Қайс раҳимаҳуллоҳ ва Ҳузайл ибн Шураҳбил раҳимаҳуллоҳдир.

Бундан ташқари, мазкур бобда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят мавжуд бўлиб, унинг исноди ҳам заифдир [4, Ж. 1, Б. 1262-1263; 5, Ж. 1, б. 560]

Қолаверса, жаврабга масҳ тортиш ҳақида Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят бор, аммо унинг иснодида ҳам заифлик мавжуд [6, Ж. 17, б. 1061-1063]. Хулласи калом, жаврабга масҳ тортиш ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ва марфуъ ҳадис йўқ.

* * * * *

Хуллас, буюк муҳаддис Абу Исо Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” – “Сунан ат-Термизий” асарининг кўп жилдлик шарҳи ўзбекча диний адабиётлар нашри жараёнидаги илк тажриба бўлишига қарамасдан, толиби илмлар ва мутахассислар учун фойдали ва манфаатли бўлишига ишонамиз. Буюк муҳаддис юртдошимиз Абу Исо Термизийнинг 3956 та ҳадислар шарҳини ўзида жамлаган мазкур ҳадис тўплами шарҳининг нашр этилиши юртдошларимиз, айниқса, илм-маърифатга чанқоқ ёшларимиз учун муносиб маънавий туҳфа бўлади. 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.  Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн тож аш-Шариъа ал-Бухорий. Шарҳ ал-Виқоя. – Ҳиндистон, 1844.

2.  Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. Ж. 1. – Лакнау: Юсуфий, 1902.

3.  Абдурраҳмон Шайхзода. Мажмаъ ал-анҳур. Ж. 1. Ал-Мактабат аш-шомила, 2006.

4.   Байҳақий. Ж. 1.

5.  Ибн Можа. Ж. 1.

6.   Табароний. Ж. 17.

✍️ М. Исмоилов, Ҳ.Аминов, Ҳ.Абиев, Б.Абдуллаев

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари 


 

Izoh qoldirish