01.02.2022

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ ХИСЛАТЛАРИ

Бугунги глобалашув замонида, ёшларимизни бизлардан кўра доно, илмли бўлиши давр талабидир. Ватанимизда фарзандларимизни илмли бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Диний соҳада ҳам кўплаб сайтларимиз ёшларимизни маънавий юксалиши учун керакли таълимлар бериб бормоқда.

Аммо, Ватанимиз тарақиёти, равнақини кўра олмайдиган баъзи оқимлар ўзининг тузоғига маънавий  иммунитети шакланмаган ёшларни жалб қилмоқда. Бузғунчи ғоя тарафдорлари ўзларини бизлар Пайғамбаримиз хушхабар берган аҳли сунна вал жамоа миллатиданмиз деб, сохта даъволар тарқатмоқдалар. Аслида улар адашган оқим экани барча уламолар иттифоқи билан маълумдир. Шу сабаб, биз аҳли сунна вал жамоа миллатини хислатларини илмий асосда асослаб бермоқни лозим топдик. Чунки Муҳтарам прездентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Жаҳолатга қарши маърифат ”деган сўзларини яна бир бор ҳақ эканини амалда исботлаб бермоқчимиз. Масалан: “Ҳизбут таҳрир” оқими аъзолари аҳли суннанинг “Бандаларнинг феълини Аллоҳ яратади” эътиқодини тан олмасдан, Қуръон ва ҳадисга тескари бўлган ғояларини олдинга сурадилар. Бу билан ўзларини нажот аҳлидан эмаслигини ошкор қилиб қўймоқдалар.

Буюк муҳаддис Имом Термизийнинг “Сунан” китобида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

وَإِنَّ بني إسرائيل تَفَرَّقَتْ عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ مِلَّةً، وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِي عَلَى ثَلَاثٍ وَسَبْعِينَ مِلَّةً، كُلُّهُمْ فِي النَّارِ إِلَّا مِلَّةً وَاحِدَةً»، قَالُوا: وَمَنْ هِيَ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ: «مَا أَنَا عَلَيْهِ وَأَصْحَابِي»:

“Бани Исроил етмиш икки гуруҳга бўлиниб кетганлар. Умматим эса, етмиш уч гуруҳга бўлинади, фақат битта жамоъадан бошқа барчаси дўзахда бўлади”, – дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, улар кимлардир?” – дейишди. У зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир”, – дедилар”[1].

Ҳадиси шарифда дўзах азобидан нажот топувчи миллат ҳақида сўз юритилмоқда. Бу ҳақида уламолар баҳс юритиб, ниҳоят бу жамоа - Аҳли сунна вал жамоасидир, деб шарҳлаганлар. Бу  жамоа - у зот ва саҳобалар ҳамда тобеъинларнинг йўлларини маҳкам тутган жамоа бўладилар. Улар умматнинг энг яхши кишилари саналади.

Имом Ҳаким Самарқандий[2] ўзларининг “Саводул аъзам” китобида “Аҳли сунна вал жамоа”нинг хислатларини ҳанафий мазҳабига асосан бирма-бир баён қилган[3]. Қуйида уларни келтириб ўтамиз:

-      Аллоҳга иймон келтирганига шак келтирмаслик; (“Ин шаа Аллоҳ, мўминман” демаслиги);

-      Мусулмонлар жамоасига қарши чиқмаслик;

-      Яхши ёки ёмон (фосиқ) имомнинг орқасида намоз ўқимоқлик;

-      Аҳли қибла бўлган кимсаларни, модомики гуноҳни ҳалол санаб қилмаган бўлса, бирор гуноҳ туфайли кофирга чиқармаслик;

-      Аҳли қибла бўлган кимсаларни кичик ё катталарининг жанозасига иштирок этмоқ;

-      Тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан деб билиш;

-      Ноҳақ мусулмон кишига қарши қилич кўтармаслик;

-      Тақдирнинг яхши ва ёмонини Аллоҳ таъолодан деб билмоқ;

-      Масҳига сафар ва ватанда масҳ тортмоқни жоиз деб билмоқ;

-      Жумъа ва Ҳайит намозларини имомларига иқтидо этмоқ;

-      Имонни Аллоҳнинг неъмати деб билмоқ;

-      Бандаларнинг феълини Аллоҳ яратади деб билмоқ;

-      Қабр азобини ҳақ деб билмоқ;

-      Аллоҳнинг каломини ғайри махлуқ деб билмоқ;

-      Қабрда Мункар Накирнинг саволини ҳақ деб билмоқ;

-      Тирикларнинг вафот топганларга қилган дуо ва садақаларидан, вафот топганларга фойда етади деб билмоқ;

-      Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини ҳақ деб билиш;

-      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожларини ҳақ деб билиш;

-      Қиёматда ҳар бир бандани номайи аъмолини ўқишини ҳақ деб билиш;

