07.02.2022

ХАСТА ЗИЁРАТИ – МУСУЛМОННИНГ МУСУЛМОНДАГИ ҲАҚҚИ

Бемор бўлган дўст ва яқинларини зиёрат қилиш мусулмон кишининг муҳим фазилатларидан бўлмоғи лозим. Бирор киши касал бўлса, у заифланади ва ғамхўрликка муҳтож бўлади. Руҳий ва жисмоний ҳолати аввалгидек бўлмайди. Унинг ҳар доимгидан ҳам кўпроқ оиласи, қариндошлари ва дўстларига муҳтожлиги ортади. У уларнинг ёнида бўлишларини хоҳлайди. Шунинг учун қариндоши касал бўлиб қолса, мусулмон киши тезроқ унинг зиёратига бориши керак.

Мусулмонга мусибат ёки касаллик икки сабабга кўра келади. Аллоҳ таоло бандасини берган дард билан синаш учун касал бўлишига изн беради. Бундай ҳолатда мўмин ўзига келган мусибатга сабр қилади ва Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Шу тариқа у ҳам Роббига қилган шукрини адо этади. Унга тушган касаллик унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Хасталигига сабр қилгани учун Аллоҳ томонидан мукофотланади. Аллоҳ таоло Қуръон каримда: "(Эй, Муҳаммад), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: "Парвардигорингиздан қўрқингиз!" Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат — жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур" (“Зумар” сураси 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлиб қолган саҳобаларини зиёрат қилиб, шифо сўраб дуо қилар эдилар. Дарҳақиқат, Ислом беморни зиёрат қилишни мусулмоннинг бошқа бир мусулмон биродаридаги ҳаққи деб билган ва буни бажариш лозимлигини таъкидлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар. «Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули!?» дейилди. «Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени таклиф қилса, унга ижобат қил, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар». (Бешовлари ривоят қилганлар).

Бирор киши бемор мусулмон биродарини зиёрат қилмоқчи бўлса, унга қулай вақтда ташриф буюриши керак. Беморга дам олиш керак бўлганда ноқулайлик туғдирмаслиги керак. Иложи бўлса, беморнинг ёнида ўтириб, унга Аллоҳдан шифо сўраши керак. Ташриф қисқа бўлиши керак ва агар мавжуд бўлса, беморнинг эҳтиёжлари қондирилиши керак. Касаллик — бу офат. Мусибат вақтида мусулмонлар бир-бирига яқинроқ бўлишлари керак.

Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор. У ҳам бўлса, улар келиб, беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукми бўйича, бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари беморнинг олдидаги бурчлари ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам қайси бир дин қардошимизнинг бемор бўлганини эшитсак, уни кўргани боришга шошилишимиз керак бўлади. Ўша биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз, уни бориб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилишимиз лозим бўлади.

Имом Термизий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бир мусулмон ўзининг мусулмон биродарининг касалини кўргани борса, жаннат мевалари ичида бўлади», дедилар», дейилган.

Демак, бир бемордан ҳол сўраб борган киши унинг ёнидан кетгунича яхшилик ичида бўлар экан. Бундан беморни зиёрат қилиш учун кетган вақт саодатли вақт экани келиб чиқади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб, савоб умидида мусулмон бемор биродарини кўргани борса, дўзахдан етмиш куз масофасига узоқлаштирилади», дедилар. «Эй Абу Ҳамза, куз нимадир?» дейилди. «Йил», деди». (Абу Довуд ривоят қилганлар)

Бу ҳадиси шарифда бемор кўриш учун боришга қаттиқ тарғиб бор. Чунки дўзахдан бир киши етмиш йил йўл юриб, кесиб ўтадиган масофага узоқлашиш ҳар ким учун катта бахтдир.

Ислом дини одамлар ўртасидаги муносабатларни энг майда деталларигача тартибга солган. Улардан бири қўшнининг ҳаққидир. Қўшниларнинг бир-бирига нисбатан кўп ҳуқуқлари бор. Шулардан бири қўшниси касал бўлса, уни зиёрат қилишдир.

Зиёрат давомида беморнинг аҳволини тўғри сўраш керак. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, бу беморнинг қариндошлари учун жавоб бериш жуда қийин савол ҳисобланади. Меҳмон беморнинг қариндошини қийнаб қўймаслиги, аксинча, улар учун дуо қилиш ва ташрифини қисқа тутиши лозим.

Ҳаётимизда ушбу кўрсатмаларга амал қилиб яшасак, охиратимизда ҳам самарасини кўрар эканмиз.

✍️Музаффархон Жониев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи, (PhD).

Izoh qoldirish