РАМАЗОН – МАҒФИРАТ, САБР ВА ПОКЛАНИШ ОЙИДИР
Аллоҳ таоло бандаларига берган энг буюк неъматларидан бири – Рамазон ойидир. Рамазон ойида тутилаган рўза улуғ ибодатлардан бири саналади. Рамазон ойи ибодат, раҳмат, барака, мағфират ва сабр ойидир. Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилганларидан бир йил ўтиб, Аллоҳ таоло биздан олдинги қавмларга рўзани фарз қилгани каби, бизларга ҳам фарз қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят мазмуни). Аллоҳ таоло бу оят билан рўза тутишликни бандаларига фарз қилди.
Рўза – исломнинг беш асосий рукнларидан бири ҳисобланади. Рўза – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш мақсадида тонг отгандан то қуёш ботгунгача ейиш-ичишдан, шаҳвоний нафслардан ўзини тийиш ва турли хил гуноҳларга сабаб бўладиган ишлардан сақланишга сабаб бўладиган ибодатдир.
Рўза тутган одам сабрли, бардошли бўлади. Шу билан бирга ихтиёрий равишда оч қолиб, очлик нималигини ўз бошидан ўтказиб, доимо оч юрганларнинг ҳолини тушуниб етади ва уларнинг ҳолидан хабар оладиган бўлади.
Бир ой давомида ўзини ҳалол-пок нарсалардан тўхтатиб турган мўъмин-мусулмон ҳеч қачон йилнинг қолган ўн бир ойида ҳаром нарсаларга яқин келмаслиги керак.
Рамазон ойи гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Бу ойда бирор киши билан тортишиш ва жанжаллашиш яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бинобарин, рўза тутган киши ҳақорат сўзларини тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин! Агар бирор киши рўзадор билан уришса ёки уни ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзадорман”, десин!” (Бухорий ривояти).
Рўза инсонларни ёмонлик ва гуноҳлардан асрайдиган бир қалқондир. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб айтганлар: “Рўза (тутмоқлик) дўзах ўтидан асровчи воситадир!...” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Можада келган бошқа бир ривоятда эса, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Қалқон жангда сизни асрагани каби рўза ҳам жаҳаннам оловидан асрайди” (Июн Можа ривояти).
Рамазон руҳан покланиш ва ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазон ойида шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланади ва кишиларнинг ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бу ойда қилинган гуноҳнинг бошқа ойларда қилинган гуноҳлардан жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазон ойида барча ахлоқсизликлардан ва гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ёлғон гапирилмайди, тухмат ва бўхтон каби ишлардан узоқ турилади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в.): “Кимки ёлғон сўзлашни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди” (Бухорий ривояти).
Рамазон ойи мағфират ойидир. Биз фарз бўлган Рамазон рўзасини тутганимизда, ҳам Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб савобни қўлга киритамиз, ҳамда тутган бу рўзаларимиз бизнинг гуноҳларимизга каффорат бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Кимки Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутса, қилган гуноҳи кечирилади” (Бухорий ривояти).
Рамазон сабр ойидир. Рўза бизга сабр қилишни ўргатади. Рўза тутган киши иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай турли хил машаққатларга сабр қилади ва ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийиб сабр ва чидамнинг энг юқори даражаларини ўзлаштиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) сабр ҳақида шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор. Баданнинг закоти эса рўзадир. Рўза сабрнинг ярмидир” (Ибн Можа ривояти).
Доно халқимиз бекорга “сабрнинг таги сариқ олтин”, дейишмаган. Бу мақол халқимизнинг минглаб йиллик тажрибаларига асосланиб айтилган. Сабрли инсон ҳаётида дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта оладиган бўлади.
Рамазон ойи нафақат нафсимизни жиловлайдиган ой, балки камбағаллар, фақирлар ва мухтожларни эсга олиб, уларга ёрдам берадиган ибодат, раҳмат, барака, мағфират ва сабр ойидир.
Олим Жўраев -
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
Izoh qoldirish