АЛ-МУТАШАБИҲ ВАЛ МАСАНИЙ (ЎХШАШ ВА ТАКРОРЛАНГАН)
اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُّتَشَابِهًا مَّثَانِيَ
АЛЛОҲ ЭНГ ГЎЗАЛ СЎЗНИ ЎХШАШ ВА ТАКРОРЛАНГАН КИТОБ ЭТИБ ТУШИРАР (ЗУМАР, 23).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу оятлар тафсирида ривоят қилинишича, Ваъда, раҳмат, нусрат, мағфират ва авф ҳақида оятлар бир-бирига ўхшайди, огоҳлантирув, азоб, қайтариқ ва хавф туғдирувчи оятлар ҳам бир-бирига ўхшайди. “Масоний”лиги эса раҳмат ва азоб, ваъда ва огоҳлунтиру, буйруқ ва қайтариқ, носих ва мансух ва бошқалар масна-масна – жуфт-жуфт ва такрор-такрор келади.
Имом Табарий Саъид ибн Жубайрдан ушбу оят тафсирида шундай ривоят қилади: “Оятлар баъзиси баъзисига ўхшаш, айримлари айримларини тасдиқлайди, бир бошқасига далолат қилади”.
Имом Насафийнинг келтиришича, Қуръон оятлари сидқ, баён, ваъз, ҳикмат, ожиз қолдириш ва шу каби хусусиятларда бир-бирига ўхшаш, қисса, хабар, ҳукм, буйруқ ва қайтариқлари, ваъда ва огоҳлантирувлари ҳамда мавъизалари такрор-такрор келади.
Имом Замахшарийга кўра эса, Аллоҳнинг барча китоблари масоний бўлиши мумкин. Чунки улар У Зотга сано ва уларнинг ичида такрорланувчи ваъз-насиҳатлар бордир. Қуръон ҳам уларнинг биридир.
Унинг ўхшашлиги маънолари соғлом ва мустаҳкамлигини, ҳақ, сидқ ва халқ манфаати асосига бино қилинганлиги, лафзларининг танланиш ва мўлжалга етишида мутаносиб ва бир текислиги, ожиз қолдириш ва таъсир қилишга низоми ва бирикишиинг жавоб бериши кабиларни ўз ичига олади. Шунингдек, унинг “масна”лиги унинг такрорлик сифати учун баён маъносида ҳам бўлиши жойиздир. Чунки такрор келадиган қиссалар фақат ўхшаш бўлиши мумкин бўлади.
Агар: “Жуфт ва такрордан фойда нима?” десанг, дейманки, нафслар ваъз ва насиҳатдан энг қочувчи нарсалардир. Унга бошидан қайтиб, такрорланмаса, унда бу нарса ўрнашмайди ва амалига ўтмайди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари кишиларга ваъз ва насиҳат қиладиган нарсаларини уч бор ва етти бор қайтарар эдилар. Бу ушбуларнинг улар қалбларида жамлаш ва кўксиларида экаш учун эди.
Умуман, ушбу такрорнинг ҳикмати оятнинг давомида қуйидагича баён қилинади:
Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ”.
“Тафсири Ҳилол”да дейилади: “Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. “Такрорланадиган” бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир”.
Юқоридагиларнинг баридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Имом Замахшарий ҳам келтирганидек, Қуръон такрори малол, арзимас, ортиқча ва айбли бўлмайди. Бу Қуръон таърифидаги ҳадисда келганидек: “У – уламолар ундан тўймайдиган, у – кўп тарқалиш-такрорлаш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарса”.
Абу Лайс Самарқандийнинг келтиришича, Қуръон оятлари бир-бирига ўхшаса-да, ўзаро қарама-қарши эмас. Шунингдек, унинг ўхшашлиги бошқа илоҳий китобларга тавҳид ва баъзи шаръий масалаларда мувофиқлиги маъносига ҳам эга.
“Масоний” Қуръоннинг баъзи қисмларига нисбатан ҳам ишлатилади. Маълумот ўрнида эслатиб ўтиш жойизки, масоний – “масна” ва “тасния” – “жуфт” сўзидан олиниб, “такрор” маъносидадир. У Қуръоннинг “миъийн” (юзга яқин ёки ундан бир оз ўтувчи оятларга эга суралар – “Юнус”дан “Қососгача”) деб номланган қисмидан кейин келади, яъни, унга жуфтлашади. У оятлари сони юздан кам бўлган суралардир. У “Анкабут” сурасидан “Ҳужурот” сурасигача ҳам дейилади.
Қуръони Каримда “Фотиҳа” сураси ҳам “масоний” деб аталган бўлиб, бунга юқорида тўхталиб ўтилди. Имом Табарий Ибн Аббос розяллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир маънога кўра, “Фотиҳа” сурасининг “масоний” деб номланишига сабаб, зикри олий бўлган Аллоҳ уни бошқа пайғамбарлардан фарқли тарзда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун истисно тарзида берди ва уни у зот учун сақлаб қўйди.
Шунинг учун Абу Лайс Самарқандий “масоний”нинг яна бир маъноси, “Фотиҳа” сураси билан Аллоҳ таолога сано айтилиши сабабидандир, дейди. Чунки унда Аллоҳ таолонинг ҳамди ва тавҳиди бор. Имом Замахшарийга кўра эса, Аллоҳнинг барча китоблари масоний бўлиши мумкин. Чунки улар У Зотга сано ва уларнинг ичида такрорланувчи ваъз-насиҳатлар бордир. Қуръон ҳам уларнинг биридир.
Қуръоннинг “муташобеҳ” – “бир-бирига ўхшаш” сифати ҳақида Имом Мотуридий дейдики, бир-бирига қарама-қарши ва тескари эмас. У одамларнинг бир-бирига қарама-қарши ва тескари келувчи, хоссатан, вақт ўтиб муддат узайиши билан ушбу хусусиятлари кучайиб борувчи сўз ва китоблари каби эмас. Бу ушбу тарзда зикр қилинганидек:
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا
Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар (Нисо, 82).
Унинг бир-бирига ўхшаш ҳолда бир тизимлиги, узун муддат, турли вақт ва бир-биридан узоқ кунлар орасида нозил бўлиши мобайнида унда қарама-қаршилик юзага келмаганлиги унинг Аллоҳ ҳузуридан эканлигига ва У Зотдан келганлигига далолат қилади. Ахир, У Зот ҳузуридан бўлмаганида одамларнинг сўз ва хабарлари мисолида бўлганидек, турличалик, бир-бирига қарама-қарашилик касб этган бўларди.
Қуръоннинг “масоний” – “такрор-такрор” эканлиги борасида таъвил аҳли дейишдики, унда хабар, ибрат ва қиссалар бот-бот келгани учун уни “масоний” деб номлади. Аслида шунинг учун уни “масоний” деб номладики, унда мавъиза ва эслатмалар зикр қилиб, уни бин неча жойда такрорлади. Чунки агар уни такрорламаганида кишилар бу борада ғафлат ва унутишга тушишарди. Чунки ҳаким зот бирор кишига ваъз қилса ва бирон нарсадан қайтарса, у эса ўшани унутса, унга буни такрорлайди. Қудратли ва Улуғ Зот ҳам кишиларга ваъз ва қайтариқларни такрорладики, токи улар бу билан доимий тарзда ваъзланишиб, эслатма олишсин, ундан ғофил қолиб, унутишмасин.
Шу тарзда Имом Табарий ўз тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Суддийнинг: “Аллоҳнинг Китоби масонийдир”, Товус, Мужоҳид, Абу Молик каби муфассирларнинг “Ал-Масоний” Қуръоннинг барчаси” дейишганини ривоят қилган.
Англаш лозимки, Қуръон айнан мана шу такрор услуби билан қуръоний мазмуннинг устувор жиҳатларини билдирган. Акс ҳолда энг бирламчи ва лозим масалалар англанмай ва билинмай қоларди. Бу билан ҳақиқатларнинг собит бўлиши, тоғлардек илдиз отиб мустаҳкам ўрнашиши юз бериб, очиқ-равшан бўлган исломий ақиданинг шаклланиши ҳам айнан мана шу услуб самарасидир. Чунки иймоннинг энг муҳим арконлари бўлган тавҳид, қадар, қиёмат ва бошқа кўплаб жиҳатлар бир-икки ўринда эслатилса, унинг собитлиги, кишига бўлган таъсири етарли даражага етмасди. Уларнинг бир эмас, балки турли жиҳатлардан ёндашув асосида бўлган такрори эса кишиларда ҳақиқий ва шаксиз илм, юксак эътиқод ва тўғри йўналишни таъминлаб берди. Бу эса Аллоҳ таолонинг улуғ қудрати, юксак ҳикмати, тенгсиз адли билан бирга бандаларига бўлган раҳм-шафқати ва фазлу марҳаматини ҳам намоён этади. Зеро, Аллоҳ буларнинг барини бандалари шунга муҳтожлиги сабабидан қилди.
Жўрабек Чўтматов –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish