01.05.2022

АЛ-КАВСАР

إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ
“АЛБАТТА, БИЗ СЕНГА КАВСАРНИ БЕРДИК” (КАВСАР, 1).

Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа муфассир олимлардан қилинган ривоятларга кўра, кавсардан мурод – кўп яхшилик, шу жумладан, илм, ҳикмат, нубувват ва Қуръондир. Ёки бу Қуръон фазилати туфайли берилган кўп яхшиликдир. Албатта, бу, Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ҳадисларида таъкидлаганларидек, Аллоҳ таолонинг Пайғамбар алайҳиссаломга махсус инъом этган ва ажойиб сифатларга эга бўлган жаннатдаги дарёси ҳамдир. 
Суранинг давомида дейилади: 
“Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй.  Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг орқаси кесикдир” (Кавсар, 2-3).
Имом Замахшарий ва Насафийларнинг келтиришича, “кавсар” луғатда араб тилидаги “кўплик” сўзи ўзаги бўлган “касра” сўзининг “фавъал” вазнидаги шакли бўлиб, “кўплик”нинг муболаға даражасини ифодалаш учун қўлланган. Яъни, бундаги маъно шуни билдирадики, Пайғамбар алайҳиссаломга кўплигидан чегараси бўлмаган, икки дунёнинг ҳеч кимга берилмаган даражадаги яхшиликлари берилган. Буни оламлар илоҳи бўлган Зот бергандир. Энди у зот учун икки яхшилик жам бўлган: 
Энг улуғ ва энг мўл-кўл атога эришиш; 
Ато қилувчиларнинг энг карамлиси ва неъмат берувчиларнинг энг улуғидан ушбу яхшиликларни қабул қилиб олиш.
Демак, у зот ўзини мана шундай неъматлар билан иззат қилган, шарафли айлаб, халойиқнинг миннатидан сақлаган Парвардигорига ибодат қиладилар ва Аллоҳнинг юзи учун қурбонлик бажо келтирадилар. Бу эса Аллоҳдан бошқага ибодат қилувчи ва У Зотдан бошқаси учун жонлиқ сўювчи қавмларига зид тарздадир. 
Энди мана шу васфда бўлган зотнинг зикри минбар ва минораларда, ҳар бир олим ва зикр қилувчининг тилида дунё тургунча жорийдир. Аллоҳнинг зикридан сўнг ана ўша зотнинг зикри ушбу зикрга жуфтлашади. Охиратда эса у зот учун таърифи тавсифга сиғмайдиган неъматлар бор. Ана шундай зот эса ҳеч қачон изи кесик дейилмайди, балки у зотни мана шундай сифат билан сифатлаганларнинг ўзи, шаксиз, ушбудек бўлишга маҳкумдир. 
Албатта, “кўп яхшилик” сифатининг бошида Қуръон туради. Чунки илму ҳикмат, нубувват ва бошқа у зотга берилган барча яхшиликлар мана шу яхшиликнинг ичидан чиқади. У, Имом Замахшарий таърифлаганидек, чегараси бўлмаган даражадаги яхшиликнинг айни ўзидир. Қоолаверса, яхшиликнинг барини жамлаган Қуръон билан қўлга киритиладиган яхшилик ҳам абадий давом этиб, бирон чегара билан чегараланиб қолмайди.



 

Жўрабек Чўтматов –
 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими

Izoh qoldirish