ТИНЧЛИК НЕЪМАТИ
Аллоҳ таоло ўз бандаларига берган энг бебаҳо неъмат, албатта тинчлик ҳисобланади. Дарҳақиқат, Ислом дини, унинг номидан ҳам маълумки, тинчликни тарғиб қилувчи, осойишталикка даъват этувчи дин ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўз бандаларини ўзаро баҳамжиҳатликка, дўстлик ва ҳамкорликка, тинчликка даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро уришиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” ("Ҳужурот" сураси 9- оят.) деган. Яратганнинг ушбу муборак каломидан ҳам тинчликнинг нақадар бебаҳо, инсоннинг маънавий-маърифий, илмий ва ақлий ривожида беназир аҳамиятга эга эканлигини билиб олишимиз мумкин.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, барча илмий юксалишлар, Шарқда ва Ғарбда юз берган Уйғониш даврларининг асосида тинчлик омили турганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, IX-XII асрлардаги биринчи Шарқ Ренессанси, Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан соҳасидаги тараққиётга мамлакатда ўрнатилган осойишталик асос бўлиб хизмат қилди.
Ушбу неъматнинг қадрланмаслиги, асраб-авайланмаслиги натижасида эса жамиятлар, қудратли салтанатлар таназзулга юз тутган, минг-минглаб инсонларнинг ҳаёти барбод бўлган. Биргина XX асрда юз берган иккита жаҳон урушлари оқибатида инсоният ўз тарихида мутлақо кўрмаган азоб-уқубатларга, вайронагарчиликларга дучор бўлди.
Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримда тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, унга шукроналик келтириш борасида Яратувчи шундай деб марҳамат қилади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” ("Исро" сураси, 83-оят).
Бугунги глобаллашув даврида, мафкуравий хуружлар бутун дунё учун хавфли бўлиб бормоқда, турли вайронкор кучлар ёшлар онгини номақбул ғоялар билан зарарлашга ҳаракат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан муқаддас Ислом динидаги тинчликка, яхшиликка даъват этувчи тушунчаларни нотўғри талқин қилаётган, ушбу тушунчалардан ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланувчи кучларнинг хатти-ҳаракатлари, динни обрўсизлантиришга қаратилган ғояларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масаласи муҳимдир. Бу жараёнда тинчликни асраб-авайлаш, унинг моҳиятини бутун жамият онгига сингдириш янада долзарб аҳамиятга эгадир.
✍️ Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими
Izoh qoldirish