САЙЙИД МУҲАММАД БУХОРИЙ ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ИЗДОШИ
Саййид Муҳаммад Бухорий асли бухоролик бўлиб таржимаи ҳоли ҳақида манбаларда маълумот учрамайди. Асл исми Муҳаммад, Пайғамбаримиз авлодидан бўлганилиги учун Саййид унвонини ҳам олган. Бухорода тўғилганлиги ва асли бухоролик бўлганлиги сабабли нисбати Бухорий билан келади. XIII-XIV асрнинг йирик мутафаккири, фиқҳ олими, мутасаввифи ва даврининг кўзга кўринган мутакаллими бўлган. Саййид Муҳаммад Бухорий катта эҳтимол билан бошланғич таълимни Мовароуннаҳрда олиб, сўнг муғуллар босқинининг ижтимоий-сиёсий вазияти тақозоси билан Ироқга кўчиб боради. Бир қанча муддат ўтмасдан Кўрдистон халқи ўз диёрига пешволикга даъват этишади. Форс олими Нажиб Мойил Ҳиравий Саййид Муҳаммад Бухорий ҳаёти ва илмий мероси борасида ягона тадқиқот олиб борилган олимлардан.(Бухорий., 1363 ҳ.)Бироқ бугунги кунга қадар ўзбек олимларимиз томонидан бу зот ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадқиқот олиб борилмаган.
Саййид Муҳаммад Бухорий “Маноҳижу-т-толбин ва масолику-с-содиқин” асарининг баъзи жойларида ўз ҳаёти ва илмий фаолиятига ишора қилади. Аммо ўз даврида номи машҳур бўлганлиги сабаблими ёки бошқа сабабми тўлиқ таржими ҳоли келтирилмаган фақат исми, насаби, ватани, асари зикр қилинган холос. Бу асар маъно мазмун жиҳатидан диний-тасаввуфий характерга эга. Жумладан, тасаввуф ва калом илмига алоҳида урғу беради. Мойил Ҳиравий бу асар ҳақидақуйидагиларни ёзади:
کتابی است بسیار بسیار ارزنده با نثر سخته و متین و شیوای فارسی و با فواید و اطلاعات اجتماعی عصری به نام مناهج الطالبین و مسالگ الصادقین که ظاهرا در میانه ی سالهای 695 هجری به نگارش در آمده است به وسیله ی سید محمد بخاری
(Бухорий., 1363 ҳ.)
(Мазмуни: Бу китоб даврининг кўплаб ижтимоий манфаатларни ўзида жамлаган, форс тилида балоғат билан ёзилган, ҳар томонлама керакли форсча насрий асардир. “Маноҳижу-т-толибин” асари тахминан 695/1296 йиллари атрофида Саййид Муҳаммад Бухорий томонидан ёзилган).
Таъкидлаш жоизки, бу асар ўз даврининг муҳим манбаларидан бири бўлганлиги учун Мойил Ҳиравий “жуда керакли манба” сифатида тилга олади. Бундан ташқари асарни тил, маъно-мазмуни нуқтаи назаридан юқори баҳолайди ваунинг илмий аҳамияти қай даражада бўлганлигини кўрсатиб беради. Бу асар муаллифнинг ягона асари бўлиб, бошқа асарлари борлиги ҳақида маълумот мавжуд эмас. Муаллиф ўз шахсий ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот бермасдан асарнинг баъзи жойларида ўзини(Бухорий., 1363 ҳ.)این ضعیف این عاجز (Бу заиф, бу ожиз банда) деб тавозеъ зикр этади. Бошқа манбаларда муаллифнинг ҳаёти ва асари ҳақида маълумот учрамайди, фақат Ҳожи Халифа “Кашфу-з-зунун” асарида “Маноҳижу-т-толибин” Саййид Муҳаммад Бухорий асари эканлиги ва форс тилида ёзилганлигини таъкидлаб асарнинг мавзу мундарижаси ҳақида маълумот бериб ўтган.(Халифа., 1927.)
