МАВЛАВИЙ ЖУНУНИЙ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ
Чағониён – азиз зотлар етишмоғига замин бўлган қутлуғ маскан. Бу заминдан жаҳонга донг таратган олимлар, шоирлар, орифлар ва авлиёлар етишиб чиққан. Қадимий Чағониён тарихи ҳақида кўплаб тарихчи олимлар ўз асарларида маълумот беришган. Таниқли муаррих Омонулло Бўриев “Темурийлар даври манбаларида Чағониён” ва “Чағониён” тарихи асарларида нодир маълумотларни баён этган. Бу замин Мунжик Термизий, Амир Муиззий каби буюк шоирларни XI-XII асрларда тарбиялаган. Бундан ташқари Чағоний нисбаси билан ижод қилган машҳур уламо – Розиюддин Чағоний шу юрт фарзандидир. Нақшбандия тариқатининг давомчиси бўлган азиз зотлар – Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор, Ҳазрат Хожа Ҳасан Аттор, Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Вахушворий, Ҳазрат Сўфи Аллоҳёр, Ҳазрат Мавлавий Жунуний, Ҳазрат Сўфи Ҳисорий, Ҳазрат Маъюси Хондизагий, Ҳазрат Миён Бўритош Нақшбандий, Ҳазрат Аҳмаджон Махдум Ҳанафий Нақшбандий шулар жумласидандир.
Чағоний намояндалар ичида орифона ва ошиқона шеърлари билан машҳур бўлган Мавлавий Жунуний ҳаёти ва илмий мероси ҳалигача тадқиқотчилар томонидан ўрганилмаган. Термизийшунос олим Мирзо Кенжабек “Буюк Термизийлар” тазкирасида бу зот ҳаёти ва адабий меросига қисқача тўхталиб, орифона шеърларидан бир нечтасини форсийдан ўзбекчага таржима қилган. Мавлавий Жунуний асарлари соф диний мазмунда ёзилганлиги учун шўролар даврида атайлаб ўрганилмади. Бу зот ҳақида билганлар ҳам халққа у зотнинг қимматбаҳо меросидан хабар беришмади. Шундай бўлса ҳам у зотнинг авлодлари, шогридлари ва мухлислари асарларидан нусха кўчириб бизгача етиб келишига сабабчи бўлдилар. Шу сабабли Мавлавий Жунуний ҳаёти ва илмий-адабий меросини ўрганиш бугунги замон талаби. Ўтмиш меросимизни асл ҳолида тадқиқ этиб халққа тақдим этиш хайри ишларидан бўлиб, барчамиз бунга бел боғлашмиз лозим. Чағониён заминида вояга етган, илмий фаолият кўрсатган, маънавий боғлиқлиги бўлган, бу заминда келиб илмий асарлар ёзган ҳамда Чағоний ва Ҳисорий нисбасини олган барча шоирлару олимлар ва мутасаввиф намояндалар ҳаёти ва мероси ёшлар тарбияси учун кони фойда.
Исми шарифи. Асл исми Саййид Қаландар бўлиб Мавлавий Жунуний шеъриятидаги тахаллусидир. Отасининг исми Шоҳсоҳиб Қандаҳорийдир. Бу ҳақда муаллиф “Маъдан ул-ҳол” асарида қуйидагичаёзади:
Ин Ҷунун Сайид Қаландар ном дошт,
Аз азал завқи ҳузури ҷом дошт.
Ин Шоҳсоҳиб – азизи бодануш,
Бобу аҷдодаш дар ин раҳ хирқапуш.
(Мазмуни: Бу Жунуний исми – Саййид Қаландардир, азалдан (илоҳий муҳаббат) шароби завқи кўнглида жой олганди. Илоҳий муҳаббатга мубтало бўлган Шоҳсоҳиб аждодлари бу йўлда хирқа кийишган).
Мавлавий Жунуний деган унвон у зотнинг руҳоният оламидаги маратабаларига ишорадир ва шеъриятидаги тахаллусидир. Баъзи манбаларда Нодирий тахаллуси билан ҳам ижод қилгани борасида далиллар бор.
