01.03.2022

СУННАТ ВА ҲАДИСНИ ИНКОР ЭТУВЧИ ТОИФАЛАРГА РАДДИЯЛАР (2-қисм)

Ҳадис ва суннатга танқид ва таъна қилувчи тоифалар томонидан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарига кўпроқ эътиборни қаратилиши аслида бутун ҳадис манбасини заифлаштиришга қаратилган бош мақсад деб ҳисоблаш мумкин бўлади. Зеро, бу асарнинг мусулмонлар ҳаётида қанчалик қадрли экани, ҳадис асарларидан биринчи, Қуръони каримдан кейин иккинчи манба эканлиги танқидчиларига яхши маълум. Мақсад асосий китобга нисбатан мусулмонларда шубҳани пайдо қилиш, асарни ҳадис илмидаги ҳайбатини заифлаштириш, натижада ҳадис ва суннатни шариат манбасидан секинлик билан чиқариб ташлашга қаратилган хатарли мақсаддан бошқа нарса эмас.

Тарихда ўтган ва ҳозирги давргача давом этиб келаётган тоифа, оқим ва шахсларнинг ғояси таҳлил қилинганда, ҳадис ва суннатга тана қилиш, танқидий ўрганиш ҳамда ҳадисларни инкор этишдан кўзланган қўйидаги асосий мақсадларни кўришимиз мумкин:

Қуръони каримдан кейинги ислом шариатининг асоси бўлган ҳадисни заифлаштириш, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқариш, энг ишончли ҳадис тўплами бўлган “Саҳиҳ ал-Бухорий”га нисбатан шак-шубҳани пайдо қилиб, шу асосида ислом дининингасоси бўлган бир манбани  заифлаштиришдан иборат.

Ҳар хил тоифалар ўзларининг ботил ақидаларини ривожлантириш мақсадида ҳам саҳиҳ ҳадисларни рад этаётганини кўриш мумкин. Муътазилий ва қадарийлар томонидан шафоат, қабр азоби, қадар, Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида келган саҳиҳ ҳадислар рад этилади ёки бу каби масалаларга оид ҳадислар заиф саналиб эътиборсиз қолдирилади. Чунки, бу мавзуларга оид саҳиҳ ҳадислар уларнинг ақидавий қарашларига муносиб келмайди. Хорижийлар томонидан ҳам ўз қарашларига мухолиф келган кўплаб саҳиҳ ҳадислар ўз даврида рад этилган. Булардан бошқа ақидада адашган, ботил ақидани тўғри деб билган оқимларда ҳам айнан шу методларни кўриш мумкин бўлади.

Аҳли сунна жамоасига нисбатан ҳийла ишлатиш уларни тўғри йўлдан оздириш, ўзларига эргашувчиларни кўпайтириш мақсадида ҳам ҳадис ва суннат рад этилади ёки уларни иснодини заиф қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинади. Уларнинг асоси мақсадлари мусулмонлар қалбида саҳобийлар, суннат ва ҳадисга бўлган ишончни йўқотиш ва ислом душманлари томонидан ишлаб чиқилган ҳадисга нисбатан шак-шубҳани кучайтириш.

Исломда эҳтиёт бўлиш шиори остида қуръонийлар томонидан олиб борилаётган тарғиботлар. Улар томонидан асоси масдар Қуръон турганда ҳадис ва суннат мутлақ асос бўлмайди деб, шариатда далил сифатида Қуръонни ўзи ҳадисларсиз кифоя қилади деган даъвони қилишади. Бу каби қарашлар ислом ва мусулмонлар учун катта хатар, алдов ва фитнадан бошқа нарса эмас.

Мусулмонлар ҳаётини янгилаш, эски меросдан тозалаш, янгича яшашни тақдим этиш фонида, исломдан узоқлаштириш мақсад қилинган. Аслида ислом шариати шундай мукаммал-ки, то қиёматгача келадиган замон ва маконларга мутоносиб ва мувофиқ келади. Ундаги ҳукмлар жамият тараққиёти ва инсоният бирдамлиги учун доимо тўғри йўлни кўрсатадиган илоҳий кўрсатмалардан иборат.

