БИР ҲАДИС ШАРҲИ
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ، قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم " مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ فَذَلِكَ صِيَامُ الدَّهْرِ " رواه الترمذي
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнг унга Шаввол ойидан олти кун рўза қўшса, гўё бир йил рўза тутгандек бўлур», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Маълум бўладики, ҳадиси шарифда берилган тавсияга ҳар йили амал қилган одам умр бўйи рўза тутганлик савобини қозонади.
Уламолар Рамазон ойининг ҳар бир куни ўн кунга тўғри келиши ва унинг жами 300 кунга тўғри келишини, ундан кейин олти кунлик Шаввол рўзаси, яъни тўлиқ бир йил бўлишини ҳисоблашган. Али Ҳаввос қуддиса сирруҳу айтдилар: “Шаввол ойида бу олти кунлик рўзани худди Рамазондагидек ҳурмат қилиш керак. Чунки Шаввол ойида тутилган рўзалар Рамазон ойида тутилган рўзаларнинг камчиликларини тўғирлаш учундир”. Шаввол ойидаги рўзаларда Роббимиз томонидан ваъда қилинган ажр бизни рўза билан алоқамизни сақлаб қолишга ва уни фақат Рамазон ойига хос қилиб қўймасликка ундайди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ Шаввол ойи рўзасини кетма-кет 6 кун тутиш билан бир қаторда, бўлиб-бўлиб тутиш жоизлигини айтганлар.
Шаввол ойида тутилган нафл рўза Рамазон ойида тутилмаган рўзанинг ўрнини боса олмайди. Яъни Рамазон ойида тутилмаган рўзаларнинг қазосини алоҳида тутиш вожибдир. Рўзада қазога ҳам, нафлга ҳам ният қилиш жоиз бўлмагани учун шаввол ойида фақат биттасига ният қилиш керак. Шаввол ойи рўзасини кетма-кет тутиш мустаҳабдир. Савобли амалларда мусобақа қилишга буюрилганмиз. Шаввол ойида бошқа иш билан банд бўлиб қолмаслик ва бу кунларнинг рўзасини қолдирмаслик учун ҳар ким ғайрат қилиши лозимдир.
Музаффархон Жониев -
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish