АЛ-ҲУЖЖА (ҲУЖЖАТ)
قُلْ فَلِلَّهِ الْحُجَّةُ الْبَالِغَةُ
ЕТУК ҲУЖЖАТ АЛЛОҲНИНГ ЎЗИДАДИР (АНЪОМ, 149).
Имом Мотуридий ушбу оят тафсирида дейди: “Дейиладики, етук ҳужжат шундай бўладики, у шубҳанинг барчасига етиб борса, уни зойил қилиб, кетказади, ухлаб қолган ғофилнинг барчасига етиб борса, уни огоҳ қилиб, уйғотади.
Яна дейиладики, етук ҳужжат – тўла-тўкис ҳукмини ўтказувчи, барча нарсадан устун келиб, уларга ғолиб келувчидир. У етиб борган бирон нарса йўқки, у ўшанга ҳукмини ўтказиб, ғолиб келади.
Ҳасан дейдики, охиратдаги етук ҳужжат шуки, Аллоҳ бирортани азоблаб, иқобига олмайдики, бу етук ҳужжат билан бўлади”. Умуман олганда эса, муқарраб фариштадан тортиб, ундан қуйидаги барча халойиқ учун Аллоҳнинг улар устида етук бўлган ҳужжати мавжуддир.
“Сўнгра етук ҳужжат бир неча жиҳатларни ўз ичига олиши мумкин бўлади:
Биринчиси, бу одамлар унинг мислини келтиришдан ожиз бўлган, Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган ожиз қолдирувчи оятлар ва етук ҳужжатдан иборат Қуръондир. Инсонларнинг унинг мислини келтиришдан ожизликлари унинг Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган Аллоҳ оятларидан ва Аллоҳ ҳужжатларидан эканлигига далолат қилади.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло жамики халойиқ ва нарсаларда уларнинг бари Унга тегишли эканлиги ва уни Ўзи яратганлигига гувоҳлик берувчи гувоҳ қилган ҳамда нарсаларнинг бари Унинг ваҳдониятига далолат қилади. Мана шу етук ҳужжатдир.
Учинчиси, расуллар тили ва уларнинг хабарлари ҳам шу тарзда бўлиб, қачонки кишилар уларни ўзаро муомалада ҳеч қачон ёлғон билан тутишмаган, уларнинг тилидан ҳеч қачон ёлғон ҳам, фаҳш ҳам чиқмаган. Қудратли ва улуғ Зот уларни бундан сақлаган. Бу эса улар ушбу ишга хосланганликларини билдиради. Булар билан эса Аллоҳ уларни ер юзидаги ҳужжат ва оят аломатлар сифатида етук ҳужжат қилди.
Яна баъзилар дейишдики, нарсаларни ҳалол-ҳаром қилишда етук ҳужжат Аллоҳникидир. Ана у нарсаларни ҳаром қилувчиларнинг бу ишлари учун ҳужжат йўқ, улар фақат ҳавойи нафслари билан буни қилшмоқда”.
Юқоридаги маънолар далолат қилмоқдаки, Қуръони Карим уларнинг барини ўз ичига олади. Зеро, ҳар бир нарсадаги Аллоҳнинг бирлиги ва холиқлиги аломатлари кишилар ўз тасаввурларида буни шакллантирганларидан яхшироқ тарзда Қуръони Каримда келгандир. Расуллар тилидан жорий бўлган ҳамда уларнинг тили ва дили унинг учун покланган энг олий нарса ҳам илоҳий китоблар ва уларнинг афзали бўлган Қуръони Каримдир. Ҳалол ва ҳаром масалалари энг очиқ-ойдин баён қилинган Китоб ҳам Қуръони Каримдир.
Қуръони Карим тўла-тўкис етук ҳужжат ва унинг барчаси ҳужжатдан иборатдир. Ҳаким Термизий ўз тафсирида турли тиллар ва Қуръонни ётиғи билан тушуниш ҳақида дейди: “Буни фақат каломнинг ибтидосини (қалб кўзлари билан) кўра олганларгина фаҳмлашади: уни Аллоҳ қандай қилиб (биз учун) ҳарфма-ҳарф чиқарди, бу ҳарфларнинг сурати нима, уни қандай тартиблади, токи улар турли луғатларга айланди ва тиллар уни нутқ қилди. Сўнг У Зот ўз лафзи билан ҳарфлар орасини қандай бирлаштирди ва ўхшашлик жиҳатдан жуфтига эга ва ўхшаши бўлмай, тоқ бўлган ҳар бир ҳарфга қандай ҳаққини берди, токи у калимага айланди. У Зот Ўзи у билан гапирган ундаги ҳар бир ҳарф билан уларга ҳужжатни қойим қилди. Бу эса Аллоҳ дўстларининг илмидир”.
Жўрабек Чўтматов –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish