17.05.2022

Тушкунлик ҳақида

(Пайғамбаримиз алайҳиссалом)  “Тушкунликдан қайтардилар”.

Тушкунлик моҳиятан Аллоҳ таолонинг ҳукмлари ва тақдиридан қочишдир. Ваҳоланки бўлиши тақдир қилинган нарса инсон қаерга қочса ҳам эргашиб бораверади. Демак ундан қочувчи ёмон одам ҳисобланади, ғазабга қолади. Аллоҳ таолонинг ушбу оятига эътибор беринг

"Кўрмадингизми (эй, Муҳаммад), ўлимдан қўрқиб, ўз юртларидан чиқиб кетган минглаб кишиларга Аллоҳ: “Ўлингиз!” – деди. Сўнгра уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу карамлидир. Лекин кўп одамлар (бунга) шукр қилмайдилар (Бақара сураси, 243-оят) .

Улар қочганлари сабабли ёмон кўриндилар. Аллоҳ таолонинг уларга “ўлинглар” деган бир сўз билан хаммалари ўлдилар. Кейин Аллоҳ таоло уларга фазлу карам қилиб уларни тирилтирди, қолган умрларини берди.

Тушкунлик араб тилида “ат-тайро” сўзи билан ифодаланади ва у аслида тонг пайтида қушнинг овозини эшитиш маъносида ишлатилади. Бир ишни бошлашдан олдин эшитиладиган овоз маъносида ҳам келади. Одатда бирор нуқсонли, ногирон одам олдингга келса ундан кайфиятинг бўзилади, унинг юзидан кўзингни олиб қочасан. Мана шу ҳолга яхшилаб назар ташланса, Парвардигори олам тўғирисида банданинг ахмоқона ёмон гумон қилмоғи бор. Чунки, касални Аллоҳ таоло яратган, касалликни юқтириш Аллоҳ таолодан деб билган одам бундай қилмайди. Чунки ана шу пайтда инсон Аллоҳнинг тақдиридан қочмоқчи бўлади. Бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қайтарганлар.

Тушкунликдаги одам Парвардигорга нисбатан ёмон гумонда бўлади. Бир ишдан қочиб, ўзича уни тарк қилди. Аслида бу билан унга катта зарар тушиб турибди. Чунки, у ёмон гумон  қилиб Парвардигоридан қочаяпти. Аллоҳ таоло уни шу гумони сабаб тутади ва Ўзининг ожиз эмаслигини билдириб қўйиш учун бу бандага ўша нарсани беради. Аллоҳ таоло бир қавмдан ҳикоя тарзида бундай деган.

"(Улар) дедилар: “Бизлар сизлардан шумланмоқдамиз. Қасамки, агар (даъватларингизни) тўхтатмасангиз, сизларни, албатта, тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан аламли азоб етар!” (Ёсин сураси, 18-оят)

"(Элчилар) айтдилар: “Шумланишингиз (сабаби) ўзларингиз биландир. Сизларга насиҳат қилинса (шумланасизларми)?!  Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!” (Ёсин сураси, 19-оят).

Яъна Аллоҳ таолонинг тақдиридан, унинг ҳукмларидан қочсангиз ҳам тушкунлик ҳолатингиз сиз билан бирга бўлиб, сизга лозим бўлиб туради.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай баён қилади.

"Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз. Қиёмат кунида унга очиқ ҳолда учратадиган китобни (Номаи аъмолини) чиқариб берурмиз (Исро сураси, 13-оят).

Солиҳ (алайҳиссалом) қиссасида эса бундан деди:

"Улар дедилар: Бизлар (бошимизга тушган каҳатчиликни) сен ва сен билан бирга бўлганлардан деб шумландик”. У айтди: “Сизларнинг ишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аксинча, сизлар имтиҳон қилингаётган қавмдирсиз. (Намл сураси, 47-оят).

 

📚 Ал-Ҳаким Ат-Термизийнинг "Қайтарилган амаллар" китобидан

Izoh qoldirish