ЭНГ КЎП ҲАДИС РИВОЯТ ҚИЛГАН УЧ САҲОБА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умрини динимиз ва Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига атаган улуғ саҳобаларнинг саъй ҳаракатлари натижасида муқаддас ислом динимизнинг асл манбалари ҳозирги кунимизга қадар асл ҳолда сақланиб қолди. Саҳобалар пайғамбарлик мақомидан келган ҳар бир маълумотни алоҳида жиддийлик ва эътибор билан тинглаганлар, сўзларини хотираларига муҳрлаганлар. Шу даражага етдики, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини энг тўғри йўл билан аниқлаш учун умрларини шу ишга бағишладилар.
Ушбу ўринда Қуръони каримнинг нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида жамланмаганига ҳам қисқача тўхталиб ўтсак.
Қуръони Каримни жамлаш, Аллоҳ таоло бу шарафни ҳаммадан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳофизларнинг саййиди, қалбларида Қуръон жамланганларнинг аввали эдилар. Ушбу шарафга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги танланган саҳобалардан ҳам бир нечалари муяссар бўлганлар.
Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини Жаброил алайҳиссаломдан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Сўнгра саҳобаи киромларга ўзларига қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай қилиб ёддан ўқиб берар, улар эса ушбу ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эдилар. Ўша пайтда Қуръони Каримни нақл қилиш асосан ёдлаш орқали бўлар эди.
Қуръони Каримни қабул қилиб олиш ва уни муҳофаза этишдаги энг асосий омил уни ёдлаш эди. Бунинг ўзига хос сабаблари ва ҳикматлари бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобалардан кўплари Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Бу ҳақда ҳадисларда баъзи маълумотлар ҳам келган.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анас ибн Моликдан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни ким жам қилган? деб сўрадим. «Тўрт киши, ҳаммалари ансорлардан: Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд», деди». (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Шунингдек ҳадис ривоятида ҳам мазкур ҳофизи Қуръон саҳобалар каби кўплаб баъзи саҳобалар етакчилик қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган саҳобаларга «ал-Муксирун», яъни кўп ҳадис ривоят қилганлар дейилади. Жумладан мазкур энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Оиша онамиз, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Саид ал-Худрий рoзияллоҳум анҳумлардир.
Баъзи саҳобалар Расулуллоҳни тарк этмай, узоқ вақт бирга бўлишсада, оз сонли ҳадис ривоят қилганлар. Бунга уларнинг давлат ишлари, жангу жадаллар билан машғуллиги ёки эрта вафот этганлари сабаб бўлган. Масалан, Пайғамбаримизнинг содиқ дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу кўпроқ халифалик ишлари билан машғул бўлганлари ҳамда бошқа саҳобаларга қараганда бироз эрта вафот этганлари учун у кишидан бизгача етиб келган ривоятлар сони камроқ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 5374 та ҳадис ривоят қилганлар. Муксирунлар орасида биринчи ўринда турган ушбу саҳобадан 800 га яқин ровий ҳадис ривоят қилган.
Улуғ саҳоба қўйларни ўтлатиб юрганида топган мушукчаларини этакларига қўйиб, улар билан ўйнаганлари учун «Абу Ҳурайра» лақабини олганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳир, деб ҳам чақирардилар. Вақт ўтиши билан ушбу лақаб у кишининг исмларидан ҳам олдинга ўтди. Милодий 628 йилда Туфайл ибн Амр Давсий воситасида мусулмон бўлган саҳоба Мадинага борган кунларидан бошлаб ўзларини бутунлай исломга бағишладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга бўлиб, ҳеч бир замон дунё ҳою ҳавасларига мойил бўлмадилар. Ҳатто жанглардан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан ўлжадан улуш хоҳлайсанми, деб сўраганларида, Аллоҳ у зотга ато этган илмдан бирор нарсани ўргатишларини сўрадилар.
Исломни кеч қабул қилганлари учун йўқотган вақтни тўлдириш мақсадида очликдан ҳушларидан кетсаларда, Масжиди Набавийдаги суффани тарк этмас эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадис илмига берган аҳамияти ва қизиқишларини қуйидагича изоҳладилар: “Муҳожирлар бозорда тижорат билан, ансорлар боғларида зироат билан машғул бўлиб турганларида мен қорнимни тўйдирадиган нарсага қаноатланиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларида бошқалар ҳозир бўлмаганларида мен ҳозир эдим, улар ёд олмаганларида мен ёд олар эдим” (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 2630 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдуллоҳ энг кўп ҳадис ривоят қилган ва энг кўп фатво берган саҳобалардан эдилар. У киши оталари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан исломни қабул қилганлар.
