15.03.2022

ЖАЪФАРИ СОДИҚ РОҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲНИНГ ВАСИЯТЛАРИ

Жаъфари Содиқ роҳматуллоҳи алайҳ ўғиллари Мусо Козим раҳматуллоҳи алайҳга шундай насиҳат қилган эдилар:

“Болажоним, менинг васиятимни диққат билан тингла, айтганларимга эътибор бер! Сўзларимга қулоқ тутсанг, масъуд ва ҳузур-ҳаловатда яшайсан, ортингдан фақат мақтовлар билан ўтасан.

Ўғлим! Ким Аллоҳнинг тақсим қилганига рози бўлса, бой бўлади, ким бировнинг нарсасига кўз тикса, у ҳирсли одам бўлади ва қалби фақирликда ўтади.

Ўз гуноҳини кичик санайдиган киши бошқаларнинг кичик гуноҳини катта деб билади. Бировнинг гуноҳини кичик санаган киши ўз гуноҳини катта деб билади.

Ўғлим! Бировнинг айбини ахтарган кишининг, ўз айби ошкор бўлади.

Исён қиличини қинидан чиқарган киши ўша қилич билан ўзини кесади. Биродарига чоҳ қазиган, чоҳига ўзи тушади.

Нодонлар билан ошно бўлган киши хор бўлади, олимлар билан ошно бўлган ҳурмат топгай.

Болам! Одамларнинг обрўсига путур етказма, акс ҳолда ўз эътиборингга путур етади. Ўзингга алоқаси бўлмаган ишларга киришдан узоқ тургин, акс ҳолда сен шу сабабдан хорлик кўрасан!

Болам! Аллоҳнинг Китобини ўқи, саломни ёй, яхшиликка тарғиб қилиб, ёмонликлардан қайтар, сенга келмаганнинг сен олдига бор, сен билан гаплашмаганлар билан аввал сен гаплаш, сўраганга бер!

Гап ташима! Чунки гап кўтариб юриш инсонлар қалбига адоват уруғини сочади. Одамларнинг айбини қидириш билан шуғулланма! Чунки одамларнинг айби билан шуғулланувчилар уларнинг нишонига айланади...

Болам! Агар зиёрат қилмоқчи бўлсанг, яхшиларни зиёрат қил! Фожирларни эмас! Чунки улар сув оқмайдиган қаттиқ бир тошга, баргсиз қуриган дарахтга, ўт-ўлансиз тақир ерга ўхшайдилар”.

Мусо Козим роҳматуллоҳи алайҳ бутун умрлари давомида муҳтарам падари бузрукворлари Жаъфари Содиқ ҳазратларининг ушбу васиятларига сидқидилдан амал қилдилар.

Абу Нуайм Исфаҳонийнинг  «Ҳилятул авлиё»  асаридан олинди. (3-жуз, 195-196 бетлар)

 

✍️ Музаффархон Жониев -  Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи.


 

Izoh qoldirish