رتبه علي مقدمة و عشرة ابواب المقدمة في تمهيد الكتاب الباب الاول في الاعتقاد الثاني في التقوي الثالث في الامر الباطن والمعرفة الادب الرابع في التنبيه الخامس في الآداب الصحبة السادس في الشرائط الذكر السابع في المعرفة
والمشيخة الثامن في إثبات الرؤية والمشاهدة التاسع في الهداية والضلالة العاشر في العلم (Бухорий., 1363 ҳ.)
Мазмуни: Китоб муқаддима ва ўн бобдан иборат. Асарнинг таркибий қисми қуйдаги мавзуларни ўз ичига олади:
Биринчи боб: Эътиқод баёни ҳақида;
Иккинчи боб: Тақво баёни ҳақида;
Учинчи боб: Одоб маърифати ва ботин амри ҳақида;
Тўртинчи боб: Танбеҳ баёни ҳақида;
Бешинчи боб: Суҳбат одоби баёни ҳақида;
Олтинчи боб: Зикр шартлари баёни ҳақида;
Еттинчи боб: Маърифат ва шайхлик баёни ҳақида:
Саккизинчи боб: Руъёнинг исботи ҳақида;
Тўққизинчи боб: Залолат ва ҳидоятнинг баёни ҳақида:
Ўнинчи боб: Илмнинг баёни ҳақида.
Юқорида санаб ўтилган ўнта бобга эътибор берсак, муаллиф биринчи ўринда калом илмига оид бўлган ақидавий мавзуларни келтиради. Соф эътиқодни билиш ҳар бир толиби илм учун қай даражада лозим эканлигини кўрсатиб, кейин бошқа шаръий масъалаларга ўтади. Тасаввуфнинг асосий руҳи бўлган тақвони ақидадан кейинги ўринга қуяди. Чунки мусулмон инсон илм ўрганиши учун биринчи навбатда ўз йўли, мақсади ва амалларнинг фойдали ёки зарарли томонларини билиши керак. Бунинг учун соф эътиқод зарурий илмлардан саналади.
“Маноҳижу-т-толибин” асари таркибий қисмида Қуръон карим, Ҳадиси шариф, мутасаввиф зотларнинг қавлидан ташқари руҳий тарбияга оид форс шеърларни ҳам учратиш мумкин. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” асари ва Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг шеъриятидан парчалар келтиради. Баъзи ўринларда ўз шеърларидан ҳам мисол келтирилган[1]:
آن را که دل از عشق پر آتش باشد
هر نکته گوید همه دلکش باشد
(Бухорий., 1363 ҳ.)
(Мазмуни: Кимнинг қалби муҳаббат олови билан тўлиб тошган бўлса, ҳар бир айтилган сўзи маъноли ва таъсирлидир).
Дарҳақиқат муҳаббат аҳлининг сўзларида ҳам маъно ва ҳам жозиба бор. Чунки уларнинг қалблари илоҳий муҳаббат нурлари билан тўлиб тошгандир. Нурли қалбдан чиққан ҳар бир сўзда маъно ва таъсир борлигини уламолар таъкидлаб ўтишган.
Саййид Муҳаммад Бухорий асарни форс тилида ёзилганлиги сабабини “ажам халқи аксари араб тилини билмаганлиги учун форсча ёзилди”(Бухорий., 1363 ҳ.) деб таъкидлайди.
Муаллиф биринчи бобда илоҳий маърифатни англаш учун Қуръони каримдан қуйидаги оятни далил келтиради:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ
(Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминлар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларнгизни ҳам билур).(Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири/таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур., 2019.)
Бу оятдан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тавҳид борасидаги ҳадисни мисол қилиб баён этади:
كان الله و لم يكن معه شيء
(الراوي : عمران بن الحصين | المحدث : البخاري | المصدر : صحيح البخاري | الصفحة أو الرقم : 7418)
(Мазмуни:Аллоҳ таоло азалдан бор эди У билан ҳеч бир нарса йўқ эди).
