АБДУРРАҲМОН ИБН ЖАВЗИЙ ФАЛСАФАСИ
Ибни Жавзий тахаллуси билан машҳур бўлган файласуф Абдурраҳмон ибни Али (508/1114)-санада Бағдодда таваллуд топган. Унинг ақида, фалсафа, адабиёт ва тилшуносликка оид юзга яқин таснифотлари мавжуд. Шу билан бирга тиббиёт соҳасига оид бир нечта рисолалари ҳозирги вақтда араб ўлкаларида табиблар томонидан манзурдир. Арабларда ажойиб бир мақол бор: Ал-балоу лил валои (бало кўпинча Аллоҳнинг севган бандаларига яқин бўлади). Шу сингари Ибни Жавзий ҳам умрининг охирларида туҳмат билан зиндонбанд қилинган. Хуллас Ибни Жавзий ҳақида қанча гапирса ҳам оз. Аммо бизнинг мақсадимиз маънавият мухлисларини у зотнинг дурдоналаридан баҳраманд қилиш.
Мен бир мажлисда: Менга ортилган нарса тоққа ортилса у кўтаришдан ожиз қолар эди, -дедиму, ўзимга ўзим савол бера бошладим: Бу гапни нима учун айтдим? Яна берган саволимга жавоб ҳам топдим. Менга юклатилган масулиятдан ожиз қолганим йўқ ва мажлисдаги гапимни шикоят учун ҳам айтмадим, балки елкамдаги масулиятни сезганим учун айтдим. Мендан олдин ўтган қанчадан қанча саҳобалар, тобиъийнлар ва уламолар ҳам: Кошки яратилмаганимда, дейишган, бу масулиятни сезишдан ўзга нарса эмас эди. Бундан ташқари кимда ким инсонийлик масъулиятини енгил деб ўйласа, у киши масъулият нима эканини билмабди.
Биласизми, баъзилар: Масъулият аъзоларни озиқлантириш ва меҳробда икки ракаат намоз ўқиш, деб ўйлашади. Бу жуда ҳам масъулиятга бефарқ ёндошиш. Аслида масъулиятни кўтаришдан тоғлар ҳам ожиз қолади. Масалан: Тақдир ақл етмаётган ҳолда келганини кўрсам, ақлимни тақдирга тан беришга ундадим ва шунда масъулият оғирлигини сездим. Ёшлик пайтимда илмга қизиқдим ва у билан машғул бўлдим, битта эмас барча фанларга қизиқдим, ҳимматим бир фанни иккинчисидан устун қўйишга йўл қўймасди, фанларни чуқур ўрганишга бел боғладим, замон эса бу нарсани сиғдирмас, умр қисқа, завқ эса кучли эди. Шу ҳолатда ожизлик билиниб қоларди. Мақсадга эришмаслик ҳасрат ва надоматни келтирди. Хуллас, илмга бўлган иштиёқим менга Аллоҳ таолони танитди ва хизматига ундади. Мен Илоҳий неъматларни кўра бошладим ва Аллоҳ таолога сифатлар билан уни танишга киришдим. Аллоҳ таолонинг лутфу карамини кўз олдимга келтирдим. Бу ҳолат мени унинг муҳаббатига чорлади, унинг хизматига холи бўлишга ундади. Аллоҳни эслаганимда нимадир вужудимни қамраб оларди. Хилватда унинг зикрини айтишлигим барча нарсадан ширин туюларди. Хуллас, мен барча ишлардан кечиб узлатга чекинганимда илм менга қараб: Қаёққа? Мен сенга Аллоҳни танишинг учун сабаб бўлдим-у, сен эса мендан қочасан, деди. Мен унга: Сен далил эдинг, мадлул (маъшуқ)га эришгандан сўнг далилга ҳожат қолмади, дедим. У эътироз билдириб, ҳечамда илминг қанча ортса, маҳбубингни танишинг зиёда бўлади, яқин бўлиш сирларини ўрганасан. Бугун қилган хато эртага билинади, Аллоҳдан Расулининг: Худоё, менинг илмимни зиёда қилган, деб сўрагани ёдингдами?
У гапида яна давом этиб,- Расули акрамнинг Алига: Эй Али! Аллоҳ сен туфайли бир кишини тўғри йўлга ҳидоят қилиши дунёнинг барча неъматларидан устун туради, деганларини эслагин, деди. Шу бўлди мен ушбу ички хитоблардан таъсирланиб яна илмга қайтишга аҳд қилдим.
✍️ Аббосхон Абдуллаев- Имом Теримзий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Izoh qoldirish