МУҲАММАД ЮНИНИЙНИНГ “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИГА ЁЗИЛГАН “ЮНИНИЙ” НУСХАСИ
“Саҳиҳул Бухорий” асарининг энг кўп тарқалган ва дунё бўйича муҳаддислар, шориҳлар ва олимлар таянч манба сифатида фойдалангани бу “Юниний” нусхасидир. Саккизинчи ҳижрий асрдан кейин етишиб чиққан барча муҳаддислар ундан асос ва асл манба сифатида фойдаланган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг машҳур шориҳлари Ибн Ҳажар Асқалоний, Бадриддин Айний, Қисталоний ва бошқалар таълиф этган машҳур шарҳларда ҳам асосий манба “Юниний” нусхаси бўлган.
Унинг соҳиби Шарофиддин Абу Ҳасан Али ибн Муҳамммад Юниний 621/1224 йили Баълабакка (Дамашқ) вилоятининг Юниний қишлоғида муҳаддислар оиласида туғилган. Ўз даврининг энг буюк муҳаддисларидан бўлиб, унинг отаси Тақиюддин Юниний ҳам муҳаддис, ҳофиз, зоҳид сифатида танилган [2:657]. Тақийиддин Юниний ҳақида Имом Заҳабий бундай дейди: “У ҳофиз, имом бўлиб, фиқҳ ва ҳадис илми билан шуғулланган. Унингдек зоҳид, комил ва тақволи инсонни ҳали замона кўрмаган. У шариат ва тариқатни ўзида жамлаган, чиройли хулқ соҳиби бўлган” [4:225]. Унинг тўрт фарзанди бўлиб, барчаси ҳадис, фиқҳ, тарих ва мантиқ илмларида ўз даврининг буюк олимлари бўлгани манбаларда келтирилган.
Муҳамммад Юниний тўғрисида “Тазкиратул ҳуффоз” китобида бундай маълумотлар келтирилади: “Муҳаммад Юниний 621/1224 йил ражаб ойининг 11 кунида туғилган. У ўз даврининг муҳаддислари Зубайдий, Мунзирий, Рашид Аттор, Ибн Абдуссалом ва бошқалардан илм ўрганган. Шунингдек, ривоят ва дироят илмини мукаммал билган” [4:482].
Муҳамммад Юниний жуда ёшлигидан илм ўрганишни бошлаб, ўз оиласи ва диёридаги машҳур уламолардан сабоқ олган. Узоқ йиллар Дамашқдаги Дор ҳадисиз зоҳирия мадрасасида “Саҳиҳул Бухорий” ва бошқа ҳадис китобларидан дарс ўтган. Машҳур муаррих ва муҳаддис “Таърихул ислом” ва “Таърихуд Дамашқ” асарлари муаллифи Шамсиддин Заҳабий ҳам Муҳамммад Юнинийнинг шогирди бўлган. У: “Шарофиддин Юниний имом, тақводор, маърифатли, ҳофиз, муҳаддис ва уламоларнинг шайхи бўлган. “Саҳиҳул Бухорий”ни олдинги нусхалари билан солиштириб, асарнинг мукаммал қўлёзма нусхасини ёзиб чиққан буюк муҳаддисдир”, дейди [2:660].
Муҳамммад Юниний “Саҳиҳул Бухорий”нинг кўплаб нусхаларини тадқиқ, таҳрир қилгандан кейин уларнинг бир-биридан баъзи жиҳатлари билан фарқ қилишини кўради ва асарни асл манбада қандай бўлгани эътиборидан солиштириб, “Юниний” нусхасини ёзишга киришади. Бу ишда Дамашқ ва Миср муҳаддисларидан таркиб топган етмишдан зиёд уламо иштирок этади. Асарни Муҳамммад Юнинийнинг шогирди, наҳв илми олими Ибн Молик араб тили қоидаси бўйича таҳрир қилади. “Юниний” нусхаси 666/1268 йилда Ибн Молик ва бошқа муҳаддислар иттифоқи билан тайёрланади ва бу ишга Муҳамммад Юнинийнинг ўзи бош бўлади [1:8]. Манбаларда Юниний таҳрир ва тадқиқ билан машғул бўлиб, “Саҳиҳул Бухорий” асарини бир йилда ўн бир марта таҳрирдан ўтказгани айтилади.
