30.04.2022

НЕЪМАТ


فَذَكِّرْ فَمَا أَنتَ بِنِعْمَتِ رَبِّكَ بِكَاهِنٍ وَلَا مَجْنُونٍ 
БАС, ЭСЛАТГИН: СЕН РОББИНГ НЕЪМАТИ ИЛА ФОЛБИН ҲАМ ЭМАССАН, МАЖНУН ҲАМ ЭМАССАН (ТУР, 1).

Ушбу ўриндаги “неъмат” раҳмат, нубувват ва ислом деб изоҳланиши билан бирга Абу Лайс Самарқандий Абу Саҳлдан: “Қуръон билан ваъзланган ҳолингда” деган тафсирни ҳам келтиради. 
Имом Замахшарий ва Насафий эса: 
“Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (Зуҳо, 10).
оятидаги неъмат ҳақида дейишганки, сенга Аллоҳ берган нубувват ҳақида гапиргинки, бу неъматларнинг энг каттасидир. Тўғри сўз шуки, ушбу ўриндаги неъмат Аллоҳ у зотга берган барча неъматларни ўз ичига олиб, унга Қуръон ва шариат таълими ҳам киради.
Абу Лайс Самарқандийга кўра, яъни, ушбу Қуръон билан сўзлаки, одамлар уни билишсин. Бу оятда Қуръонни таълим берувчи барча кишилар учун улар бирор кишига буни таълим беришларида савоб умид қилишлари масаласида огоҳлик бордир. Шунингдек, бу оятда Қуръонни намозда овоз чиқариб, жаҳрий ўқи, деган маъно борлиги ҳам айтилган. 
Ибн Касир ўз тафсирида Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ушбу ўриндаги “неъмат” ҳақида ривоят қиладики, яъни, сенга берган нубувват. Ундан қилинган яна бир ривоятга кўра эса, Қуръон. 
Имом Мотуридий эса ушбу оят тафсирида шундай келтиради: “Ушбу оят икки жиҳатга эга бўлиши мумкин:
Биринчиси, уларга Аллоҳ таолонинг берган неъматлари ҳақида сўзла, токи уларни танишиб, улар шукрининг адосига вафо қилишсин.
Ёки дейдики, сенга Аллоҳ берган неъматни уларга сўзла. Бу эса ушбу Қуръондир. Зеро, Қуръон Аллоҳ у зотга берган энг улуғ неъматдир.   
Бас, у зот ўзига берилган неъматларни сўзлашга буюрилдилар. Токи кишилар Аллоҳ у зотга инъом қилган неъматларнинг ўзлари учун ҳам махсус бўлган жиҳатларини билиб таниб-билиб олишадики, Аллоҳ уларни мана шундай зотнинг умматларидан ва қавмидан қилди. Ёки Аллоҳ у зотни унинг қироатига ва ундаги нарсаларни сўзлаб беришга буюрди”.   
Албатта, Қуръон кишилар ундан барча томонлама неъматланиши мумкин бўлган неъматларнинг энг олийсидир. Қолаверса, неъматлар фойдасига кўра ўлчанганда ҳам Қуръон энг юксак даражада фойда берувчи неъматдир.

 

 

 

Жўрабек Чўтматов – 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими

Izoh qoldirish