Пайғамбаримиз вафотларидан кейин у зотга бўлган меҳр-муҳаббатларидан намоз ўқийдиган жойларини ўрганиб, у ерда намоз ўқиганлар, юрган йўлларида юрганлар, сояланган дарахтларининг тагида ўтириб, қуриб қолмаслиги учун суғориб турганлар. Пайғамбаримизнинг қайноғаси бўлишлари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга У зот билан янада яқин бўлиш шарафини берди. Шу боисдан ҳам ушбу саҳоба Пайғамбаримизнинг бошқа кўплаб саҳобаларнинг кўриб, эшита олмайдиган хатти-ҳаракатлари ва сўзлари мусулмонларга етказилишига катта хизмат қилдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг энг муҳим хусусиятларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир сўзларини айтиб беришга ниҳоятда эҳтиёткор бўлганлар ва уларни ўхшаш сўзлар билан алмаштиришга ҳеч қачон йўл қўймаганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ каби саҳобалар Анас ибн Сийрин, Ҳасани Басрий, Саид ибн Мусайяб, Нофеъ, Мужоҳид, Товус каби тобеинлар Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг энг машҳур талабаларидир.
Яна бир машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 2286 та ҳадис ривоят қилганлар.
Анас ибн Молик Пайғамбаримизнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларидан ўн йил олдин дунёга келганлар. Ушбу саҳоба ансорийлардан бўлиб, Ҳазраж қабиласидан эдилар. Пайғамбаримизга ўн йил хизмат қилган ва энг кўп ҳадис ривоят қилганлардан бўлмиш Анас ибн Молик «Ходимун Набий» (Пайғамбар хизматкори) номи билан ҳам машҳур бўлганлар.
Анас ибн Молик ўн ёшга тўлганларида Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилдилар. Анас ибн Молик ҳам Пайғамбар алайҳиссаломни катта ҳаяжон билан кутиб олган мусулмонлардан эдилар. Мадинада мусулмонлар ўртасида Расулуллоҳга хизмат қилиш ва у зотга совға-саломлар беришда ўзига хос гўзал бир рақобат бор эди. Анас ибн Моликнинг оналари Умму Сулайм камбағал бўлиб, Сарвари коинотга ҳадя бера олмаганидан ғамгин эдилар. Бир куни ўғлининг қўлидан ушлаб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келдилар. Оналари: "Ё Расулуллоҳ, мен бир камбағалман. Сизга ёрдам бергим келади лекин ҳеч нарсам йўқ. Бу менинг ўғлим. Ёрдам ва хизмат қилиши учун уни Сизга қолдираман. Уни қабул қилинг", дедилар.
Умму Сулаймнинг илтимосини Расулимиз рад этмадилар. Шу кундан бошлаб Анас ибн Молик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга вафотларигача ўн йил хизмат қилдилар. У зот Пайғамбаримизга хизмат қилган вақтларини шундай тасвирлаганлар: “Мени бирор қилмаган ишим учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Нега буни қилмадинг?» ёки қилган ишим учун: «Нега бундай қилдинг?» демас эдилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик Пайғамбаримизни жуда ҳам яхши кўрар, У зотга янада гўзал хизмат қилиш учун жуда кўп ҳаракат қилардилар. Ҳаммадан олдин уйғониб, Расулуллоҳнинг хизматларида бўлиш учун масжидга борганлар. Қачонки рўза тутишни ният қилган бўлсалар, саҳарлик тайёрлаб, У зот билан бирга бомдод намозини ўқиганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматига кирганларидан кейин ҳар куни бомдод намозини бирга ўқидилар. Анас ибн Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қолар, хизмат қилиб, бўлгач кечқурун Қубодаги уйларига қайтардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узоқ вақт хизматларида бўлишлари, ўта ақлли ва кучли хотирага эгаликлари у зотнинг энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар қаторига киришига, Пайғамбаримиз суннатларини етказиш орқали мусулмонларга катта хизмат қилиш имконини яратди. Ҳадислари асосан Расулуллоҳнинг ҳоллари ва ҳаракатлари ҳақидадир.
✍️ Музаффархон Жониев -
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи, (PhD).
Izoh qoldirish