Муҳаддис Юниний “Саҳиҳул Бухорий” асарининг ўзига санади билан етиб келган қўйидаги беш нусхасини асос қилиб олади:
1. Абу Абдуллоҳ Ҳусай ибн Абу Бакр Зубайдий ривояти билан келган Абу Вақтнинг Довудийдан, у Сарахсийдан, у Фирабрийдан қилган ривояти асосидаги қўлёзма нусхаси;
2. Абу Ҳасан Али ибн Шужоъ ибн Салимнинг (661/1263) уч устози Абу Қосим Бувсирий (598/1202), Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳанбалий (601/1199) ва Абу Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Аътиқ ибн Боқо (608/1207)нинг Карима бинти Марвазиядан ривояти, у Кушмиҳонийдан, у Фирабрийдан қилган ривоят нусхаси;
3. Муҳаддиснинг отаси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Юниний Абу Тоҳир Баракот ибн Иброҳим Хашуий, у Асилийдан, у Абу Зайд Марвазий ва Абу Муҳаммад Жиржонийдан, у иккиси Фирабрийдан қилган ривояти нусхаси;
4. устози Маккий ибн Эълон (680/1281) ва Абу Баракот Ҳасан ибн Муҳаммаднинг Шомнинг буюк муаррихи Ибн Асокирдан қилган ривоятининг нусхаси;
5. Абу Жаъфар Ҳамадонийнинг Ҳофиз Абу Тоҳирнинг ижозаси асосида ривоят қилган имом Қозий Иёзнинг Абу Аъло Садафийдан ва унинг Абу Валид Сулаймон ибн Халаф Божийнинг Абу Зарр Ҳиравийдан ривояти асосидаги нусха. Бу нусхани Абу Зарр Фирабрийнинг уч шогирди Мустамлий, Кушмиҳоний ва Сарахсий ривояти асосида таҳрир қилган [3:6/491].
Муҳамммад Юниний нусхани тайёрлашида, ўзи таъкидлаганидек, ҳадис илми тарихидаги буюк тўрт муҳаддис ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Иброҳим Усилий, Ҳофиз Абу Зарр Абд ибн Аҳмад Ҳаравий, Абу Қосим Али ибн Ҳасан ибн Асокир Дамашқий ва Ҳофиз Абу Вақт Абдулаввалнинг иттифоқи асосида ривоят қилинган энг ишончли нусхалардан фойдаланган [8:4/180].
Муҳаммад Юниний ўз нусхасида ҳадис туруқи, яъни ҳадисларни олиш йўли фақат Имом Фирабрийнинг ривояти асосида бўлганини таъкидлайди [2:678]. Шунингдек, “Юниний” нусхасини тайёрлашда Абу Зарр Ҳиравийнинг ривояти муҳим аҳамият касб этганини кўриш мумкин. Муҳаммад Юниний айтади: “Абу Зарр Ҳиравийнинг “Саҳиҳул Бухорий” нусхаси энг саҳиҳ ва ҳужжат бўлган нусхадир”. Муҳаддис Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Азҳар Сурайфиний (641/1244) бундай таърифлайди: “Абу Заррнинг “Саҳиҳул Бухорий” бўйича ривояти мазкур асарнинг саҳиҳлиги ва ишончлилиги учун мурожаат қилинадиган энг ишончли нусхадир” [2:680].
Муҳаммад Юниний нусхаси муҳаддисдан кейинги давр учун ҳадис илмини ўрганиш, “Саҳиҳул Бухорий”нинг матни ва шарҳини тайёрлашда барча муҳаддислар фойдаланган асосий манба ҳисобланади. Муҳаммад Юниний уни тайёрлашда Абу Зарр Ҳаравийдан келган ривоятга асосланади. Абу Заррга бу санад Карима бинти Аҳмаддан етиб келган бўлиб, у Кушмиҳонийдан ривоят қилган. Ҳамавийдан келган санад ҳам Кушмиҳоний, Мустамлий, Абу Зайд Марвазий ва Журжоний ривояти асосида Муҳаммад Юнинийга етиб келган [1:14]. Шунингдек, Муҳаммад Юниний дамашқлик муҳаддис ҳофиз Абдулғани Мақдисий (600/1203) нусхасидан кенг фойдаланган. Бу нусха унга етиб келган санадлар орасида энг ишончлиси сифатида эътироф этилади [4:4/176]. Муҳаммад Юниний Мақдисий нусхасидан фойдалангани ҳақида: “Менинг Муҳаммад ибн Яҳё Зубайдийдан Абдулғани Мақдисийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари нусхасини илк эшитишим, мавлом, отам Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ Юниний воситаси билан 630/1233 йилда Дамашқда бўлган” деб таъкидлайди [4:4/177]. Муҳаммад Юниний кейинчалик 666/1268 йилда ўз услубида мақдисий нусхасига асосланиб “Юниний” нусхасини яратади [4:4/1760].
Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Кирмоний (787/1385), ўзининг “Кавокиб дурар” номли шарҳида, Сирожиддин Абу Ҳафс ибн Мулаққин (804/1402)нинг “Тавзиҳ ли шарҳи жомий Саҳиҳ” асарида, Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (851/1447)нинг “Фатҳул Борий фи шарҳи Саҳиҳи Бухорий” асарида, Бадриддин Абу Муҳаммад Айний (855/1451)нинг “Умдатул Қорий” номли шарҳида, Шаҳобиддин Абу Аббос Қасталоний (923/1517)нинг “Иршоду Сорий” номли шарҳида “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Юниний” нусхаси асосий ва асл манба бўлиб хизмат қилган [2:830].
Бу китоблар шу мавзуда тасниф этилган шарҳларнинг энг саралари ҳисобланади. Муаллифлар келтирган ривоятларда Имом Бухорийдан ўзларигача бўлган ҳадисларнинг санад силсиласи ва ҳадис туруқининг бир хиллигини кўриш мумкин. “Саҳиҳул Бухорий” асарининг барча нусхалари ровийлари силсиласининг биринчи санади Имом Фирабрийнинг ривоятидан олинган. Муҳаддисларнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини ривоят қилишида муштараклик баъзида алоҳида туруқ, ровийлар қайсидир санадда ўзгаргани қайд этилган бўлса, барча ровийлардан келган санадлар “Юниний” нусхасида яна бирлашганини кўрамиз. Бунга сабаб Шаҳобиддин Муҳаммад Юниний “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Юниний” нусхаси Имом Бухорийдан кейин 500-600 йил ўтиб ровийлар ўзгариб, котиб, хаттотлар йўл қўйган баъзи нуқсонлар сабабли ўзгариб кетишининг олдини олиш мақсадида уларни ислоҳ қилиб, бу ноёб нусхани яратишни мақсад қилган.
“Фатҳул Борий фи шарҳи Саҳиҳи Бухорий” муаллифи Ибн Ҳажар Асқалоний: “Саҳиҳул Бухорий”га нисбатан имомлар томонидан билдирилган фикр ва танқидларнинг барчасини ўрганим чиқдим. Асарни таҳрир, таҳқиқ қилиб, қисм ва фаслларга ажратдим. Бу шундай нодир асарки, унда биронта шубҳали ҳадис йўқ”, деб асарнинг мутлақ саҳиҳ эканини айтиб, унга шубҳа ва танқид билан қаровчиларнинг асоссиз фикрларига кучли раддия берган [7:815].
Муҳаммад Юниний “Саҳиҳул Бухорий” нусхасини тайёрлашда асосан қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратган:
– “Юниний”нусхасини тайёрлаб, ўз даврининг уламолари Ибн Молик, Ироқий, Басрий, Ал-Қалий каби муҳаддислар назаридан ўтказиб олган;
– ўзига ишончли санад билан етиб келган “Саҳиҳул Бухорий” нусхаларини жамлаб, уларни чуқур таҳрир ва таҳқиқ қилган. Булар Абу Зарр, Абу Вақт, Ибн Асокир, Асилий, Абдуғани Мақдисийнинг нусхаларидир;
– Муҳаммад Юниний мавжуд нусхаларнинг ҳар бирини ўрганиб, Абу Зарр, Мақдисий, Усулий, Кумушҳоний, Ҳамавий ва Мустамлий ривоятларини алоҳида махсус рамзлар билан ажратган. Шунингдек, араб тили қоидалари, ҳадислар тарихи, санадини барча нусхалар кесимида таҳрир қилган;
– “Юниний” нусхаси олдин мавжуд бўлган Абу Зарр ва Мақдисийникидан бошқа нарса эмас. Бу олдин мавжуд бўлганнинг умумлашган ва мукаммал нусхасидир;
– Муҳаммад Юниний “Юниний” нусхасини тайёрлашда ўзининг алоҳида янги нусхасини яратиш эмас, балки олдинги ривоятларни ўзгартирмасдан уларга эргашишни, ҳарфлар, эъроблар, матнлар, замирлардаги ноаниқликларни таҳрир ва тадқиқ этишни мақсад қилган.