Мусулмонлар ҳаёт турмуши, уларнинг одоб-ахлоқи ва маданиятига ғарб маданиятини киргизишни хоҳловчилар. Бу тоифалар ҳам исломдан ўзга маданият, инсониятни жаҳолатга етакловчи қарашлардан қайтарадиган ҳадисларни рад этади ва бу қарашлар ўтмишда қолган деган ғояни сингдириб бориш билан тарғибот олиб боради. Бу ғояларни ақлонийлар ва ҳаддосийлар илгари сўради.

Суннат ва ҳадисни шариатдаги ўрнига ҳасад қилувчи ва мусулмон умматини Расулуллоҳ (с.а.в.)га бўлган муҳаббатини тасаввур қила олмайдиган исломофийлар ҳам ҳадис ва суннатга қарши доимий ҳаракат олиб боради.

Бутун умрини ҳадис илмига бағишлаган, 40 йил илм сафарида бўлган буюк муҳаддисни бу борада амалга оширган ишларини инкор этиш, саҳиҳ ҳадисларни заиф деб топиш, муҳаддиснинг қувваи ҳофизаси, тақво ва зуҳдига шубҳа билан қараш учун у зотлардек ёки улардан зиёдроқ ишларни амалга оширган бўлиши лозим бўлади. Муҳаддиснинг энг яқин шогирди “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари унинг буюк хизмати сабаб кейинги давргача етиб келган муҳаддис Абу Юсуф Фирабрий устози Имом Бухорийдан шундай ривоятни келтиради: “Мен биронта ҳадисни саҳиҳ китобимга ғусл қилиб, таҳорат олмасдан киритмадим”, деганлар[1]. Имом Бухорий ўзининг саҳиҳ асарини ёзиши тўғрисида: “Саҳиҳ китобимни ўн олти йил ёздим ва олти юз минг ҳадислар ичидан танлаб олдим. Мен бу китобимни Аллоҳ ва ўзим ўртамда ҳужжат қилдим” деди[2]. Шунингдек, Имом Бухорий саҳиҳ асарини ёзиб бўлгандан кейин ўз замонасини энг улуғлари бўлган муҳаддисларга китобни кўрсатиб олган. Улар машҳур муҳаддислар Али ибн Маъданий, Яҳё ибн Муъин, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар бўлган. Мазкур муҳаддислар “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни кўриб, синчиклаб текширишган ва “Бу китобдаги ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ ва тўртта ҳадисларда эътироз бор” деган. Имом Бухорий кейин бу ҳадисларни санад ва матнини кўриб чиқиб айтилган ҳадисларни қайта таҳрир қилган. Имом Ўқайли: “Бу сўз Имом Бухорийнинг ўзини сўзи бўлиб, унинг китоби саҳиҳдир” деди[3].

Имом Нававий айтади: “Бутун уламолар Қуръони каримдан кейин энг саҳиҳ китоблар Имом Бухорий ва Муслимларнинг саҳиҳ китобларига иттифоқ қилишган. Бу эътирофни бутун уммат шак-шубҳасиз қабул қилган. Имом Бухорийнинг китоби Муслимнинг китобидан саҳиҳроқ ва манфаатлироқ”[4].

Ибн Салоҳ айтади: “Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг саҳиҳ китоблари бутун уммат томонидан саҳиҳ деб эътироф қилинган ягона китобдир. Ҳадис илми ҳофизи Дорқутнийга ўхшаш соҳа олимларитомонидан баъзи танқидий фикрлар берилган”[5]. Аввалги даврда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ асарларига баъзи муҳаддислар томонидан танқидлар билдирилган. Уларнинг мақсади ҳадисларнинг ишончли ва саҳиҳлигинимуҳофаза қилиш, икки буюк имомни ҳадис илмидаги амалга оширган ишларини мукаммал қилиш бўлган. Улардан: Имом Дорқутний (385 в.й.), Ҳофиз Исмолий (371 в.й.), Абу Ҳотам, Абу Заръа ва бошқалар бўлган[6].

