ҲАДИСЛАРДА НИКОҲ ВА ОИЛАВИЙ ҲАЁТ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оила аталмиш мустаҳкам қўрғонни бунёд этиш – бизнинг руҳий саломатлигимиз, қалбимиз қувончи ва муҳаббатимизни давом эттирадиган воситадир. Ҳар бир инсон турмуш қуриши мумкин, лекин ҳамма ҳам оила бўла олмайди. Мустаҳкам оила муҳитидаги хонадонда севги ва энг муҳими самимийлик ҳиди уфуриб туради. Буларнинг барчаси фақат турмуш ўртоқлар биргаликда бўлиши ва муносабатларни ҳассос ва мувозанатли тарзда сақлаб қолиши мумкин бўлганда содир бўлиши мумкин. Хўш, ислом бизга никоҳ ва оила бўлиш ҳақида нимани ўргатган?
Оила қуриш фақат никоҳ билан чекланиб қолмайди. Севги ва самимийлик бўлмаган хонадон фақат тўрт девордан иборат холос. Турмуш ўртоқлар ўзаро адолатли бўлишлари, оиланинг пойдеворини мустаҳкам қўйиш орқали нафақат дунёда, балки охиратда ҳам манфаат кўришлари учун ўз масъулиятини англаган ҳолда иш тутишлари керак. Шундагина оила бўлиш нимани англатишини тўлиқ тушунишингиз мумкин. Бу борада Раббимиз бизга жуда яхши насиҳат ва огоҳлантиришлар берган. Фақатгина Аллоҳ ва Унинг Расулининг кўрсатмалари билан никоҳ аталмиш муборак йўлдан осойишталикда юриш мумкин бўлади. Шу боисдан ҳам динимизнинг никоҳга бўлган нуқтаи назарини, унинг қадрини билиш энг муҳим бурчларимиздандир. Масалан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эр-хотин ўртасидаги тенгликни бир-бирини ҳурмат қилиш ва ишончни эътиборга олиши кераклигини таъкидлаганлар.
Видолашув ҳажида; «Эй инсонлар, эҳтиёт бўлинглар, Роббингиз бир, отангиз бир. Арабнинг ажамдан (араб бўлмаган) афзаллиги йўқ, ажамнинг арабдан, оқ танлининг қора танлидан, ёки қора танлининг оқ танлидан устунлиги йўқ, устунлик фақат тақво биландир», дея марҳамат қилдилар.
Парвардигоримиз ўз бандаларини фоний дунёга турли шакл ва шамоилларда юборган. Уларга бир-бирлари билан турмуш ўртоқ бўлишни, бахтли ва осойишта оилалар барпо этишни буюрган. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ ﴿٢١﴾
Унинг мўъжизаларидан (яна бири) — сизлар таскин топишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир. (Рум сураси, 21-оят).
Бир ҳадиси шарифда Расулимиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қиладиганларингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилувчи кишиман» (Имом Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир. Никоҳланинглар! Зеро мен (қиёмат кунида) бошқа умматлар олдида сизларнинг кўплигингиз билан фаҳрланман», деганлар (Ибн Можа ривояти).
Насиҳатгўй улуғларимиз эр ва хотинни бир бутуннинг икки ярми дея тасвирлайдилар. Қийинчиликларни бирга енгиб, яхши-ёмон кунларда бир-бирларининг ёнида бўлган турмуш ўртоқлар бир умр бир ёстиққа бош қўйишга ваъда беришади. Лекин энг гўзали улар биргаликда севиш ва севилишнинг турли синовларига гувоҳдирлар. Улар учун оила қуриш маънолироқдир. Чунки улар Аллоҳ томонидан бир-бирларига берилган омонат эканликларини билишади. Улар Аллоҳининг имтиҳонларини ўзаро оқибат ва сабр-тоқат билан енгиб ўтишади. Шунинг учун ҳам бу йўлга тушган ҳар бир мўминга Роббимиз ёрдам берган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида юрган ва уйланмаган ёшлар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Эй ёшлар! Уйланиш имконияти борлар уйлансин. Чунки уйланиш кўзни ҳаромдан қайтариш ва иффатни сақлашнинг энг яхши йўлидир. Уйланиш имкониятини топа олмаганлар рўза тутсинлар. Чунки, рўзада инсоннинг шаҳватини кетказувчи хусусият бор» (Имом Бухорий ривояти).