Муҳаммад Юниний ҳадис илми тарихида Имом Бухорийнинг маънавий меросини кейинги давр учун яхлит саҳиҳ деб эътироф этилган нусхасини яратди [5:20/200].
“Саҳиҳул Бухорий”нинг “Султония” нусхаси тайёрланиши ва нашр этилишида ҳам асл манба “Юниний” нусхаси бўлди.
Султон Абдулҳамид 1311/1894 йилда асл манба асосида “Саҳиҳул Бухорий”нинг янги нусхасини тайёрлаш бўйича Миср уламоларига буйруқ беради. Шайх Ҳасан Нававий бу ишга бош бўлади, муҳаддис ва луғатшунослардан таркиб топган ўн олти кишилик ҳайъат тузади. “Саҳиҳул Бухорий” асарига ёзилган барча қўлёзмалар олинади ва чуқур таҳрир ва таҳлил қилинади. Аниқланган камчиликлар жадвал асосида тузиб борилади, бошқа нусхалар бўйича ҳам шарҳлар, мантиқ, балоғат илмларига таяниб, иттифоқан қарор қабул қилинади. Таҳрир жараёнида ҳар бир баҳсталаб ўрин бўйича муҳим қарор қабул қилиш мақсадида дунё уламоларига мурожаат қилинади ва барча мазҳаб имомларидан маслаҳат олинади. Ҳар бир ҳадиснинг матни, ровийси, санадининг саҳиҳлиги ва араб тили қоидаларига мутаносиблиги синчиклаб текширилади.
“Султония” нусхаси мусаҳҳиҳи шайх Ҳасан Нававий: “Саҳиҳул Бухорий”нинг саҳиҳлиги унинг луғат ва санадининг тўғрилигида “Юниний” нусхасига таяндик. Бошқа нусхалардан деярли фойдаланмадик”, дейди [2:806]. Шунингдек, “Султония” нусхасини тайёрлашда Асқалоний, Қисталоний, Кирмонийнинг машҳур шарҳларидан фойдаланилган.
Султон Абдулҳамиднинг топшириғи билан бошланган бу иш хайрли якун топди. “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Султония” нусхаси 1313/1896 ҳижрий йилда Мисрнинг “Матбаа куброл амирия” нашриётида нашр этилди ва кейинчалик бу нусха ислом оламида машҳур бўлиб, 1314/1897, 1315/1898 ва 1325/1907 йилларда қайта нашр этилди [2:814].
Ислом тарихида ҳадис илмининг тадрижий ривожланиб бориши ва ҳадис асарларининг нодир манба сифатида асрлар оша бизгача етиб келишида муҳаддис, котиб, ровий ва баъзи султонларнинг хизмати катта бўлган. Айниқса, бу илмнинг ривожланиши, унинг тараққиётини мовароуннаҳрлик муҳаддис ва ровийларнинг маънавий меросисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари мағриб ва машриққа тарқалиши, албатта, бухоролик Имом Фирабрий ва насафлик Иброҳим ибн Маъқал Насафий ривоят қилган санад асосида бўлган. Африкага эса Карима бинти Аҳмад Марвазиянинг ривояти асосида кириб борган. Буларни мавжуд барча тарихий манбалар тасдиқлайди.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Аҳмад Муҳаммад Шокир. –Миср.: Оламул кутуб, 2015.
- Жума Фатҳий Абдулҳалим. Ривоят жомиъ саҳиҳ ва нусха, диросат, назария, татбиқия. –Қатар.: Дорул фаллоҳ. 2013.
- Заҳабий. Сияру аъламин нубало. –Байрут: Дор муассасатир рисола, 1992.
- Заҳабий. Тазкират ал-хуффоз. –Байрут: Дорул кутубил илмиййа, 1954.
- Заҳабий. Тарих ал-ислом. –Байрут: Дорул китабил арабий, 1990.
- Ибн Абдушшакур Зарқий. Дироса ли ажуба ибн Ҳажар ала интиқод Дорақутний ала Бухорий. –Малайзия: Академии диросатил ислам. 2020.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадйи Сарий муқаддима Фатҳи Борий. –Риёз, 2011.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий фи шарҳи Саҳиҳи Бухорий. –Қоҳира: Мактабатул мансура, 2011.
Шукрулло УМАРОВ, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Izoh qoldirish