06.01.2022

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАР УЛАМОЛАРИМИЗ ТАЛҚИНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони каримда ва баъзи ҳадисларда шундай оят ва иборалар борки, уларнинг зоҳирий маъносига суянилса Аллоҳ таолога муносиб бўлмаган қусурли ақида ва тушунчалар келиб чиқади.

Муташобиҳ оятларини изоҳлашда аҳли суннанинг аввалги салафи-солиҳ олимлари билан кейинги халаф уламоларининг орасида икки хил услуб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бахтли замонларда яшаган салафи солиҳларимиз муташобиҳ оятларни зоҳиридан таъвил қилмас, шу билан бирга уни тушунишда Аллоҳ таолони ҳеч бир махлуқотига ўхшатмас, кайфияти ҳақида ҳеч бир сўз айтмас ҳам эдилар. Бироқ, замонлар ўтиб, эътиқодий талаб юзасидан муташобиҳ оятларни таъвил йўли билан изоҳлашга эҳтиёж туғилди. Муташобиҳ оятларга таъвил йўли билан маъно берилмаса унинг зоҳирига асосан ташбиҳ, тажсим ақидалари шаклланиб қолиш эҳтимоли юқорилаб кетди. Аҳли суннанинг салаф уламолари, дин ҳимоячилари зарурат юзасидан таъвил йўлини танладилар. Уларнинг мақсади—авом халқ Аллоҳ таоло ҳақида бўлмағур ақидага суяниб, адашиб қолмасин, деган хайрли мақсад эди холос.

«Ал-Фиқҳул Акбар»да айтдилар: Аллоҳ таолода “яд” –қўл, “важҳ” – юз бор, лекин қандайлиги суриштирилмайди, Аллоҳ таоло Қуронда зикр қилганидек, қисмларга бўлиниш ва бўлинмасликни тақозо қилмайдиган сифат бўлиб, Аллоҳнинг ғазаби ва ризоси кайфиятсиз сифатлардандир. Унинг ғазаби ва азоби уқубати, ризоси савоби, дейилмайди. «Ал Васия»да айтиладики: “Унга ҳожат бўлмасдан ва қарор топмасдан Аллоҳ аршга истиво қилди”.

Яна “Ал-Фиқҳул Акбарда айтиладики: Аллоҳ таолода яд (қўл) бор ва у муфрад яъни бирлик ҳолатида ворид бўлган, бунга мисол Аллоҳ таоло айтганидек:

يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ

“Аллоҳнинг қўли уларнинг қўлининг устидадир” ("Фатҳ" сураси 10-оят) кейингиси эса иккиликда келган:

 لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ

 “Икки қўлим билан яратганим учун” ("Сод" сураси 75-оят).

Шунингдек кўпликда ҳам келган:

وَالسَّمَاءَ بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ

 “Осмонни қўллар билан бино қилдик”. ("Зориёт" сураси 47-оят).

Унинг важҳи “وجه” юзи бор. Аллоҳ таолонинг гапида бўлгани каби:

وَيَبْقَىٰ وَجْهُ رَبِّكَ

  “Раббингзнинг юзи боқий қолур” ("Ар-Раҳмон сураси 27-оят)

فَأَيْنَمَا تُوَلُّواْ فَثَمَّ وَجْهُ ٱللَّهِ

 “Қаёққа юзлансангиз, Аллоҳнинг юзи ўша томондадир. ("Бақара" сураси 115-оят).

Мазкур оятларда қуйидаги ишоралар бор:

Биринчи ишора: кайфиятларни инкор қилиш, чунки кайфият ҳолат ва сифат маъносидадир.

Каломий истилоҳда: араз бўлиб, қисмларга бўлиниш ва бўлинмасликни тақозо қилмасликдир ва Алоуддин Ижийнинг «Ал-Мавоқиф»да келишича, булар тўрт қисмга бўлинади: сезиладиган кайфиятлар, нафсоний кайфиятлар, миқдорга хос кайфиятлар ва истиъдодий кайфиятлар. Ушбу кайфиятларнинг барчаси махлуқотларга хосдир, мусанниф шуларнинг барчасини мутлақ далолат билан инкор этилишига ишора қилган.

Иккинчи ишора: зикр қилинган муташобиҳ сифатлар умумий таъвил билан мажозий маъно берилган, кайфиятни инкор қилиш орқали шунга ишора қилинган.

Учинчи ишора: Шу сифатлардан умумий мазкурларнинг сони ўн еттига етади: Оятларда ворид бўлганига кўра:

 Ал-Ямин – ўнг қўл;

Ас-Соқ – поча;

Ал-Аъюн – кўзлар;

Ал-Жанб – ён;

Ал-истиво – эга бўлмоқ;

Ал-Ғазаб — ғазабланмоқ;

Ар-Ризо – рози бўлмоқ;

Ан-Нур.

Шунингдек, машҳур ҳадисларда ворид бўлганлари:

Ал-Каффу – қўл болдиргача;

 Исбаъайн – икки бармоқ;

Ал-Қадам — оёқ тўпиққача;

Ан-Нузул – тушмоқ;

Аз-Зиҳк – кулмоқ;

Суратур Раҳмон – Раҳмон шакли.

«Ал Абкор», «Ал-Мавоқиф»да булардан бошқалари ҳам келтирилган.

Имом Абу Ҳанифа «Ал-Васия»да айтдилар: «Аллоҳ аршга истиво қилди» – бу бутунлай кайфиятсиздир.

Шу билан бир қаторда Имом Молик ва Аҳмад раҳимаҳумаллоҳлар очиқ баён қилиб: истиво маълум, кайфият мажҳул ва у тўғрисида сўраш бидъатдир, дейишган.

        Биз юқорида айтиб ўтганларимиздан солиҳ салафларимиз наздида ақидадаги энг муҳим нарса ташбеҳ ва таътилдан узоқ бўлишлиги ошкор бўлади.

Камолиддин Аҳмад Баёзийзоданинг «Ишоратул маром» асари асосида тайёрланди

 

✍️ Аббосхон Абдуллаев- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази              Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими


 

Izoh qoldirish