-      Ҳисобни ҳақ деб билиш;

-      Тарозуни ҳақ деб билиш;

-      Сирот кўпригини ҳақ деб билиш;

-      Жаннат ва дўзахни ҳоло мавжуд деб билиш;

-      Аллоҳ таъоло қиёмат куни бандасини воситасиз ҳисоб-китоб қилмоғини билиш;

-      Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башорат берган саҳобаларни билиш;

-      Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин энг афзал киши эканини билмоқ;

-      Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин Умар розияллоҳу анҳу, кейин Усмон розияллоҳу анҳу, кейин Али розияллоҳу анҳу эканини  билмоқ;

-      Саҳобалар ҳақида беҳуда сўзламаслик ва уларни ғийбат қилмаслик;

-      Аллоҳ таъолонинг ғазаб ва ризо сифати бандалар сифатига ўхшамаслигини билмоқ;

-      Пайғамбарлар соллаллоҳу алайҳи васаллам мартабаси, авлиёлар мартабасидан афзаллигини билмоқ;

-      Авлиёлар кароматини ҳақ деб билмоқ;

-      Аллоҳ таъоло саъидни адли билан шақий, шақийни фазли билан саъид деб ҳукм қилишига ишонмоқ;

-      Иймон келтирмаганлар ақли Пайғамбарлар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўъминлар ақлига баробар эмаслигини билмоқ;

-      Аллоҳ таъолони ҳамиша яратувчи деб билмоқ;

-      Аллоҳ таъолони олим ва қодир деб билмоқ;

-      Гуноҳкор мўминларга гуноҳлари миқдорича дўзах азоби бўлишини ҳақ деб билиш;

-      Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган барча нарсаларни яратган ва кейин ҳам яратишини билмоқ;

-      Қуръон саҳифаларда ёзилган Аллоҳнинг каломидир, махлуқ эмаслигини билмоқ;

-      Аввалда хасм бўлиб, дунёдан мўъмин ҳолда вафот топган бандани ҳасанотларини Аллоҳ таъоло қиёматда қайтармоғини билмоқ;

-      Тоат тавфиқ билан, маъсият хузлон билан баробар деб билмоқ;

-      Иймон қалб билан тасдиқ ва тил билан иқрор қилишдир;

-      Қалб билан тасдиқ этиб, тил билан иқрор бўлмаса, диндан чиқади, тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқ этмаса, мунофиқ бўлади;

-      Аллоҳ таолони макон, замон, келиш ва кетиш каби сифатлардан холи деб билиш.

-      Аллоҳ таъоло махлуқотларидан биронтасига ўхшамаслигини билмоқ;

-      Касб қилмоқ баъзи вақтларда фарз эканини билмоқ;

-      Иймон ва амал бир-биридан бошқа эканини билмоқ;

-      Яхши ва ёмон кишининг иймони тенг эканини билмоқ;

-      Вафот топгандан сўнг қайта тирилмоқни ҳақлигига ишонмоқ;

-      Қиёматни ҳақ деб билмоқ;

-      Витр намозини уч ракат деб билмоқ;

-      Оз тўхтаб турган сувда таҳорат қилинмаслигини билмоқ;

-      Маҳси ечилгандан кейин оёқларни ювмоқ;

-      Иймон зиёда ва кам бўлмайди деб билмоқ;

-      Шайтонни лаънатланган деб билмоқ;

-      Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум жоҳилиятда бутларга сиғинмаган деб билмоқ;

-      Аллоҳнинг фарзлари муҳаббат сабабли бандадан соқит бўлмаслигини билмоқ;

-      Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмоқ куфр эканини билмоқ;

-      Ёмон хотимадан хавф қилмоқ;

Хуллас, аҳли сунна жамоасининг хислатларини, эътиқодимизда маҳкам тутсак, ёшларимизни соф Ислом ақидаси билан таништириб борсак, юртимизда турли хил ёт фирқаларга ўрин қолмайди. Фарзандларимиз онгида маънавий бўшлиқ пайдо бўлмайди.

Барчаларимизга Аллоҳдан тавфиқ ва ҳидоят сўраб қоламан.

✍️ Фаҳриддин Худойназаров - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими

_____________________________________

[1] Имом Термизий: “Жомеъ Термизий”5:26,2641-ҳадис.

[2] Ҳаким Самарқандий. Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Зайд Қозий ҳанафий фиқҳ ва калом илми шайхларидан. Имом Мотуридийнинг эн гтаниқли шогирди. Узоқ вақт Самарқандда қозилик қилган. Балх машойихларидан тасаввуф илмини ҳам ўрганган. Кўп асарлар ёзган, улардан “Саводи Аъзам”, “Имон” рисолалари машҳур.(335/946 ёки 342/953) йили Самарқандда вафот этган. Чокардизага дафн этилган.

[3] Абдулқодир Абдураҳим: “Эътиқод дурдоналари” 13.

Izoh qoldirish