Ба бедардон Ҷунунӣ дурри ишқашро чаро сўфтӣ,
Куҷо ҳар танпарасте қадри ин дурдона медонад.
(Мазмуни: Эй Жунуний, қалбида илоҳий муҳаббат ва дарди бўлмаган кишига нега дардинги айтасан, нафсини семиртирадиган киши бу дардни қайдан билсин).
Насаби. Мавлавий Жунуний насаб жиҳатидан Қандаҳор саййидлари авлодидандур. Отаси Шоҳсоҳиб тақволи, маърифпарвар ва зоҳид киши бўлган. Шу хислат Мавлавий Жунунийга ўз таъсирини ўтказган. Саййидлар авлодидан бўлганлигини навбатдаги маснавийда баён этади:
Аз сайидоти Пушунги Қандаҳор,
Шуд ватан маҷрои умраш дар Ҳисор.
(Мазмуни: У Қандаҳордаги Пушунг саййидларидандир. Умрининг (ярми) Ҳисорда ўтди).
Туғилиши ва вафоти.Мавлавий Жунуний Саййид Шоҳсоҳиб Қандаҳорий оиласида 1216/1800 йил Афғонистоннинг Қандаҳор вилояти Пушунг қишлоғида таваллуд топади. Ижтимоий-сиёсий вазият тақозоси билан кўп ўтмай Қандаҳорни тарк этиб, ҳозирги Денов туманига келади. Бу ерда кўп яшамасдан Тожикистон ҳудудида жойлашган Рудакий ноҳиясининг Роҳатий қишлоғига кўчиб боради ва умрининг охиригача шу ерни маскан қилади. 1295/1877 йил 77 ёшларида Мавлавий Жунуний Роҳатий қишлоғида вафот этади.
Илм таҳсили. Ота-онаси фазилатли ва илм соҳиби эдилар. Ёшлигида биринчи саводни отасидан олади. Қандаҳор уламоларидан зарурурий илмларни ўрганади. Илм иштиёқи баланд бўлганлиги сабабли отаси Бухорои Шариф мадрасаларидан бирига таълим олишга юборади. У ерда ўз салоҳияти ва зукколиги билан кўплаб илмларни ўзлаштиради. Мадрасани тугатиб Макка, Мадина, Шом, Бағдод шаҳарларига сафар қилади ва кўплаб азиз зотларни зиёрат этади.
Оиласи. Бу зот оиласи ҳақида асарларининг баъзи жойларида ишора қилиб ўтади. Жумладан отаси зоҳид, хирқапуш, парҳезкор ва соҳибтавозе ва тариқат аҳли бўлгани, ўғлини шу йўлда тарбиялагани ҳақида асарларида маълумотлар бор. Жунуний отаси вафоти ҳақида қуйидагини ёзади:
Дар навадсолагӣ падар маҳрум шуд,
Нахлаш аз боғи ҷаҳон маъдум шуд.
Бо падар шуд ин Ҷунунӣ ҷонишин,
Раҳнамо шуд аҳли шакро бо яқин.
(Мазмуни: Тўқсон ёшлигида отам раҳматли бўлди, унинг умри дарахти жаҳон бўстонидан кесилди. Жунуний тариқатда ўринбосар бўлиб, шак аҳлига яқин билан отаси ўрнига раҳнамо бўлди).
Саййид Қаландаршоҳ рафиқаси ва фарзандлари барчаси илм аҳли художўй инсонлар эди. “Маъдан ул-ҳол” асарида келишича Мавлавий Жунуний ота боболари қаландарийлардан[1] эди. Отаси ҳақида бағишлаб ёзилган маноқибнома мазмунли шеърлари ахлоқий ва тарихий аҳамиятга эга. Бир маснавийсида отаси Ҳисор шаҳрида яшаганлиги ва кўплаб мухлис-у шогирдлар орттирганлиги ҳақида маълумот беради:
Қаряи Нилкон иқомат кард ў,
Корхона карда, бар ҷуёни ҳу.
Омада аз ҳар тараф ҷўяндагон,
Баҳараҳо бурданд аз файзи дугон.
Шарбате аз ҷаҳру хуфя кард нӯш,
Ҳар тараф девонагон рафта зи ҳуш.
(Мазмуни: Нилкон қишоғида иқомат қилганида Ҳақ зикри мажлисларини барпо этарди. Турли гўшалардан толиби илмлар ва муҳиб зотлар келиб ота ва фарзанди файзидан баҳраманд бўлишардилар. Одамлар уларнинг жаҳрия ва хуфя зикрлари файзидан девоналардек кўнгил узолмасдилар).
Замондошлари нақл қилинишича Ҳисор халқидан ташқари Ромит, Яғноб, Бойсун ва бошқа мавзелардан одамлар суҳбатга келишарди. Жунуний отасининг маҳбуб фарзандларидан бири эди, ака-ўкалари бошқа онадан бўлганлиги учун унга зулм қилардилар.
Ҷунунӣ дошт як ҷоҳил бародар,
Падар яке ҷудоӣ аз рўи модар.
(Мазмуни: Жунунийнинг отаси бир ва онаси бошқа бўлган нодон акаси бор эди).
Устозлари.Мавлавий Жунуний ёшлигидан зийрак ва тақволи бўлиб, отаси унинг хислатидан кўп қувонарди. Шу сабабли унинг биринчи устози отаси – Шоҳсоҳиб бўлган. Мавлавий Жунунийнинг кўплаб устозлари қодирий ва нақшбандий ворислари бўлган. Ҳазрат шайх Абдулқодир Жийлониий ва Хожа Баҳоуддин Нақшбандни маънавий пирлари деб билади. Халифа Абул-Ҳасан Панжикентийдан тасаввуф ва тариқат илмларини ўрганиб, “Маснавиёт” номли асарини шу киши ҳузурида ёзади.
Жунунийнинг силсилаи шарифдаги нисбати. “Маъдан ул-ҳол” асарида шоир ўзининг силсилаи шарифини “Дар баёни нисбати силсилаи азизони нақшбандия” (нақшбандия силсиласининг азизлари силсиласи нисбати баёни) номи билан қуйидаги маснавийда баён этади:
Биё, занҷири нисбатро биҷунбон,
Бигӯ аз роҳу расми нақшбандон.
Яқин медон, ба назди аҳли таҳқиқ,
Расид аз Мустафо нисбат ба Сиддиқ.
Ба Бубакри тақӣ омад ба Салмон,
Аз ӯ Қосим гирифт, анвори ирфон.
Зи Қосим шуд миёни аҳли таҳқиқ,
Имом Ҷаъфар, ки дорад васфи содиқ.
Зи Ҷаъфар Боязид шайхи Бистом,
Зи эшон Булҳасан нӯшид ин ҷом.
Ғанӣ шуд, аз ҳусни з-у Хоҷа Юсуф,
Аз ӯ шоҳи ҷаҳон шуд дар тасаввуф.
Зи эшон Хоҷа Ориф моҳи тобон,
Зи эшон Хоҷа Маҳмуд аст, эй ҷон.
Зи эшон дон Алии Ромитанро,
Аз ӯ пур кард, самосии лаганро.
Пас аз Бобо, яқин Мири Кулол аст,
Зи эшон Нақшбанди бокамол аст.
Зи эшон Хоҷа Зоҳид шуд сафокеш,
Зи Зоҳид ёфт рухсат Хоҷа Дарвеш.
Зи Дарвеши тақӣ шуд[2], Хоҷа Боқибиллоҳ,
Зи Боқӣ, шайхи Муҷаддид раҳматуллоҳ.
Зи Аҳмад бинни ӯ шуд, шайхи Маъсум,
Зи Маъсум аст, Сайфуддин марҳум.
Зи эшон Нурмуҳаммад Бадвонӣ,
Зи эшон ҳазрати Мирзои Ҷонӣ.
