29.04.2022

АЛ-АЖАБ (АЖАБЛАНАРЛИ, АЖОЙИБ)


إِنَّا سَمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا 
БИЗ АЖОЙИБ ҚУРЪОННИ ЭШИТДИК (ЖИН, 1).

 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
قُلْ أُوحِيَ إِلَيَّ أَنَّهُ اسْتَمَعَ نَفَرٌ مِنَ الْجِنِّ فَقَالُوا إِنَّا سَمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا (1) يَهْدِي إِلَى الرُّشْدِ فَآمَنَّا بِهِ وَلَنْ نُشْرِكَ بِرَبِّنَا أَحَدًا (2)
“Сен айт: “Менга ваҳий қилиндики, Албатта жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: “Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилур. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз” (Жин, 1-2).
Қуръон васф қилинган ҳадиси шарифда ҳам унинг ажиблиги хислати ушбу оятга биноат қайд этилган: “У – жинлар Уни эшитишлари билан дарҳол “Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушд¬га ҳидоят қилур” деган нарса”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ушбу оят тафсирида ривоят қилинишича, Қуръон тиловати ажиб, карим ва шарифдир. Жинлар уни Мусонинг китогбига ўхшатишди, чунки улар Таврот аҳли эди.
Имом Замахшарий ва Насафийга кўра, ажиб, қойилмақом, аъло, бошқа китоблардан гўзал тартиби ва соғлом маънолари билан ажралиб туради. Унда ожиз қолдирувчи далиллар қойимдир. Ажаб – одатдан ташқари бўлган нарсадир. Бунда муболаға ҳам бўлиб, ўзига ўхшаш нарсалар ва мисоллар чегарасидан ташқарига чиққан нарсага ишлатилади.
Абу Лайс Самарқандий Қуръон ажиблигини унинг азиз, шариф (шарафли) ва каримлиги билан изоҳлаб дейди: “Дейиладики, у азиз бўлиб, мисли йўқдир”.
Саҳиҳ хабарларда келишича, Уккоз бозори сари йўналган Пайғамбар алайҳиссалом Нахла водийсида саҳобаларга имом бўлиб, бомдод намозидаги қироат қиладилар ва жинлар Қуръонни мана шу вақтда эшитишади. Жинлар учун само хабарлари тўсилгач, улар мағриб ва машриқни айланган ҳолда бунинг сабабини қидиришади ҳамда улардан Тиҳома тарафга бориб, Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ саҳобаларга йўлиққан бир гуруҳи бунинг айнан Қуръон  эканлигини топишиб, қавмларига қайтиб бориб, юқоридаги сўзларни айтиишади. Жинларнинг бу ҳолати ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига ваҳий қилинган юқоридаги оятлар билангина хабар топадилар.  
Иоми Мотуридийнинг келтиришича, бундан Пайғамбар алайҳиссломнинг жинларга ҳам Пайғамбар эканликлари ҳам келиб чиқади. Жинларни Қуръон эшитганда иймонга келишларига сабаб уларнинг махлуқот бу каби нарсани келтира олмаслигини таниб-билишганлари, унинг маъноларининг мустаҳкамлиги ҳамда бирикиш ва низомининг гўзаллигидан воқиф бўлганлари сабабидандир ва мана шу нарсалар уларни ажаблантирди. Қолаверса, улар ширк аҳли бўлиб, тавҳид, нубувват, қайта тирилтириш каби нарсалар исботига ҳам гувоҳ бўлишди. 
Оятдаги жинларнинг “нафари” ҳақида дейиладики, у учтадан тўққизтагача бўлган саноққа нисбатан қўлланади. 
Қуръони Каримнинг яна бир ўрнида унинг оятлари ажиб эканлиги айтилади:
أَمْ حَسِبْتَ أَنَّ أَصْحَابَ الْكَهْفِ وَالرَّقِيمِ كَانُوا مِنْ آيَاتِنَا عَجَبًا
“Каҳф ва битик эгаларини Бизнинг ажойиб оят-белгиларимиздан деб ўйладингми?” (Каҳф, 9).
Умуман, Қуръон оятлари кишига таъсири, унинг учун энг тўғри мезонларни қўйган ҳолда ҳаётини тўғриликка йўналтириши билан мисли йўқ даражада ажибликка эга. Шунингдек, бу ундаги ибрат ва қиссалар, ҳужжат-далиллар, ҳукмлар ва барча жиҳатларга тегишли. Қуръоннинг ҳар бир ояти ўз ажиблигига эга. Буни англаш Қуръон маърифатининг аслида етиб бориш лозим даражаси бўлиб, ана шундагина ундан олинадиган фойдалар юксак даражада бўлади. Ушбу фойдалар эса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Қуръоннинг ҳар бир ояти билан янги даражага кўтарилишнинг муҳим асосидир.


 

Жўрабек Чўтматов –
 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими

Izoh qoldirish