РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Имом Термизий халқаро илмий
тадқиқот маркази директори
Шукурилло Умаров,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Муқаддас Рамазон кунлари муҳтожларга меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш халқимизга хос фазилат бўлиб, бу инсонийлик фазилати доно халқимиз томонидан азалдан амалга ошириб келинаётган ўзига хос гўзал урф-одатлари ва нодир қадриятларида ўз ифодасини топган. Кексаларга ҳурмат, ёшларга иззат, етимлар, кам таъминланган ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш ҳамда яхши қўшничилик ҳақига риоя этиш каби фазилатлар халқимизнинг доимий инсонийлик шиорига айланиб бўлган. Бу эзгу амаллардан асосий мақсад халқни рози қилиш, Холиқни ризолигини топишдан иборат. Зеро, муҳтарам Президентимиз: “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади” деб таъкидлаган эдилар. Бу каби эзгу амаллар муқаддас ислом дини таълимотларидан бўлиб, динимизнинг кўрсатмаси ҳам айнан шундан иборат. Ҳадисда келтирилишича бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрадилар: Эй, Аллоҳнинг Расули “Энг гўзал амал нима?”. Расулуллоҳ с.а.в. жавоб бериб: “Мўминлар қалбига хурсандчилик киритиш, уларни таомлантириш, эҳтиёжи бўлса кийинтириш ва уларнинг муҳтожларини ҳожатини чиқариш” деб таъкидладилар. Бугун бутун жамиятимизда Юртбошимизнинг ташаббус ва таклифлари билан халқни рози қилишдек улуғ ишлар амалга оширилмоқда. Халқни оғирини енгил қилиш, уларга ёрдам бериш, айниқса аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, етимлар ва кам таъминланганларга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар, саховатли инсонлар томонидан ҳам аҳоли эҳтиёжига қараб катта эҳсон тадбирлари ўтказилмоқда. Бу эзгу ишларни Рамазон ойида янада кўпроқ амалга оширилиши ҳам беҳикмат эмас. Зеро, мазкур ойда амалларни бир неча баробар савобини кўпайтириб берилиши муқаддас манбаларимизда бот-бот зикр этилган. Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар бу ойни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат ойи деб билишади ҳамда файзли ва барокатли Рамазон ойи ва ҳайит байрамига етказганига Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб эзгу ишларни бажаришга киришади. Бу йилги муборак ойда ҳар йилгидан ҳам кўпроқ хайр-саховат ишлари амалга оширилди.
Жамиятда муқаддас ислом динининг буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш ва кенг тарғиб этиш долзарб вазифага айланиб бормоқда. Мамлакатимизда кейинги пайтда бу борада кўпгина ишлар амалга оширилди. Жумладан, улуғ алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номларидаги халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиб, мазкур муассасалар томонидан алломаларимиз меросида таълиф этилган ислом динининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ишлари олиб борилмоқда.
Юртимизда Рамазон ҳайитига эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат кўрсатиладиган кун сифатида катта эътибор қаратиб келинади. Бу кунда хурсандчилик қилиб, ҳақиқий байрам кайфиятида ўтказиш ва ўзгаларга ҳам шу кайфиятни ўлашиши лозим бўлади. Халқимиз азалдан ҳайит байрамларини шаҳарларда ва маҳаллаларда, қариндошлари, қўшнилари ва ёр-биродарлари турмуш ғам-ташвишларидан кўнгилга ором бериш, оила аъзолар билан биргаликда вақтичоғлик қилиш, қариндош-уруғларни зиёрат қилиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, ёр-дўстларга ҳадиялар улашиш, қўни-қўшниларга илтифот кўрсатиш, болаларга янги кийим-кечак ва ёшларига муносиб бўлган совғалар тақдим қилиш каби ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаб, жамият вакиллари ўртасида меҳр-муҳаббатни ёйишга хизмат қиладиган бебаҳо вақт деб билган. Бу қадриятлар аслида ислом дининг асоси мазмунини ташкил этадиган ғоялар бўлиб, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Сизлар бир-бирингизга ҳадия (совға) бериб турингизлар. Бу сизларни ўрталарингизда муҳаббатга сабаб бўлади” дейилган бўлса, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Биродарингиз юзига табассум билан боқишингиз ҳам сиз учун садақадир” деб таъкидланади. Инсонлар ўзаро яхшилик улашишлари ҳақида Қуръони каримнинг Ар-Роҳман сураси, 60-оятида шундай деб марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир”. Яъни яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшилик бўлади.
Бутун дунё мусулмонлари байрамона шукуҳ билан ўтказаётган бу Рамазон ҳайитини юртимиз аҳолиси ҳам кўтаринки кайфиятда нишонламоқда, айниқса, бу йилги Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда тўрт кунлик дам олиш эълон қилингани бу байрамга алоҳида файз ва тароват бағишлади. Бу имтиёз саховатли халқимизни яна ҳам меҳр-мурувват ва хайрли ишларни бажаришга ҳамда қариндошу яқинларига силаи раҳм қилишларида катта имкониятларни тақдим этади.
Бу ҳайит байрами Аллоҳнинг бир неъмати бўлиши билан бирга, миллий бирлигимиз ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим бир фурсатдир. Бу байрам арафасида барчамиз меҳрга тўламиз, хурсандчилик улашамиз, ҳамжиҳатлик туйғуларимиз уфуради ва орамиздаги нафрат ва қайғулар барҳам топади. Зеро, сабр-тоқат ва маънавий покланиш ойидан чиқиб ҳайит кунида бир биримизга кечиримлилик, инфоқу-эҳсон, раҳм-шафқат ва оқибат улашамиз. Бу ой ва байрамнинг яна бир улуғ фазилати дуоларнинг қабул бўлишидадир. Дунёда кечаётган турли хасталикларни якун топиши, халқимиз бошидан бу бало-офатларни узоқ бўлишини яратган Зотдан сўраб қоламиз. Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қиламиз! Зеро, бу фурсат дуолар қабул бўладиган ва мукофатлар зиёдаси билан бериладиган вақтдир.
Барчангизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Izoh qoldirish