29.04.2022

РАМАЗОН ОЙИ ҒАНИМАТ ВА ФАЗИЛАТ ОЙИ

Рамазон ойи Аллоҳ таоло томонидан одамлар учун берилган ҳидоят, имконият, фурсат ва ғанимат ойидир. Чунки бу ойнинг энг олий фазилатларидан бири оламларга ҳидоят манбаи бўлган Қуръони карим нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185 оятида марҳамат қилади:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

(Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи* ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир).[1]

Ояти шарифда келган маънолардан маълум бўладики, Рамазон рўзаси инсонлар учун ҳидоят, ҳақни ботилдан ажратувчи, Қуръон хатми ойи, меҳру мурувват-шафқат ойи, баракот ва ҳасанот ойидир. Бу ойда шайтонлар кишанланади, осмондан баракотлар ёғилади, илоҳий раҳмат рўзадор бандаларини қўршаб олади.

Рамазони шариф рўзасини ғанимат билиб, ушбу ойда бошқа ойлардан кўра кўпроқ хайр-саховат қилиш, ночорларга ёрдам бериш, гўзал амалларни кўпайтириш матлуб амалллардан саналади.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ойда кўпроқ намоз ўқишга, кундузлари рўза билан, кечаларни нафл ибодатлари билан ўтказишга, кўпроқ зикр, тасбиҳ, ва Қуръон тиловати билан машғул бўлишга ҳамда солиҳ амалларни кўпайтиришга тарғиб қилардилар. Бу амаллар мўмин-мусулмонларни бир-бирига меҳрли-муравватли бўлишга ундайди.

Рамазони шарифнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат ойи. Оқил киши бу кунларнинг қадрига етиб, доимо яхшилик қилиши, жисми, руҳи рўзадор бўлиши, гуноҳлардан тийиилиши, ўтган умрини сарҳисоб қилиши муҳим амаллардан. Аллоҳ таоло ўз бандаларига ҳаёти давомида кўплаб имкониятлар эшигини очиб қуйганки, баъзилар бу имкониятлардан оқилона фойдаланса баъзилар фойдаланишни ҳам билмайди, билса ҳам амал қилмайди. Афсусланарли жойи шундаки, баъзи инсонлар ўз фойдасидан воз кечиб жисму-руҳи зарарига амал қилади. Рамазон ойи ва рўза тутиш ана шундай улкан имконият ва ғаниматлар ойиидир. Чунки бу ойда бойлар камбағаллар ҳолини бироз бўлса ҳам англайди. Очлик билан сабримиз ва иродамизни Аллоҳ таоло синайди. Шунинг учун бу муборак ойининг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, рўза ойига мувофиқ амаллар қилишмиз зарур.

Рамазон ойи мўмин – мусулмонлар учун раҳмат, мағфират ва савоб ойидир. Қанча кўп хайрли ишларни амалга оширсак шунча кўп ғаниматларга эга бўламиз. Аллоҳ таоло бу ойннинг кунларини бир-биридан кўра ғаниматлироқ, фазилатлироқ ва шарафлироқ қилган. Қанчалик хайрли амалларда бир-биримиз билан мусобақалашсак шунча кўп олий неъмати бўлган охират саодати ғаниматига мушарраф бўламиз. Аллоҳ таоло “Мутоффифун сураснинг 26 оятида шундай марҳамат қилади:

وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ

(... Бас мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар).[2]

Демак бу ойда барчамиз савоб ишлар қилишда бир-биримиздан ўзишга ҳаракат қилмоғлигимиз лозим.

Рамазон ойи қисқа муддатли ой 30 кун ёки 29 дан иборат. Йилига бир марта келадиган бу муборак ойни яхши кўтиб олиш ва Аллоҳ таоло берилган кенг имкониятлардан фойдаланиш оқил кишининг асосий иши бўлиши керак. Ҳар бир сониясини ғанимат билиб солиҳ амалларни қилиш барчамиз учун кони фойда. Аллоҳ таоло рўза “Мен учундир” дегани ғаниматнинг энг катта бойлигидир. Ҳадисларидан бирида: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилган.

