ҒАЗАБ ҚИЛМАНГ!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَيْسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعَةِ، إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَمْلِكُ نَفْسَهُ عِنْدَ الْغَضَبِ
“Кучли инсон рақибини мағлуб қилган киши эмас, балки ғазабланганда ғазабини енга олган кишидир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Кучли одам ўзидан заифроқ одамни осонгина мағлуб этади. Айниқса, қандай курашишни билса, рақибини қийинчиликсиз енга олади. Лекин нафсни енгиш куч билан қилинадиган иш эмас. Унинг ўзига хос усуллари бор.
Яъни, динимиз мақтаб, қадрлайдиган мардлар пойга ёки курашда рақибини мағлуб қилган киши эмас, балки нафсини гина ва ғазабга тўлган пайтда ёмон сўз ва хулқ-атвордан тия оладиган марддир.
Мазкур ҳадис, бир томондан, ташқи рақиблар билан курашишдан кўра, ички рақибларимиз билан курашиш қийинроқ эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан, уларнинг ҳис-туйғуларини ва жасоратни инкор этмасдан, уларни яхши томонга йўналтиради. У мўминларни ғазабдек хавф-хатар билан юзма-юз келганларида сабр-тоқат қилишга ундайди. Айниқса, мард бўлган, қаҳрамонликдан завқланиб, буни жисмоний куч кўрсатиш, деб ҳисоблаганларни асл қаҳрамон кимлиги ҳақида огоҳлантириб, ҳар бир мўминни ана шундай қаҳрамонликка чорлайди. Бошқа томондан, жаҳлимиз чиққанда, Аллоҳ таолонинг биздаги қудрати бизнинг кучимиз ва ғазабланган одамимиз устидан бўладиган қудратимиздан устун эканлигини унутмаслигимиздан огоҳлантиради. «Энди бу нодонни кечирмасам, эртага қиёматда Аллоҳ мени кечиришидан қандай умидвор бўлай», дейишимизга даъват қилади. Бундан ташқари, бизнинг ғазабланишимиз қанчалик тўғри эканлигини ва биз ғазабланган одамнинг қандайдир асослари бор-йўқлигини қайта кўриб чиқишимиз керак.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Менга насиҳат қилинг”. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Дарғазаблик ва қизиққонлик заифлик аломатидир. Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлсада, ғазаб туфайли мағлубиятга юз тутади. Шунинг учун кучлиликка фақат жисмоний қувват билан эмас, балки, ўз ўрнида ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади. Ғазаб ақлнинг кишанидир. Ақлнинг аскари заиф бўлса, шайтоннинг аскари кучли бўлади. Инсон қанча кўп ғазабланса, шайтон уни худди ёш бола тўпни ўйнагандек қилиб ўйнашга ўтади. Аждодларимиз бежизга «Ғазаб телбаликка олиб боради» ёки «Ғазаб – ақл чироғини ўчириб қўядиган кучли шамолдир», дейишмаган.
Ҳасан Басрий айтадилар: «Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш».
Ғазабланмаслик, ғазабланганда кечиримли бўлиш – инсоннинг энг олий ахлоқий қадриятларидандир. Буюк Парвардигоримиз ана шу юксак фазилатга эга бўлиш учун ҳаракат қилишни буюради. Лекин, шак-шубҳасиз, золимни кечириш, ғазабни бошқаришни қабул қилиш ва уни қўллаш жуда қийин иш. Ғазаб ахлоқий камчиликлардан биридир. Инсондаги ғазабнинг ҳаддан ташқари даражаси – бу фалокатдир. Ғазабланган пайтда одам тўғри ўйлай олмайди.
✍️ Музаффархон Жониев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи, (PhD)
Izoh qoldirish