Зи Мирзоҷон ба Темурхон расид хатт,
Ба Саидшоҳ Муҳаммад дод нисбат.
Расид ин нисбати Шоҳи диловар,
Ба ибни фақри ӯ Сайид Қаландар....
(Мазмуни: Кел силсилаи шариф занжирини тебрат, нақшбандийлар тариқати расми-русумидан сўзла. Таҳқиқ аҳли наздида бу силсиланинг нисбати Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Абу Бакри Сиддиқга етади. Тақвода ном қозонган Абу Бакрдан Салмон Форсийга, Салмондан бу ирфон нурлари Қосимга. Қосимдан аҳли таҳқиқ қавли билан Содиқ васфини олган Имом Жаъфарга етади. Жаъфардан Бистом Шайхи – Боязидга, бу зотдан кейин маънавий шаробни Булҳасан Харақоний ичади. Сўнгра Хожа Юсуф Ҳамадоний бу файздан сероб бўлади. У кишидан эса, тасаввуфда жаҳон шоҳи Хожаи Жаҳон – Абдулхолиқ Ғиждувоний ижозани олади. У кишидан Моҳи тобон – Хожа Ориф силсалага қўшилади. Хожа Орифдан Хожа Маҳмуд Анжир Фағанавий туташиб, Хожа Али Ромитанийга боғланади. У кишидан Бобо Самосий қалбини илм билан тўлдирди. Бобо Самосийдан Сайид Амир Кулол силсилага лойиқ бўлади. У кишидан эса камол ва жамолга машҳур бўлган – Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ижоза олади. У кишидан Хожа Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий сафо аҳлидан бўлади. У кишидан Хожа Муҳаммад Дарвеш ижоза олади. Хожа Муҳаммад Дарвешдан Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ файзёб бўлади. У кишидан Имом Раббоний Аҳмад Фаруқ Сирҳиндий мақом топади. У кишидан Муҳаммад Маъсум камол топади. У кишидан Шайх Сайфуддин Ориф ижоза олган бўлса, у зотдан Шайх Муҳаммад Нур ул-Бадвоний иршод соҳиби бўлади. У кишидан Мирзо Жоний тарбия олади. Сўнг Темурхонга насиб этади. Ундан кейин Саидшоҳ Муҳаммадга туташади. Бу зотдан сўнг Шоҳ Соҳиб силсилага боғланади. У кишидан бу фақир (Мавлавий Жунуний)га насиб этади.
1. Сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам;
2. Абу Бакр Сиддиқ (р.а);
3. Салмон Форсий (р.а);
4. Хафиди Сиддиқ Акбар Қосим (р.а);
5. ИмомЖаъфарСодиқ (қ.с);
6. Абу ЯзидТайфур Бистомий (қ.с);
7. Шайх Абул Хасан Харқоний (қ.с);
8. Шайх Юсуф Ҳамадоний (қ.с);
9. Хожа Абдулхолиқ Ғиждивоний (қ.с);
10. ХожаОриф Ревгарий (қ.с);
11. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қ.с);
12. Хожа Али Ромитаний (қ.с);
13. Хожа Мухаммад Бобо Самосий (қ.с);
14. Хожа Саййид Амир Кулол (қ.с);
15. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (қ.с)
16. Хожа Муҳаммад Зоҳид Бадахший (қ.с);
17. Хожа Дарвиш Муҳаммад (қ.с)
18. Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ (қ.с);
19. Имом Раббоний Аҳмад Форуқ Сирҳиндий (қ.с);
20. Шайх Муҳаммад Маъсум (қ.с);
21. ШайхСайфуддинОриф (қ.с);
22. Шайх Муҳаммад Нур ул-Бадвоний (қ.с);
23. Мирзо Жоний (қ.с);
24. Темурхон (қ.с);
25. Саидшоҳ Муҳаммад (қ.с);
26. Шоҳсоҳиб (қ.с) (Мавлавий Жунуний отаси);
27. Саид Қаландаршоҳ (қ.с) (Мавлавий Жунуний).