Бир-бирига муҳаббат ва самимият билан боғланган турмуш ўртоқлар ўзларининг бутун ҳаётларини энг чиройли тарзда қурадилар. Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу оталаридан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом Видолашув ҳажи йилида касаллигим кучайганидан кейин мени зиёрат қилгани келдилар. Молу мулкимдан садақа беришни айтганимда: «Аллоҳ ризолигини умид қилиб, оилангиз учун сарфлаган ҳар бир ишингизга, ҳатто аҳли аёлингизнинг оғзига солган луқмангиздан ҳам албатта ажр оласиз!» (Имом Бухорий ривояти).
Никоҳ – оила каби хавфсиз ва осойишта муҳитга эшик очиш демакдир. Иссиқ хонадоннинг ҳузуридан яхши бошқа ҳеч нарсада топиб бўлмайди. Турмуш ўртоқларнинг бир-бирлари билан дўст бўлишлари, Роббимизнинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечиришлари, ҳар хил қийинчиликларга бирга бардош беришлари жуда олий туйғу ҳисобланади. Шундай экан оила қуриш ҳам оилани барпо этишдек муҳим, чунки суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда шундай насиҳат қиладилар: «Мўмин киши мўмина аёлининг бирор хислатини ёқтирмаса унга нисбатан нафратда бўлмаслиги керак, унинг ҳар доим ўзига ёқадиган хусусияти бордир» (Имом Муслим ривояти).
Инсон ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири бўлган никоҳда излаш керак бўлган энг муҳим нарса – ҳар икки томоннинг диний ва ахлоқий фазилатларга юксак садоқатидир. Ана шу мезон асосида тузилган никоҳ нафақат бу дунёда тинчлик ва саодатга, балки охиратда ҳам абадий саодатга етаклайди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримда жаннатга кирадиган ана шундай бахтиёрлар ҳақида шундай дейилган:
هُمْ وَأَزْوَاجُهُمْ فِي ظِلَالٍ عَلَى الْأَرَائِكِ مُتَّكِؤُونَ ﴿٥٦﴾
«Улар ўз жуфтлари билан бирга сояларда, сўриларда суяниб ўтирурлар» (Ёсин сураси 56-оят).
Ҳар бир оила аъзоси, хоҳ эркак, хоҳ аёл, хоҳ кекса, хоҳ ёш, ўз масъулиятини бажарса, бошқаларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ўзиникидек қадрласа, оилани сақлаб қолиш мумкин бўлади. Бир оила бўлиб яшаш – ҳар қандай шароитда ўз манфаатларини эмас, балки оиланинг манфаати ҳақида ўйлашни талаб қилади. Пайғамбаримиз яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар: «Инсон ўз қарамоғидагиларни эътиборсиз қолдириши гуноҳ сифатида унга кифоя қилади», дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Бахтиёр жамиятни шакллантиришда энг муҳим вазифани зиммасига олган никоҳнинг чегара ва шартлари динимиз томонидан белгилаб берилган. Шунга кўра, исломда назарда тутилган никоҳ томонларнинг ўзаро розилиги ва кўнгил хотиржамлиги, гувоҳлар ва оила бошлиқларининг розилиги билан бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ҳаммага эълон қилиш, аёллар учун белгиланган маҳр каби шартларни бажариш керак.
Шунинг учун никоҳни доимо рағбатлантириш керак. Никоҳ йўқолса, жамият ҳам йўқолади. Ижтимоий ҳаётни мустаҳкам ва соғлом ҳолда сақлаш фақат шахсларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигини муҳофаза қилиш орқали мумкин. Шахсни ҳимоя қилиш зарур ижтимоий, маънавий ва ҳуқуқий чораларни кўриш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Бу ҳаётнинг барча соҳаларида бўлгани каби никоҳда ҳам мавжуд.
✍️ Музаффархон Жониев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи, (PhD).
Izoh qoldirish