ИБН МУҚАФФА ИСЛОМ ИЛМ-ФАНИНИНГ ЕТУК НАМОЯНДАСИ
Шарқ, хусусан ислом илм-фанининг тараққиётида мусулмон оламида яшаб ижод этган мутафаккирларнинг хизмати беқиёсдир. Айниқса, VIII асрда фаолият юритган мусулмон файласуфлари ва таржимонларининг илмий фаолиятлари ислом илм-фанида юнон, форс, ҳинд ва бошқа юксак цивилизацияга эга бўлган халқлар илмий-фалсафий ютуқларининг кириб келишига сабаб бўлди. Натижада ислом уммати жаҳоннинг юксак маданиятга эга бўлган халқлари эришган илмий ютуқлар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Ушбу файласуфларнинг олд қаторида ҳозирги Эроннинг Ферузобод шаҳрида туғилиб ўсган олим, таржимон ва файласуф Абдуллоҳ ибн Муқаффа туради. Ибн Муқаффа ниҳоятда серқирра олим бўлиб, китобат, таржима санъати, ислом адаб илмининг тараққиётига беназир ҳисса қўшган алломадир. У ўзининг таржима санъатидаги маҳорати туфайли асосан юнон ва форс фалсафасига оид нодир асарлар билан танишиш имкониятига эга бўлди. Бу эса мутафаккир фалсафий дунёқарашининг шаклланишида ҳал қилувчи омил бўлди.
Ибн Муқаффанинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, ислом ахлоқининг асосий тамойилларини ўзида сингдирган адаб илмига асосий эътибор қаратганлигини кўрамиз. Олим ўзининг “Адаб ул-кабир”, “Адаб ус-сағир”, “Адаб ул-важиз” каби асарлари орқали адаб илми ривожига катта ҳисса қўшган бўлса, “Рисолат ус-саҳоба” рисоласи орқали эса ислоҳотчилик ғояларининг ривожланишини бошлаб берди. Мазкур асарлари орқали мутафаккир сиёсат ва ахлоқ илмининг ўзаро алоқадорлиги, ушбу икки соҳа бир-бири билан ҳамкорлик қилмасдан ривожлана олмаслигини кўрсатиб берди. Жумладан, “Адаб ул-кабир” асарининг иккинчи қисми “Султонлик одоби” деб номланиб, унда ибн Муқаффа ҳукмдорни саховат, мурувват, олижаноблик, жасорат каби ахлоқий хислатларни ўзида мужассамлаштирган, юксак ахлоқли шахс сифатида тасаввур қилади. Ушбу асарнинг яна бир аҳамияти шундаки, унда муаллиф дўстлик тушунчаси орқали жамият ижтимоий ҳамкорлик ғоясига таянмасдан ривожлана олмаслигини, дўстликнинг инсон ҳаётидаги бебаҳо аҳамияти ҳақидаги ҳикматларни келтирган.
“Адаб ул-кабир” асарининг мантиқий давоми ҳисобланган “Адаб ус-сағир” асари ҳажм жиҳатдан кичикроқ асар бўлиб, унда фалсафанинг марказий тушунчаларидан бири ҳисобланган – ақл, унинг инсон маънавий қиёфасини шакллантиришдаги роли, диннинг давлат, жамият ва халқ ҳаётидаги аҳамияти борасида ҳикматлар келтирилади. Эътиборли жиҳати шундаки, ибн Муқаффа ақл ривожи учун адабнинг аҳамиятига урғу бериб, ушбу икки тушунча бир-бирисиз манфаат келтирмаслигини таъкидлайди.
Умуман олганда, ибн Муқаффанинг асарларида илгари сурилган фалсафий ғоялар жамият ва шахс ривожига йўналтирилган бўлиб, бошқарув тизимида фаолият юритувчилар учун ахлоқий-маънавий ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ўзига хос қўлланма бўлиб хизмат қилади.
✍️ Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими
Izoh qoldirish