18.05.2022

Тиловат саждаси

Тиловат саждаси икки такбир орасидаги бир марталик вожиб сажда бўлиб, унинг шартлари намознинг шартлари кабидир. Яъни, мусулмон бўлиши, ақилли бўлиш, балоғатга етган бўлиш, таҳорат, қиблага юзланиш, авратни ёпиқ бўлиши ва ният. Ундан қўл кўтариш, ташаҳҳуд ва салом бериш йўқ. Унда саждада айтилганидек тасбеҳ, “Субҳона Роббиял аъла” уч марта айтилади. У қуйидаги 14-оятдан бирини ўқиган ёки эшитган одамга вожиб бўлади:

1. Аъроф сурасининг 206-ояти.

2. Раъд сурасининг 15-ояти.

3. Наҳл сурасининг 49-ояти.

4. Исро сурасининг 109-ояти

5. Марям сурасининг 58-ояти.

6. Ҳаж сурасининг 18-ояти.

7. Фурқон сурасининг 60-ояти.

8. Намл сурасининг 26-ояти.

9. Сажда сурасининг 15-ояти.

10. Сод сурасининг 24-ояти.

11. Фуссилат сурасининг 37-ояти.

12. Нажм сурасининг 62-ояти.

13. Иншиқоқ сурасининг 21-оят.

14. Алақ сурасининг 19-ояти.

Бир киши имомдан сажда оятини эшитиб, ўша имомга сажда ояти ўқилган ракатдан бошқа ракатда иқтидо қилса, намоздан сўнг тиловат саждаси қилади. Шунингдек, намоз ўқиётган одам намоздан ташқаридаги ёки бошқа бир намоздаги одамдан сажда оятини эшитса ҳам намозини ўқиб тугатганидан кейин тиловат саждаси қилди. Имом сажда оятини ўқиган ракатда ҳали имом тиловат саждасини қилмасдан унга иқтидо қилган киши, гарчи эшитмай қолган бўлса ҳам, имом билан бирга сажда қилади. Аммо шу ракатда имом тиловат саждасини  қилганидан сўнг, имомга иқтидо қилса, тиловат саждасини қилмайди. Чунки у ўша ракатга қўшилиши билан мазкур ракатдаги ҳамма нарсаларни, жумладан, тиловат саждасини ҳам топган бўлади.

Агар имомга эргашган одам сажда оятини ўқиса, уни ташқаридан эшитган кимсагина тиловат саждаси қилади. Намоз асносида қилиниши лозим бўлган тиловат саждаси намоз ичида адо қилинмаган бўлса, намоздан кейин қазо қилинмайди.

Сажда оятидан сўнг учдан ортиқ оят ўқимай тиловат саждасини ният қилиб намознинг рукусига борса, тиловат саждаси ўрнига ўтади.

Агар бир жойда ёки бир намозда сажда оятини бир неча бор такрор ўқиса ҳам, битта тиловат саждаси кифоя қилади. Чунки бу ҳолатда сажда оятлари бир-бирига киришиб кетади. Бу ҳолатда ўқиб бўлиб кейин сажда қиладими ёки сажда қилганидан кейин ўқийдими, фарқи йўқ.

Тингловчининг ўз мажлиси эътиборга олинади. Яъни, сажда оятини ўқувчи уни бир неча жойда ўқиган бўлса ҳам, тингловчи уни бир жойда туриб эшитган бўлса, бир марта сажда қилади. Бордию тингловчи жойини алмаштириб турган бўлса, алмаштирган сонича сажда қилади, ҳатто бир шохдан бошқа шохга ўтиш ҳам жой ўзгартириш ҳисобланади.

Бир хонанинг ёки катта масжиднинг ичида сажда ояти ўқилгач, бир бўрчакдан бошқа бир бурчакка ўтиш жойни ўзгартириш ҳисобланмайди. Сажда ояти бор сурани ўқиётиб, сажда оятининг ўзини ўқимай ташлаб кетиш макруҳдир, лекин унинг ўзинигина ўқиш макруҳ эмас.

Сажда оятига бир ёки бир неча оят қўшиб ўқиган яхши.Сажда оятини бошқаларга эшиттириб, уларни қийин аҳволга солмаган яхши.

Қироат махфий бўлган намозда имомнинг сажда оятини тиловат қилиши макруҳдир. Бунда муқтадийларга шубҳа тушади. Нима учун сажда қилганларини билмай қоладилар.

Жума ва ийд намозларида сажда оятини тиловат қилиш ҳам макруҳ. Тиловат саждасини аввал ўриндан туриб, кейин қилган афзал. Сажда оятини тиловат қилган одам саждадан бош кўтармагунича, тингловчи бошини қўтармайди. Тиловат саждасини кечиктириш макрухдир.

 

Манба: "Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китоби.

Izoh qoldirish