Рамазон ойини ғанимат билиш билан бирга инсоний алоқалар бўлган ота-она, қариндош, қўни-қўшни, диндошларимизнинг дуосини олишга кўпроқ эътибор берайлик. Қўшниларимизга яхшилик қилайлик, Қўръон маърифатидан баҳраманд бўлайлик, илм ўраганайлик, келажак авлодга Рамазоннинг улуғлигини англатайлик, сабр ойида сабрни ўрганайлик ва энг муҳими Аллоҳдан шунча кўп берилган неъматлари учун ҳаё қилайлик, токи рўзамиз мақбул рўзалардан бўлишга ҳақли бўлайлик.

Мавлоно Жалолиддин Румий Рамазон рўзаси борасида бир қанча гўзал шеърий баёнлари бор:

آمد رمضان و عید با ماست          قفل آمد و آن کلید با ماست

(Мазмуни: Рамазон келиши билан (ид) шодлик айёми ҳам кириб келди, раҳматнинг қулфи келди бизда эса калит (имконият) бор).

گر تو این انبان ز نان خالی کنی 

پر ز گوهر های اجلالی کنی

طفل جان از شیر شیطان باز کن

بعد از آنش با ملک انباز کن

چند خوردی چرب و شیرین از طعام 

چند روزی امتحان کن در صیام

(Мазмуни: Агар сен нафсинг халтасини бу нондан холи этсанг бунинг ўрнига қиммат гавҳарлар билан халтангни тўлдирасан. Руҳ чақалоғини шайтоний сутдан ажратгину малак (фаришта) билан ҳамнафас эт. Қачонгача бир-биридан маззали ва ширин таомлар тановул қилиб юрасан, кел бир неча кун ўзингни сиём (рўза) билан имтиҳон қил).

Таъкидлаш лозимки, рўза борасида Шарқ мумтоз адабиёти вакиллари, мутасаввиф зотлар ва буюк аждодларимиз кўплаб тарбиявий тавсиялар беришган. Шу қаторда Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам рўзани энг гўзал айём, имтиҳон ойи, баракот ойи, саховат ойи, фазлат ойи, меърожга кўтарилиш ойи, тоат ойи, маънавий зиёфат ойи деб кўп бора тилга олади. Албатта, Рамазон ойи бизни икки дунё саодатига етишишга восита бўладиган қўрғондир.

گر تو را سودای معراج است بر چرخ حیات

دان که اسب تازی تو هست در میدان صیام

(Мазмуни: Агар ҳаёт чархфалагида меърожга (камолот мақоми) кўтарилишни истасана, сен учун бу майдонда буроқ каби тез учадиган от рўзаи Рамазондир).

Юқоридаги фикру мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Рамазон ойи фазилати ва баракоти рўза тутиш шартлари ва амаллари билан юзага чиқади. Шунинг учун бу муборак ойни ғанимат билиб дуо ижобат бўладиган кунларда ўзимиз, оиламиз, қариндошларимиз, маҳалламиз, ҳамюртларимиз ва диндошларимиз ҳақида хайрли дуолар қилайлик. Ватанимизнинг кенг кўламли ислоҳотларига ва фаровон ҳаёт кечиришимизга сабабчи бўлган инсонлар ҳақида ҳам дуо қилиш ғаниматдир. Аллоҳ таоло бу муборак ойининг сўнги кунлари баракоти билан Юртимиз аҳлини ўз паноҳида асраб доимо фаровон, тинч ва осуда ҳаёт кечиришмизни насиб этсин.

 

Каромиддин Жамаҳматов - 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбашунослик бўлими бошлиғи

________________________

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тавсири/ таржима ва тавсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент: Сано стандарт, 2019. – Б. – B. 28.

 [2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тавсири/ таржима ва тавсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент: Сано стандарт, 2019. – Б. – B. 588.

 

Izoh qoldirish