Ибн Ҳажар Асқалоний айтади Имом Дорқутний “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида 18 та ҳадисга нисбатан танқид билдирган[7]. Унинг танқиди асосан ҳадисларни саҳиҳлик қийматини ошириш бўлиб, муҳаддис ва асарга нисбатан ғаразли мақсад бўлмаган. Умумий саҳиҳ асарига берилган танқидлар ўрганилганда қуйидаги жиҳатларига эътибор қаратилган:

Ҳадислар ровийсига нисбатан ихтилофлар, санадда ровийни зиёда ёки кам кўрсатилиши сабабидан баъзи ҳадисларда заифлик, муаллақ ривоят қилиниши бўлиб, бу ҳадислар бошқа санаддаги ҳадислар билан саҳиҳ саналган;

 баъзи ҳадис ровийларининг санадда ўрни алмашиб қолишибу ҳадиснинг саҳиҳлигига зарар қилмаслиги таъкидланган;

Ҳадислар санадига зиёда ровийни қўшилиб қолганлиги бу иллат ҳам ҳадисларни бошқа ҳадис ва санад билан солиштирилганда саҳиҳлигига далолат қилса ҳадис саҳиҳ ҳисобланади;

ҳадислар санадига ривояти заиф бўлган ровийни келтирилиши бу икки ҳадисда 37 ва 43 ларда учраганлиги қайд этилган. Бу ҳадислар ҳам бошқа ҳадис санадлари билан саҳиҳ саналган;

ҳадисларни ёлғон ривоят қилишлик билан танилган баъзи ровийларни санадда келтирилиши;

баъзи ҳадислардаги матнларни ўзгариши каби танқидлар бўлиб, бошқа санаддаги матн билан қиёсий ўрганиш натижасида “Саҳиҳ ал-Бухорий”да мазкур ҳадисларнинг саҳиҳлигига нисбат берилган. Бу танқидлар тўғрисида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарига ёзилган “Фатҳул Борий фий шарҳи Саҳиҳи ал-Бухорий” шарҳининг муаллифи, муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалонийнинг яна фикри:“Албатта ҳақиқат шуки “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарига нисбатан билдирилган бу танқидлар билан Имом Бухорий айбланмайди. Муҳаддис асарини таълиф этганда бу каби иллатлар кўринмаган. Агар бу иллатлар кўринганда ўз китобида баён қилар эди. Чунки бу ҳадисларнинг асли маъруф, матни бошқа ровийлар туруқи билан машҳур, ҳадисларда мавжуд иллатлар бошқа ҳадислар билан мувофиқлаштирилса улардаги иллатлар кетади ва ҳадислардан саҳиҳ сифатида фойдаланилади”[8] деб Имом Бухорий ва унинг саҳиҳ асарига нисбатан билдирилган танқидларга ўз муносабатини билдирган.

Ибн Ҳажар томонидан муҳаддиснинг асари ҳақида яна бир муҳим фикрқайд этилган: “Саҳиҳ ал-Бухорийга нисбатан имомлар томонидан билдирилган камчилик ва танқидларни барчасини ўрганим чиқдим. Бу асарни таҳрир, таҳқиқ қилиб қисм ва фаслларга ажратдим. Бу китоб шундай нодир асар-ки, унда биронта шубҳали ҳадис йўқ” деб асарнинг мутлақ саҳиҳ эканлиги унга шубҳа ва танқид билан қаровчиларга кучли раддия берган[9].

Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг саҳиҳ асарлари каби ҳадис китоблари жуда кўп тасниф этилган. Ҳадис илми йўналишида “Сиҳоҳи ситта”(олти саҳиҳ ҳадис асарлари), “Кутуби тисъа”(тўққизта ҳадис китоби) ва “ас-Саманияту ал-Камила”(саккизта мукаммал муснад китоби) деб номланган 17 та саҳиҳ, сунан ва муснад асарлари мавжуд. Мазкур муътабар ҳадис асарлари ичида энг саҳиҳ ва мукаммали шубҳасиз“Саҳиҳ ал-Бухорий” асари ҳисобланади.

Шундай экан, қандай қилиб бутун уламолар томонидан саҳиҳлиги, ишончлиги эътироф этилган, юзлаб муҳаддислар томонидан шарҳланган, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, Қуръони каримдан кейин шариатни иккинчи манбаси бўлган “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари ишончсиз, кимларнидир фикрига асосланиб ёзилган хато, нуқсонли ва заиф бўлиши мумкин. Соғлом киши бу асарга нисбатан бу каби таъна ва фитналарни ақлига сиғдира олмайди. Ҳадис асарлари ва ҳадислардаги баъзи хатолик,иснод ёки матндаги камчилик, заифлик жиҳатлари тайинли ҳадис олимлари томонидан ҳадислар саҳиҳлигига аниқлик киритиш ва ислоҳ қилиш мақсадида айтилиши илмий мубоҳаса бўлиши мумкин. Унда ҳам ҳадисларни ҳукмини мутлақ рад қилмаган ҳолда бўлиш шарти бор. Аммо ҳадис илмига мутахассис бўлмаган, мақсади ҳадис ва суннатни рад этиш, умматни маҳбуб Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннатларидан узоқлаштириб, шафоатидан бенасиб этиш бўлса-чи, уни ислом уммати қабул қилмайди.

Бир неча юз йиллар олдин худди шундай ислом жамиятида мазҳаблар керак эмас деб, мазҳабсизликни кенг тарғиб этиш бошланган. Бу мавзуда кўплаб китоблар тасниф этилган, мазҳабсиз мусулмон жамиятини барпо қилишга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилган. Бу масалада орадан узоқ йиллар олиб борилган тарғиботлар натижасида мусулмонлар ўртасида мазҳаб бирлигига қисман шубҳа пайдо қилишга эришилган бўлса, кейинги навбат ҳадис ва суннатга нисбатан шубҳа уйғотиш эканлигини мусулмонлар унутмаслиги лозим бўлади.

Ислом дини муқаддас дин унинг асоси Қуръон ва суннат бўлиб, уни мустаҳкам иҳота қиладиган мазкур икки манба билан асосланган ижмоъ ва қиёс бор. Бу борада ҳар бир мазҳаб йўналишида кўплаб асарлар тасниф этилган. Бугун суннатни асоссиз эканлигига, уларда заифлик, хатолар борлигига ишонтиришга ҳаракат бўлаётгани каби, тўрт мазҳаб имомлари  ҳақида ҳам Қуръон ва ҳадисда асос йўқ деб доимо мазҳабларга нисбатан шубҳа пайдо қилган тоифларнинг асл мақсадлари энди ҳадисларга қаратилган.

Аллоҳ таоло бу каби фитналардан Ўзи асрасин, тўғри ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Барча умматларга бирдамликда шариатга амал қилишни, суннатни мустаҳкам ушлаб Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шафоатларини насиб этсин!!!.

✍️ Шукурилло Умаров,

 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,

Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори.

_____________________________

Адабиётлар:

[1] Хатиб Боғдодий. Тарихи Боғдод. 2/328.

[2] Хатиб Боғдодий. Тарихи Боғдод. 2/333.

[3]Асқалоний. Таҳзибу-т-таҳзиб. Миср, Дор кутуби исломий. 1993. Б. 9/54.

[4] Шарҳи Саҳиҳи Муслим. Б. 1/14.

[5] Ибн Салоҳ. Маърифату анвои улумил ҳадис. Б. 49.

[6] Одил ибн Абдушшакур Зарқий. Диросати лиажубати ибн Ҳажар аъла интиқоди Дорқутний аъла Бухорий. Малайзия. Академии диросатил ислам. 2020. –Б. 815-829.

[7]Саҳиҳ асаридаги 6, 11,20,38,51,52,54,65,73,75,81,87,93,106,107,108,109,110-ҳадислар.

[8] Ибн Ҳажар. Фатҳу Борий шарҳи Саҳиҳи Бухорий. Қоҳира. Матбаату салафия, 2015. – Б.10/631

[9] Одил ибн Абдушшакур Зарқий. Диросати лиажубати ибн Ҳажар аъла интиқоди Дорқутний аъла Бухорий. Малайзия. Академии диросатил ислам. 2020. –Б. 815-829.

 

Izoh qoldirish