Саййид Муҳаммад Бухорий соф тавҳидни бандалар билишлиги, илоҳий маърифатни англашга восита бўладиган илмларни эгаллашни зарур деб билади. “У билсинки, Аллоҳ азза ва жалла якка ва ягонадир, бизнинг якка ягоналигимиз каби эмас. Балки Унинг зоти қадим, азалий ва абадийдир. Яъни азалдан мавжуд эди ва доимо мавжуддир. У зотдан бошқа нарсалар фано бўлувчидир. Барча махлуқотнинг ибтидоси Ундандир ва барча нарсанинг интиҳоси ҳам Унга қайтажакдир. ... У Зотни маърифат қилишда ақл ноқислик қилади. Ишқ ҳам Унинг жамоли ва жалолини маърифат этишда ҳайрондир. Ким Унга итоат этиб қурбат этса, қудратини ангай бошлайди, аммо ирода этмаса сарсонликда ўзига мафтун бўлиб юради” – дейди.
Яъни: Аллоҳ талонинг азалий сифатларини билиш, Қуръон ва суннатда келган нақлий далилларни ўрганиш толиби илмлар учун зарурдир. Соф тавҳидни билган ҳар бир толиби илм келажакдаги ишларини мустаҳкам эътиқод ва ишонч билан амалга оширади. Аллоҳнинг сифатларини билмаган, фақат хаёли билан Унинг зоти ҳақида сафсаталар айтадиганларни муаллиф “сарсон ва мажнун” деб билади. Зеро ақлий далиллар нақлга (Қуръони карим, Ҳадиси шариф) суянмас экан илоҳий тавҳидни билишда банда залолатга кетиши муқаррар. Аллоҳ таолонинг якка ягоналигини билишда жисмдан, барча хаёллардан холи деб билиш керак. Бизнинг тушунчамиздаги бирлик билан Аллоҳнинг якка ягоналигидаги бирликда мутлақо фарқ бор. Чунки У зот жисмдаги бирликдан муназзаҳ ва олийдир. Унинг якка ягоналиги ҳеч бир махлуқотнинг бирлигига ўхшамайди. У мислсиз, олий қудрат соҳиби ва Борлиқнинг Яратувчиси бўлган Ягона зотдир. Мисол: “Зайд замонасининг ягона олимларидан эди” деганимиз билан унинг шундай ягона олим бўлишига бир қанча сабаблар бор. Лекин Аллоҳ таолонинг якка-ягоналигида ҳеч қандай сабабга ҳожат йўқ. Чунки сабабларнинг яратувчиси бўлган Зот бундан беҳожатдир.
Хулоса, Сайид Муҳаммад Бухорийнинг “Маноҳижу-т-толибин” асари тасаввуф ва калом илмларига оид қимматли манба ҳисобланади. Қуръон ва суннатга таяниб ёзилган ушбу асар бугунги кун глобаллашув жараёнида сув ва ҳаводек зарур. Имом Мотуридийнинг халаф издоши бўлган Саййид Муҳаммад Бухорийнингасарини исломшунослик нуқтаи назардан ўрганиш давр талабидир. Чунки муаллиф толиби илмларга руҳий тарбия беришдан олдин соф илоҳий тавҳидни ўрганишга алоҳида эътибор қаратади. Энг асосийси тавҳидни ақида ва барча илмларининг “муҳим жавҳари” деб билади.
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
- Бухорий., С. М. (1363 ҳ.). Маноҳижу-т-толибин ва масолику-с-содиқин. Теҳрон:: Интешорот-э Мавло.
2. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири/таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. (2019.). Тошкент:: Sano standart.
3. Халифа., Ҳ. (1927.). Кашфу-з-зунун. Бағдод:: Мактабу-л-мусанно.
الراوي : عمران بن الحصين | المحدث : البخاري | المصدر : صحيح البخاري | الصفحة أو الرقم : 7418.
______________________
[1] Асарда Саййид Муҳаммад Бухорий ўз шеърларидан намуна келтирилгани шундан далолат берадики, бу зот нафақат олим бўлган балки ўз даврининг мутасаввиф шоир ҳам бўлганини қайд этиш ўринли.
✍️ Каромиддин Жамаҳматов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбашунослик бўлими бошлиғи, Самарқанд давлат университети учинчи босқич таянч докторанти.
Izoh qoldirish