Мавлавий Жунуний ушбу силсила ҳақида “Маъдан ул-ҳол” асарининг биринчи дафтари 22 бетида тўлиқ маълумот бериб ўтган.
Адабий мероси. Мавлавий Жунуний баракотли умри давомида панд насиҳат ва шогирдларни тарбиялашдан ташқари қуйидаги асарларни ёзиши аҳамиятлидир.
1. “Девони Жунуний”;
2. “Маснавиёт”;
3. “Завқ ул-муҳиб”.
4. “Мухаммасот”;
5. “Ганж ул-ошиқин”;
6. “Маъдан ул-ҳол”
7. “Васиятнома”.
Мавлавий Жунуний мероси исломий илмларга бағишланган бўлиб, руҳий тарбия борасида муҳим манбалардан саналади. Ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ба каби асарлар сув ва ҳаводек зарур. Мутафаккир илгари сурилган маърифий ғоялар, Қуръон, суннат ва мазҳабимизга мувофиқлиги билан ажралиб туради. Одоб ахлоқ ва гўзал хулқ Ислом динининг асосий зийнати эканлиги барчамизга сир эмас. Жумладан бировга озор бермаслик, одамларга очиқ юз билан қарашлик, ночорларга ёрдам беришлик ва фақирларга саховат қилишлик борасидаги фикрлари одобнинг ажралмас қисмидир:
Бикун парҳез аз озори мардон,
Дуои нек гир аз аҳли дардон.
(Мазмуни: Одамларга озор беришдан сақлан ва кўнгли синиқ инсонлар дуосини ол)!
Инсон ўз хилқатини таниса ўзини таний бошлайди. Ўзини таний бошлаган инсон нафсини танийди. Нафсини таний бошлаган инсон Роббисини танийди. Шунинг учун Мавлавий бу борада инсонларга хитоб қилиб айтадики,
Агар худро шиносӣ Ҳақ шиносӣ,
Шавӣ фориғ зи ҷурму носипосӣ.
(Мазмуни: Агар ўз нафсингни танисанг илоҳий маърифатни англайсан. Шу билан ношукрлик ва гуноҳдан покланасан).
Бу каби ахлоқий мазмундаги асарлар Мавлавий Жунуний ижодида кенг миқёсга эга. Бинобарин бу каби маънавий камолот йўлидаги раҳнамолар илмий-адабий меросини ўрганиш, маърифий ғояларини тарғиб этиш, термизий ва чағонийларнинг ноёб асарларини таржима қилиш ва бугунги кун нуқтаи назардан таҳлил этиш долзарб мавзулардан эканлигини унутмаслигимиз зарур.
✍️ Каромиддин Жамаҳматов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази манабашунослик бўлими бошлиғи
______________________
[1]Қаландар - (форс. قَلَنْدَر тахм. “дар” ўзагидан) атаманинг келиб чиқиши ҳалигача номаълум бўлиб, илк маротаба қайси манбада қўлланилгани ҳам аниқ эмас. Қаландар сўзи кўпинча дарвеш сўзи билан синоним сифатида ишлатилади. Қаландар сўзининг замирида эса, дарбадар кезувчи суфий ва тиланчилик қилиб кун кечирувчи шахс тушунилади. Аммо бу сўзнинг этимологияси ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва у ҳақида қатъий тўхтамга келинмаган.
[2]Мавлавий Жунуний шеъриятда келтирилган ушбу силсилаи шарифда Дарвеш Муҳаммад (ваф. 1562 й.)дан сўнг Имом Боқибиллоҳ (1565-1606 йй.) исми келтирилган. Бироқ асл нақшбандия тариқатининг олтин силсиласида Дарвеш Муҳаммаддан сўнг Хожа Муҳаммад Имканагий (1512-1599 йй.) ва у кишидан сўнг Имом Боқибиллоҳ келтирилади. Қаранг:Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т:. Sharq нашриёти, 2019. – Б. 128-129. Мазкур маснавийда Имканагий билан боғлиқ байт тушиб қолган бўлиши ҳам мумкин (муаллиф изоҳи).
Izoh qoldirish